Минҳожиддин Мирзо. Дорилфунунлардан бири

миллий ўзликни англаш ва шеърият

Ҳар қандай миллий адабиёт руҳга, қалбга таъсир қилгувчи ботиний кучу таъсирга эга уйғотувчи сўзлардан, демакки, муҳташам асарлардан бино бўлур. Кўнгил осмонини зулмат булутлари қопласа борлиқнинг табиий ёруғлиги-да дилга татимас, Озод руҳ маҳв этилса, эркин сўз банди, жўшқин туйғулар жимликка маҳкум этилса адабиёт яшолмас, демакки, миллат ҳам, комил миллат сифатида мавжуд бўлолмас. Ҳазрат Алишер Навоий айтмоқчи,

…То зулму ситам жонига бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

ХХ аср адабиётида мустабид тузумнинг мавжуд тўсиқ ва таҳдидларини писанд қилмай, ўзига хос йўли ва услуби билан миллий ўзлик саодати борасида қатъий сўзини айтишни бошлаб берган буюк шоирларидан бири доғистонлик авар шоири Расул Ҳамзатов бўлди. Унинг оташин ва ёвқур шеърияти тутқунликка бўйсунмай миллати ва элатидан қатъий назар ҳар бир ижодкор юрагида она Ватанга бўлган муҳаббат, севги-садоқатни улғайтирди, миллий ғурур ва ифтихорларини баланд овоз ила куйлашга даъват этди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим О.Шарафиддинов таъкидлаганидек, “Шеърият оламига 50-йилларнинг бошида кириб келган Расул Ҳамзатов жуда қисқа муддатда шуъласи дунёнинг ҳамма бурчларида кўриниб турадиган биринчи даражали шеърият юлдузига айланди. Унинг шеърияти, эллардан, юртлардан, дарёлару тоғлардан, сарҳадлардан ва энг муҳими, улардан ҳам баландроқ қилиб қурилган темир пардалардан ошиб ўтиб, одамларнинг ташна қалбларига малҳам бўлди, юмуқ кўзларнинг очилишига, мудроқ қалбларнинг уйғонишига сабаб бўлди”.
Ўз даврида жаҳон адабиёти, Шарқ адабиёт бўстони, хусусан, Алишер Навоий ижодидан баҳраманд бўлиб бетакрор асарлар яратган шоир, вақтики келиб ўзбек адабиётида миллий ўзликни англаш жараёнлари такомилига, адабиётда эрк саодати тараннум этилган асарлар яратилишига ўзига хос таъсир кўрсатди. Расул Ҳамзатов бадиий сўз воситасида инсониятга бу дунёни қандай яхши кўришни, ардоқлашни, дўсту қадрдон бўлиб яшашни, Ватанни севишни, севганда ҳам уни бутун борлиғи-ла севишни ўргатди. Унинг қалбида бир умр музаффар Доғистон бутун салобати, дарду армонлари, орзу умидлари, муҳаббати билан бўй кўрсатиб турди. У Доғистон тарихи, тоғликлар анъанаси, оддий чўпонларнинг қувончу ташвишлари, аёлга муҳаббат, соғинч, қўйингки, қайси мавзуда ёзмасин, ҳар бир насрий асари, шеърининг замирида Ватанга бўлган чексиз муҳаббат ва садоқат мужассам эди.
Расул Ҳамзатов ёшлигидан Доғистон халқлари адабиёти, рус ва жаҳон адабиёти дурдоналарини қунт билан ўрганади. Адабиётшунос олимлар Расул Ҳамзатовнинг эътирофлари асосида у авар адабиёти билан бирга Доғистондаги барча миллатлар, қардош халқлар хусусан, Шарқ адабиётидаги шеърий анъаналарни ўзлаштириб, жарангдор шеърият яратганини таъкидлайдилар. “Таржимонлар менга биринчи навбатда Ҳейне, Бёрнс, Саъдий, Навоий, Сервантес, Гёте, Диккенс, Лонгфелло, Уитмен ва бошқа шоир ёзувчиларнинг асарларини ўқиш имкониятини яратиб беришди. Агарда уларнинг асарларини ўқимаганимда, эҳтимол, шоир бўлиб вояга етмасдим”. Шоир болалигидан авар адабиёти билан бирга Ҳофиз Шерозий, Саъдий, Фирдавсий, Умар Хайём, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий асарлари, “Лайли ва Мажнун”, Юсуф ва Зулайҳо” достонлари, “Тоҳир ва Зуҳра” эртаклари таъсирида улғайганини қайд этиб ўтади. Айниқса, Алишер Навоий номи унинг асарларида бот-бот ҳурмат билан такрорланади. У шеърларидан бирида шундай ёзади:

Қачондир айтганди буюк Навоий
“Ишқ даволар асли дил ярасини”.
Доғистонда сен-ла тузолсак эди,
Ишқни асровчилар идорасини.

“…Мен ўзга халқлар тарихига беписанд қарайдиган кимсаларга шубҳа билан қарайман. …Ўзбекистон қадимий тарихга эга… Наҳотки буни рад қилиб бўлса? Аслида нимаики мавжуд бўлган бўлса – у бор. Кимнингдир тарихи янги, кимникидир кўҳна ва чуқур илдизларга эга бўлиши мумкин. Бир-биримизнинг тарихимизни ўрганайлик. Агар халқлар бир-бирларининг тарихига ҳурмат билан қараб, уни ўрганадиган бўлса – бу жуда яхши-ку!” Р.Ҳамзатовнинг қалбида Алишер Навоий асарлари ва шахсиятига муҳаббат уйғонишида унинг отаси, Доғистоннинг биринчи халқ шоири Ҳамзат Цадасанинг таъсири жуда катта бўлган. Ҳамзат Цадаса 1948 йилда Ўзбекистонга келади, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий юбилейи билан боғлиқ тадбирларда қатнашади.
Ўтган асрнинг 40-50 йилларида Алишер Навоийнинг жуда кўп асарлари турли тилларга таржима қилинади. Айниқса, шоирнинг қуйидаги рубоийси ўз давридаёқ тиллардан тилларга ўтиб машҳур бўлганди:

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Элга анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш,
Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,
Булбулга тикондек ошиён бўлмас эмиш.

