Таржима назарияси ва танқиди муаммолари (давра суҳбати) (2014)

Мустақиллик даври ўзбек адабиётида барча тур ва жанрлар қатори бадиий таржима амалиётида ҳам ўсиш-ўзгаришлар яққол кўзга ташланмоқда. Айниқса, аслият тилидан таржима изга тушаётгани қувонарли ҳол. Бу борада ёшларнинг ўз иқтидорини синовдан ўтказаётгани, Шарқ ва Ғарб халқлари адабиёти намуналарини бевосита она тилимизга ўгиришга дадил киришаётгани катта умид уйғотади.

Айни пайтда ўзбек адабиёти дурдоналарини хорижий тилларга таржима қилиш бобида ҳам ёшлар яхшигина ташаббус кўрсатмоқда. Бу соҳадаги ишларнинг изчил тус олганини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Бадиий таржима ва халқаро алоқалар бўлимининг республикамиздаги ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида пойтахт ва вилоятлардаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда “Ёш таржимонлар мактаби”ни ташкил этгани, ёш таржимонларнинг илк таржима асарлари “Адиб” нашриётида чоп этилаётгани, “Жаҳон адабиёти” журналининг мунтазам чиқиб тургани ва амалга оширилган бошқа кўплаб тадбирлар мисолида кўриш мумкин. Зеро, ўзбек адабиёти намуналарини чет тилларига, жаҳон адабиёти сара асарларини она тилимизга муносиб тарзда таржима қилиб тақдим этишдек шарафли вазифа бугунги навқирон авлоднинг иқтидори, ғайрат-шижоатига боғлиқлиги сир эмас.

Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар, “Юксак маънавият — енгилмас куч”, “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” китобларида айтилган фикр-мулоҳазалар, тавсиялардан келиб чиқсак, бугунги адабий жараёнда бадиий таржиманинг ўрни, таржимашунослик, таржима танқиди соҳаларидаги ютуқ ва камчиликларни таҳлил, талқин этиш, муайян хулосалар чиқариб олиш кун тартибидаги муҳим вазифалар сирасидан эканига иқрор бўламиз.

Шу маънода таҳририятимиз таржимашуносликнинг долзарб мавзулари бўйича ижодкор ва олимлар иштирокида давра суҳбати ташкил этди. Ушбу суҳбат “Таржима назарияси ва танқиди муаммолари” мавзусига бағишланди. Унда таниқли таржимон ва таржимашунос олимлар, тадқиқотчилар Муҳаммаджон Холбеков, Иброҳим Ғафуров, Абдузуҳур Абдуазизов, Гулноза Одилова, Гулчеҳра Рихсиева, Хайрулла Ҳамидов иштирок этиб, мавзуга доир фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва истакларини баён этдилар.

Муҳаммаджон Холбеков: — Модомики, давра суҳбатимиз мавзуси таржима назарияси ва танқидига бағишланган экан, қисқача бўлса-да, ушбу соҳа тарихига бир назар ташласак.

ХХ асрга қадар “таржима” сўзи фақат тарихий, фалсафий, адабий ва бадиий асарлар ўгирмасига нисбатан қўлланиб келинган. Оғзаки таржимонга нисбатан эса туркий халқларда “тилмоч”, немис тилида “dolmetechen”, инглиз ва француз тилларида “interpret” атамалари қўлланилган. Таржима назарияси хусусида айтилган фикрлар ҳам шу йўсинда умумий маъно касб этган.

Таржима назариясига бағишланган илк тадқиқотлар ўтган асрнинг 20-30 йилларида юзага кела бошлади. Бу даврда нашр қилинган Амос, Постгет, Финкель, Алексеев китобларида ва Санжар Сиддиқнинг “Адабиёт таржимаси санъати” (1936) рисоласида таржима назарияси фан сифатида эътироф этилган тезисларни учратамиз. 50-йилларда таниқли таржимон Иван Кашкин ва тилшунос Реформатскийнинг таржима назарияси хусусидаги мақолалари эълон қилингандан сўнг бу соҳада баҳс-мунозаралар бошланиб кетди. Профессор Реформатский “таржима амалиёти барча фанлар учун хизмат қилса-да, таржима назарияси мустақил фан бўла олмайди, балки тилшуносликнинг бир бўлимигина бўлиши мумкин”, деган ғояни илгари сурган эди. Шундан сўнг уларни маъқуллаган ва ­танқид қилган қатор тадқиқотлар, мақолалар чоп этилди. 1953 йил ­Халқаро таржимонлар уюшмаси (ФИТ) ташкил топди. 1955 йилдан унинг органи “Бобил” (Babel) ­журнали нашр этила бошлади.

