Миразиз Аъзам. Алифбомиз уфқлари (1992)

Алифбо масаласи энг олдин отам ҳақида онамнинг ҳикояларидан қулоғимда қолган.

— Аданг тил-адабиёт ўқитувчиси эди. Кейин бирдан тарих факультетига кириш учун Дорулмуаллиминга ҳужжат топширди. «Нега ундай қивоссиз?» десам, «Алифбо ўзгаравериши жонимга тегди. Энди кўникканда бошқасига ўтаверамиз», деганди.

«Нимага алифбе ўзгараркин?» деб ўйлардим ўша пайтларда. Энди-энди отам 1912 йилда туғилгани, 7 ёшдан 28 ёшгача 5 марта алифбо ислоҳини кўрганини кўз олдимга келтираман ва у авлод вакилларига қийин бўлганию амалда саводсизликка маҳкум этилганини ўйлаб, мустамлакачилик сиёсатининг қинғир ишлари, шумликларига яна бир нафратим ортади. «Шу ислоҳотлар керакмиди?» деб тушунишга ҳаракат қиламан.

Мен ўзим ҳозиргача жорий алифбомиздаги бир қусурга дуч келаман. Ўрта мактабда ҳам, дорулфунунда ҳам ва ҳатто ҳозирги ишимда ҳам хоҳ ўқувчи бўлсин, хоҳ ўқитувчи, хоҳ талаба бўлсин, хоҳ профессор, хоҳ оддий хизматчи бўлсин, ҳали бирон марта «ҳ» билан «х»да ҳеч хато қилмайдиган биронта соф ўзбек (турк) боласини кўрганим йўқ. Мактабда «думли «ҳ»ми, думсизми» деган саволни эшитасиз. Кириш имтиҳонларида мактабни олтин медал билан битирган болалар ҳам «х» ўрнига «ҳ», «ҳ» ўрнига «х» ёзиб юборадилар. Мен талабалик чоғимда домламиз, тилшунос олим Шавкат Раҳматуллаев олдига шу саволни қўйган эдим. «Тилимизда, айниқса Тошкентда «х» билан «ҳ»нинг фарқи йўқ. Шундоқ экан алифбега ҳам битта «х» олиниши керак» деб жавоб берганди домламиз. Мен «ҳил-ҳил» ва «хил-хил» сингари сўзларимиз бор, ишора қўймаса мазмун аниқ чиқмайди, десам, «Аммо бундай сўзлар ўнтага ҳам бормайди, олти-еттита, холос, боринг, ана ўнтаёқ дейлик, ўн сўзнинг фарқи тўфайли икки ҳарф қабул қилиш шарт эмас. Маънони контекст орқали билиб олиш мумкин. Барча миллатларнинг амалиётида бундай мисоллар кўп учрайди», деганди домламиз. Мен бу фикрга қўшилдим. Кейин, яқин-яқинларда ҳам бу «ҳ» ва «х» масаласида матбуотда кўп олишувлар бўлди. Баъзи бир олимлар, бу икки ҳарф алифбомизда қолиши шарт, деган фикрни олға суришди. Мен ўзим яна бу муаммони ўрганишга киришдим. Қарасам, туркиялик турклар ҳам битта «ҳ»ни («H») қабул қилишган экан. Мен, ўз луғатларимиздан «х» билан «ҳ»ни фарқлаш зарур бўлган еттита сўз топдим:

Ҳ

  1. ҳам (форсий) — боғловчи ва юклама вазифасида келади.
  2. ҳар (форсий) — белгиловчи олмош вазифасида келади.
  3. ҳийла (форсий) — алдашда ишлатиладиган йўл, макр, фириб.
  4. ҳил-ҳил (форсий) — «пишиб юмшаб кетмоқ» маъносида.
  5. ҳирс (арабий) — зўр истакни, шаҳвоний туйғуни билдиради.
  6. ҳол (арабий) — вазият, ҳолат, жисмоний-руҳий кўриниш, авзо ва яна гап бўлаги маъноларида ишлатилади.
  7. ҳуш (форсий) — кишининг бирор таъсир ёки ҳодисани сезиш, идрок этиш, англай олиш қобилиятини билдирувчи сўз.

Х

  1. хам (форсий) — «пастга эгилган», «қуйи солинган» маъносида ишлатилади.
  2. хар (форсий) — «эшак» маъносида.
  3. хийла (арабий) — «маълум даражада», «бирмунча», «анча» маъносида.
  4. хил-хил (арабий) — «турли-туман» маъносида.
  5. хирс (форсий) — «айиқ» маъносида.
  6. хол (форсий) — бадандаги туғма қора доғ, безак учун қилинган белги, бирор иарсанинг гўзал жойи маъноларида ишлатилади.
  7. хуш (форсий) — «яхши», «ёқимли», «ярашиб турадиган» маъноларда ишлатилади, шунингдек, майл, иштиёқ, хоҳишини ҳам билдиради.

