Дунёнинг барча йирик савдо биржаларида сўнгги вақтда нефть нархининг мунтазам ошиб бораётгани кузатиляпти. «Қора олтин» сифатида қадрланадиган минерал ресурс нархининг бу тариқа кўтарилиб бораётганига жиддий омиллар таъсир кўрсатяпти, албатта.
Энг қимматбаҳо саноат хомашёси саналган «суюқ олтин» заҳираларининг сайёрамиз миқёсида камайиб бораётгани… Ироқда АҚШ бошчилигида иттифоқчилар томонидан олиб борилган ҳарбий операциялар оқибатида дунёнинг асосий нефть етказиб берувчиларидан бири бўлган мамлакат иқтисодининг издан чиқиши…
Нефть эскпорт қилувчи давлатлар ташкилоти — ОПEК аъзолари томонидан «қора олтин»нинг юқори нархини сақлаб қолиш мақсадида олиб борилаётган иқтисодий сиёсат… Хуллас, бу каби омиллардан яна қанчасини келтириш мумкин. Бизнингча, бу борада ОПEК омили ҳал қилувчи ўрин тутади. Бирламчи сабаб шуки, ушбу халқаро ташкилот сайёрамиз миқёсидаги нефть заҳираларининг деярли тўртдан уч қисмига эгалик қилади ва, табиийки, жаҳон «қора олтин» бозори ҳам мазкур бирлашма назоратида. Шу боис, эътиборингизни айни учинчи омилга қаратмоқчимиз.
Катта йўл бошида
ОПEК (Организатион оф Петролеум Эхпортинг Cоунтриес) — Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти 1960 йилда Бағдодда Эрон, Саудия Арабистони, Ироқ, Кувайт ҳамда Венесуэла томонидан тузилган. Ташкилот қароргоҳи айни пайтда Австрия пойтахти Венада жойлашган.
Бирлашманинг бошқарув органи саналган конференция йилда камида икки марта чақирилади. Ушбу йиғинларда ташкилот бошқаруви ва жаҳон нефть бозорига дахлдор муҳим масалалар муҳокама қилинади.
ОПEКни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад жаҳон нефть бозорида «қора олтин» нархини бир маромда сақлаш, аъзо давлатларнинг нефть соҳасидаги сиёсатини мувофиқлаштириш ва улар манфаатини ҳимоя қилишдан иборат эди.
Бирлашмага илк даврда беш давлат кирган бўлсада, орадан кўп ўтмай, ташкилот таркиби Қатар (1961), Индонезия ва Ливия (1962), Бирлашган Араб Амирликлари — БАА (1967), Жазоир (1969), Нигерия (1971) каби мамлакатлар ҳисобига кенгайди. Дастлаб ОПEК таркибига кирган Эквадор (1973) ва Габон (1975) давлати эса 1992-94 йилларда ташкилотдан чиқиб кетди.
Улкан табиий манбаларга эга бўлган 11 давлатни ягона мақсад йўлида бирлаштирган ОПEК ўтган ярим асрга яқин вақт ичида дунёнинг энг нуфузли ва обрўли халқаро бирлашмалари қаторига кирди. Дунё ОПEК билан ҳисоблаша бошлади. Бунинг сабаби оддий. Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти аъзолари жаҳон «қора олтин» заҳирасининг деярли 80 фоизига эгалик қилади.
2001 йил маълумотига қараганда, дунё нефть заҳираси 1 триллион 74 миллиард 850 миллион баррелни ташкил этади. Бу бойликнинг 845 миллиард 421 миллион баррели ёки 78,7 фоизи ОПEК аъзоларига тегишли (Изоҳ: баррел — бутун дунёда нефть ўлчов бирлиги сифатида тан олинган. 1 баррел 159 литрга тўғри келади).
Халқаро бозорга назар
ОПEК давлатлари орасида Саудия Арабистони етакчи мавқе эгаллайди. Дунё нефть заҳирасининг чорак қисмига эгалик қилувчи бу давлат биргина «қора олтин» экспортидан йилига ўртача 35-36 миллиард доллар даромад олади. Сайёрамиз миқёсидаги кунлик нефтьни қайта ишлаш кўрсаткичи бўйича ҳам қироллик етакчи ўринда туради. Саудияда кунига ўртача 7,5-8 миллион баррел «қора олтин» қайта ишланади.
1970-йиллар охирида Эронда, 1990 йилда Кувайтда Ироқ иштирокида бўлиб ўтган ихтилофлар пайтида жаҳон нефть бозорида саросима ва таҳликали бир вазият юзага келди. Бу ҳолатни кўпчилик кузатувчилар «нефть инқирози» деб аташди. Дунёнинг асосий нефть экспортчилари саналган давлатлардаги инқироз даврида Саудия Арабистони яна катта саҳнага чиқди ва жаҳон «қора олтин» бозорини зарур хомашё ва маҳсулот билан таъминлаб турди.