Кейинчалик жаҳон олимларининг таржима назарияси ва таржима танқиди муаммоларига бағишланган тадқиқотлари бирин-кетин босилиб чиқди. Бу эса олимларнинг илмий изланишлари равнақини белгилаб берди. Ўтган асрнинг 70-йилларига келиб жаҳон филология илмида таржимашунослик деб ном олган мустақил фан шаклланди.

Ўзбекистонда таржимашунослик илмининг ривожида Жуманиёз Шарипов, Нинель Владимирова, Ғайбулла Саломов, Нажмиддин Комилов, Қудрат Мусаев каби олимларнинг хизмати катта бўлди. Бугунги кунга келиб ўзбек таржима мактаби жаҳон таржимашунослик илмида тан олинди.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг ўтган йигирма икки йил давомида бадиий ижоднинг барча соҳаларида бўлгани каби таржима назарияси ва амалиётида ҳам ўзгариш ва янгиланишлар рўй берди. ­Президентимиз ташаббуси билан таржима ва таржимашунослар минбари “Жаҳон адабиёти” (1997) журнали ташкил этилиб, ўз фаолиятини бошлади. Атоқли адабиётшунос олим ва таржимон Озод Шарафиддинов бошчилигида ушбу журналда дунё адабиётининг энг сара асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб босилди. Энг муҳими, журнал таҳририяти аслиятдан таржима амалиётига кенг йўл очиб берди. Айни пайтда “Жаҳон адабиёти” журналида таржима назарияси ва танқидига доир мазмунли мақола ҳамда суҳбатларнинг босилаётгани ижод ва илм аҳлига манзур бўлмоқда.

Иброҳим Ғафуров: — Ҳозирги замонда таржима амалиёти (таржима туридан қатъи назар) илмга асосланади. Албатта, ижод жараёнида интуициянинг ўз ўрни ҳамда салмоғи йўқ эмас. Илм таржиманинг тўлақонли ва ишончли чиқишига йўл очади. Таржимашунослик ва унинг таркибий қисмига айланиб бораётган, аммо ҳали ўзини тўла намоён қилиб улгурмаган таржима танқиди илм туридир. Бу илм тилшунослик, грамматика, стилистика, семантика, белгишунослик (семиотика) кабилар билан яқин алоқа боғлаб, мустаҳкам ҳамкорлик қилади. Биз таржимашунослик ва таржима танқидидан ижодий амалиётга жонкуярларча ёрдам берувчи кўп фойдали ишларни кутамиз. Таржима амалиёти таржима танқиди, таржима илми, назарияси билан тенг ривожланиб борса, доим ҳамнафас одим отса, деб орзу қиламиз.

Гоҳ-гоҳ матбуот саҳифаларида кўзга ташланаётган назарий-маърифий мақолалар, таржималарнинг сифат-савияси, аслиятга қанчалар яқинлиги ёки узоқлиги, таржима этикасига бағишланган ёки энг муҳими, қиёсий (аслият билан ва таржима тили қиёсланган) таҳлиллар акс этган чиқишлардан қувонамиз, уларни қизиқиб кузатиб борамиз. Бир қанча тиллар билимдонлари, назариядан хабардор, бу соҳага жонкуярлик билан қараётган ва ёндашаётган таржима мухаллиллари — тадқиқотчилар жараённи жонлантиришга ҳисса қўшаётганларига умид кўзи билан қараймиз, уларнинг қатори сийраклашиб қолмаслигини тилаймиз. Илм соҳасида умумий қонун-қоидалар, қонуниятлар, ўлчов-мезонларнинг бўлгани нақадар яхши! Ахир таҳлилчи, талқинчи ўз танқидини нималарга суяниб адо этади, майдон очади, майдонни кенгайтиради? Қонуниятлар ва ўлчовларга-да!

Абдузуҳур Абдуазизов: — Яхши таржимонларни, таржима асарларни чуқур таҳлил қилиб берадиган мутахассисларни тайёрлашнинг ҳам назарий, ҳам амалий томонлари бор. Бу борада юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг таржима факултетида, Ўзбекистон миллий университетининг хорижий филология факултети таржима бўлими магистратурасида ҳамда Самарқанд чет тиллар институтида таржимон кадрларни тайёрлашга катта аҳамият берилмоқда. Таржимонлар тайёрлашнинг илмий-назарий томони бевосита соҳага оид дарслик, ўқув қўлланмалари ва турли луғатларни тақозо этади. Афсуски, ҳали замон руҳига мос, бугунги кун талабига жавоб берадиган таржима назариясига доир дарслик йўқ. Ҳозирча фойдаланиб келинаётган ўқув қўлланмаларда таржимашуносликнинг барча жиҳатлари қамраб олинмаган.Таржима назариясига доир ўқув адабиётларини яратишда фаоллик кўрсатаётган олимларимизнинг хизматини эътироф этган ҳолда, таъкидлаш жоизки, айни пайтда таржима танқидига илмий асос бўладиган, унинг ривожига туртки бўладиган тадқиқотлар жуда кам. Бу эса бевосита таржима танқидида сусткашликни келтириб чиқараётган сабаблардан бири. Ваҳоланки, таржима соҳаси гуркириб ривожланаётган бугунги кунда таржима танқиди ҳар жиҳатдан фаол, ҳозиржавоб, адабий жараённинг энг қизғин жабҳаларидан бирига айланиши даркор.