Ҳозир тилимизда ишлатилиб турганлари шулар, холос. Агар классик адабиётимизни кузатсак, яна бошқа сўзлар ҳам қўшилиши мумкин. Аммо шуни унутмаслик керакки, бу сўзларнинг орасида келиб чиқиши жиҳатдан туркий бўлган бир сўз ҳам йўқ.

Араб ва форс тилларида «ҳ» билан «х»ни фарқламаса, ер билан осмончалик фарқлар чиқиши муқаррар. Аммо бизнинг турк тилимизда «ҳ» билан «х»нинг фарқи йўқ. Ўша юқоридаги 5—10 сўз учун алифбомизга икки ҳарф олишимиз тўғри эмас. Бу, менинг амалий ҳаётда чиқазган ҳозирги алифбога оид бир хулосам, холос. Балки, тарихда ҳам шундай хулоса чиқарган кишилар ўтгандир. Туркистонда ўн асрдан зиёд ҳукм сурган араб алифбосини ўзгартиришга эҳтиёж бўлгандир. Нега бундай деётганимнинг сабаби шундаки, мен тил-адабиёт куллиётида ўқидим ва араб алифбосини ўрганаётганимизда кўпчилигимизни бу алифбодаги турли хусусиятлар ҳайратга солган эди. Аввало ҳар бир ҳарфнинг ҳар жойда ҳар хил ёзилиши кишини тонг қолдирарди. Бир ҳарфнинг ўзи сўз бошида бўлакча, ўртасида бошқача ва сўнгида ўзгача ёзиларди. Албатта, қунт билан бу поғонадан ўтиш қийин эмас эди. Аммо алифбода аксар унли товушларнинг ёзилмаслиги ва баъзи ҳарфларнинг турли товушларни ифодалаши ва араб тилидаги бир қатор товушлар турк тилидаги бир товушни ифодалашини ўзлаштириш мушкул эди. Арабча — синувчан тил бўлса, туркча — қўшимчали тил. Арабчада унсиз товушлар ҳоким бўлса, туркчада унли товушларнинг аҳамияти катта. Арабчадаги «ҳо», «хи», «ҳа» белгилари туркчада битта «ҳе» белгиси билан ўз ифодасини топади. «Вов» ҳарфи «в»ни, «у»ни ва «ў»ни билдиради. «Ва» ўрнида ҳам ишлатилади. «Син», «сод», «се» товушларидаги фарқлар ҳам бизнинг тилимиз учун тушунарсиздир. Биз фақат битта «с»ни ишлатамиз. Худди шунингдек «т»нинг «те» ва «то» билан, «з»нинг «зол», «зайн», «зо» ва «зод» билан тўрт хил ифодаланиши туркча сўзларнинг бу алифбода ифодаланишини чигаллаштиради. Унли товушларнинг ёзилмаслиги туфайли, масалан ёнма-ён ёзилган «бр» ҳарфларини «бар» — этакми, «бор» — буйруқми, «бир» — сон, рақамми, — билолмайсиз. Ёки «бе», «вов», «ре» ҳарфлари ёнма-ён келса уларни «бур» деб ўқиш керакми, «бўр» дебми ва ё «б ва р» дебми? — буларни аниқлаш учун матнни қайта ўқимоқ, жумла маъносини аниқламоқ даркор бўлади, яъни талай вақтингиз ва зеҳнингизни сарфлашингиз керак. Ҳолбуки, бундай паузаларга юзлаб, минглаб бора дуч келаверасиз.

Мана, ҳозирги кунларда Навоий, Машраб, Нодира, Хоразмий нашрларидаги юзлаб хатолар маъни аҳлларини хуноб қилиб келмоқда. Чунончи, закий адибамиз Кибриё Қаҳҳорова Машрабнинг танланган асарларида йўл қўйилган юзлаб хатоликларни кўрсатиб, матбуотда қайта-қайта чиқдилар. Ҳолбуки, бу тўпламларни классик адабиёт билимдонлари, филология фанлари номзодлари тайёрлашган эди. Навоийнинг «Мукаммал асарлар тўплами»да ҳам хатолар кўплиги оғизларда афсона бўлиб юрибди. Бу нимадан келиб чиққан? Фақатгина Араб алифбосининг ўқилишидаги қийинчиликдан келиб чиққан.