Айтиш мумкинки, Расул Ҳамзатов ижодида миллий ўзлик тамойиллари ифодаланган ўктам қарашларнинг акс этишида ҳамиша туғилган ошиёнини мадҳ этувчи қуш, булбул образи алоҳида ўрин тутади.Таъбир жоиз бўлса, бу шоирнинг ўзидир. У ўзининг машҳур “Менинг Доғистоним” асарида шундай ёзади:
“Қушни ушлаб қафасга солишади. Қафасга қамалган қуш кечаю кундуз фақат битта сўзни такрорлайверган: Ватан, Ватан, Ватан, Ватан, Ватан, Ватан… Қушни ушлаб турган киши ўйга толди: “Унинг Ватани қандай экан, қаерда экан? Эҳтимол, жаннат қушлари ва жаннат дарахтлари бор, гуллаб-яшнаган бир ўлкадир. Яхшиси, қушни қўйиб юбориб қайси томонга учишини кузатайин. Менга қушча мўъжизавий мамлакат йўлини кўрсатар”. У олтин қафаснинг туйнугини очди, қуш озодликка чиқди. Қуш ўн қадамча учиб, силлиқ тошлар орасида ўсган чангал шохига қўнди. Шу чангал шохлари орасида қушнинг уяси бор экан…”.
Ана шу маънода Расул Ҳамзатов шеърияти ҳар бир юракнинг ўз гулзори, ўз булбули бўлиши кераклигини таъкидлади. Зеро, шоир айтгандай ҳар булбулнинг ўз қўшиғи бор, у дунёнинг турли қитъалари, мамлакатлари, ўлкаларида сайраши мумкин. У қаерда, қайси замонда бўлмасин, аввало, энг муқаддас туйғу – Ватан ҳақида куйлайди.

Булбул қўшиғини тинглаяпсанми,
Унда янграётган тантана тинмас.
Нима ҳақда куйлар, англаяпсанми?
Аммо номаълумдир ҳеч кимса билмас.

Иймоним комилдир, ишонч-ла айтгум,
Ватан ҳақидадир бу қўшиқ бонглар.
Агар ўзга мавзу бўлганда шаксиз,
Жонига тегарди аллақачонлар.

Расул Ҳамзатов собиқ СССР дунёда энг қудратли давлат сифатида ҳукмрон мафкура томонидан миллионлаб халқларнинг онгу тафаккурига сингдирилаётган, ягона давлат, ягона тил, ягона маданият ғояси кенг тарғиб қилинаётган бир пайтда олтин қафас ичидаги ўзлигини унутишга маҳкум қуш бўлишни истамади. У руҳан бу қафасни бузиб чиқиб, ўз ошёнини куйлашга интилди. Бу улкан моҳиятдаги ўлмас руҳ кейинчалик Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло ижодида шундай жаранглади:

Менга олтин қаср берсалар,
Бор неъматни қилиб муҳайё,
Лекин шунда бир шарт қўйсалар:
“Одамларсиз яшайсан танҳо,
Ўз нафсингни ўйласанг агар
Олтинлардан қўярмиз ҳайкал”.
Йўқ! Йўқ! Сендан холи бўлганим,
Бахтсизлигим, тирик ўлганим!