Таржима танқидидаги сусткашлик оқибатида бугунги кунда хорижий тиллардан ўгирилаётган кўплаб таржима асарлар ўзининг баҳосини олаётгани йўқ. Китоб ҳолида чоп этилаётганларида ҳатто қайси тилдан таржима қилингани ҳам баъзан кўрсатилмайди. Бундан шундай фикрга келиш мумкинки, аксарият таржима асарларга унинг рус тилига қилинган таржимаси асос қилиб олинади. Нашриёт муҳаррири томонидан асар таржимаси аслиятга ёки русча вариантига ҳам қиёслаб таҳрир қилинмайди. Жаҳон адабиётининг айрим намуналари таржимасини ўқиб машҳур адибнинг на услубини, на маҳоратини кўрасиз. Бундай таржима асарлар ўз вақтида таҳлил этилиб, тегишли баҳосини олиши лозим. Акс ҳолда таржимачиликни косибликка айлантириб олганлар сафи кенгайиб кетаверади.

Таржима назарияси ва танқидига оид илмий тадқиқотлар, қўлланмалар керак, деб жон куйдириб гапираётганимизнинг боиси ҳам шунда — таржима танқидчилигининг ҳозирги аҳволи талабга жавоб бермайди. Газета ва журналлар, таҳририятлар тақдим этаётган таржима асарлар кимларнинг қўлидан ўтиб китобхонга етиб бораётир: уларни нашрга тайёрлаган муҳаррирлар ўша асар ёзилган хорижий тилни биладими ёки фақат таржимонга бўлган ишончига асосланадими? Инглиз (немис, француз) тилидан таржима қилинди, деб босилаётган асарлар таржимасини аслиятга қиёслаб нашрга тайёрлайдиган муҳаррирлар адабий-бадиий нашрларда, нашриётларда борми? Малакали муҳаррир қалами тегмаган, қандай ўгирилган бўлса, шу зайлда чиқиб кетаётган таржима асарларининг сони тобора кўпайиб бораётгани, албатта, ташвишланарли ҳол.

Яна бир масала. Газета-журналларда, нашриётларда босилаётган таржима асарлар, китобларда ушбу асар хорижлик ёзувчи ёки шоирнинг қаерда, қачон, қайси тилда нашр қилинган китоби асосида амалга оширилгани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмайди. Нашр маданиятининг бу оддий талабига риоя этмасликни асло оқлаб бўлмайди. Негаки, хорижлик адиб асарининг бир неча бор турли савияда босилган, тўлдирилган, қисқартирилган, қайта ишланган нашрлари бўлиши мумкин.

Гулноза Одилова: — Бундан чорак аср муқаддам яқин йиллар ичида хорижий тиллардан бевосита таржимага ўтиш мумкинлигига ҳаммаям ишонавермас эди. Қарангки бугун мана шундай кунларга етиб келдик. Китоб дўконларимизда хорижий тиллардан таржима қилинган кўплаб асарларни кўриш мумкин. Мен уларни уч туркумга ажратиб қарайман. Биринчиси, аслиятдан бирмунча фарқ қилса-да, ўқишли, бадиийлиги сақлаб қолинган воситачи тил орқали қилинган таржима асарлар. Иккинчиси, “бевосита таржима” ёрлиғи билан сийланган, аслида воситачи тил орқали қилинган таржима асарлар. Учинчиси, ростдан ҳам аслиятдан ўгирилган таржима асарлар. Шу ўринда, мен ушбу рўйхатдаги учинчи туркум асарлар бошига “бадиий” сўзини қўшиб айтишга бироз ийманиб турибман. Сабаби бевосита таржима индустриясида “бадиий” таржима дея эътироф этишга муносиб асарларга ҳали кўзим тушгани йўқ. Аммо “бевосита таржима”лар бирин-кетин босилмоқда. Модомики, бу иш бошланган экан, уни такомиллаштириш йўлида таржимон-мутахассислар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари ва улар қошида ташкил этилган “Ёш таржимонлар мактаблари” ва бу соҳанинг чинакам жонкуяри бўлган таржимашунос олимлар кучини, саъй-ҳаракатини бирлаштириш лозим. Шунда ­сезиларли мува­ф­фақиятларга эришиш ­мумкин бўлади.

