Сув балосидан асрасин!

Кўпчилик янги йилни кутиб олиш ва уни кўнгилдагидек қилиб ўтказиш ниятида юрган бир пайтда ОАВларда тарқалган бир хабар ҳаммани карахт ҳолга солиб қўйди. «Вой ёмон бўлибди, янги йил арафасида-я, шунча одам ўлибди» деган бир-биридан хавотирли ва ваҳимали гап-сўзлар тарқала бошлади.

Ҳа, Жанубий Осиё давлатлари устига ёпирилган кучли тўфон шу кунгача 150 мингга яқин кишилар ҳаётига зомин бўлди. Яна минглаб одамлар эса, табиатнинг бу инжиқлиги сабаб уй-жойсиз қолди.

Сунамилар тарихига назар ташлар эканмиз, 1998 йилнинг 17 июльида Папуа-Янги Гвинея ороллари Шимолий соҳили ёнида кучли зилзила рўй берганини ва бу кучли тсунамини келтириб чиқарганлигини айтиб ўтишимиз керак. Ўшанда 2000 киши қурбон бўлган, минглаб аҳоли бошпанасиз қолганди.

1976 йил 16 август куни даҳшатли катта тўлқин Филиппиндаги Моро кўрфазида 5 мингдан ортиқ кишининг умрини тугатган. 1964 йил 28 мартда Аляска қирғоғи яқинида кучли зилзила бўлди. Сунами учта қишлоқни ер юзидан супуриб ташлади, 107 киши ҳалок бўлди. 1960 йилнинг 22 майи Тинч океанида вужудга келган 17 метрлик тсунами кўпчиликнинг эсида қолди. Чилида мингга яқин, Гавайя оролларида 61 киши кўз юмди. Филиппинда, Окинава ва Японияда иншоотлар вайрон бўлди. 1896 йил 15 июль. Япония аҳолисининг 26 минги баландлиги 20 метрдан ошган тсунами туфайли бу ёруғ олам билан хайрлашган.

Сўнгги 40 йилликнинг энг даҳшатли табиий офати деб аталаётган тсунамидан зарар кўрганлар ва кўраётганлар кундан-кун кўпаймоқда. Ушбу табиий офат қандай экологик муаммоларни келтириб чиқаради? Ундан зарар кўрган давлатларда энди қандай муаммолар пайдо бўлади?

Биринчи муаммо шундаки, буни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам ҳар лаҳзада таъкидлаб турибди, агар жасадлар вақтида кўмильмаса ёки куйдирилмаса, у ерда турли юқумли касалликлар кўпайиши, бунинг оқибатида яна минглаб кишилар бу дунё билан хайрлашиши мумкин. Тоза ичимлик суви, дори-дармонлар етказилмас экан, ўша ерда турли зарарли ҳашоратларнинг кўпайиши эҳтимоли юқорилигича қолаверади.

Табиий офат келтирган яна бир зарар, у энг қадимий қабила ҳисобланган негритларнинг ер юзидан бутунлай супуриб ташлаганидир. Негритларнинг йўқ бўлиб кетиши инсоният ва илм-фан учун катта йўқотиш бўлади, деб хабар бермоқда ахборот агентликлари.

Сунами нафақат табиий офат, балки у иқтисодий офат ҳамдир. Жанубий Осиё мамлакатларининг тсунамидан зарар кўрган давлатлари раҳбарлари бу ҳудудларда иқтисодий вазият ҳам кескин даражада ёмонлашганлигини, иқтисодий кўрсатгичлар тсунами туфайли тушиб кетганлигини билдирмоқда. Жаҳон ҳамжамияти бу фалокат оқибатларини бартараф этиш учун 250 миллиард доллар сарфлаш кераклиги тўғрисида айтмоқда.

Жаҳон банки эса, фожеадан жабр кўрганлар учун 250 млн. ажратди. Деярли ҳамма мамлакатларда қатор хайрия марафонлари, хайрия кечалари ўтказилиб, тсунамидан зарар кўрганларга ёрдам бериш жамғармаси ҳисобига пул ишланмоқда.

Табиий офат ўз номи билан табиий. Унинг қаршисида одамзот ожиз ва нотавон бўлиб қолади. Жанубий Осиё давлатларида бўлган кучли тўфон ҳам инсониятнинг қанчалик кучсиз эканлигини яна бир бор исботлади.

Мақолага нуқта қўйишдан аввал халқимизнинг «ўт балосидан, сув балосидан асрасин» деган гапи беҳикмат эмаслигини айтиб ўтмоқчи эдик.

Маҳмуд ИЛҲОМОВ,
Тошкент молия институти доценти,
Фазилат ФОЗИЛОВА,
Тошкент молия институти талабаси