Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Диний фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси, сийрат фани устози Абдул Азим Зиёуддиннинг “Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?” китоби тўлдирилиб, қайта нашр этилди. Китобнинг биринчи нашри 2007 йили амалга оширилган эди. Ушбу китоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари бўйича 197 та тест савол-жавобларидан иборат бўлиб, Макка даврини ўз ичига олади.
“Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?” китобига Шайх Абдулазиз Мансур муҳаррирлик қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (раҳматуллоҳи алайҳ), Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Ҳайдархон Йўлдошхўжаев сўзбоши ёзишган.
“Муаллиф ўз асарини ёзишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийрати шарифларига оид мўътабар манбалардан фойдаланганлар. У киши бу ишда китоб танлаш қобилиятлари ҳам юқори даражада эканини намойиш қилганлар десам, муболаға бўлмаса керак” дейилади Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) сўзбошисида.
“Бу китобдан кўзланган асосий мақсад суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари ҳақида маълумоти оз ўқувчиларга илм бериш, илмларини тартибга солиш, хатолари бўлса, тўғрилаш, баъзи тушунмаган жойларига аниқлик киритиш; маълумоти ўртача бўлган ўқувчиларнинг билимини ошириш; яхши маълумотга эга бўлган китобхонларнинг билимини савол-жавоб услубида мустаҳкамлаш ҳамдир” дейилади муаллиф муқаддимасида.
Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?” китобини Тошкент шаҳридаги Чорсу китоблар уйи ва бошқа китоб расталаридан сотиб олишингиз мумкин.