Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Ширнак провинциясида жойлашган 172-танк бригадаси ҳарбий хизматчилари билан ифторлик қилди. Бу ҳақда Онадўли ахборот агентлиги хабар беради.
Туркия етакчиси муқаддас Рамазон ойи кунларида ташкил этилган ифторликда сўзлаган маърузасида мамлакатни бўлиб ташлашга уринаётган ғанимлар – четдан ёрдам олаётган террорчи кучларга қарши бир ёқадан бош чиқариб курашиш лозимлигини таъкидлади.
“Биз якдил халқмиз ва ҳеч ким бизни бўлиб ташлай олмайди. Ҳар бир инсон ўзи мансуб ирқ ёки халқ билан фахрланиши мумкин, лекин ҳеч бир халқ бошқа бир халқ устидан устунлик қилиши мумкин эмас – на курд турк устидан, на турк курд устидан. Яратган Парвардигорга муқарраб бандаларгина устунликка эгадир”, – деди Ражаб Тойиб Эрдўғон.
Туркия етакчиси терроризмга қарши кураш машаққатли кечса-да, барибир, пировардида ёвузлик мағлуб бўлишига урғу берди.
“Албатта ҳар бир қоронғи тундан кейин ёруғ кун келади ва биз ёруғ кунга тобора яқинлашмоқдамиз”, – деди у.
Онадўли ахборот агентлиги хабарига кўра, Туркия бош вазири Бинали Йилдирим ҳам Истанбулда хорижлик дипломатлар ва турли диний конфессиялар вакиллари иштирокида уюштирилган ифторда қатнашган.
Мамлакат ҳукумати раҳбари ҳам террор хуруж қилаётган бугунги таҳликали паллаларда якдиллик билан ҳаракат қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Бинали Йилдирим миграция инқирозига ҳам эътибор қаратиб, дунёдаги 55 миллион одам ватанини тарк этишга мажбур бўлганини қайд этди.
“Бу бутун инсониятнинг муаммосидир. Туркия 3 миллион қочқинга бошпана бериб, ушбу муаммони ҳал этишда намуна кўрсатди. Европа Иттифоқи ҳам буни яхши англаши, Буюк Британия нега бирлашмадан чиқишга қарор қилгани борасида мушоҳада юритиши, келажаги борасида бир тўхтамга келиши лозим”, – деди Туркия бош вазири.
Қайд этилишича, ЕИ боши берк кўчадан чиқиш учун азалий қадриятларига қайтиши, барча мамлакатларга, жумладан, Туркия ва Болқон давлатларига нисбатан инклюзив сиёсат юритиши даркор.
Туркия ҳукумати раҳбари ўз маърузасида Босфордан ўтадиган Евроосиё автомобиль тоннели жорий йил 20 декабрда фойдаланишга топширилишини ҳам маълум қилган.
Туркия матбуоти хабарига кўра, муқаддас Рамазон ойи мамлакатда файзли тарзда ўтмоқда. Мамлакатнинг турли ҳудудларида қочқинлар ҳамда фақир-мискинлар учун ифторликлар ташкил этилиб, хайрия дастурхонлари ёзилмоқда. Рамазон муносабати билан мамлакатнинг қатор шаҳарлари, хусусан, Истанбул шаҳрида Қуръони хатмлари ўтказилмоқда.
Собир Салим