Кўриниб турибди, сўзлар ўзгарса-да, моҳият ўзгармай турибди. Гарчи шоир шеърда ўзининг асл муддаоси, дардини сўзлар илдизига жо қилса-да ундан “менга олтин қаср қуриб бериб, бор неъматни муҳайё қилиб, ўзлигингни унутиб, халқингдан тониб, нафсингни қондириб, жим яшасанг, сенга олтиндан ҳайкал қўямиз!” деган маъно чиқиб турибди. Шоир шеърни эрк саодати ила ёнган юракдаги ўша қушча, булбул ноласи билан якунлайди: “Йўқ! Йўқ! Сендан холи бўлганим, Бахтсизлигим, тирик ўлганим!”
Барча улуғ шоирларда бўлгани каби Ватани ҳақида мангу қўшиқ битиш унинг бутун борлиғи, ҳаётининг мазмуни эди. Шу боис юрак амри билан битган китобига ном қўйишда, миллат номини байроқ қилиб кўтаришда Расул Ҳамзатов рад қилиб бўлмайдиган донишмандона йўл тутади:
“Тоғликлар кўпинча ўғлига бобосининг исмини қўяди. Китобим – менинг фарзандим. Мен эса Доғистоннинг фарзандиман. Демак, китобимнинг номи – “ДОҒИСТОН”. Бундан ҳам мос, бундан ҳам чиройли, бундан ҳам аниқ ном бўлиши мумкинми? Элчини машинасидаги байроқчадан танийдилар, китобим – менинг ватаним. Ном ўша байроқча..”
Гўёки Расул Ҳамзатов миллий республикалар халқлари қалбида бир муддат қўрқув, таҳлика, иккиланиш ҳолатида турган фикрлар тўғонини бузиб, улар учун аждодларидан қутлуғ мерос – озод сўзга йўл очгандай эди. У машҳур “Менинг Доғистоним” асарида инсон ўз она тили, миллий қадриятларига энг мустаҳкам ришталар билан боғланганини, бу ришталарсиз унинг нафақат ўзлиги, балки инсоний қиёфаси ҳам йўқолиши мумкинлигини ҳам таъсирчан ва ибратли, шарқона ҳикматли воқеалар, ҳам мантиқ нуқтаи назаридан исботлаб бердики, ҳатто мустабид тузум мафкураси ҳам бу ҳаёт ҳақиқати олдида лол бўлиб қолди.
Расул Ҳамзатов ижодининг моҳияти, унинг ҳаётга бўлган муносабати, яъни эстетик принципи билан белгиланади. Шоир ижодидаги шарқона рубобийлик, гўзал самимият баробаридаги ёрқин образлилик ва ҳикматли таъбирнинг ўзбек адабиётига, хусусан, замонавий ўзбек шеъриятига ижобий таъсири беқиёсдир.
Шоирнинг фавқулодда юксак истеъдод ва бадиий маҳорат билан яратган, 1967 йилда эълон қилинган “Доғистоним” достони ижодининг чўққисидир. (Асарнинг иккинчи китобини 1971 йилда адабиёт мухлисларига тақдим этди.)
Мазкур асар миллий ўзликни англаш, она тилига муҳаббат, аждодларга эҳтиром нуқтаи назаридан ўз даврида фавқулодда юксак таъсирга эга бўлди. У бу асарида халқнинг миллий озодлиги йўлида етишиб чиққан, миллатни бирлаштирувчи сиймоларга катта ҳурмат билан қарайди. Ўша йилларда соҳибқирон Амир Темур шахси ҳақида нафақат ёзиш, ҳатто гапиришнинг ўзи ҳам хатарли эди. У “Менинг Доғистоним” асарида шундай ёзади:
“Қўмиқ овули ёнида Темур аскарлари билан кечган жангдан кейин ҳалок бўлган аскар чўнтагидан китоб топиб олишди. Китоб саҳифаларини варақлашди. Лекин тоғликлар орасида бу китобни ўқий оладиган киши топилмади. Шундан тоғликлар китобни йиртиб шамолга учирмоқчи ёки ёқиб юборишмоқчи бўлишди. Оқила ва жасур Парту-Фотимат олдинга чиқиб деди:
– Уни қуролдай авайлаб асрайлик!
– Бизга нима кераги бор? Барибир ҳеч қайсимиз уни ўқий олмаймиз.
– Биз китобни ўқий олмаганимиз билан, шундай вақт келадики, уни фарзандларимиз, невараларимиз ўқишади. Ахир унда нималар ёзилганини билмаймиз. Балки бу китобда бизнинг келажагимиз ёзилгандир.”
Амир Темур саводсиз, фақат босқинчилик билан шуғулланган қаттол бир шахс сифатида талқин қилинаётган бир даврда гарчи ортиқча изоҳларсиз бўлса-да “Менинг Доғистоним”дан ўрин олган парча, ундаги ҳар бир сўзга юкланган маънолар жуда кўп нарсани англатарди.
Шоир асарларига ўз халқининг миллий қаҳрамони Имом Шомил образини олиб киришда ҳам жуда мураккаб, изтиробли йўлларни босиб ўтади. Имом Шомилнинг “Менинг тоғликларим! Яланғоч ва пурвиқор чўққиларни дилдан севинг!” дея бошланувчи васиятларига содиқ қолган шоир унинг тарихий шахслар қаторида тоғликларнинг ғурури, иймони ва виждони, миллатнинг барҳаётлиги тимсоли, ахлоқий қадриятлар, миллий ўзликни сақловчи муҳим тимсоллардан бири даражасига кўтариб, Имом Шомил Доғистон халқи учун бирлаштирувчи куч эканлигини эътироф этади.
Собиқ иттифоқ ҳудудида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда “Доғистоним” асари таржимасига қўл урилди. Асарнинг дастлабки қисмлари шоир Э.Воҳидов томонидан ўзбек тилига ўгирилиб “Гулистон” журналининг 1968 йил 1-8 – сонларида чоп этилади. Кўриниб турибдики, “Доғистоним” дунё юзини кўрган 1967 йилдаёқ Э.Воҳидов унинг таржимасига қўл урган. Журналнинг 1-сонида таржимоннинг мухтасар сўз бошиси ҳам бор: “Чўққилари осмон ўпган Кавказ тоғларининг бағрида бир ўлка бор. Уни Доғистон дейдилар. Дўппидеккина бу ўлкада қирққа яқин тилда сўзлашадиган 1 миллион халқ яшайди. Расул ана шу халқнинг шоири, ана шу халқ шуҳратини бутун иттифоққа, балки бутун дунёга таратган шоир. “Доғистоним” шоирнинг биринчи насрий асари. Бунда у ўзи ҳақида, ўз халқи ва ўлкаси, унинг ўтмиши ва бугуни ҳақида, хуллас, замини ва замони ҳақидаги ўйларини ёзади. Халқнинг адабиётини ўрганиш – унинг ўзини ўрганиш деб бежиз айтмайдилар. Икки халқнинг бир-бири билан яқинлиги адабиётларининг яқинлигида намоён бўлади.Ўзбек ва Доғистон халқи ўртасида кўп яқинликлар бор. Ўтмишу бугунимиз, урф одатларимиз, ҳатто тилимизда ўхшашликлар кўп. Шунинг учун Расул Ҳамзатовнинг сатрларини ўзбек китобхони ўз ёзувчисининг асаридек ўқиши мумкин.”
Таржимон таъкидлаганидек, собиқ иттифоқ мафкураси “бу асарни ўзбек китобхони ўз ёзувчисининг асаридек ўқиши” дан чўчирди. Бу кул остида жоду таъсирида ётган Қақнусчаларни уйғотиб юбориши мумкин эди. Эҳтимол, бу асарнинг Доғистонда яратилиши собиқ иттифоқ учун у қадар хатарли эмасди, аммо унинг 3000 йилликдан ортиқ миллий давлатчиликка, Султон Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Бобур каби улуғ шахслар, жасур миллий саркардаларга, қадимий бой тарихга эга бўлган, Ибн Сино, Хоразмий, Беруний, Форобий, Бухорий, Нақшбандий, Мотуридий, Фарғоний, Навоий каби буюк аждодлари жаҳон тамаддуни ривожига беқиёс ҳисса қўшган ва собиқ қизил империя томонидан банди этилиб, “саводсиз миллат” сифатида таҳқирланиб келинган миллат қалбидаги ўзликни уйғотиб юбориши, тўғрироғи, куч бериши улар учун ниҳоятда хатарли эди. Расул Ҳамзатовнинг Шомил борасида ҳукмрон мафкура сингдирган қарашларининг буткул ўзгариб кетиши ҳам собиқ иттифоқ учун хавотирли эди.
“Менинг Доғистоним”да шоир виждони олдида ҳисоб беради. Ҳар бир мавзуга ниҳоятда талабчанлик ва ҳақгўйлик билан киришади. У бошидан ўтган азобли кунларини, хатоларини ўқувчисидан яширмайди. Ўз хатоларини мардларча тан олади: “Мени ҳозиргача яна бир виждон азоби қийнайди: гарчанд отам “Шомилга ҳеч қачон тил теккизма”, деган эса-да, мен аҳмоқ 1951 йилда бу улуғ ҳамюртимизни, рус босқинчиларига қарши курашга бошчилик қилган бу жасур инсонни айблаб, шеър ёзувдим, – дейди Расул Ҳамзатов. – Ўз ихтиёрим билан ёзувдим. Сабаби, онгим ўшандаги сиёсат билан шу қадар заҳарланган эдики, Шомилни, биласанми, ким деб талқин қилишарди у пайтлар – турк ва инглиз айғоқчиси. Унинг мақсади Кавказ халқлари ўртасида низо чиқариш бўлган деб, бетиним уқтиришарди… Шомил ҳақидаги ҳақиқатни билганимдан сўнг уни мадҳ этувчи каттакон шеър ёздим. Мени отам, ҳамюртларим, Шомилнинг арвоҳи кечирадими-йўқми – билмайман-у, аммо ўша илк шеърим учун ўзимни кечиролмайман!”
Ўша пайтда Расул Ҳамзатовнинг “Доғистоним” асарини ўқиган ҳар бир ўзбек қалбида гўёки бу дунёдан миллат озодлиги соғинчида армон билан ўтган, сўнгги нафасида ҳам эртанги ёруғ кунларга бўлган ишончи сўнмаган Чўлпон шивирлаб тургандай бўлган:

