Манфаатлар тўқнашуви: ахборий ва маданий қурол мувозанати

Рақибни қўрқувга солиб, уни кундалик одатларидан узоқлаштириш ҳамда эски хотираларини йўқотиб, унинг ўрнига янгиларини тиклаш усули кўпдан бери қўлланиб келинади. Бундан 2003 йили АҚШ Ироқда Саддам Ҳусайн тузумини тугатишда кенг фойдаланди. Энди эса ёппасига хусусийлаштириш ва капитализация қилиш дастури туфайли яраланган мамлакатда қандай қилиб «америкача соғлом турмуш тарзи» барпо этиш ҳақида саволларга жавоб изланаяпти.

Қўрқув ҳақида биринчи маҳбуснинг ҳикояси

Канада фуқароси Маҳар Арар 2002 йилда «фавқулодда экстрадиция (кўчириш)» сиёсатига йўллиқанлардан бири. У Кеннеди номидаги аэропортда қўлга олиниб, Сурияга келтирилган ва махсус методлар асосида сўроққа тутилганди. «Берилган саволларга жавоб бермасам, бурчакдаги электр стулига ишора қилишиб, қўрқитишарди: »Унга ўтиришни истаб қолдингми?« Мени бу сўзларнинг ўзи даҳшатга солар, қўрқув ва қийноқлардан ўзимни қаэрга олиб қочишни билмасдим. Агар қийнашмаса, ҳамма нарсани тан олишга тайёр эдим. Фақат қийнашмаса бўлгани», — дейди Маҳар. Унинг айтишича, бундай усул — асбобларни кўз-кўз этиш ёки инглизча жаргонда «феар-уп», яъни «қўрқитиш» дея номланади.

Асирга қийноқ қуролларини кўрсатиш уни қўллашдан кўра қўрқинчлироқ эканини сўроқловчилар яхши билишади.

Ахборот орқали руҳиятга берилган зарба — аянчли

«Ана шу ҳолга месопотамияликларнинг авлодлари тушишди. Ироққа ҳужум бошлаш куни яқинлашар экан, Пентагон Америка оммавий ахборот воситаларига энг замонавий ахборий қуроллар билан ерлик аҳолини қўрқитиш кераклигини уқтирди» деб ёзган эди Буюк Британиянинг «Гардиан» нашри ўшанда. Уруш бошланишига икки ой қолганда, «Си-Би-Эс» канали нав­батдаги репортажини шундай сўзлар билан бошлайди: «Бизнинг мақсадга эришишимизни ҳафталар ёки кунлар эмас, балки бир неча дақиқа ҳал қилади. Худди Хиросимадагидек (бу ерда Япония шаҳарларига атом бомбаси ташлаш эсга олинаётганини англаш қийин эмас — муал.)».

Бошловчи Ден Радер бу борадаги фикрини шундай давом эттиради: «Ишонтириб айтаманки, биз тарқатаёган ахборотдан Ироқ армияси учун бирор фойдали маълумот топишнинг иложи йўқ. Буни мудофаа вазирлиги ҳам тасдиқлайди».

Бундай йўл билан жуда кўп ахборот тарқатишдан мақсад қўрқитишдир. Ироқликлар даҳшатли репортажларга кўп бор гувоҳ бўлишди ёки улар ҳақида чет элда яшайдиган яқин қариндошининг қўнғироғи ёрдамида билиб олдилар. Натижада «тинч­ликпарвар» рақиблар истагандек халқ орасида ваҳима, ҳадик пайдо бўлди, таъбир жоиз бўлса, одамлар қўрқувдан қалтироққа тушдилар.

Қарши томонни қўрқитиш стратегиясида кучли руҳий таъсир ўтказувчи қурол вазифасини ўтовчи ахборот террори яна бир амалиётда самара келтирди. чунки ироқликлар бу галги ҳужум 1991 йилги ҳодисалардан ҳам даҳшатлироқ кўриниш олишидан хавотирга тушдилар. «Америкаликлар ядро ҳужуми уюштиришадими? Ахир ажнабийлар Саддам Ҳусайнда оммавий қирғин қуроли(ОҚҚ) борлигидан гумон қилишаяптику» цинга­ри таҳликали гап-сўзлар уларнинг юрагига ғулғула сола бошлади.