Балки, бу — бизнинг чаласаводлигимиз, 70 йил давомида ўз алифбомиздан узоқлашиб кетганимиз сабабли юз бераётгандир? Балки, биргина мен, балки биргина гуруҳ билимсизлар бу масалага дуч келгандирмиз, дунёнинг бошқа маърифатли турк миллатлари учун ўртада бундай қийинчилик йўқдир? Аммо, ундай десам, тарихда, айниқса XIX асрнинг II ярмидан бери, араб алифбосини ислоҳ қилишга уринишлар бўлиб келганини нима билан изоҳлаш мумкин?

Турк олимаси, филология фанлари доктори, профессор Зайнаб Қўрқмазнинг далолат беришича, 1303 йилда Қора денгиз шимолидаги Қипчоқ бўзқирларида, қипчоқ туркларига аталган «Кодекс Команикус»нинг лотин ҳарфлари билан ёзилган бўлимлари бор. Бу даврларда готик ва лотин ҳарфлари билан ифода этилган Юнус Эмро шеърлари борлиги ҳам аниқланди. Лекин, булар турк маданияти тарихида алифбо ўзгариши жиҳатдан кенг тарқалмаган намуналардир.

Бошқа бир турк олими, тарих жамиятининг аъзоси Билол Н. Шимширнинг ёзишича, озарбайжон драматурги ва шоири Мирза Фатҳали Охундзода, 1857 йилда биринчи марта туркча сўзларни тўғри ўқиш учун араб алифбосини ислоҳ қилиб, лотин алифбосидаги каби ёзишни тавсия этган. «1863 йилда, — деб ёзади Билол Н. Шимшир, — Мирза Фатҳали Истанбулга келган. Усмонли садраъзами (боши раиси, яъни ҳукумат бошлиғи) Фуот Пошога «Ҳарфларнинг ислоҳи» деган бир лойиҳа тавсия этган. Бу лойиҳа «Жамияти Илмия-и Усмония»да икки марта муҳокама этилган. Муҳокамаларнинг бирида Мирза Фатҳали ҳам иштирок этган. Охирида Усмонли ҳукумати, Мирза Фатҳалига ишларидан қатъи назар бир тақдирнома билан бир Мажидия Нишони берган. Бундан ташқари, пъесаларининг Туркия туркчасида босилишини қарорлаштирган. Аммо Мирза Фатҳалининг алифбо ислоҳини у кунларда қабул қилишнинг иложи бўлмаган».

Аммо М. Ф. Охундзоданинг фикрларини Туркияда мингбоши Умар Бей, Озарбайжонда ёзувчи-публицист Меҳмет Оға Шохтахтинский, Қофқозли ёзувчи Мирза Риза Хон сингари зиёлилар қайта-қайта кўтариб чиқдилар.

Мустафо Камол Отатурк дўсти ва сафдоши Мазҳар Муфитнинг қайд дафтарига келажакда қиладиган ишлари ҳақида 1919 йил 7 июлдан 8 июлга ўтар кечаси беш ниятини ёздириб қўйган эди.

«Зафардан кейин ҳукумат шакли жумҳурият бўлади…

…Лотин ҳуруфи қабул этилажак», дейилганди унда.

Аммо бу иш амалга оширилмади.

1923 йилда бу масала катта бир анжуманда муҳокама қилинганда ҳайъат раиси Козим Қорабакир Пошо «Лотин ҳарфларини қабул этолмаймиз», деб жавоб берганди.

Барча туркий халқлар араб алифбосида ёзиб турган бир пайтда бир турк жумҳурияти лотин алифбосига ўтишни эп топмаслиги табиий эди.

Аммо Совет Социалистик жумҳуриятлари биринчи бўлиб араб алифбосини ислоҳ қилишни бошладилар, сўнг лотинга ўтиш масаласини муҳокама қилдилар.

1926 йилнинг март ойида Бокуда I туркологлар Конгресси бўлиб ўтди. Унда татар, бошқурт, қозоқ, қирғиз, ўзбек, туркман, чуваш, ёқут деб ном олган турклар араб алифбоси ўрнига бошқа алифбони қабул қилиш масаласини кўрдилар. Рус алифбосига ўтиш керакми, ё лотин алифбосигами, деган масала кўтарилди. Рус алифбоси устида кўп тўхталинди, аммо бу алифбо турк товушларини ифода этишга ноқулай эканлиги аёнлашди. Лотин асосида яратилган бир қатор алифболар қабул қилинди. Бу воқеадан кейин Туркияда ҳам алифбо табдили масаласи катта баҳслар мавзуига айланди.