Албатта, Абдузуҳур домла ­айтганларидек, бевосита бадиий таржима амалиётини такомиллаштириш учун, аввало, шу соҳага оид дарслик ва қўлланмаларни янгилаш лозим. Бунинг учун, эҳтимол, мазкур соҳага оид қўлланмаларни нашр этишдан аввал ўқиб тавсия бера оладиган таржимашунос олимларнинг методик кенгашини ташкил этиш керак бўлар. Сабаби, машаққатли меҳнат ва маблағ эвазига чоп этилган қўлланмани нашр этилгандан сўнг танқид қилгандан кўра, нашргача тақризга бериб, хато ва камчиликлари кўрсатилса, таълим тизими ривожи учун мақсадга мувофиқ иш бўларди.

А.Абдуазизов: — Замон талаби даражасидаги таржимонларни тайёрлаш учун нафақат таржима назарияси ва амалиёти бўйича мукаммал дарслик, шунингдек, бадиий, илмий-техник, идора иш услубига мос ўқув қўлланмалари, икки, уч ва кўп тилли луғатлар яратиш талаб этилади. Ҳозирча чоп этилган инглизча-ўзбекча, немисча-ўзбекча, французча-ўзбекча луғатларнинг фойдали жиҳатларини камситмаган ҳолда айтиш жоизки, бу луғатлар ҳали таржимонларнинг талабини қониқтирмайди. Эндиликда катта изоҳли синонимик ва қомусий луғатлар керак, ҳатто таржима назарияси амалиётига доир изоҳли луғат тайёрлашни ҳам ўйлаш зарур. Негаки, таржима назарияси ва амалиёти билан боғлиқ кўпгина масалалар етарлича аниқ ҳал этилган эмас. Хусусан, таржимада сўзларнинг тартибини ўзгартириш ёки ўрнини алмаштириш, сўз қўшиш ёки тушириб қолдириш нима учун ва қай ҳолатда рўй бериши ва уларнинг барчасини умумий ном билан таржимада трансформация (лексик, грамматик ва стилистик) деб аталиши яхши ўрганилмаган.

Таржиманинг қиёсий тилшунослик билан “эгизак”лиги маълум. Бироқ таржиманинг грамматик, лексик ва стилистик муаммоларини мустақил илмий тадқиқ этмасдан туриб, унинг прагматика, когнитив тилшунослик, психолингвистика ва семиотика билан алоқаларини ўрганиб бўлмайди. Машҳур тилшунос, таржимашунос Роман Якобсоннинг ёзишича, бир тилдаги белгини бошқа тилдаги белги билан бера билишнинг уч тури мавжуд: биринчиси, таржима қилинаётган асар тилидаги белгини бошқа белги ёрдамида таржима қилиш ёки унга бошқа ном бериш; иккинчиси, семиотик белгиларни бир тилдан бошқа тилга таржима қилиш; учинчиси, семиотик тизимлараро таржима: тил белгиларини мусиқа, рақс, кино, расм билан бера билиш. Ҳали биз бундай таржима муаммоларини ўрганишдан анча йироқмиз. Хориждаги таржимашуносликка доир тадқиқотларни чуқурроқ ўрганиш бўлғуси таржимонлар учун жуда фойдалидир.

Таниқли олимлар Жон Кэтфорд­нинг ёки Юджин Найданинг таржима назариясига бағишланган китоблари ҳануз ўз илмий аҳамиятини йўқотгани йўқ. Бундай асарларни талабаларга семинар ­машғулотларида таҳлил қилишни ўргатиш зарур. Чунончи, таржима назариясини чуқур ўрганмай туриб таржима асарнинг таҳлили ҳақида гапириш ортиқча.

Ҳозир таржимонлар кўпайгани қувонарли ҳол, бироқ амалга оширилаётган таржималар сифати ҳақида ўйлашимиз зарур. Фақат Тошкентда эмас, балки вилоятларда ҳам таржима китоблар босилаётир. Бироқ бу таржималарни кимлар ўқиб таҳрир қилмоқда, кимлар таржима талабга жавоб беришига кафолат бўлмоқда? Бу таржималар фақат рус тилидангина эмас, балки бошқа хорижий тиллардан ўгирилган. Рус тилидан ўзбек тилига қойилмақом таржима қила биладиган уста таржимонлар бор. Баъзан улар ҳам ­инг­лиз тилидан қилинган таржималарга, ҳатто диссертацияларга тақриз беришадики, эндиликда бундай ишдан тийилиш лозим. Таржима қилинган асар тилини билмаган киши у ҳақида нима ­дейиши мумкин?! Ҳар ҳолда бир тилдан ағдарилган асарни шу тилни билган мутахассис кўриб чиқса фойдалидир. Бирор мутахассис, таржимон кўриб тақриз ­бермаган таржима асарни нашр этишга шошилмаслик керак.

