Тоғли Қорабоғ Қуролли кучлари асосан хорижлик ёлланма аскарлардан иборат. Бу ҳақда россиялик таниқли сиёсатшунос ва тарихчи олим, Жанубий Кавказ минтақасига оид талай китоблар муаллифи Олег Кузнецов Россиянинг “МИРАЖ” ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилган. Олим тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси Қуролли кучларини “ноқонуний қуролли гуруҳ” деб атаган.
“Расмий рақамларга кўра, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси армияси 18 минг кишидан иборат. Лекин сўнгги – 2012 йилги президентлик сайловида 40 минг нафардан кам бўлмаган одам қатнашди ва буни халқаро, жумладан, Россиядан борган кузатувчилар тасдиқлади. Демак, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасида бир ҳарбий хизматчига бор-йўғи бир ярим минг киши тўғри келади. Бундай бўлиши амримаҳол. Бундан шундай қатъий хулоса қилиш мумкинки, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси қуролли кучлари сафида хорижий ёлланма ҳарбийлар, хусусан, Арманистондаги ва бошқа давлатлардаги армани миллатига мансуб кишилар мавжуд”, – дейди тарих фанлари номзоди О.Кузнецов.
Қайд этилишича, Арманистонда ёлланма ҳарбийлар “еркрап”, яъни кўнгилли деб аталади. Тоғли Қорабоғда жанг қилган ҳарбийларни бирлаштиручи Еркрап кўнгиллилар иттифоқи ҳам мавжуд. Олимга кўра, Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий амалиётларда айнан ушбу кўнгиллиларнинг хизмати катта.
“Жорий йил 2-5 апрель куни зиддият кучайганидан кейин Арманистон мудофаа вазирлиги ўз сайтида ҳалок бўлганлар рўйхати ва уларнинг дафн этилган жойи ҳақида маълумот эълон қилди. Ушбу рўйхатда Тоғли Қорабоғда яшовчи бирорта одам йўқ. Арманистон мудофаа вазирлиги ҳалок бўлган дея расман тан олган 57 кишининг барчаси арманистонлик. Арманистон Тоғли Қорабоғни тан олмас экан, у ҳолда ҳақли савол туғилади: Арманистон фуқаролари тан олинмаган ҳудуддаги ноқонуний қуролли тузилма таркибида нима қилиб юрибди?” – дея савол қўяди сиёсатшунос олим.
Тарихчи олим Арманистоннинг минтақадаги “босқинчилик сиёсати” нафақат Озарбайжон, балки Россия ҳамда Коллектив хавфсизлик шартномасига ҳам қарши қаратилган деб ҳисоблайди.
“Арман-озарбайжон фронтида ҳар куни отишмалар юз беради, ҳар икки томон мерганлари туну кун сергак… Ушбу ҳолатда расман арман ҳарбий хизматчиси саналмаган еркрап – кўнгиллилар ҳалок бўлади ва шу боис ҳам расмий Боку Ереванга улар юзасидан расман эътироз билдира олмайди”, – дейди олим О.Кузнецов.
1988 йили Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибидан чиқиш ҳақида баёнот бергач, бир неча йил давомида ҳарбий тўқнашувлар давом этган. 1994 йил май ойида томонлар ўт очишни тўхташ борасида келишувга эришган.
Расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.
Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради ва ҳар икки томон бир-бирини битим шартларини бузишда айблаб келади.
Таҳлилчилар тинчлик битими жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.