Буюк Британия бош вазири Тони Блернинг бу йилги ёзги таътили Ливанда Исроил томонидан ҳарбий амалиётлар бошланган таҳликали кунларга тўғри келди. Кўпчилик дунё сиёсатига дахлдор ушбу воқеа муносабати билан ҳукумат раҳбари таътилини бекор қилади деб ўйлаганди. Бироқ лейбористлар партияси етакчиси урушни бартараф этишдан кўра чарчоқларини чиқаришни афзал билди ва Кариб ҳавзаси оролларига йўл олди…
Инглиз ҳукумати раҳбари Тони Блер — ана шундай мураккаб феъл-атворли шахс. Балки шу боисдир, бош вазирнинг мухолифлари уни давлат бошқарувидан шахсий ҳаловатини устун қўйишда айблашади. Бу даъвода қисман бўлсада, асос бор. Лекин энг қизиғи, мухолифлар бош вазирни ҳар қанча танқид қилишсада, лейбористлар партияси раиси мана 9 йилдирки, ҳукумат раҳбари курсисини бўшатмай келмоқда. Хўш, Тони Блер муваффақиятининг сири нимада? Нега инжиқ ва нозикфеълли инглиз сайловчилари лейбористлар раҳбарини кетма-кет уч муддатда бош вазирликка муносиб кўришди?
Энтони Чарлз Линтон Блер ёки қисқа ва содда қилиб айтганда, Тони Блер 1953 йилнинг 6 майида Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида ҳуқуқшунос оиласида дунёга келди. Блерлар хонадонидаги жилд-жилд қонунлар, кодекслар ва ҳуқуқий шарҳлардан иборат мўъжаз кутубхона ёш Тони тасаввурларига таъсир этмай қолмади. Гўдаклигиданоқ тарози тасвири туширилган китобларни қизиқиш билан варақлаган болакай катта ҳаётга қадам қўйганда ҳам ҳуқуқ соҳасини танлади. Тони Блер дастлаб Эдинбург коллежида таҳсил олди. Катта орзулар шотландиялик йигитни катта шаҳарга етаклади. Блер Британиядаги энг нуфузли ўқув юртларидан бири бўлган Оксфорд коллежида ҳуқуқ мутахассислиги бўйича таҳсил олди. Коллежда ўқиб юрган пайтиданоқ у Британия лейбористлар партияси сафига кирди. Коллежни битиргандан кейин Тони Блер тақдир тақозоси билан Парижда бир неча йил яшади. Европанинг қадимий шаҳрида бўлажак бош вазир… барменлик қилиб кун кечирди. Франциядаги ҳаёт дарси Блернинг келгуси фаолиятида кўп бора асқотди.
Париждан ватанига қайтган эдинбурглик йигит дастлаб Оксфорд коллежида ҳуқуқ фанидан дарс берди. Кейинроқ лейбористлар партиясида етакчи мавқе эгаллаган Дерри Ирвин исмли шахснинг адвокатлик идорасида фаолият юритди. Адвокатурадаги фаолият Блер ҳаётида туб турилиш ясади. Шу ерда Британиянинг икки йирик партиясидан бири бўлган лейбористлар раҳбарлари билан танишган Тони Блер сиёсий карера қилишга қарор қилди. Шу тариқа лейбористлар сафида билимли, гапга чечан ва асосийси, одамларни ортидан эргаштириш қобилиятига эга бўлган лидер шакллана бошлади.
1983 йили Тони Блер Британия парламенти депутати этиб сайланди. Ўшанда бўлажак ҳукумат раҳбари бор-йўғи 30 га кирганди.
Сиёсий курашларга жиддий киришган Блер журналистик фаолият билан ҳам шуғулланди. 1987-88 йилларда у жаҳонга машҳур «Таймс» газетасининг шарҳ рукнини олиб борди ва мунтазам мақолалар эълон қилди.
Туманли Албион номи билан аталувчи Англия сиёсий доиралари шафқатсизлиги билан ажралиб туради. Бу ерда биргина қилинган хато, биргина босилган бежо қадам сиёсатчининг инқирози билан якунланади. Ана шу чангалзор каби чалкаш йўлларда Тони Блер адашиб қолмади. Ақл ва тафаккур билан иш тутган ёш сиёсатдон 1994 йили лейбористлар партияси раҳбарлигига сайланди. Ўша пайтда 41 ёшни қаршилаган Блер партиянинг бутун тарихидаги энг ёш раҳбари бўлганди.
Тони Блер лейбористларга раҳбар бўлган вақтда партия нуфузи кескин тушиб кетганди. Асосий рақиб бўлган консерваторлар «темир хоним» Маргарет Тетчер даврларидан — деярли 20 йилдан бери ҳокимиятни қўлдан бермай келишарди. Янгича қараш ва янгича ҳаракат тарафдори бўлган Тони Блер энг аввал лейбористлар фаолиятини тубдан ислоҳ қилишга киришди.
1997 йил, 2 май. Ушбу сана Буюк Британия тарихи саҳифалари ва Блер таржимаи ҳолида алоҳида қайд этилгани аниқ. Шу куни лейбористлар фаолиятини тубдан ислоҳ қилган ва мамлакатга ҳам янгиланишлар олиб келишга ваъда берган Тони Блер Буюк Британия бош вазири этиб сайланди.
Блер бош вазир сифатида ишни энг аввал Буюк Британиянинг Европада йўқолаёзган нуфузини тиклашдан бошлади. 1990-йиллар инглиз мамлакатида иқтисодий қийинчиликлар даври бўлди. Бутун дунёнинг молиявий маркази бўлган Англияда ҳам ишсизлик ва иқтисодий танглик муаммоси кун тартибига чиқа бошлади. Блер томонидан эълон қилинган ва ўтган йиллар давомида амалга оширилган иқтисодий ислоҳот дастури Буюк Британияда юз минглаб янги иш ўринлари яратди, асосийси, мамлакатда иқтисодий барқарорлик таъминланди.
Англия, Шотландия, Уэлс ва Шимолий Ирландия каби тўрт маъмурий тузилмадан ташкил топган Буюк Британияда ҳудудий яхлитлик масаласи ҳар доим ҳам асосий ўринда турган. Хусусан, Шимолий Ирландияда охирги йилларда айирмачилик кайфиятидаги ҳаракатларнинг кучайгани бутун мамлакатда нотинчлик уйғотганди. Тони Блер ҳукумат раҳбарлигига сайланганидан кейин айирмачи ташкилотларнинг безориликларига дипломатик йўл билан чек қўйди ва Буюк Британия давлатини янада жипслаштирди.
Шотландиялик арбобнинг хизматларини инглиз халқи унутмади. 2001 ва 2005 йилги бош вазирлик сайловларида Тони Блер кетма-кет ғалабага эришди. Айтиш жоизки, ҳали қироллик тарихида бирор-бир сиёсатчига бу қадар катта муваффақият насиб қилмаганди.
Мухолиф кучлар мамлакатда нафақалар миқдори тушиб кетгани, боз устига, асосий эҳтиёж моллардан бўлган ёнилғи нархининг ошиб кетганида Блер ҳукуматини айблашади. Ҳатто кескинроқ фикрлар таҳлилчилар Тони Блер аслида катта сиёсатга нольойиқлиги, бош вазирликка ўз-ўзини реклама қилиш билан тасодифан келиб қолганини ҳам иддао қилишади. Бироқ ана шу танқидларга қарамай Блер Лондондаги ҳукумат уйида учинчи ваколат муддатини ўтказмоқда.
Дарҳақиқат, Тони Блер аксарият кузатувчилар баҳолаганидек омадли ва юлдузи кулган арбоб. Бўлмаса, Ироқ урушидаги хато туфайли у аллақачон ҳукуматни тарк этиши керак эди…
Ёдингизда бўлса, 2003 йили АҚШ БМТ қаршилигига ҳам қарамай Ироққа уруш бошлади. Қўшма Штатларни Саддам Ҳусайн тузумига қарши амалиётда буюк давлатлардан фақатгина Британия қўллаб-қувватлади. Ўшанда Тони Блер уруш бошланишидан аввал парламент олдида чиқиш қилиб, депутатларни Ироқ оммавий қирғин қуролига эга эканига ишонтирганди. Бироқ орадан кўп ўтмай, Буш ва Блернинг даъволари ёлғон экани ошкор бўлди: иттифоқчи кучлар ҳар қанча қидирмасин, Ироқдан ҳеч қандай оммавий қирғин қуроли топилмади. Бу воқеа Тони Блер маъмуриятига катта зарба бўлди. Навбатдаги бош вазирлик сайлови яқин эди. Мухолиф консерваторлар аллақачон ғалабани тантана ҳам қила бошлашди. Бироқ таҳлилчию кузатувчиларнинг башоратларига қарши ўлароқ, «парламентга ёлғон маълумот берди», «мамлакатда иқтисодий қийинчиликлар келтириб чиқарди» дея айбланаётган лейбористлар раҳбари яна ҳукумат тепасида қолди. Инглиз халқи собиқ бармен ва собиқ адвокатга учинчи бор ишонч билдирди.
Охирги пайтларда Тони Блернинг муддатдан олдин истеъфога чиқиши ҳақидаги овозалар кенг тарқалмоқда. Энг сўнгги маълумотларга қараганда, инглиз ҳукумати раҳбари 2008 йили ишдан кетмоқчи. Бу ҳақда Тони Блернинг ўзи август ойи бошида берган интервьюсида маълум қилган. Британия қонунчилигига кўра, мамлакатда 2010 йили навбатдаги бош вазирлик сайлови бўлиши зарур. Блер эса ваколат муддатидан 2 йил олдин истеъфога чиқмоқчи. Режага мувофиқ, Тони Блернинг ўрнига унинг сафдоши ва дўсти бўлган молия вазири Гордон Браун эгаллайди ва ўртадаги муддат сайловга қадар лейбористлар учун тайёргарлик вақти бўлади.
…Сиёсий фаолият билан оилавий ҳаётни бирдай олиб боришга ҳаракат қилган Тони Блер 1980 йили таниқли инглиз актёри Тони Бутнинг қизи ҳуқуқшунос Чери Бутга уйланган. Блерлар оиласи ҳозирда тўрт фарзандни тарбиялаб келмоқда.
Айни кунларда кеч тушиши билан Лондоннинг Даунинг стритида жойлашган бош вазирнинг уйи эшиклари ёпилади. Қароргоҳ дарвозалари фақат фавқулодда жиддий ҳодисалар бўлгандагина очилади. Қолган пайт 6 ёшли кенжа ўғли Лео ва яқинлари билан дам олаётган оилапарвар бош вазирнинг истироҳатини бузишга ҳеч ким журъат этолмайди…
Собиржон Ёқубов
«Ҳуррият» газетасидан олинди.