1926 йилнинг 28 мартида Истанбулда чиқадиган «Оқшом» газетаси «Лотин алифбосини қабул қилиш керакми, ё этиш керакмасми!» сарлавҳаси остида мунозара очди. Кўпчилик лотин алифбоси қабулига қарши чиқди. Заки Валидий Тўғон «Лотин ҳуруфотининг лисонимизга тадбиқи имконсиз» деб ҳисоблади. М. Фуот Кўпрули «Ҳарф масаласи» номли мақоласида бу муаммони чуқур мулоҳаза билан таҳлил этди. Бу мақоладаги фикрлар ҳамон кўпчиликнинг хаёлини банд этаётганлиги учун ундан каттароқ бир парча келтираман:

«…Номиқ Камол Бейнинг… «Ислоҳ-и ҳуруф масаласи» номли мақоласи ҳозиргача қийматини йўқотмагандир.

Номиқ Камол қийматли бир васиқа моҳиятида бўлган бу мақоласида, ҳарф масаласининг, бир миллатнинг тараққийсида жуда катта аҳамияти бўлмаслигини амин бир қатъият ва сароҳат ила дармаён этадики, бунинг аксини исбот этмоқ ҳануз ғайри мумкиндир. Филҳақиқа харф масаласи миллат учун ҳаётий эмас, билъакс моҳият эътибори ила толе масаласидир. Турли сабаблар билан, кўпдан бери бизда бу билан шуғулланаётганлар бўлиб турибди. Афсуски, Машрутият кетидан бу масала яна ўртага қўйилган, ҳарфларимизнинг ислоҳи учун турлича шакллар таклиф этилгандир. Зое кетадиган бу уринишлар бу кун ҳам мўлжалини бир оз ўзгартириб давом эттирилмоқда, яна ишлатиб турган ҳарфларимиздан воз кечиб, лотинни қабул қилиш масаласи баҳс мавзуи бўлмоқда. Лотин ҳарфларининг қабулига тарафдор бўлганлар ғарб маданиятига шу йўл билан тез ва осон эриша оламиз деб ҳисобламоқдалар. Ҳолбуки, ғарб маданиятига етишмоқ ҳарфларимизнинг табдили ва лотин ҳарфларининг қабули билан қобил бўлолмайди… Ҳарфларнинг табдили (ўзгартирилиши) таҳмин этилгани қадар осон эмас.

Ҳарфларни ўзгартиришни истаганлар, бу ишни мантиқ масаласи ҳолида муҳокама этмай, айни чоқда илм масаласи суратида тадқиқ этсалар, буни таслим этмоқ мажбуриятида қоладилар.

Турк лисони тарихи кўрсатадики, турклар ҳозиргача турли алифболарга молик бўлганлар, яъни бир неча марта алифбо ўзгартирганлар. Фақат бу алифбо табдилида қандай омиллар таъсир кўрсатди? Буни англамоқ учун турк тарих ва филологиясининг бир қанча саҳифаларини нозикдан нозик тадқиқ этмоқ, ўрганмоқ лозимдир. Масалан, бир миллатнинг ҳарфлари ўзгартирилиши учун, у маданиятдан маҳрум бўлиши ва жуда ибтидоий ҳолда бўлиши лозим. Ҳолбуки, турк миллати жуда қадимий маданиятга молик бўлгани каби, ибтидоий миллат ҳам эмас. Уйғур алифбоси тарк этилиб, араб ҳарфлари истеъмол қилина бошлаганда, ўша замон турк маданияти бу кунгига нисбатан жуда ибтидоий бўлишига қарамай, — бу ҳарфлар, яна турклар орасида жуда қийинчилик билан ўрнашди. Ҳатто араб алифбоси уйғур алифбосига қараганда турк лисонига мувофиқроқ бир алифбо эди. Шунда ҳам араб алифбоси қабул қилингандан кейин уйғур ҳарфлари дарҳол тушиб қолмади, аксинча узун муддат қўлланилди. Бу, бу бобда илгари суриладиган энг кичик мисолдир, бу мисоллар, агар истанилса, давом эттирилиши мумкин. Бу мисоллар олдида бир тилда ҳарфларнинг осонлиқча ўзгартирилишига оид даъво, қай даражада кучга эгалигини кўрсатади. Мантиқ ва муҳокама билан қўлга киритилган назариялар, ҳаёт соҳасида катта бир тадбиқ қобилиятини намоён қилолмайди. Ижтимоий ҳодисалар борасида таъсир ўтказмоқ учун қатъий суратда ижтимоий дастурларга асосланмоқ мажбурияти бордир. Бу дастурларга бегона қолганларгина фақат лотин ҳарфларининг қабулига тарафдор бўладилар.

Лотин ҳарфларининг қабули масаласи ёлғиз маданият ва тарих масаласи ҳам эмас. Бунинг иқтисодий ва аста-аста таъсир кўрсатувчи жиҳатлари ҳам бор. Фақат иқтисодий сабабларнинг ўзи ҳам лотин ҳарфларининг қабули бизни самарасизликка маҳкум этишини англамоқ керак.

