Туркманистон элчихонаси Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан тадбир ташкил қилди

Туркманистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси Тошкент марказидаги “Мовий гумбазлар” хиёбонида велоюриш ташкил қилди. Велосипед ҳаракатини оммалаштиришга қаратилган бундай тадбир элчихона томонидан 2018 йилдан буён уюштирилади.

7 апрель – Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан ўтказилган спорт тадбирида Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган туркманистонлик талабалар, туркман диаспораси вакиллари ҳамда элчихона ходимлари иштирок этди.

Сир эмас, кейинги йилларда дунё бўйича велоспортга қизиқиш ортиб бормоқда. Негаки, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва саломатликни сақлашда мазкур спорт тури муҳим ўрин тутади. Туркманистон ҳам оммавий саломатлик ҳаракатини кенгайтириш, велоспортни ривожлантиришга ўзига хос улуш қўшиб келмоқда. 2018 йилда 3 июнь санаси расмий Ашхобод ташаббуси билан БМТ томонидан Бутунжаҳон велосипед куни деб эълон қилинган. Қолаверса, жорий йил 15 март куни БМТ Бош ассамблеяси 76-сессияси давомида “Барқарор ривожланишга эришиш учун оммавий велосипед ҳаракатини жамоат транспорти тизимига интеграция қилиш ҳақида” резолюция қабул қилинган.

Туркманистонда ташкил этиладиган оммавий велоюришларда мамлакат раҳбарияти ҳам иштирок этади. 2020 йили пойтахт Ашхободда “Велосипед” деб аталган монумент очилган.