Тилинган тилларга қон югургуси,
Бўшалган инларга жонлар киргуси.
Тиканли боқчалар чечак кўргуси,
Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилгуси!..

Расул Ҳамзатов ижодий жасорати, юксак адабий маҳорати ўз навбатида ўзбек адабиётида миллий ўзликни англаш жараёнлари янада аланга олишига кучли таъсир кўрсатди. Буни биз атоқли ўзбек адиблари, Шукрулло, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева, Анвар Обиджон, Матназар Абдулҳаким, Азим Суюн, Муҳаммад Юсуф, Шавкат Раҳмон, Аъзам Ўктам каби кўплаб ижодкорлар асарлари мисолида кўришимиз мумкин. Бу борада гап кетганда, аввало, улар ижодидаги она тили, она юртга муҳаббат, шу асосда инсон эрки, ҳурлиги, миллий қадриятлари асосида миллатга барҳаётлик ва давомийлик бахш этувчи тарихий ҳақиқатлар, ривоятлар, анъаналар саодати ҳақидаги шеър­лар ­эътиборни тортади.
Назаримизда, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаси яралишида­ соҳибқирон Амир Темурнинг “Тузуклар”и, Расул Ҳамзатовнинг “Доғис­тоним”, Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” асарининг таъсири беқиёс бўлган.
“Доғистоним”даги ватан тарихи ва тилига муҳаббат, миллий ўзликни англаш ва топиш ниятида йўлга отланган улуғ йўловчининг изтироблари, бедор аламлари, ҳайқириқлари алангага айланиб, уни ўқиган китобхоннинг қалбига ўт туташарди. Юраги миллат дарди билан ёниб турган Эркин Воҳидов таржимасидаги “Доғистоним” асари билан танишган синчков китобхон ўзбек шоирининг қалби гўё асар муаллифи билан сирлашиб, дардлашиб, фарёд ураётганини ҳис қилади. Ўз ўрнида ўқувчи ҳамфикрликда ўйларини тафтиш қилади, уйғоқ виждони, имони миллий саодат қувончи ва изтироблари билан тўлиб тошади. Дардлари дос­тон бўлгудай шиддатли тўлқинлар ҳосил бўлади. Таъбир жоиз бўлса бу тизгинланган отнинг тушовини узишга бўлган чоғланиши эди. Эркин Воҳидов Расул Ҳамзатов кўнгил оғриқлари асносида ўзбек миллатининг буюк дарди билан ёнади. “Ўзбегим” дея ҳайқиради. Бу илк бор “Ўзбегим” шеърида ўкинч билан миллатга умидвор “Дунёда ҳамма халқ қизиққан – Гавҳардек бебаҳо от эдинг…” дея мурожаат қилган Чўлпон шеъриятидаги исённинг кўнгилга қайтиши эди.

Тарихингдир, минг асрлар,
Ичра пинҳон, ўзбегим.
Сенга тенгдош Помиру
Оқ соч Тиёншон, ўзбегим.

Сўйласин Афросиёбу
Сўйласин Ўрхун хати
Кўҳна тарих шодасида
Битта маржон, ўзбегим.

