2021 йилда Ўзбекистондан Туркияга саёҳатга борганлар сони рекорд даражада ўсди

Ўзбекистон 2021 йилда Туркияга борган сайёҳлар сони бўйича СОVID-19 пандемиясигача бўлган кўрсаткичдан юқорилаган уч давлатдан бири бўлди. Бу ҳақда Туркия маданият ва туризм вазирлигининг 2021 йилда мамлакатга келган хорижий сайёҳлар сони ҳақидаги маълумотларида сўз боради.

Қайд этилишича, 2021 йилда Туркия 30 миллиондан зиёд хорижлик сайёҳни қабул қилган. Ўзбекистон эса ўтган йил давомида Туркияга борган сайёҳлар сони бўйича Украина ва Бирлашган Араб Амирликлари билан бирга СОVID-19 пандемиясигача бўлган 2019 йилдаги кўрсаткичлардан юқорилаган уч давлатдан бирига айланди. 2019 йилда Туркияга 252 минг 138 нафар, 2020 йилда 102 минг 598 нафар Ўзбекистон фуқароси борган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 272 минг 604 нафарни ташкил этди.

Ўтган йили Ўзбекистондан Туркияга борганлар сони шу вақтгача қайд этилган энг юқори кўрсаткичга етди. Бунда Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси маданият ва туризм маслаҳатчилигининг ҳам ўрни катта ҳисобланади.

Аввал хабар берганимиздек, Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой “А Haber” теледастури жонли эфирида туризм бўйича бугунги ҳолат ва яқин истиқболдаги режалар билан ўртоқлашган эди.