Жорий йил 23 майдан Малайзия техник ҳамкорлик дастури (МTCP) доирасида ўқиш учун ариза қабул қилиш бошланди. Ҳужжат қабул қилиш 30 июнгача давом этади.
Малайзия ҳукумати томонидан молиялаштириладиган дастур ривожланаётган мамлакатлар фуқароларига Малайзия олий ўқув муассасаларида грант асосида 2 йилдан 3 йилгача муддатда таҳсил имконини тақдим этади.
Ҳужжат топширишга доир қўшимча маълумотларни дастурнинг расмий сайтидан олиш мумкин.
Малайзия техник ҳамкорлик дастури (МTCP) 1980 йилда таъсис этилган. Дастур доирасида Малайзия ривожланаётган мамлакатлар билан турли соҳаларда илғор тажрибаси билан ўртоқлашади. “Қўшнилар ҳам гуллаб-яшнасин” ғояси дастур мазмун-моҳиятини ташкил этади. Ушбу платформа турли соҳа вакилларининг касбий малакасини ошириш орқали инсон ресурсларини янада ривожлантириш, дўстона робиталарни мустаҳкамлашни кўзлайди.
Ўтган йиллар давомида МTCP йўналишлари кенгайди. Мазкур дастур доирасида ташкил этилаётган ўқув курсларида Ўзбекистон вазирлик ва ташкилотлари вакиллари ҳам мунтазам иштирок этиб келмоқда. 1992 йилдан ҳозирга қадар юзлаб ўзбекистонлик мутахассис ҳамда талабалар қисқа ва узоқ муддатли курсларда қатнашиш имконига эга бўлди.
Қисқа муддатли курслар менежмент ва ижтимоий бошқарув, фан, технологиялар ва АКТ бошқаруви, иқтисодиёт, молия ва савдо, дипломатия, атроф-муҳит муҳофазаси, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий тараққиёт, инглиз тили каби йўналишларни қамрайди. Малайзия ҳукумати, шунингдек, бакалавриат, магистратура ва докторантура каби босқичларда узоқ муддатли таҳсил учун ҳам стипендиялар ажратади.
Мавзуга доир мақолалар:
Малайзия билан таълим соҳасида ҳамкорлик кенгаймоқда. 11.08.2022
Малайзия элчиси МTCP курслари битирувчиларига сертификат топширди. 27.06.2022
Малайзияда таҳсил олиш учун 8 сабаб айтилди. 17.03.2022