Ихтисосга ҳурматимизни оширишимиз лозим бўлган бу даврларда бундай муҳим хусусот билан ҳар кимнинг машғул бўлавериши бир анархияни бошламоқдан ўзга нарсага ярамайди». (Ҳасан Эрен. «Тилда бирлик, ёзувда бирлик» мақоласидан олинди. Қаранг: «Тил ва алфоба узеринда гўрушлар». 4—7 бетлар).

Бу ўринда муҳтарам профессор Ҳасан Эреннинг мазкур мақоласидан яна бир маълумотни баён этиб ўтиш, масалага анча ойдинлик киритади.

1851 йилда Қримда туғилган ва Гаспирали номи билан шуҳрат қозонган Исмоил Бей, 1883 йилда Боғчасаройда «Таржимон» деган бир газета чиқара бошлаганди. Бу газета барча туркий халқларнинг уйғонишида катта рол ўйнади. «Таржимон» газетаси «Тилда, фикрда, ишда бирлик» шиорини ўртага ташлади. У барча туркий тилларнинг соддалаштирилган бир бичимини яратиш учун курашди. Турли шеваларга айрилган турли турк тармоқлари орасида ягона бир ёзув тили яратиш ғоясини олға сурди. Бу ягона ёзув тили дунёдаги энг йирик турк шаҳри Истанбул лафзига жуда яқин бўлиши керак эди. Унинг бу ғояси барча туркий халқларнинг зиёлиларини ўзига жалб этди.

У пайтларда Қозонда, Туркистонда ва Қофқозиядаги газета ва журналлар араб алифбосида маҳаллий шева ва лафзларда чиқарди. Исмоил Гаспиралининг «Тилда, фикрда, ишда бирлик» шиори, гарчи «ёзувда бирлик» маъносини билдирмаса ҳам, амалда барча турклар ёзувда бирликка интилаётгандилар.

Ўша Бокуда 1926 йилда бўлган I туркологлар Конгрессидан кейин, араб алифбосини ўртадан қолдириш баҳонаси билан, турклар орасида «ёзувда бирлик» ҳаракати барҳам топтирилди.

Совет жумҳуриятларининг лотин алифбосига ўтиш тараддуди М. Камол Отатуркни ҳам бу борада тайёргарлик кўришга мажбур этди. У, эндиликда бу масалани қолдириб бўлмаслигини кўрди. М. Камол Отатурк буюк давлат одамларига хос илғор бир сезги билан Совет Жумҳуриятларида амалга оширилаётган бу ислоҳотларнинг асл мақсадини дарҳол англаган эди.

Шундай қилиб, энг олдин Ёқутистон, сўнг бошқа Совет Жумҳуриятлари, кейин Туркия ҳам лотин алифбосига кўчдилар. Бу воқеа 1928 йилда рўй берди.

