Украинада учинчи марта прeзидeнтлик сайлови

Украинада бўлиб ўтаётган сайловнинг ортидан келиб чиқаётган сиёсий бўҳрон яна 26 декабрьгача давом этиши мумкин. Чунки 3 декабрь куни Украина Олий суди 21 ноябрьда ўтказилган президентлик сайловининг иккинчи босқичи натижаларини бекор қилди. Олий суд қарорига кўра, сайловнинг иккинчи босқичи уч ҳафта ичида, яъни 26 декабрьгача қайтадан ўтказилиши керак.

Маҳкама раиси Анатолий Ереманинг айтишича, суд қарори қатъий ва у ўзгармайди. Украина Олий суди мухолифатнинг президентлик сайлови натижаларидан норози бўлиб ёзган шикоят аризасини беш кун давомида кўриб чиқди ва ниҳоят сайловнинг иккинчи босқичи қайтадан ўтказилиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилди. Олий суднинг бу қарори мухолифат номзоди Виктор Юшченко ва унинг икки ҳафтадан буён узлуксиз намойишларни давом эттириб келаётган тарафдорлари учун қайсидир маънода ғалаба бўлди дейиш мумкин. Чунки унинг тарафдорлари айнан шуни хоҳлаётган эди.

Бу суд қарорини мухолифатнинг минглаб тарафдорлари Киев кўчаларида ашула ва мусиқалар билан қарши олди. Юшченко эса, бу қарорни «зарғалдоқ инқилоб» деб баҳолади. У суд қарорига муносабат билдирар экан, «Биз Украинада фуқаровий жамият мавжудлигини исботладик», — деб таъкидлади. Украина Олий суди раиси Анатолий Ерема қарорни эълон қилиши билан бирга, сайловнинг иккинчи босқичи қайта ўтказилиши кераклигини ҳам маълум қилди.

«Марказий сайлов комиссиясига Украина президентлик сайлови ҳақидаги қонуннинг 85- моддаси 1-қисмига кўра, 5 декабрьдан уч ҳафта ўтиб қайта сайлов ўтказиш вазифаси юклансин», дейилади қарорда. Олий суд қарори эълон қилингач парламент аъзолари учрашиб, сайловни қайта ўтказишга тайёргарлик кўришга киришдилар.

Бундан ташқари Юшченко тарафдорлари Марказий сайлов комиссиясининг 15 нафар аъзоси ўзгартирилиши ва сайловда ғирромликка йўл қўйилмаслиги лозимлигини таъкидлашмоқда. Улар, шунингдек, президентлик ваколатлари тугаётган Леонид Кучма Янукович ҳукуматини вазифасидан озод этиб, ўрнига янги ҳукумат тайинлашини ҳам талаб қилмоқда. Шу ерда бир нарсани эслатиб ўтиш керакки, ўтган ҳафта бошида Украина парламенти Янукович ҳукумати истеъфоси учун овоз берган эди.

Украина Бош вазири Виктор Янукович эса, Олий суд қарорини мамлакат конституциясига зид, деб баҳолади. Унинг айтишича, суднинг бундай қарор қабул қилишига кўчадаги намойишчилар босими сабаб бўлган. Виктор Януковичнинг эътирофича Олий Маҳкаманинг қарори қандай бўлмасин, унинг қайта сайловларда иштирок этишдан ўзга чораси йўқ.

Шарқий Украинадаги Янукович тарафдорлари ҳам Олий Маҳкама қарорини ноҳақ, дея ўз эътирозларини билдирмоқдалар. Шарқий ва Жанубий минтақалар раҳбарлари Харков шаҳрида учрашиб, Виктор Янукович ҳам, Виктор Юшченко ҳам қайта сайловлардан ўз номзодларини қайтариб олсин, деганлар.

Бу йиғинга тўпланганлар Шарқий ва Жанубий Украина минтақалари учун каттароқ мухторият талабини яна такрорлагани ҳақида айрим манбаларда айтилмоқда. 21 ноябрь куни бўлиб ўтган сайловлар мухолифат вакиллари ва ғарблик кузатувчилар тарафидан қонунбузарликлар билан кечган, дея танқид остига олинганди.

Кейинроқ эса, Бош вазир Виктор Янукович кичик фарқ билан ғалаба қозонгани эълон этилгач, мухолифат тарафдорлари оммавий норозиликларни бошлаганди. Сайлов натижаларини бекор қилиш борасидаги Украина Олий Маҳкамаси қарорини Москва вакиллари мамлакатни иккига бўлиб юборадиган қадам, деб танқид ҳам қилиб чиқди.

Суднинг бу қароридан бир кун олдин Москвада Украина Президенти Кучма билан учрашган Россия Президенти Владимир Путин сайловнинг иккинчи босқичини такрор ўтказиш ҳеч қандай натижа бермаслигини айтганди.

АҚШ ҳукумати Украина Олий суди қарорини қўллаб-қувватламоқда. Оқ уй ҳамда Давлат Департаменти бу қарорга дарҳол муносабат билдирди. «Суд қарори халқ иродасига мувофиқ демократия томон ташланган муҳим тинч қадам бўлди. Бу халқ иродаси устун чиққани учун ҳам муҳимдир.

Суднинг қарори мақсадга эришиш йўлидаги сиёсий ва ҳуқуқий жараённинг бир қисмидир», — деди АҚШ Президенти Матбуот вакили Скотт Мк-Клеллан. Давлат Департаменти матбуот вакили Ричард Баучер эса, Украина халқи ва ҳукуматини сайловнинг иккинчи босқичи қайта ўтказилишида сохтакорликка йўл қўймасликка чақирди.

Шерзод АҲМАТОВ