Озарбайжон президенти адолат тантанаси ҳақида гапирди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Ганжа шаҳрида AZƏRTAC ахборот агентлигига берган интервьюсида яқин кечмишнинг муҳим хулосалари ва истиқболдаги режалар билан ўртоқлашди.

Озарбайжон етакчиси, хусусан, иккинчи Қорабоғ уруши даврида Арманистон армияси Ганжанинг тинч аҳолисини ўққа тутгани ҳақида гапирди.

Қайд этилишича, Озарбайжоннинг иккинчи йирик шаҳрига “Точка-У”, “СКАД” каби ракеталар отилган. Оқибатда болалар, аёллар ҳамда кексалар ҳалок бўлган. Биргина Ганжа шаҳрида 26 нафар тинч аҳоли вакили бевақт ҳаётдан кўз юмган.

“Буни асло тасодифий ўт очиш деб бўлмайди. Тураржойларни вайрон этиш ва озарбайжонликларни йўқ қилиш қасддан амалга оширилган. Бу орқали Озарбайжон халқини қўрқитиш, мамлакат раҳбариятини эса ерларни озод қилишдан қайтариш кўзланган эди. Ушбу ҳарбий жиноят халқаро ҳамжамияти томонидан тан олиниши шарт”, – деди президент Илҳом Алиев.

Таъкидланишича, Озарбайжон ҳарбий жиноятга қўл урмади, балки жанг майдонида ўзини кўрсатиб, тинч аҳоли қурбонлари учун қасос олди. И.Алиев иккинчи Қорабоғ уруши якунини “фашизм устидан ғалаба” ҳамда “адолатнинг тантана қилиши” деб атаган.

Озарбайжон етакчиси ушбу хунрезлик асло унутилмаслиги ва шаҳид кетган ватандошлар ҳамиша ёдда сақланишини таъкидлаган. Шу мақсадда Ганжада йирик хотира мажмуаси бунёд этилмоқда. И.Алиев бундай хунрезлик қайта такрорланмаслиги учун керакли сабоқлар чиқарилишига ҳам урғу берган.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон армияси Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябрга қадар кечган жангларда қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди. 2020 йилнинг 10 ноябрида Озарбайжон, Арманистон ҳамда Россия ўртасида уч томонлама битим имзоланди. 44 кунлик уруш якунида Қорабоғдаги 5 та шаҳар, 4 та посёлка ҳамда 286 та қишлоқ яна Озарбайжон тасарруфига ўтди.

Аввал хабар берганимиздек, 2021 йил ноябрь ойида президент Илҳом Алиев тарихий ғалабага эришиб, Озарбайжон ҳудудларини ишғолдан озод қилгани учун “Туркий дунёнинг Олий ордени” билан тақдирланди.