Қозоғистон Республикаси жорий йил 23-24 январь кунлари Остонада ўтган Суриядаги вазиятни барқарорлаштиришга бағишланган музокаралар якунини ижобий баҳолайди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда сўз боради.
“Қоғозистон Остона учрашувлари доирасида эришилган келишувлар Сурия инқирозини БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2015 йилда қабул қилган 2254-сонли резолюцияга мувофиқ, Женева процессига асосан ҳал этишда ижобий қадам бўлди, деб ҳисоблайди. Остона Сурия зиддияти иштирокчилари БМТ Хавфсизлик Кенгаши 2016 йилда қабул қилган 2336-сонли резолюцияга мувофиқ Сурияда ўт очишни тўхтатиш борасида мажбуриятларига содиқ қолади, деб умид қилади”, – дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, Қозоғистон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муваққат аъзоси сифатида минтақавий ва халқаро муаммоларни ечишга ўз ҳиссасини қўшишга интилади.
Сурия инқирозини бартараф этишга қаратилган Остона учрашувлари Россия, Туркия, Эрон ташаббуси билан, БМТ ва АҚШ иштирокида ташкиллаштирилди.
Икки кун давом этган музокаралар якунида Россия, Туркия ва Эрон Ташқи ишлар вазирликлари Сурия масаласини ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг имконсизлиги борасидаги якдил фикрга келди. Кескин мунозаралардан кейин томонлар қўшма баёнот қабул қилди. Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Қайрат Абдураҳмонов ўқиб эшиттирган қўшма баёнотга кўра, учта давлат Сурияда ўт очишни тўхтатиш тартибини бузишга уринишларга биргаликда курашади ҳамда ярашувнинг бузилиши ҳолатларини мониторинг қилиб боради. Қолаверса, мўътадил мухолифатни террорчилик ташкилотларидан фарқлашга эътибор қаратилади. БМТ Хавфсизлик Кенгаши террорчи ташкилот деб тан олган ИШИД, “Жабҳат ан-Нусра” каби қўпорувчи гуруҳлар билан ҳеч қандай келишувлар бўлмайди.
Сурия мухолифати гуруҳларининг навбатдаги музокаралари жорий йил 8 февраль куни Женевада БМТ шафелигида ўтказилади.
Расмий Остона Сурия муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш лозимлигини уқтириб келмоқда.
“Суриядаги юзага келган вазият бутун дунё жамоатчилиги хавотирига сабаб бўлмоқда. Тан олиш керакки, олти йилдан буён давом этаётган қон тўкишлар турфа тамаддун ва маданиятлар бешиги бўлган муқаддас заминга фақат кулфат ва мусибат келтирди”, – деган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Остона учрашуви қатнашчиларига йўллаган мактубида.
Қозоғистон кейинги йилларда халқаро зиддиятларни бартараф этишда фаол иштирок этмоқда. Мамлакатнинг тинчлик сиёсати ва дунё барқарорлиги йўлидаги дипломатик саъй-ҳаракатлари халқаро жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланмоқда. Жумладан, Суриядаги бир-бирига душманлик кайфиятидаги турли гуруҳларнинг Остонада жамланиб, музокаралар столига ўтириши ҳам Қозоғистон дипломатиясининг ютуқларидан бири саналади.
Эслатиб ўтамиз, Остона 2015 йилда икки бора Суриядаги мухолиф гуруҳлар музокараларига мезбонлик қилган. 2016 йил декабрда эса Сурия халқига 500 тонна гуманитар ёрдам йўллаган ва 700 минг доллар кўмак ажратган.
Собир Салим