Айниқса, мана бу воқеадан сўнг.

«Истакни йўқотиш муҳим»

Пентагон Оқ уй матбуот хизматининг ҳарбий мавзулар билан шуғулланувчи бўлимига махсус турне ташкил этиб, журналистлар гуруҳини Флорида штатидаги Эглин ҳарбий ҳаво базасига олиб борди. У ерда қалам аҳли «Моаб» (Массиве Орднанcэ Аир Бласт — ҳаводан ёппасига снаряд зарбаси, аскарлар тили билан айтганда, «Мотҳер оф Алл Бомбс», яъни «Бомбалар »онаси«)нинг синовдан ўтказилиш саҳнасига бевосита шоҳид бўлиб, уни ўз ижод маҳсулларида ёритишди. Айтиш лозимки, дунёдаги энг кучли ноядро бомбанинг оғирлиги 8,2 тонна бўлиб, мазкур ўлим элчиси порт­латилиши натижасида 2-3 км. баланд­ликда қўзиқоринсимон булутлар ҳосил бўлади. Тадбирда иштирок этган »Си-Эн-Эн« мухбири Жеми МакИнтайр »Моаб«нинг мавжудлигиёқ рақибни кучли руҳий нокаутга учратишга қодир эканини таъкидлайди. Бундан ташқари, Ироқ аҳолисига қийноққа солишда фойдаланиладиган қурол ва асбоблар ойнаи жаҳон экранида очиқ-ойдин намойиш этилди. Шу каби кўрсатувлардан бирида ўша пайтдаги АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд шундай дейди: »Бизнинг мақсад — коалициянинг кучини шундай аниқ ва равшан намоён этиш орқали Ироқ армиясида жанг қилишга нисбатан заррача ҳам хоҳиш қолдирмасликдан иборат».

Уруш бошланиши билан Бағдод аҳли коммуникация воситаларидан фойдаланиш имкониятини йўққа чиқарувчи «сенсор депривацияси» усулига дучор қилинди. Шаҳарнинг «асаб толалари»га айланиб улгурган боғловчи тизимларини ишдан чиқариш учун дастлаб алоқа вазирлигига кетма-кет ҳаво ҳужумлари уюштирилди. 2003 йил 28 март куни АҚШлик аскарлар шаҳарга кириб келганларида, ана шу ҳукумат биноси ёниб ётарди. Кейин бункерларни қўпоришда қўлланиладиган снарядлар ёрдамида шаҳарнинг телефон тармоғи йўқ қилинди, натижада миллионлаб алоқа аппаратлари сетдан узиб қўйилди. Апрел ойига келиб, шаҳарда бирорта ҳам ишга яроқли ишчи телефон қолмади, чунки барча 12 тармоқ барбод этилганди.

Ўз уйинг қамоққа айланса…

Ахборот ва коммуникация билан бевосита боғланган компанияларга радио ва телевизион трансмиттерлар орқали ҳужум уюштирилиб, маҳаллий аҳоли ташқи алоқалар ва ахборот оламидан бутунлай узиб қўйилди. Ўз уйларига қамалиб қолган бағдодликлар кўчада нима бўлаётгани ҳақидаги митти муждадан ҳам жудо бўлишди, ташқарига чиқай деса, отишма, юрак дов бермайди. Портлашдан зириллаётган дераза ойнаси ортида қўрқувдан титраб ўтирган одамлар бир нечта мавзе нарида яшайдиган қариндошлари ҳолидан хабар олишолмас, чет элдаги опа-укасига қўнғироқ қилолмас эди. Бундан ортиқ руҳий азоб бўлмаса керак. Шаҳарга келган журналистларнинг холислари кам сонли дайдиб юрган, қўрқувдан ранги қув ўчган, аммо бошқалардан «довюрак»роқ одамлар — Лондонда яшайдиган акаси ёки Балтиморга кетиб қолган бобосига қўнғироқ қилишга ёрдам беришни ўтиниб сўраётган жабрдийдалар тўдасига гувоҳ бўлганликлари ҳақида гапиришди. Жумладан, ОАВ ходимларидан бири шундай ёзади: «Улар ўз яқинларига »Ҳаммаси жойида! Ота-онам тинч, хавотир олманг» дейишни қанчалик исташаётганини тасаввур қилишнинг ўзи мушкул эди».

