2015 йил 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги Қарори эълон қилинди.
Қарорда эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат айёми бўлмиш муборак Рамазон ҳайитининг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2015 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 18 июль шанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини эътиборга олиб, 2015 йил 18 июль дам олиш куни деб белгиланди ва мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонланиши тавсия этилди.
Республика “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа барча мутасадди идора, жамоат ташкилотлари Рамазон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга ошириши, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилди.