Тарих сабоқлари: Тоғли Қорабоғ можароси қандай бошланган эди?

1988 йилнинг ноябрида Арманистондан озарбойжон миллатига мансуб аҳолини ҳайдаб чиқариш якунланди. Шу вақтдан бошлаб Арманистонда озарбойжон миллатига мансуб аҳоли қолмади. “Арманистон арманлар учун” шиори шу тариқа рўёбга чиқарилди. Бу ҳақда Озарбойжон Фанлар академияси Тарих институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори Илғор Нифталиевнинг Day.az сайтида эълон қилинган мақоласида сўз боради.

Қайд этилишича, 1988 йилнинг 27-29 ноябрь кунлари Арманистоннинг бир қатор туманларида оммавий тартибсизлик уюштирилиб, озарбойжон миллатига мансуб 188 одам ўлдирилди, юзлаб уйлар ёқиб юборилди. Озарбойжонларни сургун қилиш амалиётида расмийлар ҳам қатнашди. Арманистонни тарк этишга рози бўлмаганларга қуролли гуруҳлар ҳужум уюштирди. Сургун қилинган озарбойжонлар орасида Арманистон Олий Кенгаши (13 киши) ва СССР Олий Кенгаши (1 нафар) аъзолари ҳам бор эди. Босқинчи гуруҳлар депутатларнинг дахлсизлиги талабига риоя қилмади.

Таъқибчилардан халос бўлиш учун юпун кийинган одамлар қорли-қировли кунларда довон ошиб йўл босишга мажбур бўлди.

Озарбойжон ахборот агентлиги 1988 йилнинг 3 декабрида Арманистондан келган қочқинлар сони 78 мингтага етгани ҳақида хабар берган эди.

Совет Иттифоқи ҳудудида қочқинларнинг пайдо бўлиши ўша давр мафкураси – социалистик тартибга зид эди. Шу боис СССР Министлар кенгаши қочқинларга ёрдам кўрсатиш бўйича ҳукумат комиссия ташкил қилди. Аммо Марказ миллатлараро ихтилофнинг кўламини тўла баҳоламади. Шу боис тез орадан вазият назоратдан чиқиб кетди.

Озарбойжон давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 1990 йил февралида Арманистондан 186 минг озарбойжон, шунингдек, 11 минг курд ва 3,5 рус миллатига мансуб аҳоли қочиб ўтган. Бу эса икки давлат ўртасидаги зиддиятни янада кучайтирди.

Москва юритаётган юзаки сиёсат эса вазиятни мураккаблаштириб қолмай, ўзаро ихтилофга оловга мой сепгандек таъсир кўрсатди.

1988 йил 20 февралда Тоғли Қорабоғ автоном вилояти Арманистон ССРга қўшилди. Бу эса минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган фожианинг бошланиши эди.

Кўп ўтмай Хожали қирғини рўй берди. 1992 йилнинг 25-26 февраль кунлари Арманистон қуролли кучлари Россиянинг Хонкендидаги 366-мотоўқчи полки ёрдамида Озарбойжоннинг Хожали шаҳрида оммавий қирғин жиноятини содир этди. Ўшанда 613 нафар тинч аҳоли қатл этилди, 487 киши жароҳатланди ва 1275 киши асир олинди. Асир олинганларнинг кўпи яқинлари бағрига қайтмади, уларнинг тақдири ҳали-ҳамон номаълум қолмоқда.

1992 йил 7-8 майда Озарбойжоннинг кўҳна тарихий-маданий маркази – Шуша шаҳри оккупация қилинди.

Аксар таҳлилчилар Тоғли Қорабоғдаги айирмачилик ҳаракати кутилмаганда рўй берган деган фикрни ёқлайди. Аммо архив ҳужжатларини ўрганиш жараёнида Тоғли Қорабоғни Озарбойжондан ажратиб олиш ҳаракатига кўп йиллар тайёргарлик кўрилганини тасдиқлайди.

СССРнинг сўнгги раҳбари Михаил Горбачёв ўз хотираларида бундай ёзади: “Уч йил ичида (1985-87 йиллар назарда тутилмоқда) Марказий Қўмита Тоғли Қорабоғдаги вазият юзасидан 500 та хат олди. Қайта қуриш ички кучларни уйғотиб, эски яраларни очиб юборди. Миллийлик туйғуси билан бирга миллий экстремизм пайдо бўлди”.

Шу тариқа М.Горбачёв Тоғли Қорабоғ зиддиятидан аввалроқ Москва етилиб келаётган урушдан хабардор бўлганини тан олади. Аммо уни бартараф этишга керакли чоралар қўлланмайди.

Ўзаро ихтилоф кучайиб борди. 1992 йилнинг 7-8 май кунлари Озарбойжоннинг кўҳна тарихий-маданий маркази – Шуша шаҳри Арманистон қуролли кучлари томонидан оккупация қилинди.

“Шуша оккупацияси пайти 480 нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилган, 600 дан ошиғи жароҳатланган, 22 мингдан зиёд аҳоли киндик қони тўкилган ватанида қочқинга айланган. Бундан ташқари, 68 киши, жумладан, аёллар ва болалар асир олинган. 6800 хўжалик, 44 мактаб, 279 маданий обида, жумладан, бир қанча масжид ва уй-музейлар вайрон қилинган”, – дейди Америкадаги Монтана университети профессори Томас Гольц.

Лочин туманининг қўлдан кетиши Озарбойжон тарихидаги оғир йўқотишлардан бири саналади.

1992 йил 17-18 май кунларида Лочин туманининг қўлдан кетиши Озарбойжон тарихидаги оғир йўқотишлардан бири саналади. Хожали ва Шуша туманларидан кейин Лочин ҳам бой берилгач, Қорабоғ урушининг биринчи босқичи тақдири узил-кесил ҳал бўлди.

Тадқиқотларга қараганда, Қорабоғ ва унга ёндош етти туманда 876 та аҳоли пункти, 7000 га яқин саноат, қишлоқ хўжалиги корхоналари, 153 минг тураржой, 4366 та маданий объект, 616 та мактаб, 242 та боғча, 397 та шифохона, 10 та поликлиника, 10 туғруқхона, 76 та дорихона, 4 та санаторий, 10 та масжид вайрон этилган. Кутубхона, музей, театр ва бошқа маданият ўчоқлари вайрон қилинган, транспорт тизими издан чиққан.

1988 йили Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибидан чиқиши ортидан юзага келган ҳарбий тўқнашувлар бир неча йил давом этган. 1994 йил май ойида томонлар ўт очишни тўхташ борасида келишувга эришган. Икки давлат ўшандан буён ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ва Россия, Франция, Германия ҳамда АҚШ иштирокида муаммо ечими борасида музокаралар юритиб келмоқда.

Расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ўз ҳудуди эканини таъкидлаб келади. Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.

С.Салим