Қисқа вақт ичида дорихоналарда тинчлантирувчи ва уйқу дорилар қолмади. Шаҳарда ҳаёт чироқлари аста-секин ўча бошлади. «Гардиан» нашрининг 4 апрел сонида шундай сатрлар бор: «Портлаш овозлари бошланмасданоқ, 5 миллион аҳоли яшайдиган Бағдодга даҳшатли, гўёки сўнгсиз зулмат чўккандек эди». Марказий Разведка Агентлиги(МРА)нинг маҳбуси каби пойтахтликлар ўша куни ўзларини кишанланиб, юзлари қора ниқоб билан ёпиб қўйилгандек ҳис қилдилар. Кўп вақт ўтмай, ижтимоий танглик маданий инқироз билан қоришиб кетди.

Иккинчи маҳбус ҳикояси

Маҳар Арарнинг тақдирдоши сиқувга олиш йўли билан сўроққа тутилганлардан бири. «Дастлаб кийимларимни, сўнгра шахсий буюмларимни тортиб олдилар. Улар ёнимда сақлайдиган оила аъзоларимнинг суратидан фойдаланган ҳолда мени баттар хўрлашди. «Сен ҳеч кимсан. Буни биз терговчилар айтяпмиз. Сен биз нимани хоҳласак, ўша бўласан». Булар ҳар доим эшитиладиган сўзлар эди», — дейди у.

Маданий қашшоқлашув

Инсонга хос бўлмаган мазкур усуллардан тўйиб кетган бечора банданинг аҳволини Ироқ аҳли кўп вақт ўтмай тез-тез ҳис қилишди — уларнинг севимли илм ўчоқлари, жамият институтлари вайрон этилди. Тарихдан дарак берувчи қимматбаҳо ёдгорликлар ташиб кетилди. Бомбалар Ироқни мажруҳ қилди, аммо бостириб кирганларнинг тартибсиз талон-тарожлари ўлканинг юрагига тиғ санчди.

Юзлаб талончилар қадимий чинни идишларни синдириб, музейларни тунашди, чўнтакларини Ироқ миллий музейида сақланган қимматбаҳо тангалар ва бош­қа шунга ўхшаш буюмлар билан тўлдирдилар. Ўғирликлар инсоният тамаддуни даргоҳларидан бирининг тарихий бўёқларига зарар етказди. «170 мингта нодир экспонатнинг 70 фои­зи йўқолди», деб хабар берганди ўшанда «Лос-Анжелс Таймс» нашри.

Миллий кутбухоналардаги минглаб камёб адабиёт ва илмий ишларнинг кули кўкка совурилди, диний ишлар вазирлигидаги Қуръони каримнинг минг йиллик нусхалари йўқолди. Бино эса ёниб битди. Бағдодлик ўқитувчи буни миллий бойликни йўқотиш, деб баҳолаган бўлса, унинг юртдоши бўлмиш бир дўкондор машҳур музей ҳақида шундай дейди: «У Ироқнинг юраги эди. Агар музейга бойликлар қайтарилмаса, ўз қалбимнинг бир қисмини йўқотиб қўйгандек бўламан». Чикаго университетининг архео­лог олими Гибсон Мак Гаэрнинг жорий ҳолга муносабати қуйидагича: «Маданиятнинг чуқур илдизларига болта урилди. Маълумки, бу маданиятнинг тарихи минг йилларга бориб тақалади». Дин пешволарининг саъй-ҳаракатлари туфайли маданий бойликларнинг бир қисмини сақлаб қолишга эришилди. Кўпчилик ироқликлар бу тунашлар замирида америкаликларнинг ўзига хос, яъни қадриятларга бой ўлка халқининг маданий негизларига қақшатқич зарба бериш орқали уни миллий ўзлик ва ғуруридан айиришдек «ўта керакли» стратегик мақсади ётганини англаб етдилар.

