Озарбайжон Арманистонни халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузишда айблади. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотга кўра, халқаро ҳамжамият Арманистоннинг Тоғли Қорабоғдаги хатти-ҳаракатини қоралаши лозим.
“Озарбайжон Тоғли Қорабоғида ва унга туташ туманларда давом этаётган ҳарбий тўқнашув Озарбайжон ҳудудининг бешдан бир қисми оккупация қилиниши ҳамда мамлакатда ҳар тўққиз кишидан бирининг қочқинга айланиши ёки мажбурий кўчишига олиб келди. Арманистон Озарбайжонга қарши уруш бошлагани, куч ишлатиб босиб олгани, шунингдек, оммавий этник тозалаш ва оғир ҳарбий жиноятлар содир этгани учун жавоб бериши керак”, – дейилади баёнотда.
Ташқи ишлар вазирлигига кўра, зиддият фақат халқаро миқёсда тан олинган чегаралар ҳамда Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитети тамойили асосида ҳал этилиши мумкин.
“Халқаро ҳамжамият Озарбайжонга қарши ҳарбий куч қўлланилгани ҳамда унинг ҳудуди босиб олинганини БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган, Озарбайжон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳамда умум эътироф этилган чегаралар дахлсизлиги маъқулланган резолюцияларда қатъий тарзда қоралаган. Ушбу резолюцияларда БМТ Хавфсизлик Кенгаши Тоғли Қорабоғни Озарбайжоннинг ажралмас қисми деб тан олган ҳамда Арманистондан босиб олинган ҳудуддан қўшинини тўла ва сўзсиз олиб чиқишни талаб этган”, – дейилади баёнотда.
Баёнотга кўра, Арманистон халқаро ҳамжамият нуқтаи назарига бефарқлик билан босиб олинган ҳудудда ҳарбий мавқеини мустаҳкамлашга уринмоқда, уйини ташлаб чиққан минглаб аҳолининг ватанига қайтишига тўсқинлик қилмоқда.
1988 йили Тоғли Қорабоғ Озарбайжон таркибидан чиқиш ҳақида баёнот бергач, бир неча йил давомида ҳарбий тўқнашувлар давом этган. 1994 йил май ойида томонлар ўт очишни тўхташ борасида келишувга эришган. Икки давлат ўшандан буён ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ва Россия, Франция, Германия ҳамда АҚШ иштирокида муаммо ечими борасида музокаралар юритиб келмоқда.
Расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.
Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Хусусан, жорий йил 2 апрелда яна ҳарбий тўқнашув кузатилди. Озарбайжон томони Арманистоннинг ҳужумига жавобан ҳарбий операция ўтказгани ва рақибнинг 370 нафар ҳарбий хизматчиси, 12 танки, 12 бронетехникаси ва 15 та артиллерия қурилмасини йўқ қилганини маълум қилган.
5 апрель куни томонлар ўт очишни бас қилишга келишган ва ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилган. Аммо ҳамон келишув шартлари бузилаётгани ҳақида хабарлар мавжуд.
Озарбайжон Мудофаа вазирлигига кўра, Арманистон 120 марта келишувни бузган ва бунга жавобан Озарбайжон 121 та қуролли жавоб қайтарган.
Ўз навбатида, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси мудофаа вазирлиги битимни Озарбайжон бузганини иддао қилган.
Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдирган.
Озарбайжон Тоғли Қорабоғ ўз ҳудуди эканини таъкидлаб келади. Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.
Cобир Салим