Юрий Штерк: “Европа Иттифоқи бюрократик тузилма эмас!”

Дунё оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Буюк Британия 2017 йилга қадар Европа Иттифоқига аъзолик масаласида референдум ўтказади. Гап шундаки, Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон Брюсселдан ислоҳотлар талаб этмоқда. Хусусан, инглиз ҳукумати етакчиси Иттифоққа аъзо 28 давлатга миллий-давлатчилик бўйича, шу жумладан, парламентлар фаолиятида кўпроқ мухторият бериш ҳамда миграция сиёсатини ўзгартириш лозимлигини уқтирмоқда. Расмий Лондон илгари сурган ташаббус Европа Иттифоқи истиқболи борасидаги мунозараларнинг янада кучайишига сабаб бўлди. Мазкур ҳолатни изоҳлашини сўраб, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Юрий Штеркка мурожаат этдик.

  

– Жаноб Штерк, Буюк Британия илгари сурган талаблар умумевропа тамойилларига қанчалик мос келади?

Сўзим аввалида Буюк Британия аввал ҳам, аниқроғи, 1975 йилда аъзолик масаласида референдум ўтказганини қайд этиб ўтмоқчиман. У пайтда Буюк Британиянинг Европа Иқтисодий Ҳамжамиятига аъзолигини давом эттириш масаласи қўйилган ва кўпчилик Британиянинг ЕИ ўтмишдоши саналган мазкур бирлашмадаги аъзолигини сақлаб қолишни ёқлаб овоз берган эди. Айни пайтда ушбу мамлакатдаги учта йирик партия ЕИга аъзоликни қўллаб-қувватламоқда, мен бу ўринда муайян сиёсатдонлар эмас, партияларнинг умумий позициясида ҳақида сўзламоқдаман. Бош вазир Кэмерон ҳам аъзоликни давом эттиришни ёқлаб тарғибот ўтказажагини билдирди.

ЕИнинг Буюк Британиянинг аъзолигини давом эттириши бўйича нуқтаи назарига келсак, позициямиз аниқ: ЕИ Буюк Британиясиз бугунгидек мавқеага эга бўлмас эди ва биз у ЕИ таркибида қолмоғи лозим, деб ҳисоблаймиз. Таҳлиллар ЕИда қолиш Бирлашган Қироллик учун ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан манфаатли эканини кўрсатмоқда. Иқтисодий омил эркин савдо ҳудуди ва ярим миллиардли умумевропа бозорига тўсиқсиз чиқиш имконини беради. Сиёсат жабҳада эса Европа Иттифоқига аъзолик ва ундаги таъсир мамлакат ташқи сиёсий мавқеини мустаҳкамлайди.

– Сизнингча, Европа Иттифоқи яхлитлигини сақлаб қолиш учун Брюссель қандай ислоҳотлар ўтказиши лозим? Иттифоқнинг барқарор тараққиёти учун қандай ўзгаришларни амалга ошириш талаб этилади?

– Европа Иттифоқи бошқарувидаги сўнгги ислоҳотлар нисбатан яқин муддатда ўтказилган ва бу жараён 2007 йилда Лиссабон битимининг қабул қилиниши билан якунланган (мазкур битим 2009 йилда кучга кирган). Менимча, ушбу ҳужжатда ЕИга аъзо давлатлар ҳукуматлари ва сайловчилари ҳозирги босқичда эришиши мумкин бўлган якдил тўхтамлар тўлалигича ифодаланган. Лекин тараққиёт араваси бир ерда депсиниб турмайди ва бошқарув институтлари, аъзо давлатлар ва Европа Иттифоқи фуқаролари интеграция жараёнини янада чуқурлаштириш, янги глобал шарт-шароитда ЕИнинг фаолият самарадорлигини ошириш борасида муҳокамаларга киришиши табиийдир. Европа Иттифоқи қотиб қолган бюрократик тузилма эмас, балки дунёни англашда умумий дунёқарашга эга, Европа келажагини бунёд этиш борасида умумий қадрият ва тамойиллар, уйғун мақсадларни кўзлаган фуқаролар, халқлар ва давлатларнинг жонли ҳамжамиятидир. Мазкур ҳамжамият ўз аъзоларининг ҳар бири фикрини инобатга олади. Шу боис ҳам якдил тўхтамга келиш ва умумий вазифаларни адо этиш борасидаги мунозаралар келгусида ҳам давом этади.

– ЕИ фуқароларининг 58 фоизи Иттифоқ келажаги борасида некбин қарашга эга. “TNS Opinion & Social” компанияси ўтказган сўровлар (Standard Eurobarometer 83 Spring 2015) шундан далолат беради. Лекин, айни чоқда, Европа Иттифоқи доирасидаги интеграция жараёнини салбий баҳолайдиган евроскептиклар ҳам бор. Жаноб элчи, Сиз Европа Иттифоқи келажагини қандай тасаввур этасиз?

– Евроскептиклар Европа Иттифоқининг бутун тарихи давомида, унга ўтмишдош бўлган ташкилот ва ҳамжамиятлар даврида ҳам бўлган. Фикрлар хилма-хиллиги дастакланадиган ва рағбатлантириладиган Европа жамияти учун бу буткул табиий жараёндир. Шу боис ҳам интеграция борасидаги пессимистик прогнозларни хотиржам қабул қиламан. Нима бўлган тақдирда ҳам, сиз қайд этганингиздек, кўпчилик некбин фикрда-ку. ЕИ мустаҳкам идоравий пойдеворга эга ва мазкур бошқарув тизими бу каби вазиятлардан кўп бора имтиҳондан ўтган. Европа Иттифоқи келажаги борасида сўз бораркан, шахсан мен миллий ўзига хослик, маданий қадриятлар ва тил бойлигига ҳурмат кўрсатган ҳамда уларни муҳофаза этган ҳолда, интеграция жараёнларининг янада чуқурлашуви ва кенгайиши, ЕИга киришни истаган ва мавжуд талаб-мезонларга жавоб берадиган давлатларнинг янги аъзо сифатида қабул қилиниши, Иттифоқ халқлари ва мамлакатлари тақдири бир-бирига ҳозиргидан-да чамбарчас боғланишига ишонаман. Европа Иттифоқининг кучи ва умрбоқийлиги ҳам айни шу жиҳатдадир ва бундан кейин шундай бўлиб қолади.

Cобир Салим cуҳбатлашди

Суҳбатдош ҳақида

Юрий Штерк 1962 йил 10 октябрда Болгарияда туғилган. Москвадаги Халқаро муносабатлар давлат институтида халқаро ҳуқуқ (1989), Страсбургдаги Роберт Шуман университетида сиёсат (1996) йўналишида таҳсил олган. Кўп йиллар Болгария Ташқи ишлар вазирлиги тизимида масъул лавозимларда фаолият юритган. Хусусан, Болгариянинг Европа Кенгашидаги доимий вакили (2001-2005), Исроилдаги элчиси (2011-2012) вазифаларида ишлаган. 2012 йил декабрдан Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари.