Олган Бекар: “30 йил давомида тўплаган тажрибамиз муштарак истиқбол эшикларини очмоқда”

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига роппа-роса 30 йил тўлди. 1992 йил 4 март куни “Туркия Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида” битим имзоланган эди. Мазкур йирик сана муносабати билан эътиборингизга Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган БЕКАРнинг мақоласини ҳавола этмоқдамиз.  

 

Қадимий ва абадий қардошлик ришталарига асосланган стратегик шериклик

Бугун биз Туркия ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонламоқдамиз. Халқларимиз ўртасидаги азалий биродарлик ришталари ҳамда муштарак тарих, тил, эътиқод, маданият ва анъаналаримиздан куч олган алоқаларимиз бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам юксак даражага кўтарилди. Биз “қардошликка асосланган стратегик шериклик” деб таърифлаган алоқаларимизнинг бугунги даражаси қанчалик қувонарли бўлса-да, залворли салоҳиятимиз кўз олдимизга келтирилганда икки қардош давлат сифатида биргаликда ҳали кўп йўл босиб ўтишимиз кераклигини тушунамиз. Президентларимизнинг дадил ва қатъий қадамлари туфайли айниқса сўнгги 5 йил ичида эришилган муносабатларимиздаги жадал суръатни сақлаб қолиш биринчи навбатдаги вазифамиздир. Бинобарин, ўтган 30 йиллик даврни сарҳисоб қилиб, ушбу тарихий санани келажакка янада ишонч билан қадам ташлаш учун бир имконият сифатида кўрамиз.

Муштарак тамаддунимиз униб, илдиз отган ота юртимиз – Ўзбекистон ҳар бир туркий инсоннинг қалбида ҳамиша алоҳида ўрин тутган. Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Беруний, Ибн Сино каби башариятнинг илму ирфон уфқини юксакларга кўтарган алломалар; Имом ал-Бухорий, Имом Мотуридий, Имом ат-Термизий, Баҳоуддин Нақшбандий сингари асрлар давомида мўминларга йўл кўрсатган уламолар; Алишер Навоий, Маҳмуд Кошғарий, Абдулҳамид Чўлпон каби тилимизни олий мақомга эриштирган буюк қалам аҳиллари мамлакатларимиз ўртасидаги муштарак қадриятлардан фақат бир қисмигина, холос.

Туркия Президенти девонининг эмблемасида тарихдаги буюк туркий империяларининг тимсоли бўлган 16 юлдуздан иккитаси  Темурийлар ва Бобурийлар давлатларини акс эттиради. Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива сингари шаҳарлари биз учун ҳам аждодларимизни эслатиб турувчи муқаддас маконлардир. Биз 1920-1922 йилларда олиб борган мустақиллик урушида ўзбек биродарларимиз томонидан кўрсатилган моддий ва маънавий ёрдамларни ҳали-ҳануз унутганимиз йўқ. Гарчи икки халқ тарих силсиласида турли тажрибаларни бошидан кечирган бўлса-да, қардошлик ришталаримиз азалий ва адабийдир.

1991 йилда Ўзбекистон Республикасининг ўз мустақиллигини эълон қилиши Туркияда катта қувонч ва ҳаяжон билан кутиб олинди. Бу халқларимиз орасига тортилган темир панжаралар бир-биримизни унуттирмагани, аксинча соғинчимизни, меҳримизни янада зиёда қилганининг нишонасидир. Қардошлигимиз тақозо этганидек, Туркия давлати Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олди. 1992 йил 4 март санасида “Туркия Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида”ги битим имзоланиши билан давлатларимиз ўртасидаги алоқалар расмий мақомга эришди. Ўшанда Ўзбекистон ҳукумати илтифот кўрсатиб, Ўзбекистоннинг тарихий ташқи ишлар вазирлиги биносини элчихонамизга ажратиб берган эди. Ўтган 30 йил давомида имзоланган кўплаб халқаро шартнома ҳужжатлари билан  алоқаларимиз мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлди. Булар орасида хусусан, 1996 йил 8 майда  марҳум Президентларимиз Сулаймон Демирел ва Ислом Каримовлар томонидан имзоланган Абадий дўстлик ва ҳамкорлик шартномасининг алоҳида ўрни бор ва бугунги кунда ҳам муносабатларимизни шакллантирган ҳужжатлардан бири бўлиб қолмоқда. Муносабатларимизда вақти-вақти билан танаффуслар кузатилган бўлса-да, Ўзбекистоннинг масалан, 2014 йилда БМТ Хавфсизлик кенгашига мамлакатимиз номзодини қўллаб-қувватлагани алоқаларимизнинг мазмун-моҳияти ва пойдевори ўзаро кўмак ва ҳамкорликдан иборат эканлигини кўрсатади.

