Украинада ўтган президентлик сайлови бутун дунёни ўзига қаратди. Украинада президентлик сайловининг иккинчи босқичидан сўнг юзага келган сиёсий бўҳронни ҳал қилишга қаратилган ҳаракатлар эса, давом этмоқда. Украина парламенти – депутатларининг кўпчилиги Бош вазир Виктор Янукович ҳукумати истеъфосини истамоқда.
450 нафар депутатдан 229 нафари Януковичнинг истеъфога чиқиши учун овоз берган. Парламентда яширин овоз берилгани боис, кимлар унга қарши овоз берганини билиш қийин. Мутахассислар фикрига кўра, Янукович тарафдорларининг айримлари Юшенко тарафига ўтган бўлиши мумкин.
Украина конституциясининг 115-моддасига кўра, парламентнинг ҳукумат истеъфосини талаб қилган қарорини президент бекор қила олмайди. Украинанинг амалдаги президенти Кучма парламент ҳужжатини қабул қила олмаслигини билдирганди. Ҳуқуқий томондан қараганда президент Кучма ҳақ. Чунки мавжуд қонунларга кўра парламент фақат бир йил фаолият олиб борган ҳукуматга ишончсизлик билдириши мумкин. Ҳукумат фаолиятига эса, энди етти ой тўлди.
Сешанба куни Виктор Янукович агар сайлов қайтадан ўтказилса, унда иштирок этмаслигини билдирганди.
Хабарингиз бор, шу ҳафта бошида МСК Виктор Януковични сайлов ғолиби деб эълон қилган эди. Ҳозирда Юшенко тарафдорлари президентлик сайловини қайта ўтказиш кераклигини таъкидламоқда.
Уларнинг айтишича, янги сайлов 12 декабрьда бўлиб ўтиши лозим. ЕИга бошчилик қилаётган Нидерландия ташқи ишлар вазири Бернардт Бот президентлик сайловини қайта ўтказиш кераклигини таъкидлаб, у қанча тез ўтказилса, шунча яхши, деб айтди.
Айни вақтда Украинанинг турли ҳудудларида норозилик намо-йишлари давом этаётганини айтиб ўтиш лозим. Мухолифат тарафдорлари ҳукумат ва Верховний Рада биноларини яна қуршовга олмоқда. Украинанинг бу бўҳрондан чиқиб кетиши учун халқаро ташкилотлар ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ.
АҚШ президенти Жорж Буш Европа мамлакатлари ва халқаро ташкилотларнинг Украинадаги сиёсий бўҳронни ҳал қилиш йўлида қилаётган ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлашини билдирди. Ҳатто Жорж Буш Украинадаги вазиятни Полша президенти Александр Квасневский билан телефон орқали ўтказган суҳбатида муҳокама қилди. Полша раҳбари Украина пойтахтига воситачилик миссияси билан сафар қилди.
Худди шундай мақсад билан Киевга Литва президенти Валдас Адамкус, ЕХҲТ Бош котиби Ян Кубиш ҳам ташриф буюрди. Улар бевосита Киевда Украина президенти Леонид Кучма билан учрашдилар. Шу билан бир қаторда Европа Итифоқи раҳбарияти аъзоси Хавер Солана ҳам Киевда Леонид Кучма билан учрашиб, мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш масалаларини муҳокама қилди.
Россия президенти Владимир Путин эса, Леонид Кучманинг Украинадаги сиёсий инқирозни бартараф этишга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қуватлашини билдирди. Москвада Кучма билан Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди.
Расмий Москва Украинани бўлинишига олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатдан қаттиқ ташвишда эканини билдирган. Шу билан бирга президентлик сайловининг такрор ўтказилиши муваффақиятсизликка учраши мумкин, дея фикр билдирди Россия президенти. «Президентлик сайловининг иккинчи босқичини такрор ўтказиш ҳам ҳеч қандай натижа бермаслиги мумкин. Демак, томонлардан бири истаган натижага эришгунга қадар уни учинчи, тўртинчи ёки 25-марта ўтказиш керак бўладими?» – деб фикр билдирган Путин.
Бундан ташқари Болтиқбўйи давлатлари ҳамда Германия ташқи ишлар вазири Эстониянинг Пярну шаҳрида учрашиб, Украинадаги воқеа-ҳодисаларни муҳокама қилишди.
Эстония ташқи ишлар вазири Кристина Ожуланднинг айтишича, учрашув иштирокчилари бир овоздан Украинадаги демократик кучларни қўллаб-қувватлашини билдирди. Улар шунингдек, воқеалар тинч йўл билан ҳал қилиниши ва иложи борича тезроқ янги сайловлар ўтказилишига умид билдиришди.
Ҳозирда Олий суд мухолифатнинг президентлик сайлови жараёнида йўл қўйилган қонунбузарликлар тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқмоқда.
Шерзод АҲМАТОВ