Сиеменс концерни билан боғлиқ маҳкама жараёни кўпга чўзиладиганга ўхшайди
«Сиеменс» савдо белгиси бутун дунёда тан олинади. ХИХ асрда асос солинган концерн кишилик жамияти учун шу қадар кўп янгиликлар туҳфа қилдики, Сиеменс деган номнинг ўзи юқори сифат, ишончли ҳамкор каби бирикмалар билан деярли бир маънода ишлатиладиган бўлди. Лекин ишонган тоғда кийик ётмас деганлари рост чоғи, концерн бир неча юз йил давомида мисқоллаб йиққан обрўсини бир лаҳзада йўққа чиқараёзди…
Ҳаммаси 2005 йили Швейтсарияда Сиеменс концернига қарашли бўлинмалардан бирида ноқонуний пул ўтказилиши аниқланганидан кейин бошланди. Дастлаб кунда-кунора рўй берадиган қоидабузарлик бўлиб туюлган ушбу ҳодиса дунёнинг 190 дан ошиқ давлатида ўз ваколатхонасига эга бўлган концерн учун катта йўқотишлар олиб келди. Концерн хусусида шов-шув ва миш-мишлар кўпайганидан кейин Германия солиқ идоралари ҳам Сиеменс фаолиятини текширишга киришди. Биргина Германиянинг ўзида концерннинг 30 дан ошиқ идораси тинтувдан ўтказилди. Текширув жараёнида Сиеменснинг Мюнхен шаҳридаги марказий идораси ҳамда бош директор Клаус Клайнфелднинг офиси ҳам эътибордан четда қолмади. Концернни ноқонуний пул ўтказмаларини амалга оширишда айблаган немис полицияси беш нафар ходимни ҳибсга олди.
Германияда очилган жиноят иши занжирсимон реакциянинг бошланиши бўлди. Сиеменс билан боғлиқ ишга Швейтсария ва Италия ҳуқуқ идоралари ҳам қўшилди. Маълум бўлишича, концерннинг зикр этилган давлатлардаги ходимлари тендер шартномаларида ютиб чиқиш учун мансабдорларни пора эвазига сотиб олишган. Масалан, Италияда 80 миллион евро миқдоридаги маблағ маҳаллий амалдорларни оғдириш учун сарфланган. Концерннинг банк ҳисоб рақамидан сохта фирмалар номига ўтказилган маблағлар нақд пулга айлантирилиб, катта миқдордаги буюртмаларга мутасадди бўлган раҳбарларга берилган.
Сиеменс ишига кўп ўтмай Греция ҳуқуқ идоралари ҳам қўшилди. 2004 йилда мазкур мамлакатда ўтган Олимпиада ўйинларида немис концерни асосий ижрочилардан бири бўлган эди. Грек ҳуқуқ идоралари ана шу шартномаларни текширишга киришган бир пайтда Венгрияда яна бир можаро юзага чиқди. Венгрия полицияси Сиеменс мамлакат мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий объектларни таъмирлаш буюртмасини олиш учун мансабдорларга пора берганини тасдиқлади.
Кузатувчилар Сиеменс билан боғлиқ жиноий иш Европанинг яқин тарихидаги энг йирик маҳкама жараёни бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Ҳақиқатан ҳам, йирик концернга қарашли ўнлаб бўлинмаларнинг бирин-кетин терговга жалб этилаётгани бу жараён ҳали-бери тўхтамаслигидан далолат бермоқда.
Мюнхен cуди ўтган ҳафта Сиеменс билан боғлиқ жиноий ишлардан бирини кўриб чиқди. Концерн ноқонуний тўловларни амалга оширгани учун 201 миллион евро миқдорида жаримага тортилди. Сиеменс раҳбарияти жарима тўғрисидаги қарор билан баҳслашиб ўтирмади. Белгиланган жаримадан ташқари солиқ идорасига қўшимча 179 миллион евро тўлашга тайёрлигини ҳам изҳор қилди. Бироқ бутун Европада овоза бўлган коррупция билан боғлиқ иш бир марталик жарима ёки тўлов билан ёпилиши амри маҳол.
Сиеменс фаолияти билан боғлиқ текширувлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Бу борада суриштирув ва тергов ҳаракатлари бир вақтнинг ўзида турли мамлакат идоралари томонидан олиб бориляпти. Ўтган давр мобайнида Сиеменс иши бўйича бир қанча шахс ҳибсга олинди, ўнлаб офислар тинтув қилинди. Текширувлар тўлқини Сиеменснинг президенти ва кузатув кенгаши раисини ҳам ишдан кетказди. Бироқ ғирромлик ва ноҳалол фаолият ўрнини тўлдириш учун катта раҳбарларнинг истеъфоси ҳам кифоя қилмади.
Немис концерни фаолиятига дахлдор текширувлар шу тахлит давом этадиган бўлса, йўл қўйилган ғирромлик жуда қимматга тушиши турган гап. Йўқотилган молиявий маблағлар, жарималар ўрнини қоплаш мумкиндир, лекин бой берилган нуфуз ва обрўни тиклаш қийин кечиши шубҳасиз. Негаки, ҳозирданоқ нуфузли компаниялар Сиеменс билан ҳамкорлик битимлари имзолашга иккиланиб қолишмоқда.
Собиржон Ёқубов