Турк археологлари Мўғулистондаги Тўнюқуқ ёдгорлигидан ўн уч асрлик ноёб бармоқ изларини топди. Бу ҳақда Онадўли ахборот агентлиги хабар беради.
“Биз кўплаб археологик кашфиётларга қўл урдик. Аммо улар орасида 1300 йил аввалги бармоқ излари энг эътиборга молик кашфиёт саналади. Бу ўта қизиқарли тарихий топилмадир”, – деган Тўнюқуқ ёдгорлигидаги археологик тадқиқотларга бошчилик қилаётган туркиялик профессор Аҳмед Ташағил (Ahmet Taşağıl).
Тўнюқуқ ёдгорлиги туркий тамаддун тарихидаги энг қадимги обидалардан бири саналади.
Турк хоқонлигининг нуфузли давлат арбоби саналган Тўнюқуқ (тахм. 645–726) хоқонликни Хитой асоратидан қутқаришда катта жасорат кўрсатган. У Элтариш, Қапоғон, Билга хоқон сингари уч ҳукмдорга бош вазир ва лашкарбошилик қилган.
Саркарда ўлимидан олдин ўз ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи китоба – битиктош барпо қилдирган. Қадимий турк ёзувининг нодир намунаси ҳисобланган Тўнюқуқ битиктоши Мўғулистон пойтахти Улан-Батордан 66 километр жанубий-шарқда сақланади.
Битиктошда Турк хоқонлигининг қайта ташкил топиши, бу ишда Тўнюқуқнинг хизмати, унинг ҳарбий юришлардаги қаҳрамонлиги батафсил баён этилган. Ёдгорлик нафақат бадиий-тарихий асар сифатида, балки қадимий топонимлар ва олис ўтмишни ўрганиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.
Мазкур қадимий ёдгорлик Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт идораси (TİKA) томонидан муҳофазага олинган. Турк олимлари эса тарихий масканда бир неча йилдан буён илмий изланишлар олиб бормоқда.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон 2005 йили – ҳукумат раҳбари бўлган пайтда Тўнюқуқ ёдгорлигига ташриф буюриб, қадимий обида билан танишган.
Айни пайтда TİKA ёдгорликни асраб-авайлаш ҳамда илмий изланишларга кўмак кўрсатиб келмоқда. Хусусан, археологик изланишларга қулай шароит яратиш учун ушбу ҳудудда 11 километрлик асфальт йўл ётқизилган. Қолаверса, Тўнюқуқ ёдгорлиги ҳудудида музей ташкил этиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Мўғулистоннинг Ўрхун водийсида жойлашган Билга хоқон ва Кул тегин ёдгорликлари ҳам TİKA томонидан муҳофаза этилмоқда.
Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт идорасининг асосий фаолияти ривожланаётган мамлакатларга техник кўмак кўрсатишга йўналтирилган. Ташкилот жаҳоннинг 20 мамлакатида мувофиқлаштирувчи офисга эга бўлиб, 100 дан ошиқ давлатда фаолият юритади. TİKA илм-фан, таълим, савдо-иқтисодиёт, техника, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳадаги лойиҳаларга кўмак кўрсатади.
Собир Салим