Ўзбекистон миллий университети раҳбариятининг расмий таклифига биноан Шимолий Каролина университети (АҚШ) Биокимё ва биофизика профессори, 2015 йил Нобель мукофоти совриндори Азиз Санжар 2018 йилнинг 15-22 октябр кунлари Ўзбекистон ташриф буюрмоқда.
Ташриф давмида профессор молекуляр биология соҳасида фаолият кўрсатаётган мутахассислар билан тажриба алмашади ҳамда республиканинг ёш олимларини инновацион илмий-тадқиқот фаолияти билан танишади.
Ташрифнинг давомида профессор Азиз Санжар Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ахмет Башар Шен, ЎзМУ ректори Авазжон Марахимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов билан учрашади.
Ўзбекистон Миллий Университетида “Азиз Санжар: сарҳадсиз билим ичра кечган ҳаёт” деб номланган халқаро илми анжуман ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда республика ҳамда хорижий давлатлардан етакчи олимлар, Ўзбекистон Фанлар Академияси, вазирликлар ва элчихоналар вакиллари иштирок этади. Конференция доирасида профессор Азиз Санжар ЎзМУ Фахрий доктори унвони тақдим этилади. Азиз Санжар Ўзбекистон илм аҳли олдида чиқиш қилиши кўзда тутилган.
Ташриф давомида профессор Азиз Санжар бакалавриат, магистратура, докторантура таҳсил олувчилари ва тадқиқотчиларга “ДНКнинг тикланиши, саратон ва кимёвий даволаш” мавзусида онлайн маъруза ўтади. Мазкур маъруза республиканинг барча ОТМлари видеоконференция студияларида трансляция қилинади.
Шунингдек, профессор Азиз Санжарнинг “Фан ва миллий тараққиёт” мавзусида Ўзбекистон ёш олимларига мурожаати режалаштирилган. Сўнгра, олим ЎзМУнинг Тармоқлараро молекуляр биология лабораториясининг очилиш маросимида иштирок этади.
Шу йилнинг 18-21 октябр кунлари профессор Азиз Санжар Урганч, Хива, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг тарихий меъморий обидаларини зиёрат қилиш учун ташриф буюради.