1926 йилда ёзув ислоҳотига қарши чиққан Ф. Кўпрули, бу ислоҳотнинг ўн йиллиги муносабати билан, 1938 йилда «Алфоба инқилоби» деган бир мақоласини эълон қилди ва мардлик билан лотин алифбосига ўтиш катта аҳамиятга молик бўлганини тан олди. Хўш, нима учун шундай бўлди? Чунки ҳаёт бизнинг турк тилимиз учун араб алифбоси етарли имконларга эга эмаслигини, лотин ҳарфлари эса, тилимиз табиатига тўғри келишини исбот этиб берди. Энди бу фикрга эътироз билдириш қийин эди. Қандай қилиб эътироз билдириш мумкинки, арабчада биргина «алиф» ҳарфи «а»ни ҳам, «э»ни ҳам, «и»ни ҳам билдириб турса, биргина «вов» ҳарфи ҳам «у»ни, ҳам «ў»ни, ҳам «в»ни билдириб турса?! Араб алифбосида ёзилган туркча матнни тўғри ўқий олиш учун турк тилини пухта билиш зарур бўлса?! Қандай қилиб эътироз билдириш мумкинки, тилимиз учун бир қатор «з»лар, «с»лар, «т»ларга эҳтиёж йўқлиги ҳаққаст рост бўлса?! «Айн» ва «ҳамза» деган ҳарфларга эҳтиёж йўқлиги ҳаққаст рост бўлса?! Қисқа унли товушлари ёзилмайдиган араб алифбосидан, зер-забари бўлмаган тақдирда, туркча сўзларни қандай қилиб тўғри ўқиш ва англаш мумкин? Бир сўз қайси маънода ишлатилганини аниқламоқ учун бир жумлани неча бора ўқиш керак?! Атоқли ва турдош отларни бир хил ёзадиган араб имлосидан буларни айириб олишга нечун вақт сарфлаш керак?! Арабчада ҳарфлар олдинда, ўртада ва охирида ҳар хил ёзилгани етмагандай, баъзи ҳарфлар ҳеч бир ҳарфга қўшилмайди, баъзи ҳарфлар ўнгдан, баъзилари сўлдан ҳарфга қўшилади. Имло тартиботида сўзлар орасида тегишли масофа йўқ. Туркча матнларни шу тариқа ўқиш маънони англаб олишга монелик қилиши турган гап-ку! Араб алифбосида ёзилган эски асарларнинг ҳар бири ҳар хил услубда ёзилган. Ҳар бир усулни ўрганишга яна талай вақт сарфланади. Ва, энг муҳими, ноширлик соҳасида муттасил қийинчилик туғдирадиган бир хусус: турк алифбосида устига ё остига белги қўйиладиган ҳарфлар беш-олтитагина. Араб алифбосида эса 17 та ҳар хил нуқтали ҳарфлар бор: бир нуқтали, икки нуқтали, уч нуқтали… 4 ҳарф уч нуқтали, 12 ҳарфнинг нуқталари устида, 5 ҳарфники остида… Яна тағин 6 дона ҳаракат белгилари бор. Хуллас, бу алифбода 28 ҳарф, 23 та нуқта ва ишора бор. Бундай алифбони ёзиш, ўқиш ва нашр этиш қанчалик мураккаб ва қийин эканлигини ёдда тутмаслигимиз мумкинми? Ҳозирги тезкор замонамизда газета-журнал, китоб чиқариш ҳам тезкорликка асосланади. Биз жаҳон тараққийси суръатидан ортда қолаверсак, яна дини исломимизни ҳам, миллатимизни ҳам қолоқликка маҳкум этмаймизми? Биз истаймизми-истамаймизми, лотин дунёда почта ва айниқса, телеграф алифбоси бўлиб шаклланиб қолди. Ҳатто энг етакчи ислом мамлакатлари — Саудия Арабистонида ҳам, Покистонда ҳам мусулмонлар телеграф ишларида лотин алифбосидан фойдаланадилар.

Бизнинг Туркистонда сўнгги уч-тўрт йилдан буён, айниқса 1991 йил 31 август куни Ўзбекситоннинг Давлат мустақиллиги Қонуни эълон қилингандан кейин алифбони ўзгартириш масаласи кўтарилмоқда. Лекин одамлар иккига бўлинди. Зиёлиларнинг бир қисми қайтадан араб имлосига кўчиш тарафдори бўлса, иккинчи қисми лотин алифбосини ёқлаб чиқмоқда. «Ўзбекистон адабиёт ва санъати», «Халқ сўзи», «Туркистон», «Эрк», «Ислом нури» газеталари, «Шарқ юлдузи», «Фан ва турмуш» журналлари мунтазам бўлмаса-да, халқимизнинг диққатини миллий алифбо масаласига жалб этмоқдалар. Аммо ўртага қўйилаётган асослар ҳар хил. Уларнинг баъзиларига қўшилиб бўлмайди. Чунончи, шоир Асқар Маҳкам «Эрк» газетасида «Эркинлик садақа қилинмайди» сарлавҳали мақоласини эълон қилди. («Эрк», 12-сон, 1992 йил 1—7 апрель). Бир қарашда унинг барча гаплари ростга ўхшайди. Аммо масаланинг илдизига кириб борилса, у ўртага қўйган далиллар бир қадар баҳсли эканлиги дарҳол кўзга ташланади.

«…Улар лотинлаштиришнинг эртасигаёқ қатағонни бошлаб юборишди…

…империя, бурёси остидан ақалли бир дона араб ёзувидаги варақ чиққан хонадонни қатағон қилаверди», деб ёзади Асқар Маҳкам.

Ҳолбуки, «улар» 25 октябрь 1917 йилдаёқ ҳокимият тепасига қатағон билан келишганди.

Уларнинг доҳийси миллионлаб бегуноҳ одамларни отишни, кўпроқ отишни талаб қиларди.

Кейинги доҳий ишни олдингисини уй қамоғида сақлашдан бошлади. У, лотин алифбосига кўчишдан олдин қатағонни бошлаган эди.

…«Улар» уйидан араб ёзувидаги варақ чиққан хонадоннигина эмас, гуржи ва армани ёзуви чиққан хонадонни ҳам, рус ёзувидаги варақ чиққан хонадонни ҳам қатағон қилаверган. Ҳўл-қуруқ баравар ёнган.