Яқинда қўлимга археологик санъат ёдгорликлари ҳақида маълумот берадиган инглиз тилида нашр этилган китобча тушиб қолди. Олдин ҳам бундай маълумотнома асарлар таржимасида хатоликларга дуч келгандим. Масалан, Хива шаҳри ҳақида инглизча китобчадан Хива Хазораспдан 8 фарсах, бошқа манбага кўра 10 фарсах узоқ деб ёзилган. Агар бир фарсах 9,3 метр бўлса, Хива Хазораспдан 74,4 метр узоқликда бўлиб қолади. Аслида шу китобчанинг французча нашрида бу масофа 56 километр деб тўғри кўрсатилган. Ёки кўчаларимиздаги рекламалар таржимасидаги нўноқликка бир мисол: “Сникерсни тўхтатма!” Бундай мисоллар жуда кўп.

Гулчеҳра Рихсиева: — Юртбошимизнинг “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” асарида айтилган “…бошқа соҳалар қатори адабиёт соҳасида ҳам халқаро алоқаларни кучайтириш зарур. Қайси мамлакатда бизнинг адабиётимиз, маданиятимиз, қадриятларимизга ҳурмат билан қарашади, хориждан биз нималарни ўрганишимиз мумкин, ўз навбатида, уларга нималарни тақдим этишимиз мумкин — бу масалалар халқаро майдонда ўзлигимизни намоён этишда катта аҳамиятга эга эканини доимо ёдда тутишимиз лозим. Мен бу борада Ғарб билан бирга Шарқ мамлакатлари, жумладан, Япония, Хитой, Жанубий Корея билан, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Қувайт каби араб давлатлари билан алоқаларни кучайтиришни тавсия этган бўлардим”, деган фикрлари ­шарқшунос мутахассисларга масъулиятли вазифаларни ­юклади.

Ушбу вазифалар доирасида Тошкент давлат шарқшунослик институтида бир қатор ишлар амалга оширилмоқдаки, уларни уч йўналишга ажратиш мумкин: биринчиси, шарқ мамлакатлари адабиётини чуқур ўрганиш ва ўзбек тилига таржима қилиш; иккинчиси, ўзбек адабиёти дурдоналарини хорижий шарқ тилларига таржима қилиш орқали миллий маданиятимизни жаҳонга тарғиб қилиш; учинчиси, шарқшунос таржимонларни тайёрлашнинг илмий-услубий асосларини мустаҳкамлаш, таржимашуносликнинг назарий масалаларини тадқиқ қилиш. Бу ишларни бошқаришда институтда 2011 йилда очилган ва жорий йилда магистратура ва бакалавриат йўналишларини битираётган илк қалдирғочлар — ўттиз нафарга яқин япон, хитой, ҳинд ва араб тилларидан таржима қилувчи ёш мутахассислар тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган “Таржима назарияси ва амалиёти” кафедрасининг фаолият кўрсатаётгани катта умид уйғотади.

Таржимондан нафақат тил билимдони, балки адабиётшунос ва элшунос бўлиш ҳам талаб этилади. Чунки муайян халқнинг маданияти, ассоциатив тафаккурини чуқур билмай, тил бойлигини яхши эгалламай туриб таржимон бадиий тил воситаларини тўғри танлай олмайди, тилнинг поэтик жиҳатларини ҳис этмай, оқибатда таржима тўғри ва таъсирчан чиқмайди. Шу маънода ёш таржимонларга соҳанинг етук мутахассислари, тажрибали шарқшунос-таржимонлар ёрдамида маҳорат дарслари ташкил этиб, таржимада миллий колоритнинг берилиши, сўз танлаш маҳорати, давр руҳининг тил бирликлари воситасида тўғри акс эттирилиши, ниҳоят, асар муаллифининг ғоя-мақсадини аниқ етказиб беришга ўргатиш зарур деб ўйлайман.