Таниқли олим, тарих фанлари доктори Ҳамид Зиёев таъбири билан айтганда: “Ўзбегим”нинг тарихий аҳамияти шундаки, у “ёв қочганда” эмас, ёв ҳали қочмасдан, балки қиличини қайраб турганда дунёга келди. У яратилганда собиқ коммунистик партиянинг улуғ миллатчилик ва тоталитар сиёсати ҳукм сурар, миллий ҳис-туйғулар, ўз-ўзини англаш, она юрти билан ғурурланиш ва фахрланиш сингари миллий манфаатлар эса ҳибсда эди.” “Ўзбегим” қасидаси эълон қилинганидан сўнг шоирнинг қувончга қоришган изтиробли кунлари бошланади…
Шу даврда ўзбек адабиёти ҳам янги бир эврилиш жараёнини бошидан кечиради. Бу нафақат ўзлик, балки ўзлик ва озодлик истагидаги тафаккурнинг тўлғоғи эди. Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаси қалбларни чақмоқдек уйғотиб юборган бўлса, Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” қасидаси бу чақмоқнинг тобора кучайиб, ёрқинроқ, қудратлироқ садо бераётганини намоён этади. “Ўзбегим”нинг оташин руҳи уйғотган юрак­лардаги миллий ватанпарварликни “Ўзбекистон Ватаним маним” деган ўтли нидо янада алангалатди.
Расул Ҳамзатов ижоди учун характерли бўлган хусусият унинг ҳаётий фалсафа билан уйғунлашган исёнкор руҳи ва жозибали бадииятидир.Шоир ижоди учун хос бўлган бу юксак идеал тарих ва ҳаёт ҳақиқатлари силсиласида синовдан ўтган ва шаклланган тамойиллар эди.
Ўтган асрнинг 60-70 йилларида исёнкор шоирлар ижодида тил мавзуси кескин тус олди. Боболардан мерос, киндик қони томган табаррук тупроқ, унинг минг йилликларга бориб тақаладиган тарихи, миллий қадриятлари очиқ талқин этила бошлади. Она тили ҳақидаги шеърлардаги исёнкорлик руҳи, чуқур фалсафий йўналиш мумтоз адабиётимиз билан бир қаторда Расул Ҳамзатов яратган кенг кўламли ижодий меросга, лирикага бориб туташади. Шоир “Менинг Доғистоним” асарида она тили ҳақида шундай дейди: “Азиз она тилим! Сен менинг хазинамсан, бойлигимсан. Қора кунга асраган эҳтиёт мулкимсан. Сен мени ҳар қандай дарддан халос қилувчи шифобахш малҳамсан. Инсонда шоир қалби бўлсаю, ўзи соқов бўлса, бундай инсоннинг дунёга келмагани маъқул. Менинг қалбим қўшиққа тўла, бахтимга овозим ҳам бор. Менинг овозим сенсан, азиз авар тилим! Сен мени гўдакдек қўлимдан етаклаб, кичкина овулимдан катта дунёга олиб чиқдинг ва мен дунёга ўз она халқим, қадрдон ўлкам ҳақида баралла куйладим. Сен мени улуғ рус тилига яқин қилдинг. Бу тил мени иккинчи қўлимдан етаклаб жаҳон эллари бўйлаб кездирди. Мен бу улуғ тилдан доимо миннатдорман. У менга худди ўша сут берган энагамдай азиз. Лекин ҳеч қачон унутмайманки, менинг ўз она тилим бор. Негаки, ўчоққа ўт ёқиш учун қўшнидан гугурт сўраш мумкин. Лекин юрак ўтини ёндириш учун дўстлардан олов олиб бўлмайди. Шоир “Она тилим” шеърида шундай сатрларни битади:

…Авар сўзин тинглаб кирди менга жон,
Оҳиста тирилдим ва шунда билдим:
Мени тузатолмас ҳеч дори-дармон,
Жонимга масихдир шу она тилим.
Майли, ким қай тилдан завқу шавқ олса,
Менинг ўз тилимга минг жоним фидо.
Эрта она тилим агар йўқолса,
Мен бугун ўлишга бўлурман ризо.

Таниқли адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошевнинг фикрича, “Шоир билади: авар тили жаҳон тили бўла олмайди, у халқаро тил сифатида тан ҳам олинган эмас, кўп сонли миллатнинг тили бўлмаганлиги учунгина буюк деб аталадиган забонлар сирасига кира олмайди. Лекин лирик қаҳрамон учун барибир, авар тили энг суюк, энг буюк тиллигича қолаверади.Чунки у она тилидир.Чунки бу тилда унинг халқи сўзлашади.Чунки шу тилда унга алла айтилган. Шу тилдаги қўшиқларни тинг­лаб, эртакларни эшитиб, мақоллардан маънолар ўзлаштириб улғайган.Ўзининг энг покиза, мўътабар туйғуларини шу тилда ифодалай олади.Шу тилда баён этади севгини, нафратни. Жаҳондаги барча буюк тиллар жам бўлганда ҳам, шоир учун фикру туйғуларни ифодалашда она тиличалик бўла олмайди.Чунки ўзга тиллар унга бегона. Ватанни танлаб бўлмаганидек, тилни ҳам танлаб бўлмас.Чин она тилининг буюклигини исботлаш учун интилиш асл фарзанднинг бурчи”.
Расул Ҳамзатов учун бу улуғ бурч ижодининг олий мақсади мақомига чиққанганлиги учун ҳам унинг асарлари ўзи ёниб куйлаган “оқ турналар” каби тинчлик ва эзгулик, меҳр ва муҳаббат элчиси сифатида эрксевар инсонларни бирлаштирди. Миллатнинг энг асосий рамзларидан бири, қудрат манбаи бўлган муқаддас она тилининг қадр-қимматини эъзозлаш, уни ватан ва она каби улуғлаш ўзбек адабиётнинг бош мавзусига айланишида ватанимизда Ўзбекистон халқ шоирлари Шукрулло, Э.Воҳидов, А.Орипов, Р.Парфи, Ҳ.Худойбердиеваларнинг ҳиссаси беқиёс бўлди. Ёш авлодга она ватан, ота макон, она халқининг буюклигини англатиш учун адабиёт кураш майдонига, қалам эса қуролга айланди.

