Муҳаммад Саид Муҳаммад ал-Лаватий: “Олис Ўмон – Ўзбекистоннинг яқин ҳамкори”

Арабистон яриморолининг жануби-шарқида жойлашган Ўмон давлатида азалдан савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик тараққий этган, маданият ва санъат нашъу намо топган. Тарихан Буюк ипак йўлида жойлашган мамлакат XXI асрда дунё давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга интилмоқда. 18 ноябрь – Ўмон Султонлигининг миллий байрами арафасида ушбу мамлакатнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Саид Муҳаммад ал-Лаватий билан суҳбатлашдик.

 

– Элчи жаноблари, аввало, мамлакатингиз ҳаётидаги муҳим сана – миллий байрам билан самимий қутлаймиз.

– Ташаккур! Бу йилги байрам биз учун ғоят қадрли. Чунки биз Ўмон Султони Қобус бин Саъид аълоҳазратларининг таваллуд кунини ҳамда у зотнинг Германияда узоқ муддат даволаниб, ватанга соғ-саломат қайтганини байрам қилмоқдамиз. Яъни бу Ўмон халқи учун қўшалоқ байрамдир.

– Жорий йил 15 сентябрь куни савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Ўмон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Ҳукуматлараро йиғилиш якунлари, умуман, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати хусусида сўзлаб берсангиз.

– Ҳукуматлараро комиссия мажлисида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари ҳақида сўз юритилди. Хусусан, савдо, сармоя, банк-молия, транспорт ва транспорт коммуникациялари, фан ва маданият, логистика, сайёҳлик, озиқ-овқат саноати каби соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.  Қолаверса, Ўмон Ташқи ишлар вазирлиги бош котиби Саид Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ташқи ишлар вазирликлари сиёсий маслаҳатлашувлари ҳам бўлиб ўтди.

Ҳамкорлигимиз турли жабҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий йўналишда изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов жаноби олийларининг Ўмонга 2009 йил октябрдаги ташрифидан кейин қўшма инвестициявий фонд таъсис этилган эди. Айни пайтда 100 миллион АҚШ долларилик капиталга эга фонд Ўмон сармояларини Ўзбекистонга жалб этиш чораларини кўрмоқда. Демак, Ўмон сармояси миқдори бундан-да ошишига умид қилиш мумкин.

Лекин ўзаро товар айрибошлаш кўрсаткичи кўнгилдагидек эмас. Негаки, икки давлат ўртасида ўзаро транспорт қатнови яхши йўлга қўйилмаган. Хабарингиз бор, 2011 йилда Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон–Ўмон темир йўл коридорини ишга тушириш бўйича битим имзоланган. Айни пайтда лойиҳа иштирокчилари транзит тарифларини камайтириш бўйича музокара олиб бормоқда. Ушбу лойиҳа Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон билан Ўмон ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон Президентининг Ўмон Султонлигига ташрифи пайти Тошкент ва Масқатда элчихоналар очишга келишиб олинган эди. Келишувга мувофиқ, биз Ўзбекистон пойтахтида элчихона очдик. Айни пайтда биз Ўзбекистон томонидан шундай қадам қўйилишини кутиб турибмиз. Умид қиламизки, Ўзбекистон ҳам яқин муддатда ваъдаси устидан чиқади.

– Кейинги йилларда маданий-гуманитар алоқалар ҳам жонланди. 2008-2013 йилларда Ўзбекистонга Ўмон Таълим вазири Яҳё бин Сауд ал-Сулаймий, Олий таълим вазири Ровия бинт Сауд ал-Бусаидия ташриф буюргани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Қолаверса, Ўмон Султонлиги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази кутубхонаси биноси қурилишида ҳам иштирок этмоқда. Мазкур иншоот қурилиши қачон якунланади?

– Ўзаро шартномага мувофиқ, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари маркази кутубхонаси биносини қуриш ҳаракатлари бошлаб юборилган. Бу мақсадда Султон аълоҳазратлари томонидан 20 миллион АҚШ долларидан кўпроқ грант ажратилган. Кутубхона биноси келгуси йил очилиши режалаштирилган. Ушбу маънавият ва маърифат маскани халқларимиз дўстлиги рамзи бўлишига ишончим комил.

