Жорий йил 26-27 сентябрь кунлари Тошкентда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Республикасининг олий ва ўрта махсус таълим соҳасидаги эксперт ва мутахассислари иштирокида Таълим сифатини таъминлаш ва аккредитациялаш (QAA) ҳамда Миллий малака рамкалари (NQF) масалалари бўйича учрашув ўтказилди.
Мазкур тадбир Европа Иттифоқининг Марказий Осиё таълим платформаси (CAEP) лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Анжуманнинг очилиши маросимида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълими вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов ҳамда ЕИнинг мамлакатимиздаги делегацияси Сиёсат, матбуот ва ахборот бўлими бошлиғи Радослав Дарски иштирок этди.
Учрашувлардан кўзланган мақсад Европа Иттифоқи тажрибасини баҳам кўриш, давлат даражасида сиёсий мулоқотни йўлга қўйиш ва ҳар бир мамлакатнинг ривожланиш имкониятларини ўрганиш орқали минтақадаги таълимни касбга йўналтириш, модернизация қилиш жараёнларини қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Тадбирнинг биринчи куни Миллий малака рамкалари мавзусига бағишланди. Иштирокчилар Ўзбекистонда Миллий малака рамкалари лойиҳасининг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилди. Польша, Латвия ва Руминия давлатлари вакиллари эса мазкур лойиҳаси бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.
Анжуманнинг иккинчи куни таълим сифатини таъминлаш ва аккредитациялаш масаласи соҳадаги сўнгги тенденцияларни ҳисобга олинган ҳолда кўриб чиқилди.
Мазкур икки кунлик тадбир Ўзбекистонда Таълим сифатини таъминлаш ва аккредитациялаш ҳамда Миллий малака рамкалари тизимларининг амалга оширилиши борасида амалий семинар ва давра суҳбатларини ўз ичига олди.
Тадбир якунидаги хулосалар ҳамда энг яхши амалий натижалар келажакда минтақа миқёсида амалга татбиқ этилиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё таълим платформаси” лойиҳаси Европа Таълим Ташаббуси доирасида минтақа давлатлари таълим тизимини глобаллашган жаҳон эҳтиёжига мослаштиришга қаратилган. Айни пайтда ушбу лойиҳанинг иккинчи босқичи амалга татбиқ этилмоқда.