Нотиқ деди: “Тақдир шул,
Бу жаҳоний ирода.
Тиллар йўқолур буткул,
Бир тил қолур дунёда”.
“Эй воиз, пастга тушгин,
Бу гап чиқди қаердан!”
Навоий билан Пушкин
Туриб келди қабрдан.
“Ваъзингни қўй, биродар,
Сен айтганинг бўлмайди”.
Барча деди баробар:
“Она тилим ўлмайди”.

Гарчи Эркин Воҳидов мустабид тузум тазйиқи остида мазкур шеърга дунёвий ижтимоий руҳ беришга ҳаракат қилган бўлса-да, шеър: “Олам айтар: Ҳеч қачон Она тилим ўлмайди!” қабилида якунланишининг ўзиёқ ўша давр учун чинакам исён эди.
Э.Воҳидов 1959 йилда ёзган “Она тупроқ” шеърида “Ўз муборак тупроғин инсон, Ёт назардан сақлаб ҳар нафас, Уни қучиб фидо этди жон, Қони билан қилди муқаддас” деса, 1964 йилда ёзилган “Шеър ва шахмат” шеърида рамзий маънода,“Шахмат тахтасида, шеър майдонида Ғоялар кураши этади давом” дейди.
Шукруллонинг “Жавоҳирлар сандиғи” асари, Э.Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаси, “Она тилим ўлмайди”, А.Ориповнинг “Она тилимга”, Р.Парфининг “Она тилим” шеърларида ўзбек тупроғи, ўзбек халқи ва ўзбек тили улуғланди. Аслида бу ўзликни билишга, қадрлашга, асраб авайлашга даъват эди. Оқибатда миллат дардида куйган шоирларга “миллатчи” деган қора доғ чапланди.
Суҳбатлардан бирида Э.Воҳидов, “Нега рус кишиси “Менинг Россиям”, “Менинг рус халқим” деб бемалол айта оладию, мен “Ўзбегим” деб айтсам, миллатчи саналаман? Мен Сергей Есенинни бежиз таржима қилмаганман. Нега энди мен “Ўзбегим” деб айтолмаслигим керак? Нега шундай деган одам миллатчи аталиши керак?” деган эди.
“Ёруғ дунёга келган инсон бор экан, инсон бўлиб туғилган экан, инсон ҳақлари, инсон ҳуқуқи бордир. Инсон ҳуқуқи – шеърият ҳуқуқи. Инсон ва табиат уйғунлиги абадий, табиат тартиботи ўзгармас, аммо инсон табиати ўзгарувчандир. Мувозанат бузилган жойда жаҳолат фикр оламини зулматга чулғайди, қонга булғайди. Муборак уйғунлик йўлида жафо чекканларнинг карвонбошилари шоирлардир, эҳтимол…”, деб ёзганди Рауф Парфи.
Абдулла Ориповнинг “Она тилимга” шеъри, унинг қатларига яширинган миллат руҳияти, қалбига таъсир қиладиган, бу жараёнда уйғотадиган тагдор маъноларни ўқир эканмиз, ҳайратланамиз. Ана ўша шеърият ҳуқуқи асносида шоир мустабид тузумга мурожаат қилади: “Мен минг йиллардирки булбул бўлиб ўз тилида ўзлик қўшиғини айтиб келаётган миллат фарзандиман, мен асло айтган сўзингни такрорлайдиган тўти эмасман, менинг ўз она тилим бор, шу тилда шеър айтаман, тилим йўқоладиган бўлса тўтига айланиб қоламан”. Шеър моҳиятида ўжар шоирнинг “барибир мени тўти қилолмайсан”, деган исёнкор нафаси бор эди:

Минг йилларки булбул каломи,
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.

Лекин шўрлик тўтининг ҳоли,
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.

Она тилим ўзинг бор шаксиз,
Булбул куйин шеърга соламан.

Сен йўқолган кунинг шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.

Ҳа, тил миллатнинг ўтмиши, бугуни ва келажагидир. Миллий ўзликни англаш ва миллий ғурур ҳам аввало, она тилига муносабатда шаклланади. Машҳур Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида “Инсондан азизроқ нарса бор – бу унинг ўзлигидир” дейилади.
Гўдак бешикдан она алласи, демак она тили таъсирида улғаяди ва камол топади. Кўнгилни кўтаргувчи ҳам, тўлдиргувчи ҳам Ватан меҳри ва Ватан тилидир. Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфининг 1965 йилда ёзилган “Она тилим” шеърини ўқир эканмиз, Расул Ҳамзатов шеъриятининг дарддош ва сирдош дўстдай ошино туғёнларини юракдан ҳис қиламиз:

Абут-Турк тарихдан балки биҳикмат
Бироқ сен борсан-ку Турон элинда.
Шоир, Сўз айтмакка сен шошма фақат,
Улуғ Алишернинг қутлуғ тилинда.

Шоир қалбидаги энг муқаддас ҳис туйғулар “Улуғ Алишернинг қутлуғ тилинда” китобхон қалбига ҳам кўчиб ўтади. Унинг “руҳининг қонида”, қалбида туғён уйғотади, ёлқин бўлиб ёнади.Тил – шоир учун жон қадар, ҳақиқат қадар азиз ва қадрли:

Ҳеч зот уза билмас узилган жонни,
Ҳақиқатни уза билмас ҳеч қачон.
Элим, она тилим, руҳимнинг қони,
Бир имдод сўрайман сендан, онажон.