Етмиш ёшли Аҳмад Абдулланинг «Вашингтон пост» газетасига берган интервьюсида шундай гаплар бор: «Бағдод араб маданияти момосидир. Улар эса бу кўҳна юртни Ер юзидан супуриб ташлашмоқчи». Албатта, талончилар тартибсизликларда ироқликларни айбдор қилиб кўрсатишга уринишди. Д.Рамсфелд ҳам Бағдодни таламасликка на буйруқ ва на огоҳлантириш берган, қолаверса, собиқ вазир «Ҳечқиси йўқ, ҳаммаси ўтиб кетиб, унут бўлади. Буёғига эса янги ҳаёт» сўзларини шиор қилиб олганди. Бу каби боқибеғам хатти-ҳаракатлар оқибати аянчли эканлиги маълум.

Албатта, туб аҳолининг эски тузумдан нафратланадиганлари, қашшоқлар, бундан ташқари, Саддам Ҳусайн томонидан уруш бошланишига бир ой қолганида, қамоқдан чиқариб юборилган барча маҳбусларнинг ана шу ўғирликларга алоқасини ҳам инобатга олмоқ лозим. Айниқса, 1991 йилги уруш пайтида вайрон қилинган Ироқдаги 13 та музей сони яна кўпайгани афсусланарлидир.

«Фойдасиз« рўйхат

АҚШлик етакчи археологлар томонидан ҳаво ҳужумидан эҳтиёт қилиниши лозим бўлган маданий бинолар жой олган рўйхат Пентагонга тақдим этилган бўлсада, унинг 26 март куни чиқарилган меморандумида қайд этилган 16 та ер усти иншоо­ти қаторидан маънавият марказларига, афсуски, ўрин берилмади.

Шунингдек, собиқ вазир Бағдоддаги тартибни сақлаш учун халқаро полиция контингенти келишини билдирсада, америкалик ҳарбийлар тартибни ўз назорати остига олиш учун ҳаракат қилдилар. Чунки хал­қаро кучларсиз ҳам Бағдодда америкалик аскарлар етарли эди, аммо улар маданий ёдгорликларни қўриқлашмади. Кўпчилик ҳолатларда бронотехникаси билан «сайрга чиққан» ҳарбийлар ўғирлик моллари ортилган юк машиналари ёнларидан ўтиб кетса ҳам парво қилишмас, бу билан Рамсфелднинг «ҳечқиси йўқ» принтсипига риоя қилишарди. Тўғри, қаэрлардадир бундай ўғирликлар махсус кучлар билан тўхтатилди, бироқ бошқа жойларда аскарларнинг ўзлари талончилар сафига қўшилдилар. Уларнинг орасида Бағдод халқаро аэропортини вайрон қилишда фаол иштирок этганлар ҳам бор. Дарвоқе, шундан кейин Ироқ давлат авиакомпанияси 100 млн. доллар зарар кўриб, хусусийлаштириш рўйхатида биринчи ўринни эгаллади.

Икки дастёр

Ироқни эгаллашда муҳим роль ўйнаган икки амалдор — Ироқни босиб олиш операциясига масъул қилиб тайин­ланган Пол Бремернинг иқтисодий масалалар бўйича бош маслаҳатчиси Питер МакФерсон ва олий таълимни реконструкция қилиш дастури директори Жон Агресто бу борада бир қатор фактларни ошкор қилишди.

Океанортилик аскарлар давлат мулклари — автомобиль, автобус, вазирлик мулк­ларининг ўғирлаб кетилишига бефарқ қарашди, чунки меҳмонларнинг мақсади ҳам Ироқ ҳукуматининг мамлакат иқтисодидаги рольини йўққа чиқариш ва унинг мулк­ларини хусусийлаштиришдан иборат эди. Бу йўлда талончилар америкаликлар қўлидаги қўғирчоқларга айланишди. МакФерсоннинг таъбири билан айтганда, ҳарбий хусусийлаштириш деб, қачонки инсон урушдан сўнг илгари давлатга қарашли бўлган автомашина ёки юк автомобильининг рульига ўтириб, уни бемалол ўзиникидек ҳайдаб кетишга айтилади. Шунга ўхшаш қинғир усулни Чикаго иқтисодиёт мактабини битирган, Рейган ҳукуматида ишлаб улгурган МакФерсон ижтимоий секторни сиқувга олиш деб атаб, унинг самарасига ҳали ҳам қаттиқ ишонади.

