Тошкентда япон анъанавий ўйини бўйича мусобақа ўтказилди

Тошкентдаги Икуо Ҳираяма халқаро маданият карвонсаройида япон тилини ўрганаётган талабалар ўртасида япон “карута” ўйини бўйича мусобақа ўтказилди. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Мусобақада Тошкент ва Самарқанддаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 24 нафар иқтидорли талаба ўзаро беллашди. Жумладан, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университети, Japan Digital University, Самарқанд давлат чет тиллари институти ва Ўзбекистон–Япония инсон ресурсларини ривожлантириш маркази вакиллари ўз билимини намойиш этди.

Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил қилинган тадбир қатнашчиларини Япония элчиси ўринбосари, маслаҳатчи Тода Шинсукэ қутлади.

Тадбирдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда япон тилини ўрганишга кўмаклашиш, талабаларнинг билимга рағбатини ошириш, ёшларни япон маданияти билан яқиндан таништиришдан иборатдир.

Мусобақадан сўнг иштирокчилар учун анъанавий япон таоми – суши тайёрлаш бўйича маҳорат дарси ташкил қилинди.

Мавзуга доир мақолалар:

Япониянинг “SAI” барабанчилар гуруҳи Тошкентда концерт намойиш этди. 01.11.2022

Тошкентда Ўзбекистон–Япония дипломатик муносабатларининг 30 йиллиги доирасида кўргазма очилди. 25.02.2022

Ўзбекистон ва Япония дипломатик муносабатларига 30 йил тўлмоқда. 11.01.2022