Яқинда институтда «Шарқ таржимашунослиги тарихи, ҳозирги куни ва келажаги» мавзусига бағишлаб ўтказилган илмий анжуманда республикамиз олий таълим муассасалари, жумладан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент ислом университети, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси вакиллари иштирок этдилар. Ёшларнинг илмий анжуманларда ўзларини намоён этишларига имкон яратиш, республика миқёсида таржима мутахассислари билан тажриба алмашишни йўлга қўйиш, ўзбек ва шарқ халқлари адабиётини ўзаро яқинлаштириш жараёнини жадаллаштириш, адабиёт намуналарини ўзбек ва шарқ тилларига таржима қилиш масалалари анжуманнинг кун тартибини ташкил этди. Илмий тўплам тарзида нашр этилган “Шарқ таржимашунослиги тарихи, ҳозирги куни ва келажаги” китобида бой анъаналарга эга шарқ таржимашунослигининг бугунги кундаги муаммолари, ўзбек адабиёти намуналарининг шарқ халқлари тилларига, шарқ тилларидан ўзбек тилига бадиий таржимани амалга ошириш, таржима тамойиллари, услуб масалалари билан боғлиқ соҳанинг долзарб мавзуларига бағишланган тадқиқотлар жамланган. Шу ўринда таржима назарияси ва амалиёти йўналишида таҳсил олаётган талабаларнинг қизиқарли мавзулар устида изланаётганини ҳам алоҳида таъкидлашни истардим. Япон, корейс, хитой, ҳинд тилларидан таржима жараёнида учрайдиган тил ва бадиий тафаккур билан боғлиқ ҳолатлар таржимасига алоқадор масалаларни тадқиқ этишга бағишланган ишлар келгусида бу йўналишдаги илмий изланишлар кўламининг янада кенгайишига таъсир этади.

Таржима асарларни тайёрлаш, бу соҳага қадам қўйган ёшларни тарбиялашда, албатта, Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликдаги ишларимиз кутилган натижаларни беради, деган умиддаман.

Г.Одилова: — Таржимонлик факултети бакалавр ва магистрларининг битирув малакавий иши ва магистрлик диссертациялари мавзуларида ҳамон қайсидир асар таржимасининг синтактик-семантик таҳлили, концептология, фразеологизмларни узатиш муаммоси, муаллиф услуби ва шунга ўхшаш мавзулар ёритилмоқда. Модомики, кун тартибида ўзбек тилидан чет тилларига таржимани кучайтириш масаласи турар экан, ишни айнан малакавий ишлар мавзуларини янгилашдан бошлаш лозим кўринади. Кейинчалик шу соҳа ривожи учун ҳам назарий, ҳам амалий самара келтирадиган, докторлик тадқиқотигача тортиши мумкин бўлган мавзулар берилса ёшлар ўз устида кўпроқ ишлаган бўлармиди… Бадиий асарда ҳис-туйғу, инсон ва табиат, ҳаракат ва ҳолат тасвири асосий ўринни эгаллайди. Чет тилига таржималарнинг бадиий чиқмаётганига айнан шу соҳага доир ўзбекча-инглизча луғатларнинг йўқлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Инглиз тилини билиш — инглиз бадиий тилини билиш дегани эмас. Сўнгги йилларда амалга оширилган тадқиқотларда, асосан, таржимон маҳорати, аслиятни қайта яратиш маҳорати тадқиқот субъекти даражасида ёритиб берилмоқда. Албатта, бу таржиманинг назарий муаммоларини теранроқ очиб беришга кўмаклашади. Аммо янгича тадқиқотларга қўйиладиган талабларда ишнинг амалийлик даражаси юқори бўлиши лозим. Масалан, яқинда ўзбек тилшунослари Н.Маҳмудов ва Д.Худойберганова томонидан тайёрланган “Ўзбек тилининг ўхшатмалар изоҳли луғати” билан танишдим. Ўзбекча-инглизча худди шунга ўхшаш луғатлар яратилса, таржимонлар меҳнати қанчалик енгиллашарди. Бунинг учун магистрлар ва ёш тадқиқотчилар ҳаракати тўғри йўналтирилиб, яқин йилларда ўзбек тилидан инглиз тилига бадиий таржима ишини осонлаштирадиган икки тилли тасвирий воситалар луғатлари яратилса ажаб эмас. Бундай нашрлар ўзбек адибларининг хорижлик китобхонларига завқ улаша оладиган инглиз тилидаги бадиий таржима асарларига кенг йўл очарди.