Саводсизлар юртидан чиққан ислоҳотчи

Бағдоддаги талончиликларни телевизор орқали кузатган Жон Агресто эса ўз ишини бир марталик ҳаёт саргузаштларига ўхшатади. Ироқ таълим тизимини нольдан бошлаш керак, дейди у. Бу нарса маҳаллий университет ва халқ таълими вазирлиги биноларини талаш, унинг фикрига кўра, ҳаммасини янгидан бошлаш учун ташланган дастлабки қадам экан. Шундан сўнг Ироқ мактабларини замонавий жиҳозлар билан таъминлашни бошлаш лозим. Кўпчиликнинг қарашича, АҚШнинг Ироққа нисбатан уюштирган миссияси янги миллат яратиш орқали ўз манфаат зоналарини кенгайтириш ҳисобига инсон ресурсларини кўпайтиришга қаратилган, бунинг учун, аввало, «эски миллат»ни йўқотиш зарур эди. О Жон Агресто Ню-Мексико штатидаги Авлиё Иоанн коллежида директор бўлиб ишлаган. У ерда ҳали ҳам насронийларнинг муқаддас китобини ўқитиш методикаси қўлланилади. Агрестонинг ўзи Ироқ ҳақида ҳеч нарса билмаслигини тан олиб, у ерга махсус топшириқ билан йўл олганда ҳам, бирор маълумотга эга бўлишга уриниб кўрмаганини очиқчасига таъкидлайди. Унинг учун Ироқ оппоқ қоғоздек гап эди, аммо жаноб Жон Ироқ ҳақида жуда бўлмаса икки-учта адабиёт билан танишиб чиққанида, бу ердаги таълим ислоҳотларини бошқатдан бошлаш тўғрисидаги қарорини қайта кўриб чиқармиди? Масалан, урушгача иқтисодий санк­циялар ўчоғига тушиб қолган Ироқ ўша пайтда ҳам араб дунёсида энг яхши таълим тизими ва энг юқори ўқитиш самарадорлиги(89 фоиз)га эга эканлиги билан ажралиб турарди. Солиштириш учун мисол: Агрестонинг она штати Ню-Мексикода 46 фоиз аҳоли саводсиз ва 20 фоизи эса савдо-харид учун керак бўладиган оддий арифметик амалларни бажара олмайди. Шундай жойдан етишиб чиққан «кадр» эса икки дарё оралиғида таълим-тарбия ислоҳотлари билан банд. Унинг ироқликлар ўз маданиятларини сақлаб қолишга уриниши у ёқда турсин, йўқолиб кетса, юрагида ачиниш ҳисси пайдо бўлмаслигига ишончи комил. Бу каби нокамтар ва неоколониал кўрлик террорга қарши уруш дастурида ҳам кўзга ташланади.

Учинчи маҳбус ҳикояси

Америка турмаси — Гуантанамода «кулбадаги жаннат» номли махсус хона бор. У ерга жазо муддатини ўтаб бўлган ёки айбсиз деб топилган маҳбуслар келтирилиб, бир муддатдан сўнг озодликка қўйиб юборилади. «Кулба»да асирларга Голливуд филмларини томоша қилиш, америкача фаст-фудларнинг сарқитларини ейиш «имкони» берилади. Маҳбуслардан бири, Буюк Британия фуқароси Осиф Иқбол ўз ватанига қайтарилишдан олдин у ерда бир неча бор бўлган.

«Биз ДВДда кино кўрардик. «Макдоналдс» ва «Питстса-Хат»дан ердик, умуман олганда, дам олардик. У ерда кишан тақишмасди… Терговчилар нима учун биз билан бундай муомалада бўлаётганини билолмай гаранг эдик. Бош­қа кунлари эски жойимизга қайтардик. Бир куни МРА зобити Лесли қовурилган картошка, музқаймоқ ва шоколад берди. Англияга кетишимдан олдинги сўнгги якшанбани шундай ўтказган эдим». Иқболнинг дўсти Рухол Аҳмаднинг тахминига кўра, бундай муносабатлар тубида икки-уч кунлик роҳат эвазига икки ярим йиллик азоб-уқубат, хўрликларни эсдан чиқартиришга уриниш ётади.

