Малайзия ҳукумати эпидемик вазият ўнгланиши муносабати билан жорий йил 1 апрелдан халқаро сайёҳларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Малайзия туризмни тарғиб қилиш агентлигига кўра, мамлакат COVID-19 пандемияси билан боғлиқ деярли икки йиллик чекловлардан сўнг биринчи марта ўз чегараларини тўлиқ очмоқда.
Тўлиқ эмланган сайёҳлар карантинсиз бемалол саёҳат қилишлари мумкин, фақат сафарга жўнашдан икки кун олдин COVID-19 ПЦР тестини топширишлари ва Малайзияга келгач, 24 соат ичида профессионал экспрес текширувдан (тестдан) ўтишлари керак.
Малайзияга кириш жараёнини осонлаштириш учун саёҳат ҳужжатларига (халқаро паспорт) эга сайёҳлар MySejahtera (Apple AppStore, Google PlayStore ёки Huawei AppGallery’да мавжуд) иловасини юклаб олиб фаоллаштиришлари, сўнг Traveler белгиси остида, жўнаш олдидан тўлдириладиган ўз шахсий маълумотларини тизимга киритиш орқали Малайзия ҳудудига киришлари мумкин. Илгари амалда бўлган MyTravelPass сайти орқали махсус рухсат олиш амалиёти бекор қилинади.
Шуни қайд этиш жоизки, тўлиқ эмланмаган халқаро саёҳатчилар келганларида беш кунлик карантиндан ўтишлари керак бўлади. Айни чоқда, 12 ёшдан 17 ёшгача бўлган болалар ва ёшларга карантинсиз киришга рухсат берилади, улар Малайзияга келгач, 24 соат ичида профессионал равишда амалга оширилган экспрес текширувдан ўтишлари кифоя.
Жамоат жойларида юз ниқобларидан фойдаланиш ва MySejahtera’нинг биноларга кираётганда рўйхатдан ўтиши эндемик босқичда стандарт амалиёт сифатида сақланиб қолади, айниқса, бу қоидаларга одамлар гавжум бўлган ёпиқ жойларда амал қилиниши керак. Ҳукумат, шунингдек, жисмоний масофани сақлашни ҳали ҳам рағбатлантирса-да, тўлиқ нормал фаолиятни қайта тиклашга чекловлар ўрнатмайди.
“Биз ҳукуматнинг халқаро саёҳатларни қайта тиклаш тўғрисидаги сўнгги эълонидан хурсандмиз ва Малайзияни хавфсиз саёҳат жойи сифатида тарғиб қилиш учун маркетинг чора-тадбирларини кучайтириш, авиакомпаниялар ва туристик фирмалар билан ҳамкорлик қилишни интиқлик билан кутмоқдамиз”, – дейди Малайзия туризм, санъат ва маданият вазири Ненси Шукри хоним.
Вазирнинг қайд этишича, халқаро чегараларнинг қайта очилиши муносабати билан “Tourism Malaysia” маркетинг агентлиги 2022-2026 йилларга мўлжалланган стратегик режани амалга ошириши кўзда тутилган. Бу борада стратегик ўзгаришларни амалга ошириш, самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, туризмни тарғиб қилишда стратегик коммуникацияларни оптималлаштириш ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилади. Чегарани қайта очиш бўйича сўнгги тартиб-қоидалар ҳақида қўшимча маълумотни агентлик сайтидан олиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, “Tourism Malaysia” номи билан танилган тузилма Малайзия туризм, санъат ва маданият вазирлиги қошидаги агентликдир. Малайзияни сайёҳлик учун афзал ҳудуд сифатида тарғиб қилиш агентликнинг бош вазифасидир.
2019 йилда Малайзияга 26,1 миллион халқаро сайёҳ келди, мамлакат туризмдан тахминан 21 миллиард доллар даромад олди. Шу тариқа Малайзия дунёнинг асосий туристик йўналишлари қаторидаги ўрнини янада мустаҳкамлади. Бу борада “Tourism Malaysia” агентлигининг ҳам хизмати катта.