Қозоғистон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси бўлди

Қозоғистон Республикаси Осиё-Тинч океани давлатлари орасидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси (2017-2018 йиллар) этиб сайланди. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беради.

Овоз бериш жараёни 28 июнь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясида бўлиб ўтган. Қозоғистон номзодини 193 давлатдан 138 таси қўллаб-қувватлаган.

Қайд этилишича, Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бор БМТнинг муҳим сиёсий бошқарув идорасига муваққат аъзо бўлиб кирмоқда.

Мамлакатнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги аъзолик муддати 2017 йил 1 январдан 2018 йил 31 декабрга қадар давом этади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, БМТ Хавфсизлик Кенгаши 15 та давлатдан ташкил топган. Уларнинг 5 таси (Россия, АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Франция) доимий аъзолардир. Қолган 10 та аъзо эса ҳар икки йилда янгиланиб туради.

Қозоғистон Осиё-Тинч океани мамлакатлари гуруҳи вакили сифатида Малайзия ўрнига муваққат аъзоликни давом эттиради.

28 июнь кунги овоз бериш жараёнида, шунингдек, Боливия, Эфиопия ва Швеция ҳам ўз минтақасидан муваққат аъзо этиб сайланди. Ғарбий Европа давлатлари гуруҳидан эса Италия ва Нидерландия аъзолик учун курашмоқда.

2016 йилда Миср, Сенегал, Украина ва Япония 2016-2017 йиллар учун аъзо этиб сайланган.