«Улар» фақат 14 аср мобайнида нимаики яратилган бўлса, ўшанигина эмас, ўз тилларида, ўз ёзувларида битилган миллионлаб китобларни ҳам турмаларда, лагерларда, зиндону шудгорларда ёқишди. Бу масалада лотинга ҳам, кирилга ҳам, араб ёзувига ҳам шафқат қилингани йўқ.

Асқар Маҳкам: «Кирил бизни Оврупога Москов кўприклари орқали элтган бўлса, лотин Истанбул қайиқлари орқали элтади. Фарқ шу!» деб ёзади.

Йўқ, кирил бизни Москов кўприклари орқали Оврупога элтмади. Кирил Москов билан Оврупо орасида Берлин деворига ўхшаш деворлар қурди. Ҳеч қандай кўприк ҳеч қачон бизни Оврупога элтгани йўқ. Ўрта Осиё, Қофқоз ва Кичик Осиёдаги сиёсат то 1989 йилгача Афғонистонда, Озарбайжонда, Гуржистонда, Ўзбекистон вилоятларида давом этди.

Асқар Маҳкам: «Биз Шарқ халқларимиз!» дейди. Ҳа, биз шарқликмиз. Аммо бу бизга олам цивилизациясидан орқада, итнинг кейинги оёғи бўлиб, судралиб юриш ҳуқуқини бермайди.

«Ҳар бир мусулмон эркак ва аёл Чингача бориб бўлса ҳам илм олиши фарз». Буни унутган ҳар бир мусулмон унутмасинки, у, Аҳмад Донишнинг маслаҳатларини кулги қилган Бухоро мутаассиблари кунига тушиши муқаррардир.

Асқар Маҳкам: «150 миллион туркий халқлар бир миллиарддан зиёд ер шари мусулмонлари каби муқаддас Қуръони карим ҳуруфини қабул қилсалар мудҳиш тарихий хато ислоҳ қилинган бўларди», деб ёзади.

«150 миллион туркий халқлар» муқаддас Қуръоннинг буйруқларига риоя этишса хато қилмайдилар. Гап ҳарфда эмас, калом ила амал бирлигидадир. Ҳарфини билиб, сўзини билиб, унга амал қилмай, Ислом бирлиги, миллат бирлиги ўрнига, ихтилоф йўлидан борганларнинг жойи қаердан бўлишини Асқар Маҳкам яхши билади, деб ўйлайман.

Асқар Маҳкамнинг: «Араб алифбоси 1400 йиллик маданиятимиз билан боғлагувчи ягона нажот йўлидир», «бирлик ва ҳамжиҳатликнинг энг сўнгги гарови ҳам ёзув эмас, балки имон», деган фикри эса маъқул. Шунчаки маъқул эмас, жуда маъқул.

Тағин шуни ҳам таъкиддаш лозимки, биз имло борасида баҳс юритишда баъзан идоравий усулларни ишлатаётирмиз. Буниси билан асло келишиб бўлмайди. Чунончи, Моварауннаҳр мусулмонларининг қурултойи: «Биз араб алифбосига ўтишимиз керак» деган қарорга келди. Қурултойда ўқилган маъруза ва қарор шак-шубҳасиз бирор матбуот саҳифасида ўз ўрнини топиши керак. Бу миссияни «Ислом нури» газетаси ўз зиммасига олди. Аммо жарида хизматчиларининг далолат беришича, баъзи сабабларга кўра бу ишлар амалга ошмай қолаётибди.

Энди бир овоза хусусида тўхталиб ўтаман. Чунки бу гап ҳам алифбога алоқадор. «Турк киноларини кўрдик. Яланғоч хотинлар, бузуқликлар тасвирланган. Туркиялик турклар овруполашиб, мусулмонликдан чиқиб кетишганга ўхшайди. Биз лотин алифбосига кўчсак, уларга ўхшаб исломдан узоқлашиб, динимизни унутиб қўямиз», деган бир гап тарқалди. Қайси кино, нима ҳақда, билмадим. Лекин, нима бўлганда ҳам, менимча, бу нотўғри тасаввур. Масалан, бизнинг «Ўзбекфильм» кинотасвирларини кўриб, улар ҳам биз ҳақда турли хаёлларга боришади: «Туркистонликлар бузилиб кетишди. Миллат истиқлоли учун жонини аямаган ота-боболарини «босмачи» деб кўрсатишди. «Босмачи» деб кўрсатган кишилари ислом динини сақлаб қолиш учун жанг қилишган-ку?! Ўзбеклар аллақачон кофир бўлиб кетган», дейишади. Аммо бу тўғрими? «Ўзбекфильм» бизнинг миллий ҳаётимиздан узоқ бўлса, бунга халқимиз айбдорми? Биринчидан, ундай фильмлар қачон, қандай даврда олинган — буни унутмаслик керак. Иккинчидан, аслида энг ваҳшатли кунларда ҳам, ҳар қанча чекланишларга қарамай Исломдан тоймаган имонли кишиларимиз озмиди?

