Қор кўчишига нима сабаб бўлади?

Тоғдан пастга силжиётган қор массаси кўчки деб аталади. Тоғда қор тўсатдан кўчади. Негаки, қорнинг остки қисми ўз оғирлигига дош беролмай ёки температура 0 даражага етганда, эрий бошлайди. Ости эриган қор қиялик бўйлаб пастга силжий боради. Аммо кўчгунга қадар у жуда омонат бўлиб қолади. Кўчки бошланиши учун кимнингдир акс-садо берадиган қичқириғи ёки қор устидан ҳайвонларнинг юриб ўтиши кифоя. Тоғ қанчалик тик бўлса, кўчки хавфи шунча юқори бўлади.

Ҳар йили тоғ ёнбағирларида яшовчи кишилар орасида кўчки қурбонлари учраб туради. Кўчки шу қадар тез ҳаракат қиладики, ундан қочиб қутулиш амри маҳол. Кўпинча кўчки ўзи билан бирга тупроқ, тошларни ҳам олиб келади, йўлида учраган дарахтларни ағдариб ташлайди. Улкан қор, тупроқ ва тош массаси кўп вайронагарчиликлар келтиради.

Агар кўчки янги ёққан юмшоқ қордан иборат бўлса, у қор кўчкиси деб аталади. Бундай кўчкига тушиб қолган одамни қор массаси эзиб, майиб қилиши мумкин. Кўчки остида қолган кишиларни қутқаришда итлар катта ёрдам беради. Улар қалин қор остида қолиб кетган одамнинг ҳидини билади, уни қазиб олиши ҳам мумкин.

Баъзан баҳор кунларида қорнинг катта бир бўлаги ўпирилиб, пастга кўчиши мумкин. Бундай ҳодиса ўпирилиш дейилади.

Кўчкилар хавфини камайтиришнинг бир неча усуллари бор:

1. Одамлар ерни мустаҳкамлаш ва қорнинг жойидан силжишига йўл қўймаслик мақсадида дарахт экади.

2. Кўчки йўналишини зарар келтирмайдиган томонга буриб юбориш учун чоҳ қазилади ва кўтарма жойлар бунёд этилади.

3. Энг хавфли жойларга пўлат қозиқлар қоқилади.