И.Ғафуров: — Ҳамма даврларда таржима текстини яратиш — бош масала бўлиб тураверади. Аслият намунасини танлаш, тушуниш, ичига кириш, унинг тарихи, юзага чиқарган муҳит, шароитни ўрганиш, янги муҳитга унинг қандай қабул қилинишини ўйлаш ва бу ҳақда иложи борича аниқ тасаввурга эга бўлиш, таржима усули, стратегиясини аниқлаш сингарилар барча таржима жараёнлари учун муҳим ҳолатлар ва булар охир-оқибатда аслиятга мувофиқ таржима текстини яратишга хизмат қилади. Мутахассис таржимон ва таржимашунос тадқиқотчи ҳеч қачон буларга бефарқ, ҳафсаласиз қарамайди. Лоқайдлик бу ерда ихтисосга менсимай қараш билан баробар.

Таржимоннинг бутун ўй-хаёли билиш ва қидиришда бўлади. Асосий мақсади эса, маданият феноменларини яқинлаштириш, таржима тили воситасида тушунарли қилишдан иборат.

Лекин умумий қонуниятлар, жараёнлар, технологияларни билишнинг ўзи ҳали етарли эмас. Булар бошлан­ғич замин ҳосил қилади. Таъбир жоиз бўлса, бу денгизга шўнғиш учун тайёрланган жой. Ҳали олдинда денгизга шўнғиш, пўртаналар бағрига кириш, турли хатарларни енгиб ўтиш, стихиянинг табиий қаршилигига бас келиш кабилар туради.

Қоидалар, қонуниятлар жумлани ширали, матнни яхлит жозибали, фусункор қилишни ўргатмайди, булар илмнинг вазифаси эмас. Жумла, матннинг яхлит поэзияси, гўзаллигини фақат талант иқтидори яратади.

Аслият жумласи ичига кирганда, юрагим тузоққа тушган бедананинг юрагидай патирлаб туради.Тузоқдан чиқишим, жумлани ўз она тилимда чўғдай равшан қилишим керак. Бу жараёнда она тилим ошланиб, қимматбаҳо тери каби ярқираб бораётганини ҳис қилиб тураман. Қарайман: сўзлар ўз ўрнини топаяптими, йўқми, аслиятга ритмик ҳамоҳанг янграяптими, йўқми, бир табиий стихия иккинчи табиий стихияга айлана бораяптими, йўқми?

Аслият матнини юрагимга ­сингдирганимда, у кўксимда акс- садо бера бошлаганда, зўракилик, ясамагарчилик чекинганини сезаман. Аллақаёқдан аслиятга мос ноёб, кутилмаган сўзлар чиқиб келади. Улар “Кунтуғмиш”, “Алпомиш”лар денгизидан чиқиб, Маркес ёки Нитше денгизларига қўйилади. Янги Нитше, янги Маркес, янги Жойс пайдо бўлади. Бу — тамомила янги матн. Ўзбек тилидаги матн.

Жеймс Жойс “Улисс”ни ўн саккиз хил услубда ёзганлигини айтган. Ҳар бобда бир улуғ адабий-бадиий услуб! У воқеаларнинг энг характерли ижтимоий, маданий, тарихий, инсоний қирраларини ярқиратиб гавдалантиради. Услуб жуда ноёб мазмундор поэзияга айланганлиги ва сизни ўзига тинимсиз ром қилаётганини сезасиз. Ўзбек тилида шу ўн саккиз хил Европа адабиётлари услубларини яратиш вазифаси турарди. Таржима стратегияси ва техникаси тўғри белгиланганидагина бу муяссар бўлади.

Хайрулла Ҳамидов: ­ — Сўнгги йигирма йил ичида Шарқ адабиётининг ўнлаб нодир намуналари ўзбек тилига таржима қилинди. Агар ўтган асрнинг 80-йилларигача бундай асарларнинг асосий қисми рус тили орқали ўгириб келинган, ўзбек халқи Шарқ адабиёти намуналари билан билвосита таржималар соясида танишган бўлса, 90-йиллардан бошлаб шарқ тилларидан бевосита таржимага кўпроқ эътибор берила бошлади. Бу даврда ўзбек адабиёти намуналарини шарқ тилларига таржима қилиш иши янги босқичга кўтарилди. Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Шукрулло, Ўткир Ҳошимов ва бошқа адибларнинг асарлари турк, хитой, араб, корейс сингари шарқ тилларига таржима қилинди. Шунга қарамай, ўзбек тилидан шарқ тилларига ўгирилган асарлар салмоғи шарқ тилларидан қилинаётган таржималардан анча кам. Бунинг сабаби, назаримда, ўзбекча асарни чет тилига ўгирадиган маҳаллий мутахассисларнинг озлигидир. Агар буни биргина ўзбек ва турк тилларидан амалга оширилган таржималар мисолида олиб қарайдиган бўлсак, бугунгача турк тилига ўгирилган ўзбек адиблари асарлари турк таржимонлари томонидан амалга оширилганига гувоҳ бўламиз. Буни бошқа тилларга қилинган таржималар мисолида ҳам айтиш мумкин. Галдаги вазифа ўзбек адабиёти дурдоналари орасидан танлаб олинган асар­ларни турк тилига истеъдодли ўзбек таржимонлари томонидан амалга оширилишига эришиш ва бу борада ҳамкорликни ку­чай­тириш, кенг жамоатчилик иштирокида таржима асарлар тақдимот­ларини ўтказиб, оммавий-ахборот воситалари ёрдамида оммага маълум қилишдан иборат.

