– Вой барака топгур-эй! Мени эсдан чиқармабсанда-а? Балки аммам келганимни била туриб нега ўтмайди, деб гиналагандирсан ҳам.
Кўрганда кулгичлари ёйилиб кетадиган Хадича аммаси уни хушҳол қаршилади. Тўладан келган, оппоқ юзли, қора сочлари товонини ўпадиган бу аёлни дилкаш деб бўлмасди. Унинг қувноқлиги бир лаҳзада ғуссали нигоҳлар билан алмашинарди. Боқишлари ҳар қанча теран бўлмасин, бу ҳолат ҳамсуҳбатининг кўнглини эзиб юборай дерди.
– Мен ҳам қадр синайман. Қани жиянларимнинг олдида қанча қийматим бор экан деб ўйлайман.
Баҳриддин ҳовли айвонидаги супага ҳорғин чўккан аёлнинг елкасидан беозор қучди.
– Ўтир, – деди унга амма қаватидан жой кўрсатиб. Кейин жим қолди. Ўйчан нигоҳини бир нуқтадан узмасди. Негадир оғир хўрсинди.
– Нега хўрсинасиз, – Баҳриддин аммасига ҳамдард тикилди. –Нимани ўйлаяпсиз?
– Болаларимни, – жавоб берди у шикаста овозда, – туғилмай нобуд бўлган гўдакларимни… Баҳриддин аммасининг алжирашга ўхшаш жавобидан сескангандек унга ажабланиб қаради.
– Сен ҳам бу хотиннинг эси оғиб қолибди-ку деб ўйлаяпсанми? Билмадим, балки шундайдир. Ўзим эса… қаттиқ уйқудан чўчиб уйғониб, ширин тушимдан ажраб, алданиб қолганимга куяман… Ўзимни боласи кўп аёлдек ҳис этардим. Кейин билсам, қуп-қуруқ, тирноқсиз ўтаётган эканман. Тўлғоқ азобини, суқсурдай ўғил туққанимни туш кўраётганимни кейин билиб қолдим. Уйли-жойли қиламан, неварали бўламан деганимда… боламни ер тортиб кетса бўладими! Токи ер тортмагунча ҳар кеча уни туш кўрар, қувонардим. Боламга аза тутиб кўк кийдим… Ҳамма мендан ўзини олиб қоча бошлади. Яқинларим юз ўгиришди. Мен фақат тушларимда бахт топардим.
– Бўлди, куюнманг, – Баҳриддин унинг қўлини қисди. – Ўтиб кетади.
– Ўтмай қаёққа борарди. Дунёси туш, айқаш-уйқаш туш-ш…
Орага зил-замбил сукут чўкди.
– Сувга оқизишди умримни… – Амма мунгли овозда гапиради. – Ўн саккизимда амакимнинг ўғлига узатишди. Тўйим куни никоҳдан ўтишга куёвнинг ўрнига куйов жўраси ҳамроҳлик қилиб борди… Аллақаёқдан пайдо бўлган куйов никоҳ дафтарига қўл қўйиб, суратга тушди-ю, яна ғойиб бўлди.
– Молбозорга кетди, – деди ишшайиб куйов жўраси. Аллакимнинг пули билан сумкаси қолиб кетган экан. Элтиб берармиш… Кейин билсам, у менга кўнгилсиз экан. Эрга тегиш нималигини билмайдиган ғўр қиз эдим. Келин бўлиш шундай бўлади-да, деб қайнона-қайнотамнинг хизматида елиб-югураверибман. Эр бўлмиш эса чимилдиғимни ҳам очиб қараган эмас. Бор машмашалардан бир йил деганда хабар топган энам мени ўша куниёқ уйга олиб кетди. Отам жиянининг уйланишини кутиб, мени узатмасди. Орадан ўн тўрт йил ўтиб эрим уйланди. Хушрўй, суюқоёқ хотинга… Мен эса келинларим, укаларимнинг хизматида сочим супурги, қўлим касов… умрим ўтганини сезмабман. Келинларимнинг кўзи ёриганда ўзим азоб чекаётгандек қийналар, топган-тутганимни дўхтирларнинг суюнчиси-ю, боланинг кўлликларига сарф этардим. Ишдан қайтсам, йигирма беш бола “амма”, “хола” деб югурарди. Шунақанги осилишадики, йиқитиб юборишади.
