Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой 2022 йилги туризм бўйича кўрсаткичларни эълон қилди. Ўтган йили мамлакатга 51,4 миллион сайёҳ ташриф буюрган, туризм соҳаси даромади эса 46,3 миллиард долларни ташкил этган.
Шу тариқа мамлакат пандемиядан олдинги (2019) 51,8 миллионлик натижани деярли қайтаришга муваффақ бўлган. Бу кўрсаткич билан Туркия дунёнинг учинчи йирик туризм бозорига айланган ва рекорд қайд этган.
Меҳмет Нури Эрсойга кўра, 2023 йилда сайёҳлар сонини 60 миллион нафарга, даромадни 56 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. 2028 йилда эса 90 миллион сайёҳни жалб қилган ҳолда, 100 миллиард доллар даромад қилиш кўзланган.
“Келгуси 5 йилда мақсадларимизга эришиш учун биз бозорни диверсификация қилиш, ўзига хос манзилларимиз ва маҳсулотларимизни глобал реклама қилиш билан бир қаторда, брендлаш ва барқарор туризм экотизимини яратишга эътибор қаратамиз”, – деган вазир.
Туркия Жаҳон барқарор туризм кенгаши (GSTC) билан ҳукумат даражасида ҳамкорлик шартномасини имзолаган дунёдаги биринчи давлат саналади. Ушбу келишувга мувофиқ 2030 йил охиригача 3 босқичли режа белгиланган. Ўша вақтга бориб мамлакат 100% барқарор туризм экотизимига эга бўлиши режалаштирилган.
2028 йилда Туркиянинг туризм ва маданият салоҳиятини дунёга тақдим этадиган 9 та йўналиш ва 20 та маҳсулот суббренди яратилади. Шимолий ва Жанубий Америка, Скандинавия, Кўрфаз ва Узоқ Шарқ эса истиқболли минтақалар ўлароқ кўрилмоқда.
Вазирлик велосипед, гастрономия, спорт ва соғлиқни сақлаш туризми каби йўналишларга ҳам алоҳида диққат қаратмоқчи.
Мавзуга доир мақолалар:
Анқара ва Истанбул йирик маданият фестивалларига мезбонлик қилмоқда. 08.06.2022
2021 йилда Ўзбекистондан Туркияга саёҳатга борганлар сони рекорд даражада ўсди. 02.02.2022
Туркиянинг 2022 йилда туризм бўйича режалари ошкор қилинди. 15.01.2022