5 июнь куни Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида “5-июнь Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни” ҳамда БМТ Бош ассамблеяси томонидан “Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар зонаси” махсус резолюциясини қабул қилиниши муносабати билан “Ривожланаётган Оролбўйи минтақаси дунё ҳамжамияти нигоҳида” мавзусида Халқаро анжуман ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмитаси, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Германиянинг Халқаро тараққиёт жамияти ваколатхонаси ва бошқа халқаро ва миллий ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлари билан Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда ҳимоя ўрмонзорларини барпо этилаётгани, коллектор-дренаж сувлари шохобчалари тизимини яхшилаш, Оролбўйи аҳолисининг турмуш даражасини ошириш бўйича лойиҳалар амалга оширилаётгани, Нукус, Урганч ва Хива атрофида «яшил белбоғ»лар барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар давом этаётгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, тадбирда Оролнинг қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларда амалга оширилган ўрмон мелиорация ишлари, Оролбўйи ҳудудидаги янги экологик инновациялар, Жанубий Оролбўйида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси амалга ошираётган ишлар, «EcoAral» лойиҳаси, Оролбўйи ҳудудининг туристик салоҳияти ҳақида ҳам аълумот берилди.
Оролнинг қуриб қолган ҳудудида саксовул ва бошқа шўрга чидамли ўсимликлардан иборат бутазорлар барпо этиш, ҳудудда яшаётган аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, жамоатчилик эътиборини экологик муаммолар ечимига қаратиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг жалб этиш бу тадбирнинг ҳам асосий мақсади бўлди.
Аввалроқ “Мўйноққа мадад” экологик хайрия веломарафонида Мўйноқ туманидаги “Алиовул” қишлоғини обод қилиш учун 2 млрд сўм хайрия маблағлари йиғилгани ҳақида хабар қилинган эди.