Маданий-гуманитар соҳада алоқалар хусусида сўз бораркан, 2014 йил сентябрда Тошкентда “Олис ва яқин Ўмон” номли кўргазма ташкил этганимиз ва ушбу тадбир Ўзбекистонда катта қизиқиш уйғотганини таъкидлашни истардим. Бундан ташқари, ўтган йили Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси журналистларининг Ўмонга сафарини ташкиллаштирдик. Тележурналистлар мамлакатимиз ҳақида ҳужжатли фильм суратга олишди.

Айни пайтда эса Султон Қобус аълоҳазратларига бағишланган “Тахтдаги ислоҳотчи” номли китоб араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинмоқда. Дунёнинг бир неча тилига таржима қилинган ушбу асар ўзбек китобхонларига ҳам маъқул бўлади деган умиддаман.

– Ўмонда 1994 йили минтақа давлатлари орасида биринчи бўлиб хотин-қизларга сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи берилган эди. Мамлакат ҳукумати ва қонун чиқарувчи идорасида ҳам аёллар фаолият юритиб келмоқда. Жорий йил 25 октябрь куни бўлиб ўтган Ўмон парламентининг қуйи палатаси – Маслаҳат Кенгашига (Мажлис ал-Шўро) сайлов натижалари хусусида маълумот берсангиз. Парламентнинг янги таркибида ҳам аёл депутатлар борми?

– Парламентнинг қуйи палатаси сайлови ташкилий жиҳатдан юқори савияда ўтди. Муҳим сиёсий тадбирда электорат – сайловчилар ҳам фаол иштирок этди. Депутатлик учун 20 нафар аёл курашган бўлса, улардан биттаси Маслаҳат Кенгаши аъзолигига сайланди. Бу галги сайловда ижтимоий келиб чиқиши ва мавқеидан қатъи назар барча номзодлар иқтидори ва салоҳиятига кўра муносиб овоз олди. Бунинг тасдиғи шуки, 25 октябрь кунги сайловда такси ҳайдовчиси ҳам электоратнинг кўпчилик овозини олиб, депутатлик мандатига эга бўлди. Яна бир эътиборга молик жиҳат шундан иборатки, Маслаҳат Кенгаши раиси иккинчи бор депутатларнинг махфий овоз бериши орқали сайланди. Авваллари парламент қуйи палатаси раҳбари Султон аълоҳазратлари томонидан тайинланар эди. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Маслаҳат Кенгаши депутатлари 21 ёшга тўлган, сайлаш ҳуқуқига эга фуқаролар томонидан мамлакатимизнинг турли вилоятлари вакиллари орасидан 4 йил муддатга сайланади. Дарвоқе, яқин муддатда Ўмон парламентининг юқори палатаси – Давлат Кенгаши таркиби ҳам шакллантирилади.

– Сўнгги йилларда Ўмон минтақадаги долзарб масалаларни ҳал этишда мунтазам иштирок этмоқда. Расмий Масқат Эрон ва Ғарб давлатлари ўртасида келишувга эришишда фаоллик кўрсатди. Дунёнинг оғриқли муаммоси бўлиб турган Сурия ва Яман масаласида ҳам Ўмон ўз воситачилигини таклиф этмоқда. Мамлакатингиз ушбу икки ихтилофни бартараф этишда қайси йўлни ёқлайди?

– Ўмоннинг сиёсати ўтмишда ҳам, бугун ҳам турли давлатлар билан ўзаро ҳурмат, ички ишларга аралашмаслик, яхши қўшнилик муносабатларини қадрлаш, келишмовчилик ва низоларни музокара йўли билан ҳал этишга қаратилган. Султонликнинг кучига куч, қувватига қувват қўшадиган яна бир жиҳат шуки, Ўмон билан бошқа бирор давлат ўртасида низо ёки келишмовчилик мавжуд эмас. Шу боис қўшни давлатлар ҳамда халқаро ҳамжамияти долзарб музокараларда Ўмонга ишонч билдирмоқда. Тўғри таъкидлаганингиздек, мамлакатимиз Эрон масаласи бўйича 5+1 форматида келишувга эришишда катта ҳисса қўшди.