Рауф Парфи она тилини “Туркий Дунёнинг ғолиб хаёли”га, демак, ҳеч қачон енгилмас кучга қиёслайди. Аслида тилнинг руҳнинг қонига, “Абут Турк тарихи”га, “ғолиб хаёл”га ўхшатилиши шунчаки чиройли ташбеҳ эмас. Балки, унинг курашларда тобланган мардонаворлигини, исёнкорлигини таъкидловчи, занжирбандликдан қутулишига ишонган шоирнинг қалб қаъридан отилиб чиққан ўтли нидодир:

…Менинг она тилим, мунис, меҳрибон,
Тангрининг, Абаднинг ғолиб хаёли –
Сени ёзажакман, тирилган жаҳон.
Занжирбандман, она тилим Она Сўзингга,
Кундайин сўларман, ойдек тўларман,
Мил каби тортарман Сени кўзимга.

Бу ўзини она тили “кундай сўлишга” маҳкум, орзулари, умидлари “занжирбанд” этилган шу жафокаш элнинг фарзанди деб ҳисоблайдиган ҳар бир кишининг қалб даъвати эканлигини англатади.
Расул Ҳамзатов ёзади: “Олис Туркия заминида жонажон Доғис­тонимнинг бир сиқим тупроғини ушлаган кўйи хаёлга чўмдим. Шу бир сиқим тупроқда Гуниб, Чиркей, Ахтах, Қўмиқ, Хунзах, Цада, Цунда, Чарада ва бошқа овулларимизни кўргандай бўлдим. Бу менинг тупроғим. У ҳақда кўп ёздим ва бундан кейин ҳам ёзаман. Энди бу заминни эски ҳикояда сўзланганидай чакмон билан бекитиб бўлмайди”.
Миллат маънавиятининг юксалиши умум тамаддуний тараққиёт даражаси билан қанчалик узвий боғлиқ бўлса, тамаддун ривожланиши ҳам шунчалик маънавият равнақига боғлиқдир. Ҳар қандай даврда миллий қадриятларни нафақат асраб қолиш, балки ривожлантириш ва ҳаётга татбиқ этиш билангина маънавий барқарорликка эришиш мумкин. Ҳар бир миллат учун Она тили унинг миллий ўзлигини намоён этгувчи энг бебаҳо қадриятдир. Она тилида сўзлашиш ва унинг улуғворлигини юракдан ҳис қилиш инсоннинг ўз қалбини, ўзлигини, миллий ғурурини мустаҳкамловчи мўъжизавий қудратдир. Уларнинг яралишида ижодкорларнинг маҳорати ва шахсий услуб қирралари билан бир қаторда она тилига эътиқоди, уни асраш йўлидаги курашлари ўз ифодасини топган.Бу шеърлар замирида шоирларнинг эстетик идеали, она тилига муносабат орқали давр ва жамият, замон ва макон, ўтмиш ва келажак ҳақидаги қарашлари, фикрлари мужассам. Бу асарларнинг тилида ҳам, моҳиятида ҳам миллий ўзига хослик ниҳоятда кучли ва бетакрор. Бу шеърлар миллат ёшларининг она тилининг софлиги ва қадр-қиммати учун курашга чорлайди, бунга бурчли эканлигини англатади.
Илдизларидан баҳра олмаган ҳар қандай дарахт ҳалокатга юз тутади. Улуғ аждодларимиз ҳаётини, бой маънавий меросимизни, ҳикмат дурдоналарини ўрганиш орқали биз ўзлигимизни топамиз, ўзлигимиз – кимлигимизни янада чуқурроқ билиб борамиз. Битта эртак йўқолиб кетиш арафасидаги бутун бошли миллатни сақлаб қолиши, битта ҳикмат ёв олдида ожиз қолган миллатни енгилмас кучга айлантиришга қодирдир.
“Ватансиз Сўз йўқдир, дейди машҳур адиб Чингиз Айтматов, – Инсон Оллоҳга ибодати вақтида ҳам сирли бир умид билан унинг овозини тинглашга чоғланаркан, аввало, ўзининг сўзида ўзини эшитади. Сўз бизнинг вужудимиздадир. Биздан йироқлашиб ва яна бизга қайтиб, туғилганимиздан то ўлимимизга қадар миннатсиз хизмат қилади. Сўз борлиқнинг руҳини, коинотнинг чексизлигини билдириб туради. Бу ҳол ҳали ҳозирча билимларимиздан ташқари биз фақат буни Сўзнинг сеҳридан деб хаёл қиламиз. Шу билан бир вақтда Сўз ҳар қачон шахсиятимизнинг айни тамғаланган фото нусхасидир”.
Ҳа, улуғ адиб айтгандай “Ватансиз Сўз йўқдир”, шу билан бирга сўзсиз, ҳақ сўзсиз Ватан ҳам унинг эрки саодати, тинчлигу фаровонлиги, эртаси ҳам йўқдир. Ана шу маънода Сўз инсониятнинг улуғ мақсадларига хизмат қилади. Ҳақ сўзни қадрлаб, шоирлар қадр топади, Ҳақ сўз билан шоирлар миллатини қадр топтиради.
Миллий ифтихор миллий ўзликни англашнинг бир кўринишидир. ­Миллий онг, миллий ғурур ўз халқининг тарихи, маънавий қадрият­ларини, она заминнинг имкониятларини ва истиқболини билиш ва қадрлаш, фахр­ланиш, миллат манфаатларини амалга оширишга ҳаракат қилиш билан боғлиқ фазилатлардир. Миллий ғурур, асл ватанпарварлик миллий онгнинг шундай муҳим томоники, у кишиларни нафақат Ватанни севиш, миллий қадриятларни асрашга, балки ўз кучи, қобилияти ва истеъдодини миллий манфаатлар йўлида сарфлашга чақиради. Расул Ҳамзатов: “Битмаган китобим – минмаган отим, қинидан суғурмаган ханжарим”, дейди.
“Қадрдоним Цада! – дейди у “Менинг Доғистоним” китобида, –Ҳиндистоннинг серҳашам ибодатхоналари, Мисрнинг юксак эҳромлари, Италиянинг чил устунлари мени кечирсинлар. Американинг осмонўпар бинолари, Парижнинг хиёбонлари, Англиянинг томошабоғлари, Швейцариянинг тоғлари мени кечирсинлар… Цада! Сенинг ўтлоқларингни кезсам сарпойчанг оёқларимни шудринг томчилари ювади. Шаффоф булоқларингдан тўйиб симираман… Ечинаман ва шалола тагига бориб тураман. Шалола тошдан тошга урилиб сачраб, саккиз поғонани босиб, охири менинг елкамга тушади. Парижнинг “Қирол саройи” деб аталган меҳмонхонасидаги душ менинг шалолам қаршисида бир елим ўйинчоқ. Тоғ дарёсидан оқиб тушган сувнинг бир қисми иссиқ тошлар орасида тўхтаб кун бўйи илийди. Лондоннинг “Метрополь” меҳмонхонасидаги кўм-кўк ванна менинг бу ажойиб ванналарим олдида сопол товоққа ўхшайди…”
Расул Ҳамзатовни дунёдаги ҳар бир шоир ўқийди. У ижодкорларга миллат ва Ватанни севишни ўргатадиган муаллимга ўхшайди. Ватанга муҳаббат ҳар бир шоир юрагида бор, лекин бир томчи сув кўл сатҳини жимирлатишга қодирлиги каби, бу шоир фикрлари, шеърлари кўнгил тубидаги энг оташин туйғуларни уйғотишга қодирдир. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг машҳур “Ўзбекистон” шеърини ўқиган китобхон, Расул Ҳамзатовнинг буюк уйғотувчи шамоли эпкинларини ҳис қилгандай бўлади:

