Ўзбекистон ва Туркия: бирлашган – ўзар

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида савдо, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, юк ташиш, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир 22 та ҳужжат имзоланди. Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга давлат ташрифининг биринчи куни эришилган натижадир. Шунингдек, Анқарада кечган музокаралардан кейин Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Қўшма баёнотга ҳам имзо чеккан.

 Ражаб Тоййиб Эрдўғон: “Ўзбекистон – Марказий Осиёдаги стратегик аҳамиятга эга мамлакат”

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг таклифига биноан 25 октябрдан Туркияга меҳмон бўлиб турибди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари Туркия Президенти саройида бўлиб ўтди. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон тор доирада учрашув ўтказди. Унда ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон турк-ислом тамаддунининг икки қадим бешиги бўлган мамлакатларимиз ҳамкорлигида янги саҳифа очилаётганини мамнуният ила қайд этаркан, 31,5 миллион нуфусга ҳамда улкан ер ости ва ер усти бойликларига эга Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги стратегик аҳамиятга эга мамлакат деб атади.

Туркия раҳбарига кўра, 2016 йилда икки давлат ўртасидаи савдо айланмаси 1,2 миллиард долларни, жорий йил 8 ойида эса 900 миллион долларни ташкил этди. Аммо бу рақамларни ошириш имконияти мавжуд.

Туркия раҳбари бугунги дунёда кучли бўлмоқнинг асосий шарти дўст мамлакатлар билан иттифоқ бўлиш, бир ёқадан бош чиқариш эканига урғу берди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев икки мамлакат, ҳамкорликнинг янги тарихий босқичига қадам қўяётганини таъкидлади.

“Туркия халқаро майдонда биз учун ишончли ва муҳим ҳамкордир. Биз қардош халқларимизнинг фаровонлигини ошириш, ўзаро дўстликни янада мустаҳкамлаш, турли соҳалардаги узоқ истиқболли ҳамкорликни ривожлантириш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этишга тайёрмиз”, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Давлат раҳбарлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар. Музокарада савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокарада ўзаро ҳамкорликда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, ушбу ташриф икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар ривожига янги суръат бахш этиши таъкидланди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, энг аввало, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида минерал ва хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш рағбатлантирилади.

Самарқанд ва Истанбул шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича келишув имзоланди.

Юқори даражадаги мулоқотда транспорт ва логистика масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакатларимизни бир-бири билан боғлайдиган транспорт йўлакларини кенгайтириш савдо-иқтисодий алоқалар ривожида муҳим омил бўлиши қайд этилди. Хусусан, Самарқанд ва Истанбул шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича эришилган келишувни алоҳида таъкидлаш лозим.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда икки давлат раҳбари музокаралар ўзаро ҳурмат руҳида ўтгани, имзоланган ҳужжатлар узоқ истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

 Профессор Октай Танрисевер: “Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги – минтақадаги муаммоларни ечишда муҳим қадам”

Мазкур ташриф Ўзбекистон Президентининг сўнгги 20 йил ичида Туркияга илк сафари экани билан аҳамиятлидир. Шу боис Туркия матбуоти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифини тарихий ҳодиса дея баҳоламоқда.

Кадир Хас университети Халқаро алоқалар факультети профессори Митат Челикпала Туркия Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликка улар илк мустақил бўлган йиллардан алоҳида эътибор бериб келаётганини таъкидлайди.

Сиёсатшунос олимга кўра, сўнгги 10-12 йилда икки мамлакат муносабатлари кўнгилдагидек кечмади. Аммо бугун томонлар ўзаро зиддиятдан асло фойда йўқлигини тушуниб кетди ва бу ўта муҳим аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг рафиқаси Зироатхон Ҳошимова Туркия етакчиси Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг рафиқаси Эмине Эрдўғон билан учрашди.

Яқин Шарқ техника университети Халқаро алоқалар факультети профессори Октай Танрисевер ҳам икки қардош мамлакат ҳамкорлиги бутун минтақа учун аҳамиятли эканига урғу беради.

“Ўзбекистон демографик иқтисодий ва сиёсий омилларга кўра Марказий Осиёда етакчи мавқега эга. Туркия ва Ўзбекистон кучларининг бирлашуви нафақат турк олами, айни чоқда, Марказий ва Жанубий Осиёдаги кўплаб муаммоларни ечишда муҳим қадам бўлади”, – дейди профессор Октай Танрисевер турк матбуотига интервьюсида.

Эслатиб ўтамиз, Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. 1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланган.

Юртимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўзида ушбу мамлакат сармояси иштирокида 20 дан ортиқ корхона ташкил этилди, 53 компаниянинг ваколатхоналари аккредитация қилинди.

Собир Салим

Шу мавзудаги мақолалар:

Шавкат Мирзиёев Пекинда Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди. 14.05.2017

Ражаб Тоййиб Эрдўғон: “Туркия – Ўзбекистон ҳамкорлиги икки қардош мамлакатга ярашадиган савияга кўтарилади”. 19.11.2016