Туркия Бош вазири девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) Ўзбекистонда 2017 йилда ҳам бир қатор йирик лойиҳаларни амалга оширади. Бу ҳақда TİKAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, профессор Сулаймон Кизилтопрак маълум қилади.
Туркия агентлиги, хусусан, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида болалар спорт мажмуаси бунёд этади. Янги мажмуа ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандлари ва имконияти чекланган болаларнинг футбол, баскетбол, волейбол ва теннис каби спорт турлари билан шуғулланиб, бўш вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилади.
Қайд этиш жоизки, TİKA 2016 йилда ҳам “Соғлом авлод учун” фонди билан ҳамкорликда бир қатор йирик лойиҳаларни амалга оширган. Жумладан, агентлик “Соғлом авлод учун” фондига рангли ультраташхис жиҳози, электрокардиограмма, колпоскоп, портатив лаборатория ускуналари ва бошқа тиббий анжомлар билан жиҳозланган 10 та мобил клиника автоамбулансини тақдим этган. Айни пайтда мобил тиббий ёрдам автобуслари олис ва чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган юзлаб оилаларга кўрсатмоқда.
“Соғлом авлод учун” фонди ҳудудий бўлимларига мобил клиника автобусларини тақдим этиш маросимида TİKA раҳбари, доктор Сердар Чам қатнашган.
Бундан ташқари, 2016 йилда TİKA Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” фонди билан ҳамкорликда Фарғона вилоятида болалар ва ўсмирлар пластик жарроҳлик операциялари хайрия акциясини ўтказди. 2009 йилдан буён ташкил этилаётган анъанавий хайрия тадбирида ҳозирга қадар 2081 нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилиб, 719 нафар бола операция қилинган.
Орол фожиаси Марказий Осиё таррақиётига жиддий хавф солиб турган экологик муаммолардан саналади. TİKA минтақа халқларига кўмак бериш ва ҳудудда экологик барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда Оролбўйи минтақасини ўрмонлаштириш ва реабилитация қилиш лойиҳаси ишлаб чиқди. Мазкур янги лойиҳа доирасида 5 минг гектар ҳудудда ўрмонлаштириш ва реабилитация ишлари амалга оширилиб, қулай ва барча шароитларга эга иккита кўчатхона ва иссиқхона қурилади.
Жорий йилда TİKA “Тадбиркор аёл” уюшмаси Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси биносини қуриб беришни ҳам режалаштирган. Яқин муддатда Бухоро вилояти ҳокимлиги ажратган 250 кв.м. майдонда барча қулайликларга эга замонавий иншоот қад ростлайди.
Бундан ташқари, жорий йилда агентлик Тошкент Туризм ва бизнес коллежи учун ўқув амалиёт лабораториясини ташкил этиб беради. Ўқув лабораторияси талабаларга назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаш имконини беради. Айни пайтда ўқув амалиёт лабораториясининг чизмаси ва тарҳи тайёрланган. Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда туризм соҳаси учун малакали кадрлар етиштиришга кўмак беришга қаратилган.
TİKA 2016 йили Самарқандда меҳмонхона хизмати вакиллари учун 10 кунлик малака ошириш дастурини ташкил этди.
“Оталаримиз юрти бўлмиш Ўзбекистонда фаолият юритаётганимдан ғоят шодман. Бу ерда амалга ошираётган лойиҳаларимиз Имом Бухорий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Навоий каби аллома ва мутафаккирларнинг вориси бўлмиш қардош ўзбек халқига ҳурматимизни ифодалайди. Мақсадимиз тараққиёт сари дадил одимлаётган Ўзбекистоннинг ривожига ҳисса қўшиш, икки қардош халқ ўртасидаги азалий дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишдан иборат. Биз Ўзбекистонда иқтисодий, техникавий, ижтимоий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларни амалга оширишда давом этамиз. Бу борада ҳамкор ташкилотларнинг таклиф ва лойиҳаларини кўриб чиқишга ҳамиша тайёрмиз”, – дейди TİKAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, профессор Сулаймон Кизилтопрак.
Туркия Бош вазири девони ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги 1992 йилда ташкил этилган. TİKA Туркиянинг халқаро майдондаги ўзига хос тимсоли сифатида дунё ҳамжамияти ҳурматини қозонган.
Сомали ва Нигер аҳолисини ичимлик суви билан, Фаластин хонадонларини эса ёритиш тизими билан таъминлаш, Македония ва Сербияда табиий офат қурбонларига, Қозоғистонда эса археологларга кўмак кўрсатиш, Афғонистонда мактаб, Албанияда масжид, Танзанияда кутубхона, Непалда шифохона, Ўзбекистонда эса спорт мажмуаси бунёд этиш… Бу TİKA дунё бўйлаб амалга ошираётган лойиҳаларнинг бир қисми, холос.
Агентлик Туркия байроғи остида сайёрамизнинг 140га яқин мамлакатида ҳар йили ўртача 2000 та лойиҳани амалга оширади. Агентлик Мўғулистондан Косовога қадар, Сенегалдан Афғонистонга қадар, Украинадан Мадагаскарга қадар – Европа, Осиё ва Африка қитъаларида ҳамкорлик ва техникавий ёрдам фаолиятини амалга ошириб, миллионлаб инсонлар корига ярамоқда.
TİKAнинг Тошкентдаги ваколатхонаси Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида 1994 йил 20 майда очилган. Ваколатхона иқтисодий, техникавий, ижтимоий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва дастурларга кўмак бериб келмоқда. Маълумотларга қараганда, TİKA ўтган салкам чорак аср мобайнида Ўзбекистонда 700га яқин лойиҳани муваффақиятли амалга оширди.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақолалар:
TİKA Хоразм вилоятидаги соғлиқни сақлаш муассасаларига тиббий ускуналар тақдим этди. 04.01.2017
ТИКА раҳбари Сердар Чам Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири билан учрашди. 07.04.2016
Турк олимлари 1300 йил аввалги бармоқ изларини топди. 09.02.2016