Мен Туркияга бориб келдим. Уларнинг бари мусулмон, исломга риоя қилишади, намоз ўқишади. Ундан ташқари, лотин алифбосида ислом динига оид китобларни шу қадар кўп чиқаришганки, одамнинг ҳаваси келади. Анқарада катталиги жиҳатдан дунёда иккинчи ўринни оладиган муҳташам бир жоме қад кўтариб турибди. 50 минг кишилик. Шаҳар ва қишлоқларда муаззин азонлари беш маҳал садо таратади. Лотин, давлат алифбоси сифатида қабул қилинган бўлса ҳам, айни чоқда араб алифбосининг ўргатилиши ва ўрганилишига ҳеч бир монелик йўқ. Олий ўқув юртларида илоҳиёт факультетлари ишлаб, жаҳонга керакли асарларни етказиб бериб турибди. Илоҳиёт дунёвий илмлар билан бир қаторда кенг миқёсда ўргатилмоқда. Шахсан мен ўзим Туркиядан келган исломий китоблардан олтитасини лотин алифбосидан кирил алифбосига ўгирдим. Улар ноширларимиз томонидан нашрга қабул қилиб олинди. Демак, гап мусулмонликнинг мазмунида. Ким қайси алифбода ёзишида эмас, балки қалбида, билимида, имонида, исломийликнинг мавжудлигида экан.

Менимча, юртимизда лотин алифбоси қабул қилинган тақдирда ҳам, араб ҳарфларида вақти-вақти билан кўп манбаларни нашр этиб туриш мумкин. Хусусан, Қуръонни, ҳадисларни, араб тили ва форс тили дарсликларини, хрестоматия, қўлланма, тақвим ва тақдимларни «Ислом нури» жаридасини, «Мавороуннаҳр мусулмонлари» журналини чиқариб туриш фойдадан холи бўлмайди. Умуман, эътиқод, миллий ахлоқ учун қиладиган китобларни ким чиқаришга қодир бўлса, қаршилик кўрмай фаолият кўрсата олади, деб ўйлайман.

Мақолам сўнгида журналхонлар эътиборига бир муҳим ҳужжатни ҳавола қилишни лозим топдим. Гап шундаки, 1991 йил 18—20 ноябрь кунлари Туркиядаги Мармара Дорилфунунининг Туркиёт тадқиқотлари илмгоҳида «Ҳозирги замон турк алифболари» мавзуда бир симпозиум бўлиб ўтди. Унда барча турк давлатларининг, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг ҳам вакиллари қатнашдилар. Учрашув охирида қуйидаги хулосаларга келинди:

1) Симпозиумда турли турк минтақаларидан келган олимларнинг ҳаммаси, турк қавмларида лотин ҳарфларига ўтиш фикри вужудга келганлигини маълум қилдилар.

2) Симпозиумда катнашган олимлар, лотин алифбосидаги айни ҳарфлар айни товушларни ифодалаши принципи устида бир фикрга келдилар.

3) Симпозиумда қатнашган олимлар барча турк қавмларининг лотин аслли бир алифбога ўтишлари маданий бирликнинг кучайишида бебаҳо унсур бўлади, деган бир хил хулосага келдилар.

4) Симпозиум турк қавмлари учун лотин аслли қуйида кўрсатилган алифбонинг асос қилиб олинишини тавсия этди:

a (о)      b (б)  c (ж)  ç (ч)  d (д)  e (э)

ä (а)       f (ф)  g (г)   ğ (ғ)   h (ҳ)  x (х)

ı (ы)       i (и)   j (ж)  k (к)  q (қ)  l (л)

m (м)     n (н)  ŋ (нг) o (ў)  ö (ў)  p (п)

r (р)       s (с)   ş (ш) t (т),  u (у)  ü (у)

v (в)      w (в) y (й)  z (з)[1]

5) Симпозиумда қабул қилинган қарорлар турк давлатларининг матбуот органларига тавсия этилди.

Симпозиум ишининг самараси сифатида шуни айтиш мумкинки, 1992 йилнинг 4—5 январида Озарбайжон парламенти лотин аслли турк алифбосига ўтиш тўғрисида қонун қабул қилди. Ўзбекистонда «Халқ сўзи» ва «Эрк» газеталари симпозиум қарорини эълон қилдилар. Бошқа ишлар ҳали олдинда.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 10-сон

—————————-

[1] Бу лойиҳа бўлиб, ҳар бир турк қавми ўз товушларига мос белгиларни қабул қилиши мумкин.