Ўмон Суриядаги зиддиятни музокаралар йўли билан ҳал этиш йўлида жонбозлик кўрсатмоқда. Мамлакатимиз ушбу ихтилофнинг дастлабки босқичидаёқ Суриянинг Араб давлатлари лигасидан четлатилиши хато эканини таъкидлаган эди. Жорий йил октябрда Ўмон Ташқи ишларга масъул вазири Юсуф бин Алавий Дамашқда Сурия етакчиси Башар Асад билан учрашди. Аввалроқ Масқатга Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Муаллим ҳамда мухолифат вакиллари келди. Яъни биз бир пайтнинг ўзида Сурия раҳбарияти ҳамда унга мухолиф кучлар билан зиддиятни тинч йўл билан ҳал этиш борасида музокаралар олиб бормоқдамиз.

Ўмон раҳбарияти яқин қўшни бўлган Яманда тинчлик ўрнатиш борасида ҳам фаол ҳаракат қилиб келмоқда. Биз айрим қўшни давлатларнинг Яманда қуролли ҳаракат амалга оширганини ёқламаймиз. Ўмон тарихга Яманга қуролли ҳамла уюштирган мамлакат сифатида киришни истамайди. Султонлик томонларни зиддиятни дипломатия йўли билан ҳал этишга чақиради ва бу борада қўлидан келган чора-тадбирларни амалга оширади. Ушбу жараёнда БМТ ҳам амалий натижаларга эришади деган умиддаман.

– Ўмон минтақанинг тез суръатда ривожланаётган мамлакатлари сирасига киради. Айни пайтда мамлакатингиз энергия ресурслари экспорти билан чекланиб қолмай, иқтисодиётни диверсификациялашга интилмоқда. Айтинг-чи, иқтисодий тараққиётини таъмин этган асосий омиллар нималардан иборат?

– Барқарорлик ва миллатларнинг тотувлиги иқтисодий тараққиёт ҳамда фаровонликнинг бирламчи омили саналади. Кўплаб давлатларда мазҳаблар, эътиқодлар кураши кечаётган бир паллада, Аллоҳга шукрлар бўлсинки, Ўмон халқи аҳил-иноқ умргузаронлик қилиб келмоқда. Турли дин, турли эътиқодга мансуб аҳоли Султон Қобус аълоҳазратлари раҳбарлигида бир ёқадан бош чиқириб, обод ва фаровон турмуш йўлида меҳнат қилиб келмоқда. Беш йиллик режалар асосида ривожланаётган Ўмон иқтисодиётининг ўртача ўсиши 6,5 фоиздан юқори бўлиб келмоқда. Бу эса Жаҳон банки ҳамда Халқаро валюта жамғармаси томонидан юқори баҳоланмоқда. 2020 йилга қадар мўлжалланган узоқ муддатли ривожланиш стратегиясига кўра, иқтисодий ўсиш суръати янада юксалади. Албатта, жаҳон бозорида нефть нархининг пасайиши иқтисодиётни диверсификациялаш бўйича айрим лойиҳаларимизни чеклаб қўйди. Шунга қарамай, бошқа тармоқлар, хусусан, туризмни ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда.

– Ўзбекистонда элчи сифатида фаолият юритаётганингизга ҳам уч йил бўлди. Хорижлик дипломатнинг юртимиз ҳақидаги мулоҳазалари ўқувчиларимизни қизиқтириши табиий.

– Касбим тақозосига кўра, дунёнинг талай мамлакатида бўлганман. Аммо фаолиятим давомида ўзбеклар каби меҳмондўст, очиқкўнгил ва хайрихоҳ миллатни кўрмаганман. Ўмон ва Ўзбекистон халқининг муштарак фазилатлари кўп. Икки халқ ҳам қадим тарих ва бой маданиятга эга. Қолаверса, икки биродар халқни муштарак дин, урф-одат, анъана ва маънавий мерос боғлаб туради. Шу боис ҳам Ўзбекистон менга иккинчи ватан бўлиб қолди. Таъбир жоиз бўлса, умримнинг энг гўзал онлари шу диёрда ўтмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, биродар ўзбек халқига осойишталик ва фаровонлик тилаб қоламан.

Собир Салим суҳбатлашди