Туркия: зилзиланинг сайёҳлик соҳасига таъсири баҳоланди

Хабарингиз бор, 6 февраль куни Туркия жануби-шарқида 7,7 ва 7,6 магнитудага тенг икки кучли зилзила рўй берди. Мамлакат президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон уни  сўнгги 84 йилда кузатилган энг фожиали зилзила деб атади. Бу 1939 йилдан бери Туркия бўйлаб шарқдан ғарбга, Шимолий Онадўли ёриғи бўйлаб ҳаракатланаётган 7 магнитудали зилзилаларнинг саккизинчисидир.

Туркия туризм мамлакати экани сир эмас. Аввал хабар берганимиздек, 2022 йилда мамлакатга 51,4 миллион сайёҳ ташриф буюрди, туризм соҳаси даромади эса 46,3 миллиард долларни ташкил этди.

Туркия жануби-шарқида юз берган зилзила мамлакат жанубидаги Анталия, Алания, Измир каби сайёҳлик марказларига қандай таъсир кўрсатади деган масала муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳукумат зилзиладан жабрланганларнинг бир қисми Анталиядаги меҳмонхоналарга жойлаштирилишини маълум қилган эди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Қаҳрамонмараш, Ғозиантеп каби шаҳарларда кучли акс садо берган зилзила Туркия сайёҳлик соҳасига деярли салбий таъсир кўрсатмайди. Дейлик, Ғозиантеп туризм маркази саналмиш Аланиядан 626 км, Анталиядан 823 км, Измирдан 1100 кмдан зиёд узоқликда жойлашган. Жабрдийдалар маълум вақт, масалан, май ойигача меҳмонхоналарга жойлаштирилади (уларнинг меҳмонхонада яшаш харажати ҳукумат томонидан қопланади).

Анталияда сайёҳлик мавсуми асосан июнь-август ойларига тўғри келади. Мутахассислар, масалан, Россия туроператорлари ассоциацияси зилзила Туркия курортларидаги хизмат кўрсатиш сифатига таъсир кўрсатмаслигига умид қилмоқда. Ассоциация ижрочи директори Мая Ломидзенинг айтишича, зилзиладан азият чеккан минтақалар россиялик сайёҳлар орасида машҳур бўлмаган.

“Кўп йиллик тажрибамизга таяниб хулоса қилсак, табиий катаклизмалар нуфузли йўналишлардаги вазиятни ўзгартирмайди”, – дейди ITM group туроператори бош директори Константин Мальков.

Экспертнинг айтишича, кўп йиллар мобайнида Туркия ноёб туристик салоҳият ярата олди. Сиёсий инқирозлар (давлат тўнтаришига бўлган уриниш) ҳам, пандемия ҳам мамлакат туристик салоҳиятига деярли салбий таъсир кўрсата олмади. Шунга кўра, таҳлилчилар май ойига қадар мамлакат туристик салоҳиятини тўлиқ тиклашига ишонч билдирмоқда.

Жаҳон давлатларида Туркияга саёҳат қилишни режалаштираётганлар кўрсаткичи ҳам ўрганилмоқда. Россияда Анталия курортлари учун олдиндан буюртма бериш аввалги кўрсаткичга чиқа бошлаган. Туристик агентлик вакилларининг айтишича, ёз мавсумида Туркия курортлари учун йўлланма сотиб олганлар сафар ниятидан қайтмоқчи эмас.

Хўш, ўзбекистонликларнинг Туркияда дам олиш режаси қандай?

Ўрганишларга кўра, аксар ўзбекистонликлар Туркия қайғусига шерик эканликлари билдирган ҳолда, ҳозир таътилнинг мавриди эмаслиги, дам олишни ёз яқинлашиши билан ўйлаб кўришларини айтган. Айни чоқда, ўзбекистонликларнинг Туркияга қизиқиши сўнмагани маълум бўлмоқда.

“Asia Luxe Travel” тур оператори департамент рахбари Икромжон Қосимовнинг айтишича, зилзила юз берганидан сўнг бир ҳафта (тўғрироғи, мотам эълон қилинган кундан то 12 февралга қадар) Туркиядаги аксар туристик тадбирлар бекор қилинди, авиачипта нархлари қисман арзонлашди ва ўз навбатида буюртмалар кескин қисқарди. Шу сабабли, меҳмонхоналар нархи ҳам арзонлашди, аммо бу ҳолат ёзги туристик мавсум вақтида амалга оширилиши режалаштирилган чартер рейсларга таъсир этмаслиги айтилмоқда.

“Ўзбекистонликлар туркиялик биродарларининг дардига шерик эканликларни намоён қилдилар. Уларни тушунса бўлади. Айни дамда йўлланмаларни буюртмалаш аввалги ҳолатга аста-секин қайтиши кузатилмоқда. Маълумки, йўлланмаларнинг бир қисми 5-6 ой аввал буюртма қилинади. Мавсум июнь ойида бошланади. Мавсум бошлангандан то охирига қадар Анталия, Бодрум, Алания ва Даламан шаҳарларига чартер рейсларни йўлга қўйиш назарда тутилган”, – дейди И.Қосимов.