Тошкентда Туркия Республикаси миллий байрами нишонланди

Тошкентдаги Hyatt Regency меҳмонхонасида Туркиянинг миллий байрами – Республика эълон қилинганининг 94 йиллиги муносабати билан тантанали қабул маросими ўтказилди. Маросимда Ўзбекистон ҳукумати ва парламенти, халқаро ташкилотлар ва хорижий элчихоналар вакиллари, фан, таълим, маданият ва санъат намояндалари ҳамда журналистлар иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон раҳбарияти номидан Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев қатнашди.

Тадбирга мезбонлик қилган Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Республика эълон қилинганининг 94 йиллиги муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Туркия раҳбари номасида юрт озодлиги учун шаҳид кетганлар, хусусан, Биринчи жаҳон урушининг таҳликали паллаларида мамлакат бирлигини сақлаб қолган ва Туркия Республикасига асос солган Мустафо Камол Отатурк эҳтиром ила тилга олинади.

Ражаб Тоййиб Эрдўғон турк халқи асрлар мобайнида ғанимларга бўйин эгмагани, миллий ғурур ва ҳурликдан маҳрум бўлишдан ўлимни афзал кўрганини таъкидлаган.

Турк халқига 94 йил аввал куч-қувват берган ва Республика тамал тошини қўйган музаффар руҳ ҳамон тирик, деб таъкидланади мактубда.

2016 йил 15 июль куни Туркияда хиёнаткор кучлар амалга оширган давлат тўнтаришига уриниш пайти ўша музаффар руҳ яна бир карра намоён бўлди.

“Ўша кеч ёшу қари, эркагу аёл – турк халқи бир муштга дўниб, Республика қадриятларини ҳимоя қилди. Эрк туйғуси қон-қонига синиб кетган бундай мард ва жасур миллат вакили эканимиздан фахр туямиз”, – дейилади Туркия раҳбари номасида.

Таъкидланишича, Туркия DAESH, PKK, PYD / YPG, FETO  каби террорчи гуруҳларга бундан кейин ҳам муросасиз муносабатда бўлади.

Мамлакатнинг 81 музофоти ҳамда хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарда ўқиб эшиттирилган мактубда Туркия Республикаси сўнгги йилларда катта ютуқларга эришгани ва дунёнинг етакчи давлатлари сафидан ўрин олгани қайд этилади.

“Бугун Туркия дунёдаги барча мазлум ва жабрдийдалар қалбида умид чироғини ёқмоқда”, – дейилади қутлов хатида.

Қайд этилишича, Туркия раҳбарияти “Миллатга ҳукмронлик эмас, хизматкорлик қиламиз” тамойили асосида фаолият юритиб, Республика эълон қилинганининг 100 йиллиги санаси – 2023 йилга қадар қўйилган юксак мақсадларни рўёбга чиқаради.

Туркия элчиси Аҳмет Башар Шен ўз чиқишида тарихи, тили, дини ва маданияти муштарак турк ва ўзбек халқлари ўртасидаги ҳамкорлик бундан-да юксалишига ишонч билдирди. Бунда эса Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг 2016 йил ноябрда Ўзбекистонга, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрда Туркияга амалга оширган ташрифлари муҳим аҳамият касб этади. Дипломат ўз нутқида Ўзбекистонда сўнгги пайтларда амалга оширилаётган турли соҳалардаги ислоҳотларга юқори баҳо бериб, бу жараёнда Туркия дўст ва қардош сифатида ўз кўмагини беришга тайёр эканини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 1923 йил 29 октябрда Туркия Буюк Миллат Мажлиси томонидан Туркия республика деб эълон қилинган. Ўшандан буён мазкур сана мамлакат миллий байрами сифатида тантана қилинади.

С.Салим