Президентимизнинг 2016 йил 17-18 ноябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифи билан икки томонлама алоқаларимизда тамоман янги саҳифа очилди. Президент жаноб Мирзиёевнинг 2017 йил 25 октябрда Туркияга амалга оширган ташрифи чоғида алоқаларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилган эди. Президентимизнинг 2018 йил 29 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида имзоланган Қўшма баёнот билан икки давлат ўртасида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши ташкил этилди ва бу билан стратегик ҳамкорлигимиз институциявий заминга эга бўлди. Президент жаноб Мирзиёевнинг 2020 йил 19-20 февраль кунлари Туркияга амалга оширган ташрифлари доирасида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди. Ушбу ташриф муносабати билан Президент жаноб Мирзиёев фахрий меҳмон сифатида Президент миллий кутубхонасининг очилиш маросимида ҳам иштирок этдилар. Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши механизмига қўшимча равишда Қўшма стратегик режалаштириш гуруҳи, Қўшма иқтисодий комиссия, Автомобилда юк ташувлари бўйича қўшма комиссия йиғилишлари ва икки томонлама ташрифлар билан алоқаларимиздаги суръат сақланиб қолмоқда. Бугун биз “қардошлик ришталарига асосланган стратегик шериклик” деб таърифлаётган муносабатларимиз ўзаро ишонч муҳитида ҳар соҳада тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Ўзаро ҳурмат ва умумий манфаат тушунчаси тамалига асосланган алоқаларимизнинг ҳаракатлантирувчи кучини савдо-иқтисодий ҳамкорлигимиз ташкил этмоқда. 2019 йилда 2,3 миллиард АҚШ доллари кўрсаткичи билан икки томонлама савдо хажми бўйича эришган рекорд натижа 2021 йилда янгиланиб, 3,6 миллиард долларга етди. Биз учун яна бир қувонарли жиҳат шундаки, мамлакатларимиз ўртасидаги импорт ва экспорт ҳажмининг деярли тенглашгани бўлди. Бу статистик маълумотлар савдо алоқаларимизнинг бир-бирини тўлдириб, қўллаб-қувватловчи моҳиятда эканлигини кўрсатади. 2021 йилда Ўзбекистондаги турк фирмаларининг сони ва туризм статистикамиз пандемия шароитларига қарамай жадал ортиб, ўз тарихидаги энг юқори даражага эришганлиги Президентларимиз томонидан белгилаб берилган ўзаро тижорат йиллик ҳажмининг 5 миллиард долларли маррага етказиш бўйича мақсадимизга қанчалик яқинлашганимизни исботлайди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп томонлама ва минтақавий ҳамкорлик ҳам қувонарли даражада. Ўзбекистоннинг 2019 йилда ўша пайтдаги номи билан Туркий Кенгашга иштироки бутун Туркий дунёнинг умумий қувончи ва ютуғи бўлди. Президент жаноб Шавкат Мирзиёев иштирокида 2021 йил 12 ноябрда Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саммитда “Умумий кенгашимиз”  Туркий Давлатлар Ташкилоти номини олиб халқаро нуфузини оширди. Туркий Давлатлар Ташкилоти билан бир қаторда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ва Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти каби платформаларда ҳам умумий қарашларимиз доирасида ҳамкорлигимизни давом эттирамиз. Биз минтақавий масалалар, хусусан Марказий Осиё хавфсизлиги ва барқарорлиги учун ҳаётий муҳим масала сифатида кўраётган Афғонистон бўйича ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишда давом этамиз.

Бу ютуқларнинг барчасига, албатта Президент жаноб Шавкат Мирзиёевнинг оқилона раҳнамолигида Ўзбекистонда муваффақиятли амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли эришилди. Жаноб Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида ҳаётга татбиқ этилган молиявий-ижтимоий ислоҳотлар билан бугун Ўзбекистон янада гуллаб-яшнаган, янада эркин ва ўзига ишонган ўзликка эришгани ҳаммага маълум. Шунингдек, жаноб Шавкат Мирзиёевнинг халқпарвар ва ташаббускор ташқи сиёсий қарашлари туфайли Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи янада ошди ва юксалишда давом этмоқда. “Янги Ўзбекистон”ни барпо этиш ғояси кўплаб мамлакатлар учун илҳом манбаи бўлиши керак бўлган муваффақият тарихи сифатида тарихдаги ўз ўрнини ҳозирданоқ эгаллаб улгурди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг ҳам шу муваффақият тарихининг янги бир боби бўлишига шубҳамиз йўқ. Туркия давлати ўлароқ биз Президент жаноб Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўра билишига шубҳасиз ишончимиз билан Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнини яқиндан кузатиб, қўллаб-қувватлашда давом этамиз.

Ўтган 30 йил давомида тўплаган тажрибамиз ва сабоқларимиз туфайли биз қўшма қарорларни тезда қабул қилиш имконини берувчи муштарак истиқболга эгамиз. Аъло даражада ва жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган алоқаларимизнинг Президентимиз жаноб Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг яқинда Ўзбекистонга амалга оширадиган ташрифи билан янги босқичга кўтарилишига шубҳамиз йўқ.

Барча соҳаларда, хусусан сиёсат, иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, хавфсизлик, маданият, ёшлар, таълим, матбуот ва инсоний муносабатлар каби соҳалардаги муносабатларимиз чуқурлашиб бораётгани нафақат бизнинг халқларимизнинг, балки қўшниларимизнинг ҳам фаровонлиги, тинчлиги ва барқарорлигига катта ҳисса қўшишига ишонамиз. Ўзбекистондаги фаолиятим давомида меҳмондўстлиги ва мардлигига яқиндан гувоҳ бўлиб турганим қардош ўзбек халқини ҳурмат ва эҳтиром билан қутлайман, дипломатик алоқларимизнинг 30 йиллиги муносабати билан самимий табриклайман.

Шу мавзудаги мақолалар:

Ўзбекистон–Туркия: 2022 йилда матбуот соҳасида янги лойиҳалар режалаштирилмоқда. 29.12.2021

Туркия элчиси: Таълим – Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири. 02.07.2021