Танишлариникига тўйга келган Аҳмад ва Иқбол Афғонистондаги Шимолий алянс кучлари томонидан қўлга олиниб, 29 ой мобайнида калтакланиб, номаълум препаратларни қабул қилиш, бир неча кунлаб тик туриш, ухламасликка мажбур қилинди. Уларнинг куч билан соқол-мўйлов ва сочларини олишар, хуллас, инсоний ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум қилинишганди.

Буларнинг барини чипснинг хуш таъми йўққа чиқариши керак ёхуд чиқара олади, деб ўйлайсизми?

Қадриятлар ўрнига чипс ва поп ёки «кулбадаги жаннат» тажрибаси

Кимлардир бу усул иш беришига астойдил инонар, ҳар ҳолда Вашингтонда шундай режалаштирилганди: бутун мамлакат аҳолисини қўрқитиш, унинг инфратузилмасини издан чиқариш, тарих ва маданиятни талон-тарож қилиш, кейин эса ғарбча табассум билан арзон асбоб-ускуналар, чиқиндисифат таомлар билан сийлаш. Худди «кулбадаги жаннат»да ўтирган маҳбус каби.

Ироқ ҳудудида вайронагарчиликларни амалга ошириш ва маълум ҳафта давомида маданиятлар алмашинувига эришишдан кўзланган мақсад ҳам аслида Ер ости ва усти, инсон ресурсларига эгалик қилишни тезлаштириши зарур эди. Ироқни босиб олиш операциясига Жорж Буш томонидан бош қилиб тайинланган Пол Бремер Ироқда бу каби талончиликлар ўйлангандек давом этаётгани ҳақида шундай дейди: «Йўл бўйлаб кетаётиб, аланга ичида қолган шаҳарни кўрдим. Кўчаларда уй ва машина харобалари, электр қуввати умуман йўқ. Нефть ишлаб чиқариш тўхтатилган, иқтисодий жараёнлар ўлиб бўлган». Бу улар учун айни муддао эди. Чегаралардан чегараланмаган миқдорда маданий моллар божхона текширувисиз, тариф ва солиқларсиз чиқиб кета бошлади. Бағдодга келганидан икки ҳафта ўтгач, у Ироқнинг «бизнесга тайёр ҳудуд»­га айланганини эълон қилди. Бир кечанинг ўзида эркин бозорлари билан машҳур юрт ёпиқ ва файзсиз қалъага айланди-қолди. Қолаверса, БМТ томонидан ҳали ҳам иқтисодий санкциялар қўлланиб келинаётган эди. Шундай қилиб, музей экспонатлари ортилган юк машиналари Иордания, Сурия, Эрон каби давлатларга кириб борди. У ерда қимматбаҳо бойликларни Хитой телевизорлари, ДВДлар, Голливуд филмлари туширилган дисклар ва иордан тарелка-антенналари билан алмашишга тайёр олибсотарлар кутиб турарди. Ноқонуний чет эл моллари тез орада Бағдоддаги Каради кўчаларидаги савдо расталарида пайдо бўлди.

Инқирозга учратиш «санъати»

Бир маданият йўқ қилиниб, ўрнига янгиси киритилиб, жойлаштирилди. АҚШнинг фавқулодда вазиятлар федерал агентлиги собиқ бошлиғи Жо Албо ташкил этган «Неw Бридге Стратегиес» фирмаси океанортидаги маданият ва капитализмни экспорт қилиш тажрибасини синовдан ўтказишда фаол қатнашди. Унинг фирмаси трансмиллий корпо­рация­ларга Ироқда бизнес қилиш орқали катта даромад келтириши мумкин бўлган шартномалар таклиф этиш билан шуғулланарди. Албатта, Албога ҳукуматдаги одамлари ҳам яқиндан ёрдам берди. Таклифларнинг мазкур «корхонаси» ходимларидан бирининг фикрича, йирик компания, масалан, «Проcтер&Гамбле» маҳсулотларини босиб олинган ҳудудда тарқатиш ҳуқуқини қўлга киритиш олтин тўла хазинани топиб олиш билан баробар экан. «Унинг моллари билан тўлиб-тошган бир дона супермаркет 30 га яқин маҳаллий дўконни инқирозга учратса, ғарбда урф бўлган маркетлар тизимининг бир донаси бутун мамлакатни эгаллашга қодир», — дейди у.

