АҚШ пандемияга қарши кураш доирасида Ўзбекистонга қўшимча 2,5 миллион доллар ажратди

Америка Қўшма Штатлари ҳукуматининг COVID-19 пандемиясига қарши курашиш бўйича кенг қамровли глобал чора-тадбирлари доирасида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонга қўшимча 2,5 миллион доллар ажратди. Шу тариқа, Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга АҚШ ҳукуматининг тўғридан-тўғри қўшган умумий ҳиссаси 16 миллион доллардан ошди, деб хабар беради АҚШ элчихонаси матбуот хизмати.

USAID ушбу қўшимча маблағни дори воситалари сифатини таъминлаш ва мамлакатда вакцинага нисбатан ишончсизликни бартараф этиш учун юқори даражадаги техник ёрдам кўрсатишга сарфлайди.

“Ўзбекистонда тўлиқ эмланганлар сони аста-секин ўсиб бормоқда. Аммо пандемия ҳали тугамади – вирус бутун мамлакат бўйлаб тарқалишда давом этмоқда ва янги вариантлар глобал миқёсда доимий хавф туғдирмоқда. Пандемияга барҳам бериш барчанинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳаётларни сақлаб қолиш ва глобал иқтисодиётни тиклаш учун жуда муҳим”, – деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит.

Пандемия бошланганидан бери USAID Ўзбекистон ҳукумати билан бир қатор йўналишларда кенг кўламли ҳамкорлик қилиб келди. Бунга тест синовлари ўтказиш учун миллий лаборатория тизимларини мустаҳкамлаш; лаборатория ва соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекциянинг олдини олиш ва назорат қилиш; диагностика салоҳиятини кучайтириш, COVID-19 кузатувини ва тезкор жавобни ошириш; касаллик юқтирганларни даволашни такомиллаштириш; шунингдек, аҳолининг COVID-19 ҳақида хабардорлигини ошириш, жамоатчиликни жалб қилиш ва кўнгиллиларни сафарбар этиш кабилар мисол бўлади.

COVID-19 тарқалишига қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашдан ташқари, USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони кенгайтириш, cил ва бошқа саломатлик таҳдидларига қарши курашиш, эрта таълим бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли эҳтиёжларига жавоб беришда ҳукумат салоҳиятини ошириш бўйича ҳамкорлик қилмоқда.