Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетида “Озарбайжон маданияти ва адабиёти кунлари” доирасида ўзбек тилига таржима қилинган ва нашр этилган “Китоби дада Қўрқут”достонининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Китоб Озарбайжон маданият вазирлиги ва Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият марказининг қўшма лойиҳаси доирасида таржимон ва адиб Рустамжон Жабборов томонидан озарбайжон тилидан ўзбек тилига таржима қилинган.
Тақдимотда Озарбайжон Миллий мажлиси Маданият қўмитаси раиси, депутат Ганира Пашаева, Бокудан келган меҳмонлар, Озарбайжон маданият маркази ходимлари, ўзбекистонлик олимлар ва адабиётшунослар иштирок этди.
Тадбирни кириш сўзи билан очган ЎзМУ проректори Раима Ширинова “Китоби дада Қўрқут” достони нафақат Озарбайжон, балки бутун туркий дунё оғзаки халқ адабиётининг дурдонаси эканини таъкидлади.
Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов “Китоби дада Қўрқут” достонида Озарбайжон халқининг ўтмиш турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари акс этганини таъкидлаб, янги таржиманинг аҳамияти ҳақида сўзлади.
С.Аббосовнинг таъкидлашича, туркий дунёнинг ноёб ёдгорлиги бўлган достонда Озарбайжон топонимлари кенг акс эттирилган бўлиб, у қаҳрамонлик, соф муҳаббат, катталарга ҳурмат, Ватанга муҳаббат туйғуларини ўстиради. Умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиевнинг фармойиши билан Озарбайжонда “Китоби дада Қўрқут” достонининг 1300 йиллик юбилейи кенг нишонланган.
Озарбайжон парламенти депутати Ганира Пашаева ўз нутқида тарихи, тили, маданияти, келиб чиқиши, урф-одатлари бир хил бўлган озарбайжон ва ўзбек халқлари бой шеъриятга эга эканини таъкидлади. Ижодкор депутат ўзбекларнинг “Алпомиш”, қирғизларнинг “Манас”, озарбайжонларнинг “Китоби дада Қўрқут” достонларининг муштарак хусусиятлари ҳақида фикр билдирди.
ЎзМУ профессори Ҳамидулла Болтабоев икки давлат адабий алоқалари ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистонда “Китоби дада Қўрқут”га қизиқиш катта эканини қайд этди.
Ўзбек тилига илк бор таржима қилинган “Китоби дада Қўрқут” нашрига Озарбайжон маданият вазири Анор Каримов ва Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков томонидан ёзилган сўзбошида достон Озарбайжон халқининг миллий хазинаси, башарият маданиятининг нодир дурдонаси экани таъкидланган.
“Китоби дада Қўрқут” (“Қўрқут ота китоби”) – ўрта асрлар туркий халқлар эпосининг юксак намуналаридан бири. Унинг таркибига кирган ҳикоя ва достонларнинг айримлари VII-VIII аcрларда оғзаки равишда яратила бошлаган. Асосий достонлари IX-X асрларда ўғузлар Сирдарёнинг қуйи оқимлари ва Орол денгизи атрофларида яшаган даврларда юзага келган.
“Қўрқут ота китоби” дунё миқёсида кенг ўрганилиб келинаётган, ўғуз ва бошқа туркий халқлар тарихи, фольклори, этнографиясини ўрганишда катта аҳамиятга эга асарлардан биридир. Асар Москва, Берлин, Хельсинки, Лондон, Цюрих, Техас, Теҳрон, Табриз, Ашхобод, Анқара, Истанбулда чоп этилган.
Мавзуга доир мақола:
Қаҳрамонлик ва донишмандлик китоби. 30.11.2017