Озарбайжонлик машҳур шоирлар билан учрашув бўлиб ўтди

7 июль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида озарбайжонлик машҳур шоирлар Аждар Ўл ва Салим Бобулло ўғли билан ижодий учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистондаги Озарбайжон маданият маркази ходимлари, ўзбек ижодкорлари, ёш қаламкашлар иштирок этишди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, филология фанлари номзоди Тоҳир Қаҳҳор, таржимон Бобохон Муҳаммад Шариф, шоиралар Ўктамой Холдорова, Дилбар Ҳайдарова ўзбек ва озарбайжон адабий алоқалари, ҳамкорлик имкониятлари ҳақида сўзладилар.

Аждар Ўл ва Салим Бобулло ўғли Самарқанд ва Бухоро сафаридан сўнг Тошкентга келганлари, юртимизнинг буюк тарихий обидаларини кўришдан бахтли эканларини изҳор этдилар. Тадбирда муаллифларнинг шеърлари озарбайжон, ўзбек ва рус тилларида ўқилди.

Машҳур озарбайжон шоири, носир, драматург ва таржимон Аждар Ўл  (Əjdər Ol) 1958 йилда Ғозимаммад шаҳрида туғилган. 1979 йилда Ганжа давлат педагогика институтини тамомлаган. Мактабда ўқитувчи, «Ишиқ» (Hyp) нашриётида мусаҳҳиҳ, кичик муҳаррир, «Шур» нашриётида бош муҳаррир бўлиб ишлаган.

Шеър, ҳикоя, пьеса, бадиа жанрларида ижод қилади. Унинг «Мулла Насриддин ва Амир Темурнинг филлари», «Бор эканда йўқ экан», «Сўнгги мактуб» пьесалари саҳналаштирилган. «Уста Юсуфнинг камончаси», «Қодирнинг янги ҳикояси», «Қотил билан учрашув» ҳикоялари асосида бадиий фильмлар ишланган. Қирқдан зиёд китоб муаллифи. Асарлари 10 дан ортиқ тилларга таржима қилинган; Туркия, Эрон, Польша, Россия, Германия, Грузияда нашр этилган.

Аждар Ўл бир қанча портрет-ҳикоялари учун Миллий Китоб мукофотига (2010), «Яша» шеърий китоби учун Озарбайжон маданият ва туризм вазирлигининг «Олтин Сўз» мукофотига, «Ҳарбий-дала қўмондонининг маймуни» ҳикояси Маҳмуд Кошғарий номидаги халқаро танловида Гран-прига сазовор бўлган.

Салим Бобулло ўғли (Səlim Babullaoğlu Səlimov) ҳозирги Озарбайжон модерн шеъриятининг ёрқин вакилларидан бири, шоир, таржимон ва эссенавис. У 1972 йил 10 декабрда Ширвон шаҳрида туғилган. Кўплаб шеър ва ҳикоялар муаллифи.

«Танҳо» (Баку, 1996), «Июнда куйланган қўшиқлар» (Истанбул, 2006), «Юракка бағишлов» (Вроцлав, 2007), «Шамолга қарши юрган аёл» (Табриз, 2009), «Илёс Гўчманинг расм дафтари» (Баку, 2009), «Маскали кишиларнинг гимни» (Киев, 2009), «Қорин шарҳи» (Тбилиси, 2010), «Полковникка ҳеч ким ёзмайди» (2010) каби шеърий китоблари чоп этилган.

Салим Бобулло ўғли ўзбек (Абдулла Орипов, Азиз Саид, Хуршид Даврон, Сирожиддин Саййид шеърлари), рус, турк, фин, испан, итальян, француз, швед, форс, поляк, инглиз, португал, япон, грек, қирғиз адабиёти вакилларининг асарларини таржима қилган. Ўрхон Вали, Иосиф Бродский, Чеслав Милош, Фозил Ҳусни Доғларжа, Василь Стус каби шоирларнинг китоблари унинг таржимасида чоп этилган. Ўзининг шеърлари дунёнинг ўндан ортиқ тилларига таржима қилинган.

Бир қанча халқаро (Туркия, Сербия, Қирғизистон) ва миллий («Анор бутоғи», «Китоб–2003», «Китоб–2004») мукофотлар совриндори. Европа Озодлик шоири (The European Poet of Freedom) халқаро адабий танловининг номинанти (2018).

Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси идора ҳайъатининг аъзоси, Бадиий таржима ва адабий алоқалар марказининг раҳбари.