Малайзия подшоҳи ва қироличаси. Фото: “The Star”
Малайзияда бўлиб ўтган саккизинчи Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари ассоциацияси (АSEАN) Анъанавий тўқимачилик симпозиумида Ўзбекистон ҳунармандлари ҳам иштирок этди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Симпозиум Малайзия қироличаси Азиза Амина Искандария шафелигида ва унинг раҳбарлиги остидаги Паханг қироллик анъанавий каштачилик жамғармаси (Royal Pahang Weave Foundation) кўмагида ўтказилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Малайзия подшоҳи Абдуллоҳ Риаятуддин Ал-Мустафо Биллоҳ, унинг рафиқаси ҳамда мамлакат бош вазири Исмоил Сабри бин Якоб иштирок этди.
Симпозиумнинг асосий мақсади анъанавий тўқимачилик маҳсулотларини асраш, ривожлантириш ва кенг тарғиб қилиш ҳамда Осиё мамлакатлари ўртасида маданий алоқаларни жадаллаштиришдан иборат.
“Дунё” АА хабарига кўра, тадбирда Ўзбекистон стендида намойиш этилаётган миллий каштачилик, зардўзлик маҳсулотлари, атлас ва адрас матолари иштирокчиларда катта таассурот уйғотди. Хусусан, Малайзия қироличаси Ўзбекистон стендига ташриф буюрди ва ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
“Биз Анъанавий тўқимачилик симпозиумида иштирок этаётган Ўзбекистон вакилларига чексиз миннатдорлигимизни изҳор этамиз. Мазкур анжуман Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари ассоциациясининг энг йирик тадбирларидан ҳисобланади. Унинг қамрови йилдан йилга кенгайиб бормоқда ва бу йўналишда олдимизга катта марралар қўйганмиз. Кейинги йилларда барча Марказий Осиё давлатларидан, хусусан, Ўзбекистондан кенгроқ иштирокни кутиб қоламиз.
Малайзия ва Ўзбекистоннинг тарихий илдизлари, дини, маданияти, анъана ва қадриятлари муштарак эканини инобатга олган ҳолда мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни жадаллаштириш тарафдоримиз.
Сўнгги йилларда ўзбек халқининг бой маданий мероси, амалий санъати, ҳунармадчилик анъаналарини асраш ва уларни келажак авлодларга етказиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар жуда аҳамиятлидир. Мен бугун мамлакатингиз стендига шахсан келиб, анъанавий кашталар, ипак матолар ва тайёр маҳсулотларни кўздан кечирдим. Ўзбек ҳунарманд қизлари ёрдамида тўқишнинг юксак маҳорати билан танишдим. Бундай матолар ва ноёб буюмлар ўзига хос декоратив хусусиятлари ва ранглар уйғунлиги билан инсонни ўзига жалб этади.
Келажакда ҳунармандчилик соҳасидаги тадбирларда Малайзия ва Ўзбекистон ҳунармандларининг иштирокини жадаллаштириш, ипак матоларини тайёрлаш йўналишида илғор тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришни муҳим деб ҳисоблайман”, – деди Малайзия қироличаси Азиза Амина Искандария.
Анъанавий тўқимачилик симпозиуми 2005 йилдан буён ҳар икки йилда АSEАNга аъзо давлатлардан бирида бўлиб ўтади. Жорий йилги тадбирда уюшмага аъзо давлатлардан ташқари Ўзбекистон махсус меҳмон сифатида ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Мавзуга доир мақола:
Малайзия вазири: “Туризм ва маданият – Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг стратегик йўналишлари”. 07.07.2022