Туркиянинг 12 минг йиллик тарихга эга экани айтиладиган Шанлиурфа шаҳри Ислом ҳамкорлик ташкилоти 11-туризм вазирлари анжуманида 2023 йилнинг туризм шаҳри деб эълон қилинди. 57 давлатни бирлаштирган нуфузли тузилма берган ушбу эътироф доирасида шаҳар йил давомида бир қанча тадбирларга мезбонлик қилади. Жумладан, Халқаро ҳалол кўргазмаси, Ислом олами олимлари симпозиуми, Ислом дунёсини бирлаштирган саёҳат китоблари симпозиуми, шунингдек, Жаҳон неолит конгресси бўлиб ўтади. Туризм шаҳри мақомига кўра Шанлиурфа бу йил икки баробар кўпроқ маҳаллий ва чет эллик сайёҳларни жалб қилиши кутилмоқда.
Очиқ осмон остидаги музей дея таърифланадиган Шанлиурфа Туркия жануби-шарқида жойлашган бўлиб, бебаҳо тарихий, диний ва археологик бойликларга эга. У турли дин, маданият ва цивилизациялар изларини ўзида мужассам этган энг қадимги шаҳарлардан бири сифатида диққатни тортади. ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Гўбеклитепе ва неолит даврига оид Тоштепалар шу ерда жойлашган. Баликлигўл (Балиқли кўл), Айн Зелиҳа (Зелиҳанинг кўзи), Ҳарран гумбазли уйлари, Ҳалфети каби обида ва осори атиқалар ҳам шу заминда.
Археологларнинг тамаддунлар ва эътиқодлар ибтидосига доир қарашларини ўзгартирган Гўбеклитепе қадамжосидаги “Т” шаклидаги обелисклар неолит даври жамоаларининг ижтимоий ташкилотга эга бўлгани ва эътиқод учун бирлаша олганини кўрсатади. 12 та археологик объектдан ташкил топган Тоштепаларда давом этаётган қазишмалар орқали қадимги тарихнинг номаълум саволларига жавоб топилмоқда.
Шанлиурфа – музейлар шаҳридир. Туркиянинг энг катта музей мажмуаси бўлган Шанлиурфа археология музейи дунёдаги энг катта неолит даври коллекциясига эга. Ахилл ва амазонлар ҳаётини акс эттирувчи, улкан Рим вилласи мозаикаси жойлашган Ҳалеплибаҳче мозаика музейи ташриф буюрувчиларни замонлар оша саёҳатга етаклайди.
Баликлигўл мажмуасининг пайдо бўлиши Иброҳим алайҳиссалом, Айн Зелиҳа қадамжосининг пайдо бўлиши эса шоҳ Намруднинг қизи билан боғланади.
“Сокин маскан” деб топилган Ҳалфети сув остида қолган аҳоли пунктлари, қояга ўйилган қалъалари, шунингдек, ноёб қора атиргули билан меҳмонларни ром этади.
Шанлиурфадаги гумбазли уйлар, дунёдаги илк университетлардан бири (Ҳарран мадрасаси) ва 744–750 йилларда қурилган Онадўлидаги қадимги масжид ҳам зиёрат қилиш лозим бўлган масканлар сирасига киради.