Ҳатто белимни майиб қилиб қўйишларига озгина қолган.
Мўйлови сабза урганлари-ю, бўйи етганларини қўявер. Севги ҳасратларидан тортиб, қайсига қанақанги ич кийим етишмаётганигача биламан. Уларга қарашаман деб ўлиб-тириламан, – амма узун тин олиб, оғир хўрсинди. – Раҳматли синглимнинг беш сағирини деб кимларга тенг бўлмадим. Синглимнинг ўрнига тушган хотиннинг макрига ишонган куёвим мени уйидан ҳайдаб солди. Қайтиб қадам босма деди. Сағирлар чирқиллаб қолишди…
Эрталаб “бугун якшанба, мен ҳам оёқ узатиб бир ором олсам-чи” деган ўйда соат ўнга қадар тўшакдан қўзғалмай ётаверибман. Эшикни тақиллатмай Нодир мўралади. “Соат ўн иккига қадар ухлайверасизми, энди?” дейди. “Бундоқ қўзғалиб келинларингизга қарашинг. Мураббо қайнатяпти. Қишда ўзингиз ҳам ейсиз” эмиш. Гўримга олиб кетаманми мураббонгни, дедим. Шу баҳона ичимдагиларни тўкиб солдим. “Сен мен билан айтишиб қоласан-у, уйингга кириб, телевизор кўрасан. Болаларингни эркалайсан, хотинингни суясан. Бор дилхираликларинг унут бўлади. Хўш, мен-чи? Туни билан болишимни ҳўл қилиб йиғлайман. Нега укам бунақа гапирди дея ғамга ботаман. Ўйлайвериб ҳасратим адо бўлмайди. Биламан, менинг бахтсизлигимга на сен, на хотининг айбдор эмассизлар… Мен дунёдан унинг яхши-ёмон неъматидан аллақачон кўнглимни узиб қўйганман…” дедим. Кейин билдим, уйдагиларнинг кам-кўсти, айбларини ёпадиган этакларидан бошқа нарса эмас эканман. Бўлмаса, менинг ҳам туғиб олиш, бахтли бўлиш имконим бор эди. Мен эса тўфондек бостириб келаётган ҳисларимни чегириб яшадим. Ҳувуллаган хона, узун, уйқусиз тунлар силламни қуритди, жонимга тегди бари… Бу дард-изтироблар суяк-суягимга сингиб кетган.
Баҳриддин аммасининг қўлини ҳамон қўйвормас, беихтиёр силаб-сийпаларди.
– Ҳаммаси яхши бўлади, – гап топмай ғўлдиради у. Шўрпешона аёлга шу билан далда бермоқчига ўхшарди. Кейин айтишга сўз топмай жим қолди. Ноқулай сукунатни яна амманинг дардчил овози бўлди.
– Э… қуриб кетсин ҳаммаси, – оғир хўрсинди жувон. Танаси бошқа дард билмас. Минг қилганда ҳам ўзингда бола бўлмагандан кейин… Дунёдан қўлимни ювиб, қўлтиғимга урганман. Қишлоғимизда етмишдан ошган бир қари қиз бўларди. У катта калишли оёқларини зўрға судраб босар, қабристонни ўт-ўланлардан тозалар эди. Жийда тагида тунаб, туғилмаган боласига алла айтганини кўрганимда сесканиб кетганман. Худо унга на зурриёд, на бола боқиб ўстириш учун бошпана ато этган экан…
Амма узун тин олиб, тинка-мадори қуригандек оғир ”уф” тортди… Кейин эса… унинг кўксидан юрак-бағирни ўртаб юборадиган мунг чиқди. У алла айтаётганди…
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 3-4-сон