Биринчи маҳбус Маҳар Арар бутун Ироқ поп-маданият ва фаст-фудларни сотиб олишга чоғланаётганини айтади. Урушдан кейин Буш ва унинг қўл остидаги амалдорлари томонидан тузилган маҳаллий ҳукуматга ҳам шу каби вазифа юклатилган эди.

Мағизнинг ўзи йўқ экан

1950 йилларда МРАда психиатр бўлиб ишлаган Юен Кемерон электр ва сенсор депривациялари (улар билан мияга таъсир қилиш) бўйича тажрибаларни одамлар устида улардан сўрамасдан ўтказган. Унинг касбдоши Фред Лоуи шундай дейди: «Фрейдчилар мактабида мия пўстлоқларини «арчиб», мағзига етиб бориш ҳамда унга таъсир этиш учун кўплаб мураккаб методлар ишлаб чиқилди. Кемерон эса бу каби бос­қичма-босқичликка тупуриб, ҳаммасини зумда бажаришга интилди. Кейинчалик маълум бўлишича, мияда ҳеч қандай мағиз йўқ экан, бор-йўғи у қатламлардан иборатлиги маълум бўлди». Кемерон бемор шахсиятини унинг руҳиятига таъсир этиш йўли билан бутунлай йўқотиб, янги­дан «барпо этиш»га ҳаракат қилди, аммо қайта туғилиш рўй бермади.

Мана шундай «шок терапияси» мухлислари миянинг туб-тубидаги ҳеч ким тегмаган беғубор ядрога етиб бориш учун йўлда дуч келган бошқа қатламларга зарар етказиб қўйганларини сезмай қолдилар.

Тушкунликка кўникиш қийин

Ироқда ҳам шундай бўлди. Янги миллат модельи қуриш учун керак бўлган «тоза» муҳитдан энди фойда йўқ. Устига устак, қулайликлар ўрнига вайроналар тоғини бунёд этиб, уруш, ўзаро курашдан кейинги руҳий ва жисмоний мажруҳ миллионлаб одамлар, синиқ қалблар, узилган ришталар учун қандай қилиб товон тўланади? Бушнинг жамоаси таркибидаги иқтисодий инқирозга учратиш бўйича мутахассислар Ироқни шу кўйга солдилар.

Бош котибнинг собиқ ўринбосари Ричард Армитаж тушкунликни ироқликлар ҳеч қандай тазйиқ­ларсиз унутишига дастлаб ишонган бўлса, энди АҚШ бу борадаги сиёсатда ҳаддан ташқари юмшоқликка йўл қўяётганини юзсизларча айтиб ўтади. Унинг фикрича, коалиция кучлари томонидан урушнинг инсонпарварлик билан олиб борилиши(!) одамларни бошқаришни осонлаштирмай, балки янада қийин­лаштириб юборган эмиш.

Ҳужум қилиш стратегиясидан кўзланган илк мақсад эса Бағдод маркази, аста-секинлик билан бутун мамлакатни янгича маданият учун тозалашдан иборат эди.

Ортга қайтган тарих

1970 йилларда йирик корпорациялар «салб юришлари»ни энди-энди бошлаганларида, генотсиддан кенг фойдаланишган. Ироқда бундан беш баттар усуллар қўлланилди. Нафақат аҳолининг бир неча тоифаси йўқ қилинди, балки бутун мамлакат парчаланиб кетди.

Аёллар паранжига киришни бошлади, кўчага чиқишлар камайди, болалар мактабга боришни тўхтатишди. 2006 йилнинг ўзидаёқ мамлакатдаги мактаб ёшига етган болаларнинг учдан икки қисми ўқимасди. Профессионаллар -­ шифокор, ўқитувчи, зиёли, ишлаб чиқарувчи, судья, адвокат ва фармацевтлар изсиз йўқолди. АҚШ­нинг Ироққа уюштирган юришидан сўнг, тахминан 300 нафар зиёли, жумладан, факультет деканлари отиб ташланди, минглаб одамлар мамлакатдан қочиб кетди. Шифокорларга янада қийин бўлди. 2007 йил февраль ойидаги маълумотларга кўра, уруш пайти ва ундан кейин 2000 нафар оқ халат соҳиби ҳалок бўлди, 12000 нафари юртини тарк этди. БМТнинг қочоқлар билан ишлаш комиссияси йилига Ироқни 3 минг­га яқин маҳаллий аҳоли тарк этаётгани ҳақида (2006 йил ноябрь ойида) маълумот берди. 2007 йил апрел ойига келиб, 4 миллион киши, яъни аҳолининг тахминан еттидан бири ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Улардан кам сонлисигина АҚШ­дан бошпана топа олди.

Одам ўғирлаш — энг даромадли бизнес

Ишлаб чиқариш, саноат амалий жиҳатдан тўхтаб қолди. Гуллаб-яшнаётган бизнес — одам ўғирлаш бўлиб қолди. 2006 йилнинг уч ярим ойида деярли 20 минг киши ўғирлаб кетилди. Ғарб ОАВ қачонки европалик ёки америкаликлар бундай ҳолга дуч келганларидагина, бу ҳақида ҳаммага жар солишди. Аммо ҳар қадамда маҳаллий халқ жабрланди. Мазкур маълумотлардан кўпчиликнинг ҳозир ҳам хабари йўқ.

Ўғирланганлар оиласи ўз фарзандини қайтариб олиш учун 10 минг доллар миқдорида товон тўлашига, ёхуд ўликхонага бориб, унинг мурдасини кўришига тўғри келар, бунинг устига турли қийноқлар ироқлик бегуноҳ одамларни жонидан тўйдирди. Инсон ҳуқуқлари бўйича бир қатор комиссияларнинг қайд этишича, қўлга олинганларни қийнамаслик учун оила аъзолари маҳаллий полиция вакилларига 1000 долларлаб пул топиб бериши шарт эди. Йўқса, яқинлари уларнинг кўз олдида дўппосланарди.

Жавобгар — ким?

Одатда, «тозалаш кампанияси» камдан-кам ҳолларда пухта ўйнинг хулосаси бўлади. Агар ана шу етти ўлчаб бир кесилмаган қарор миллат ва унинг ғурурини топташга қаратилса ва бу йўлда ахборот террори, маданий босим, «кулбадаги жаннат», турли психологик усуллардан фойдаланишга уринишлар рўй берса, норозиликлар тўлқини қаршиликлар уммонида шунақанги мавж урадики, унга дош беришнинг иложи бўлмай қолади. Чунки миллат борки, ўзлигидан айрилишни истамайди. Уни севимли ва жондан ортиқ кўргувчи хислатларидан мосуво қилиш учун тиришганларнинг ҳолига маймунлар йиғлайди. Шундай экан, «оқ қоғоз» ҳақидаги орзулар хомхаёлга айланганини табиий қабул қилиш керак. Натижа эса — ўша-ўша, эски ҳаммом, эски тос. Энди уруш сабабчи бўлган қайғу-изтиробларни йўқотиш, вайроналар, кўзёшлар ва қуриган ёстиқларга товон тўлашга ким масъул, деган савол туғилади. Ироқни қисқа муддат ичида чирмаб олган тартибсизлик, хаос, тинч аҳоли чеккан ранжу аламлар учун ким жавоб беради? Америкача ҳарбий оптимизм оқибати кимга фойда бўлдию, кимга зарар? Саволларнинг адоғи йўқ, уларга ҳар кимнинг ўз жавоби бор.

Бу бор-йўғи фоний дунё саҳнасидан олинган кичик эпизод. Лекин шу нарса аниқки, Яқин Шарқ ва айрим давлатлар учун одатга айланиб бораётган мазкур жараён ортидагилар қаламига мансуб ғоялар зилол ва тоза булоқдан эмас, авантюризм, нигилизм, гегемонизм ҳамда прагматизмнинг хунук мафкурасидан сув ичишидан кўпчиликнинг хабари бор.

Саиджон Махсумов,
«Маърифат» мухбири