Умуман, ички ялпи маҳсулотнинг деярли ярми нефть ва нефть маҳсулотлари экспортига таянган қиролликда ушбу саноат тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади. Қиролликнинг нефть соҳасидаги сиёсати хомашё нархини ОПEК аъзолари белгилаган ўртача кўрсаткичдан бироз арзонроқ ҳолда сақлаб қолишга қаратилган.
Ироқ дунёнинг яна бир йирик нефть «империя»ларидан бир ҳисобланади.
Мамлакат «қора олтин» заҳираси 112 миллиард 500 миллион баррелни ташкил этади. Бу эса Саудиядан кейинги иккинчи кўрсаткичдир. Бироқ шунча катта заҳирага эга давлат сўнгги йилларда ўз табиий ресурсидан самарали фойдаланолмай келяпти. Урушдан кейин мамлакатда юзага келган мураккаб вазият ҳозирда барча соҳалар қатори нефтьни қайта ишлаш тизимини ҳам қайта тиклашга имкон бермаяпти (Дарвоқе, Саддам Ҳусайн раҳбарлик қилган охирги йилларда ҳам Ироққа нисбатан иқтисодий жазо чораси — санкция жорий этилгани сабабли мамлакат ўз нефтьидан эркин фойдалана олмаган).
Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ эса нефть нархи тобора ошиб бораётган бир шароитда имкон қадар тез фурсатда Ироқ нефть саноатини қайта йўлга қўйишга уриняпти. Бунинг боиси тушунарли…
ОПEК аъзоларидан Эрон, Кувайт, Қатар ва БАА нефть саноатида барқарор иқтисодий ўсиш кузатиляпти. Айрим қийинчиликларни инобатга олмаганда, Индонезия ва Жазоир «қора олтин» саноатида ҳам ижобий кўрсаткичлар қайд этиляпти. Лекин 1999 йилгача савдо кўрсаткичлари бўйича учинчи давлат саналган Венесуэла нефтьни қайта ишлаш тизимида жиддий муаммолар мавжуд.
Чунки мамлакатда икки йил аввал президент Уго Чавес ҳукуматига қарши бўлиб ўтган оммавий намойишлар тафти ҳали босилганича йўқ. Иқтисодиёнинг барча тармоқлари сингари ўша пайтда деярли издан чиқиб кетган «қора олтин» саноати ҳам айни дамда тикланиш даврини бошдан кечирмоқда.
Ҳозирда халқаро бозорда нарх кўтарилиб бораётгани сабабли, ОПEКка аъзо мамлакатлар нефть қазиб олишни янада кўпайтириш ва «қора олтин»нинг 1 баррелини 38 доллар баҳода сақлаб қолишга уринмоқда.
Маълумотларга қараганда, дунё мамлакатларининг нефтьга бўлган кунлик эҳтиёжи 76 миллион баррелни ташкил этмоқда. ОПEК эса бу эҳтиёжнинг ярмидан кўпроғини қоплашга муваффақ бўлмоқда.
Омад ким томонида?
Охирги йилларда саноатлашган дунёда нефтьга бўлган талаб ошса ошяптики, камайгани йўқ. Мутахассисларнинг ҳисоб-китоби эса бу талаб келажакда ҳам ошиш кўрсаткичига эга бўлишини тасдиқламоқда. Тахминларга кўра, 2020 йилга бориб жаҳон давлатларининг нефтьга бўлган кунлик талаби 103,2 миллион баррелга тўғри келади.
Сизга маълумки, ОПEКка аъзо бўлмаган Россия, Норвегия, Уммон, Мексика каби давлатлар ҳам катта заҳиралари билан халқаро бозорда эътиборли мавқе эгаллайди. Бироқ сўнгги хомчўтлар ҳам бу борада омад, демакки, ҳокимият барибир ОПEК тарафида эканини кўрсатди. Чунки нефть заҳираларидан ҳозирга кўрсаткичда фойдаланилса, ОПEК давлатлари заҳираси 80 йилга етар экан. Ташкилотга аъзо бўлмаган Россия, Мексика, Норвегия ва Уммон каби давлатлар заҳираси эса 20 йилга бормай тугаши мумкин.
Ҳозирги даврда дунёнинг деярли барча ривожланган давлатларида нефтьнинг ўрнини босадиган энергия ресурслари ишлаб чиқариш, атом энергиясидан келгусида саноат мақсадларида кўпроқ фойдаланиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориляпти.
Бугунги вазиятда жаҳон энергия ресурслари умумий миқдорининг 41,3 фоизи нефть ҳиссасига тўғри келади. 2020 йилга бориб эса бу рақам 39,2 фоизни ташкил этади. Ўзингиз гувоҳ бўлиб турибсизки, сўнгги тадқиқотлар яқин йилларда бу кўрсаткич тушмаслиги, яъники, стратегик ресурс саналган нефтьнинг аҳамияти ҳам пасаймаслигини кўрсатмоқда.
Юқорида зикр этилган омиллар эса ОПEК кейинги йилларда ҳам дунё миқёсида катта нуфузга эга бўлиши, халқаро молия курсини белгилайдиган мавқеда қолишидан далолатдир.
Собиржон Ёқубов