Бугун, 19 декабрь куни Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида қозоқ халқининг улуғ фарзанди Абай Қўнонбоев ҳаёти, ижоди ва меросига бағишланган кўргазма иш бошлади. “Абай. Қардош халқлар мероси” деб номланган кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Қозоғистон маданият ва спорт вазири Даурен Абаев, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамқулов, “Жидебай-Борили” Абай музейи директори Турдиқул Шанбай, Тасвирий санъат галереяси директори Камола Оқилова ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган нотиқлар ўзбек ва қозоқ халқларини бир онанинг эгиз фарзандлари деб атаб, қардошлик саҳифасида улуғ адиб ва мутафаккир Абай алоҳида ўрин тутишини таъкидладилар.
“Бугунги кунда Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари бошчилигида бутун туркий халқлар маданий меросини асраш ва тиклашга оид кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Пойтахти азимда улуғ қозоқ адиби Абай ижодига бағишланган кўргазманинг очилиши ҳам бунинг яққол далилидир. Ушбу тадбир, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Бугун ўз эшикларини очаётган ушбу кўргазма буюк мутафаккир Алишер Навоий инсонпарварлик анъаналарини ўзида сақлаган Абай ижодини янада мукаммал англаш имконини беришига ишончимиз комил”, – деди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов ўз нутқида.
Ўз навбатида, Қозоғистон маданият ва спорт вазири Даурен Aбаев кўргазма юқори савияда ташкил этилгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.
“Aлишер Навоий ва Aбай ижоди нафақат туркий, балки умуминсоний қадриятларнинг шаклланиши намунасини ўзида мужассам этган буюк меросдир. Ҳар икки мутафаккир турли даврларда яшаб ижод қилган бўлса-да, уларни шеъриятдаги инсонпарварликка интилиш, ислоҳотчилик руҳи бирлаштиради. Улар икки қардош халқнинг маънавий устунларидир”, – деди Даурен Aбаев.
Кўргазма доирасида Абай ҳаёти ва ижодига доир қимматли экспонатлар, тасвирий санъат намуналари, шунингдек, қозоқ халқи кундалик ҳаётида фойдаланган декоратив-амалий санъат буюмлари намойиш этилмоқда.
“Абай. Қардош халқлар мероси” кўргазмаси 30 декабрга қадар давом этади.
Абай (Иброҳим Қўнонбоев) – XIX асрнинг иккинчи ярмида яшаб ижод этган қозоқ шеъриятининг яловбардори, ёзма адабиёт асосчиси, файласуф, маърифатпарвар ва бастакордир.
Ўз даврининг илғор зиёлиси бўлган Абай маърифатпарварлик ҳаракатига бошчилик қилган. Мутафаккирнинг насрий асарлари, шеъру достонлари туркий халқларнинг умумий маънавий мулкига айланган.
Мавзуга доир материаллар:
Абай ҳикматларидан. 21.08.2021
Абай. Юрак амри билан. 15.05.2016