О, отамаконим,
Онажон ўлкам,
Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.
Сендай меҳрибон йўқ,
Сенингдек кўркам,
Римни алишмасман бедапоянгга.
…Кўрдим сулувларнинг энг фарангларин,
Ё худбинман, ё бир соддакасман мен:
Парижнинг энг гўзал ресторанларин
Битта тандирингга алишмасман мен…

Расул Ҳамзатов Ўзбекистонни катта қалб билан яхши кўрарди. Она юртимиз бошига оғир кунлар тушганида ҳам у ўз ҳамдардлигини билдирган. Уни ўзбек халқи ўз фарзандидай яхши кўришини ҳам биларди. Мен 2018 йил Доғистонда шоирнинг 95 йиллик тўйи муносабати билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда сўзга чиқиб айтган сўзларимни яна такрорламоқчиман: “Қадрли доғистонликлар, биламан, Сизлар Расул Ҳамзатовни яхши кўрасизлар, биз ўзбекистонликлар ҳам уни яхши кўрамиз. Аммо шуни айтишни хоҳлардимки, бизнинг муҳаббатимиз сизникидан кучлироқ бўлса кучлики, аммо кам эмас!”
“…Ўзбекистонда жудаям оз бўлганман. Таассуротларим эса бир умрли. Қадимий обидалар! …Самарқанд! Бухоро! Такрорланмас мусиқа! …Мен учун энг яхши жой – дўстларим кўп бўлган ер. Мен учун Ўзбекистон ана шундай азиз замин. Ғафур Ғуломникида меҳмон бўлганман. Ойбек билан яқин эдим, Мирмуҳсину Рамз Бобожон билан турли анжуманларда кўришиб турардик. Улкан тақдирли, иродали ва умуман хислатлари беҳисоб Зулфияхонимни мудом эъзозлайман. Шукрулло қадрдон дўстим. Ўзбекистон шеъру қўшиққа бой диёр, айниқса, мумтоз шеъриятни юксак қадрлашларингга ҳавасим келади”.
“Расул шеъриятининг уйғотадиган қайғудошлик ҳисси туфайли одамларнинг ўзлари гўё шоир бўлиб кетадилар, – деб ёзганди атоқли адиб Чингиз Айтматов, – Расул ҳақиқий халқ шоиридир, у бу оламдаги инсонларни ва инсонлардаги оламларни кашф қилади. Ушбу кашфиётлар орқали биз ўз-ўзимизни ва бир-биримизни янада яхшироқ кўра бошлаймиз – унинг шеърияти одамларни бахт, ижтимоий адолат, инсонпарварлик йўлида ягона интилишга ундайди, бирлаштиради”.
Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” асари, унинг боқий шеър­лари менинг наздимда буюк дорилфунунга ўхшайди. У ҳамиша ҳар бир миллатни ўз эрки, нафақат моддий, маънавий қўрғонлари, тили, маданияти, урф-одатлари, бир сўз билан айтганда миллий ўзлигига содиқ қолишини ёқлайди, борлиғини шу улуғ ишга бахшида айлашни шараф деб билади, уни ҳимоя қилади.У ер юзи халқларини табиат қонунларига мос равишда ўз ҳуқуқларини англаган ҳолда бир бўстондаги турфа гуллардай ўзлигини севган, сақлаган ҳолда яшашга даъват қилади. Бу дорилфунун ҳамиша миллий адабиётлар ривожига, шеърият тараққиётига, ижодкор шахси тарбиясига хизмат қилади. Зеро, қуёш ҳар куни уфққа бош қўймасин, унинг юзини ҳар қанча қора булутлар тўсмасин, у ҳар тонгда фалакка, тўғрироғи, юракка қайтаверади. Шоир нафақат ўз миллати, балки ер юзидаги барча халқларга ўша оппоқ тонгни соғиниб яшади. Расул Ҳамзатов ХХ асрда том маънода Озод Сўз ҳуқуқига эга адабиёт ярата олган буюк шоир сифатида жаҳон адабиётидан, демакки, сайёрамиз халқлари юрагидан муносиб жой олди.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 10-сон