Албатта, бадиий таржима соҳасига истеъдодли ёшларнинг кириб келаётгани қувонарли ҳол. Фақат уларга “устоз кўришлари” учун зарур шарт-шароитлар яратиш лозим. Бунинг учун республикамиздаги олий ўқув юртла­ри, жумладан, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанд давлат чет тиллар институтларида шаклланган ёш таржимонлар мактабларининг фаолиятларини мувофиқлаштириш, уларнинг таржималарини, мутахассисларнинг таҳлили ва танқидий муҳокамасидан ўтгач, нашрга тавсия этиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.

Нашр этилаётган таржималардаги камчилик ва нуқсонларга келсак, айтиш жоизки, айрим таржимонлар бадиий таржимага ижод деб эмас, зарурият деб қараётганга ўхшайди. Масалан, сўнгги йилларда туркча бадиий асарларнинг ўзбек тилига таржимаси ишлари жадаллашди, бунда ўзбек таржимонларининг ҳиссаси катта. Бироқ турк таржимонлари ўгирган ўзбек адабиёти намуналарининг туркча таржимаси хусусида бундай дейиш қийин. Турк таржимонлари ўз китобхонларини ўзбек ёзувчиларининг асарлари билан таништиришни асосий мақсад қилган ҳолда, таржималарнинг сифати, миллийликнинг таржимада сақланиши масаласини иккинчи даражага қўйган кўринади. Бунинг асосий сабаби, таржимонларнинг аслият тилидаги сўзларнинг маъно нозикликлари, халқнинг маданияти, миллий ўзига хосликлари, урф-одатларини яхши билмасликларидадир. Атоқли адибимиз Одил Ёқубов асарларининг турк таржимони Аҳсан Ботур томонидан туркчалаштирилган “Адолат манзили” асари юқоридаги фикримизга бир далилдир. Бу ҳақда тадқиқотчилар ўз фикрларини баён этишган, илмий мунозара ҳануз давом этмоқда.

Зотан, бадиий адабиётнинг энг муҳим хусусияти миллийлик экан, демак, бадиий таржимада миллийликни сақлаб қолиш, бошқача айтганда, уни қайта яратиш таржима муваффақиятининг асосий кўрсаткичи, бош омилидир.

М.Холбеков: — Давра суҳбатида кўтарилган масалалар, билдирилган фикр-мулоҳазалар, истак-таклифларни умумлаштириб айтадиган бўлсак, ҳақиқатан ҳам мустақиллик даврида хорижий тиллардан ўзбек тилига ва она тилимиздан чет эл тилларига таржима амалиёти ҳар жиҳатдан ривожланди, айниқса, аслиятдан таржима жонлангани қувонарли ҳолдир. Айни пайтда таржима назарияси, асослари, йўналишларига доир замон талабига мос тадқиқотлар, дарслик ва қўлланмалар, бевосита бадиий таржимага оид луғатлар яратишда сусткашлик бор. Қолаверса, таржима танқиди фаолияти кўнгилдагидек эмас. Бу муаммоларни ҳал этиш учун амалга оширилаётган ишлардан умидимиз катта. Хусусан, таржимашунослик соҳасига, бевосита бадиий таржима амалиётига кириб келаётган ёшлар, уларнинг Ёзувчилар уюшмаси томонидан қўллаб-қувватланаётгани қувонарли ҳол. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида (2010), Ўзбекистон Миллий университетида (2012, 2013), Самарқанд давлат чет тиллар институтида (2012), Тошкент давлат шарқшунослик институтида (2012) бўлиб ўтган илмий анжуманларда ёш таржимашунос ва таржимонларнинг фаол иштироки юқоридаги ­фикримизни тасдиқлайди.

Умид қиламизки, юқорида айтилган фикр-мулоҳазалар соҳага доир муаммоларни аниқлаб олишда, таржима назарияси ва амалиёти, таржима танқиди бўйича олимлар, тадқиқотчилар, таржимонлар ва барча ижодкорлар саъй-ҳаракати янада изчиллик касб этишида, ҳамкорлигимиз самаралари ортишида туртки бўлади.

Суҳбатни Аҳмад Отабоев тайёрлади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 10-сон