Блокадами ё қонуний талаб? Қорабоғда 50 кундан буён давом этаётган акция мақсадига ойдинлик киритилди

2022 йил 12 декабрдан буён Озарбайжон фуқаролик жамияти вакиллари ва экофаоллар Қорабоғ ҳудудида – Хонкенди–Лочин йўлида норозилик намойиши ўтказмоқда. 50 кундан буён давом этаётган акциядан кўзланган мақсад нима? Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббосов ушбу масалага ойдинлик киритди.

Маълумки, 1990-йиллар бошида Арманистон Озарбайжон ҳудудининг 20 фоиз қисмини оккупация қилган. Расмий Бокуга кўра, қарийб 30 йиллик ишғол даврида Озарбайжонга тегишли конлардан чет эл компаниялари жалб этилган ҳолда ноқонуний равишда табиий бойликлар қазиб олинган.

2020 йилнинг кузида 44 кун давом этган муҳораба натижасида Озарбайжон халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра тан олинган ҳудудларини озод қилди. 9 ноябрь куни Озарбайжон, Арманистон ва Россия давлат раҳбарлари томонидан имзоланган уч томонлама баёнотга кўра, минтақага вақтинча (5 йил муддатга) Россия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилди.

“Ҳозирда арман айирмачилари Россия тинчликпарвар кучлари жойлашган ҳудудда фаол ҳаракат қилмоқда, улар Озарбайжоннинг суверен ҳуқуқини бузган ҳолда бу ҳудудлардаги мамлакатимизга тегишли олтин ва бошқа фойдали қазилмалар конларини аввалгидек таламоқда, ҳудудларимизда экологик террорни амалга оширмоқда. Акция қатнашчилари тинчлик тамойилига таянган ҳолда, экологик терроризмга чек қўйиш, ноқонуний талон-тарож қилинган Озарбайжон бойликларининг хорижга олиб чиқилишига йўл қўймасликни талаб қилмоқда”, – дейди С.Аббосов.

Озарбайжон экология ва табиий ресурслар вазирлиги маълумотига кўра, босиб олинган Оқдара туманидаги Қизилбулоқ конида 13,6 бирлик олтин ва 47,9 миллион тонна мис, Меҳмане конида саноат захиралари 37,3 миллион тонна бўлган қўрғошин, 40,4 миллион тонна рух мавжуд. Демирли мис конининг саноат захиралари 100 миллион тоннани ташкил этади.

“Бу Озарбайжоннинг суверен ҳудуди ва халқимизнинг табиий бойлигидир. Қайси давлат ўз ҳудудидаги табиий бойликларини бошқа давлат кўмагида талон-торож қилиш ва мамлакатдан олиб чиқишга рози бўлади?!” – дейди дипломат.

Айрим оммавий ахборот воситалари озарбайжон фаолларининг акцияси натижасида Қорабоғда яшовчи арман аҳолиси фойдаланаётган Лочин йўли ёпилгани, минтақада гуманитар муаммолар юзага келгани ҳақида хабар берди. Озарбайжон маданият маркази директори С.Аббосов бу маълумотларни дезинформация деб атар экан, блокада ҳақида сўз бўлиши мумкин эмаслигини урғулади.

“Биз ҳар куни Хонкенди–Лочин йўлидан тинчликпарвар кучлар ва Халқаро қизил хоч жамиятига тегишли машиналар келиб, Озарбайжоннинг Россия тинчликпарвар кучлари назорати остидаги, этник арманлар истиқомат қиладиган Хонкенди шаҳрига кириб келаётганига гувоҳ бўламиз”, – дейди у.

Уч томонлама ҳужжатга кўра, Озарбайжон Лочин йўлаги бўйлаб икки йўналишда фуқаролар, транспорт воситалари ва юкларнинг ҳаракатланиши хавфсизлигини кафолатлайди. Қайд этилишича, уч томонлама баёнотга зид равишда Озарбайжонга мина олиб келиш учун Лочин йўлидан фойдаланиш, Россия контингенти назоратидаги ҳудудда ҳарбий кучлар ротацияси, озод қилинган ҳудудларда қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб боришга тўсқинлик қилиш каби ҳолатлар аниқланган.

Озарбайжон томони Ереванга 5 банддан иборат сулҳ шартномасини таклиф қилган. Аввалига Арманистон бунга рози бўлса-да, эндиликда битимни имзолашни пайсалга солаётгани айтилади.

“Прагада икки давлат давлат раҳбарлари ҳамда Европа кенгаши президенти ўртасида имзоланган декларацияга кўра, Арманистон раҳбари Озарбайжоннинг Қорабоғ минтақасига нисбатан барча ҳудудий даъволардан воз кечди ва Қорабоғ масаласи Озарбайжоннинг ички масаласи эканлигини тасдиқлади”, – дейди С.Аббосов.

Дипломат бу вазиятда халқаро ҳуқуқ, соғлом ақл ва адолат мезонларига таяниш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди.