Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Санжар Содиқов шу йилнинг 6 август санасида 80 ёшида оламдан ўтди.
Санжар Содиқов 1940 йил 21 июл куни Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. Пойтахтдаги кўзи ожиз болалар мактаб-интернатини тамомлагач Тошкент давлат университетининг филология факультетида таҳсил олган. 1965 йилдан то умрининг сўнггига қадар Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Жаҳон тиллари университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетларида ёшларга таълим берган.
Олимнинг “Оламни яшнатувчилар” (1977); “Абдулла Қаҳҳор ижоди ва адабий танқид” (1996); “Сўз санъати жозибаси” (1996); “Новая узбекская литература Учебник для студентов факультетов филологии и журналистики высших учебных заведений с обучением на русском языке” (2003); “Ижоднинг ўттиз лаҳзаси” (2005); “Янги ўзбек адабиёти тарихи” (2006); “Мўъжизалар мўъжизаси (Озод Шарафиддинов портретига чизгилар)” (2006); “Роман ва танқид” (2008); “Радиожурналистика асослари. Аудиовизуал журналистика” (2010); “Ҳақиқат ва адолат қуёши” (2011); “Мамлакатшунослик асослари” (2012); “Янгича талқин мевалари” (2013); “Маҳорат чўққилари (Ўткир Ҳошимов ижоди ҳақида)” (2013); “Жадид адабиётининг қалдирғочлари (Беҳбудий, Авлоний ва Ҳамза портретига чизгилар)” (2013); “Янги ўзбек адабиёти тарихи” (2019) каби илмий адабиётлари ва ўқув қўлланмалари дунё юзини кўрди.
У Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси унвони билан тақдирланган. Санжар Содиқов ҳаётининг охирги икки йилида таржима соҳасига ҳам қўл уриб, жаҳон адабиётида ўзига хос ҳодиса ҳисобланган ёзувчи Борис Пастернакнинг “Доктор Живаго” (2018), Иван Буниннинг “Арсеньев ҳаёти” (2020) номли романларини ўзбек тилига таржима қилиб китобхонлар эътиборига ҳавола қилди.