Шарлотта Адриан: “Европа Иттифоқи бу йўлни Ўзбекистон билан бирга босиб ўтди”

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан Ўзбекистон Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан мамлакат халқига табрик йўллади.

“Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ўзининг бой ва узоқ тарихи ҳамда аҳолисининг ғайратига таяниб, ҳайратланарли натижаларга эришди. Демократия, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари, барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Ўзбекистон халқаро майдонда ҳам ҳурматли ҳамкор ва иштирокчига айланди. Бу йўлнинг катта қисмини Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан бирга босиб ўтди”, – дейди ЕИ элчиси ўз қутловида.

Дипломат ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокаралар муваффақиятли якунлангани, ушбу ҳужжат мустаҳкам шерикликни кучайтириш учун янги, замонавий асос яратганини қайд этган.

“Бугунги кунда GSP+ механизми туфайли Ўзбекистон маҳсулотлари Европада тобора кўпайиб, мамлакатингизга иқтисодий фойда келтирмоқда. ЕИ ҳақиқатан ҳам экспорт ҳажмини ошириш ва Ўзбекистонга қўшимча сармоя жалб этиш ниятида. Бизнинг асосий мақсадимиз – Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлашга кўмаклашиш ҳамда Ўзбекистон Республикасини ислоҳотлари ва ривожланиш ташаббусларида қўллаб-қувватлашни таклиф қилишдир”, – дейди Ш.Адриан хоним.

Табрик давомида жорий йил ноябрь ойида Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” мажмуасида ўтиши кутилаётган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ўзаро алоқадорлик” анжумани ҳам ёдга олинган. Таъкидланишича, ушбу муҳим тадбир – ЕИнинг Марказий Осиё мамлакатларига модернизация, сармояларни кўпайтириш, рақамлаштириш, минтақалараро савдони осонлаштириш ҳамда транспорт ва савдо йўналишларини диверсификация қилишда ёрдам бериш бўйича саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир.

“Фурсатдан фойдаланиб Ўзбекистон халқини Мустақиллик байрами билан табриклайман ва мамлакатга Янги Ўзбекистон йўлида муваффақият тилайман!” – дея қутлаган ЕИ элчиси Ш.Адриан.

Мавзуга доир мақолалар:

Ўзбекистон–Европа Иттифоқи: муҳим битим бўйича музокаралар муваффақиятли якунланди. 07.07.2022

Европа Иттифоқининг махсус вакиллари Тошкентда. 23.02.2022