Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадинажот томонидан Исроил давлатини ер юзидан супириб ташлаш тўғрисида берилган баёнот ҳали кўпчиликнинг хотирасидан кўтарилгани йўқ. Балки шу боисдир, ҳозир ҳам Эрон етакчисининг ҳар бир чиқиши, ҳар бир интервьюси халқаро ҳамжамият томонидан жиддий кузатиб бориляпти. Жаҳон оммавий ахборот воситаларида ҳам Аҳмадинажот шахсига бўлган қизиқиш ортиб бормоқда.
Журналистликдан президентликка
Ғарб таҳлилчилари томонидан ултраконсерватор сифатида баҳоланаётган Маҳмуд Аҳмадинажот асли 1956 йилнинг 28 октябрида Эроннинг шимолий музофоти — Земнанда туғилган. Бўлажак президент Теҳрон университетини муҳандис мутахассислиги бўйича якунлади. Дорилфунун таълимидан сўнг бир муддат Эрон газеталаридан бирида журналист сифатида фаолият олиб борди. 1980-1988 йиллар давом этган Эрон-Ироқ уруши даврида Аҳмадинажот кўнгилли сифатида урушга йўл олди ва мамлакат қуролли кучларининг бир қатор бўлинмаларида хизмат қилди. Урушдан кейин олий таълимни давом эттирган Аҳмадинажот 1990 йили Теҳрон университети магистратурасини тамомлади ва олийгоҳ илмий кенгаши аъзоси этиб сайланди, техника фанлари доктори унвони олишга муваффақ бўлди. Айни шу даврдан Аҳмадинажот мамлакат сиёсий саҳнасига кириб келди.
Дастлаб кичик шаҳар маъмуриятларида ишлаган бўлажак етакчига тез орада Эроннниг шимоли-ғарбида жойлашган Ардабил вилояти губернаторлиги ишониб топширилди. 2003 йили эса ёш сиёсий арбоб мамлакат пойтахти Теҳрон ҳокимлигига сайланди.
Бундан роппа-роса бир йил аввал — 24 июньда Эронда президентлик сайлови бўлиб ўтгани газетхонлар ёдида бўлса керак. Ўшанда овоз бериш тадбирининг иккинчи турида Аҳмадинажот 62 фоиз овоз тўплаб мамлакатда 9-маротаба ўтган сайловда ғалаба қозонганди. Бу воқеанинг ўзига хос жиҳати шундаки, Теҳроннинг собиқ ҳокими Эроннинг сўнгги 24 йиллик тарихида илк дунёвий бошқарувчи бўлди, чунки бунга қадар мамлакат ижроия ҳокимиятини идора қилган арбоблар диний етакчилар эди.
2005 йилнинг 5 августида ўтган инаугурация маросимидан кейин Аҳмадинажот расман президентлик вазифасини бажаришга киришди. 6 август куни эса парламент ҳузурида мамлакатни ривожлантириш ва ислом ақидасига содиқ қолишга қасамёд қилди.
Эронликлар нега Аҳмадинажотга ишонч билдиришди?
Очиғи, ўтган йилги сайлов пайтида деярли барча кузатувчилар ва таҳлилчилар Маҳмуд Аҳмадинажотнинг ғалаба қозониши мумкинлиги тўғрисида жиддий ўйлаб ҳам кўришмаганди. Боиси, сайловда Эронни 8 йил давомида идора қилган (1989-1997) Али Акбар Хошими-Рафсанжоний фаворит сифатида иштирок этганди. Қолаверса, бу сафар олдингиларга қараганда, ижроия ҳокимиятини бошқаришга тарафдорлар жуда кўп эди — президентлик сайловида иштирок этиш учун 1000 дан ошиқ номзод ариза берганди. Бироқ кутилмаганда, Эрон халқи хорижлик кузатувчилар ва журналистлар таъкидлагандай, Хошими-Рафсанжонийга эмас, Теҳрон ҳокимига овоз берди. Нега?
Маҳмуд Аҳмадинажот ўз сайлов дастурида мамлакатнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган камбағал қатламини қўллаб-қувватлаш, Эронда юқори даражага чиққан ишсизликни батараф этиш борасида жиддий чоралар кўришга ваъда берганди. Бу, бизнингча, сайлов жараёнида номзодга катта «очко» келтирган омиллардан бири бўлди. 70 миллиондан ошиқ фуқарога эга бўлган Эрон шароитида ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва аҳолининг кўпчилик қисмини ташкил қилаётган камбағалларга фаровон ҳаёт туҳфа этиш — бугуннинг бирламчи вазифаларидан бири. Стратегик бойлик саналган нефть ва газ заҳирасига эгалик борасида дунёда фақат Саудия Арабистони ва Россиядан кейинги иккинчи ўринда турувчи давлатда аҳоли жон бошига тўғри келадиган миллий даромад 320 доллар экани (қиёс: Саудияда бу кўрсаткич 19 минг доллардан ошиқ) Осиёнинг йирик мамлакати жиддий иқтисодий ислоҳотларга муҳтожлигини кўрсатади. Аҳмадинажот эса ана шундай ислоҳотларга ваъда берди.
Шу билан бирга Эронда ишсизлик даражаси ҳам юқори. Халқаро ташкилотлар маълумотларига қараганда, бу кўрсаткич 15 фоизга етади. Боз устига, Эрон аҳолисининг деярли 70 фоизини 30 ёшдан кичик бўлган навқирон авлод ташкил этадики, айнан ушбу йирик аҳоли гуруҳи ишсизликка қарши кураш эълон қилган пойтахт ҳокимига ишонч билдирди.
Президент сиёсатининг ўзаги
Аҳмадинажот ўз сайловолди чиқишларида Эрон ядро тадқиқотларини давом эттиражагини кўп бора таъкидлаганди. Бу қарор, шубҳасиз, Теҳрон раҳбарининг президент сифатида сайланишига катта туртки бўлди.
Аҳмадинажот президент сифатида фаолият бошлагандан кейинги илк матбуот анжуманида ядро технологияси мамлакатнинг энергетика, медитсина ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш учун зарурлиги ва ядровий тадқиқотларни олиб бориш Эроннинг табиий ва қонуний ҳуқуқи эканини билдирганди. Айни шу жиҳат — тинчлик мақсадларидаги ядро тадқиқотларини ҳар қандай ҳолатда давом эттириш ва Эрон миллий манфаатларини ҳимоя қилиш Аҳмадинажот сиёсатининг ўзаги, дейиш мумкин.
Буюк давлатлар билан муносабат
Ҳар бир ривожланаётган мамлакат ўз ташқи сиёсатида дунё геосиёсатида етакчи мавқе эгаллаган давлатлар билан муносабат олиб боришга алоҳида эътибор қаратади. Бу ўринда Эрон раҳбарининг буюк давлатлар билан олиб бораётган муносабатларига нигоҳ ташласак.
Америка Қўшма Штатлари. Сир эмас, Эрон ва океан орти давлати ўртасидаги муносабатлар яқин даражада деб бўлмайди. Икки мамлакат ўртасида кўп йиллардан буён дипломатик алоқалар мавжуд эмас (Яқинда АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс ядро тадқиқотларидан воз кечиш эвазига иқтисодий имтиёзлар бериш тўғрисидаги таклифни Эрон ҳукуматига Теҳронда Америка элчихонаси йўқлиги сабабли, Швейтсария элчиси орқали тақдим этди).
Эрон ва Америка ўртасида дипломатик даражадаги алоқалар йўқлигининг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Америка ҳукумати Эронда олиб борилаётган уранни бойитиш тадқиқотларини Теҳроннинг ядро қуролига эга бўлиш йўлидаги уриниши сифатида талқин қилади. Шу боис, Вашингтон 1995 йилда Эронга нисбатан иқтисодий санкция жорий қилган. 2002 йили эса Оқ уй Эронни Ироқ, Шимолий Корея билан бир қаторда «зулм ўқи» давлатлари рўйхатига киритган.
Маҳмуд Аҳмадинажот эса президентликнинг илк ойидаёқ АҚШ билан муносабатларга қуйидаги тарзда ойдинлик киритган: «Эрон халқи ўз куч-салоҳиятига ишончга асосланган тараққиёт йўлини танлади. Бу йўлда Қўшма Штатлар у қадар муҳим аҳамиятга эга эмас».
Эътиборли жиҳати, Эрон ядро дастури борасида қаттиқ танқидий муносабатда бўлган Оқ уй маъмурияти сўнгги пайтларда бироз юмшагандай бўлди: АҚШ президенти Жорж Буш Эрон масаласини ҳарбий усул билан эмас, дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарурлигини узил-кесил билдирди.
Россия. Эрон Россия билан ҳамкорлик муносабатига барча даврларда ҳам жиддий эътибор қаратгани маълум. Айниқса, ҳозирги шароитда Федерация Эронни ядро тадқиқотлари борасида қўллаб-қувватлаётган ва бу йўлда ҳамкорлик қилаётган бармоқ билан санарли давлатлардан бири. Буни ўтган ҳафта Пекинда ўтган Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг юбилей саммити доирасида Аҳмадинажот билан учрашган Россия президенти Владимир Путин ҳам алоҳида таъкидлади. Шунингдек, ушбу мулоқот пайтида Россия раҳбари дунёнинг барча давлатлари қатори Эрон ҳам ядро технологиялари борасида тадқиқотлар олиб боришга ҳақли эканини билдирди. Аҳмадинажот талқинида эса «Агар Эрон ва Россия ўртасида икки томонлама муносабат бўлмаганда, минтақадаги вазият бутунлай издан чиқиб кетарди».
Бизнингча, ана шу икки эътирофнинг ўзи ҳам мамлакатлар ўртасида муносабат қай даражада эканини тасаввур қилиш учун етарли.
Европа Иттифоқи. Европа давлатлари аввал-бошданоқ Маҳмуд Аҳмадинажотни президентлик курсисига олиб келган сайловни танқидий баҳолашганди. Эрон раҳбари томонидан Ер юзидан Исроил давлатини супириб ташлаш, кейинроқ яҳудий давлатини Европага кўчириш зарурлиги тўғрисидаги қарашлар илгари сурилгач, муносабатлар янада таранглашди. Дастлаб инсон ҳуқуқлари ва ядро дастури борасида Теҳрон билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган ЕИ юқоридаги шов-шувли чиқишлардан кейин мулоқот оҳангини ўзгартирди. Охирги пайтларда Иттифоқнинг устунлари — Франция, Буюк Британия ва Германия агар Теҳрон ядро тадқиқотларидан воз кечмаса, унинг масаласи Хавфсизлик Кенгашига қўйилишини бот-бот эслатиб турибди.
Эрон раҳбарининг ЕИ билан мулоқот позицияси эса шундай: «Биз европаликлар билан музокараларни давом эттирамиз, бироқ, албатта, ўз миллий манфаатларимизни кўзлаймиз ва Эрон халқи ядро энергиясидан фойдаланишга ҳақли эканини тушунтириб қўямиз».
Ғарб нега хавотирда?
Ғарбликлар Маҳмуд Аҳмадинажотдан хафа бўладиган жиҳатлар талайгина: у Теҳрон шаҳрига раҳбарлик қилиб турган пайтда хориж юлдузлари тасвирланган рекламаларни тақиқлади, ғарбча тутумдаги ресторан ва «фаст-фуд» дўконларини ҳам ёпиб қўйди. Ана шу арбобнинг ҳокимият тепасига келиши эса, табиийки, бутун дунёга ғарбона маданиятни тарқатиш тарафдори бўлган сиёсатдонларга хуш келмади.
Ўз фаолиятининг илк давриданоқ «намунали, қудратли ва илғор ислом жамияти» қуриш режасини эълон қилган Аҳмадинажоднинг президентлик дастурида ҳам иқтисодий мақсадлар билан бир қаторда ислом қадриятларини сақлаш тамойили мавжуд. Ана шу тамойилдан келиб чиқиб, яқинда яна бир тақиқ жорий этилди: эндиликда Эрон ҳудудига 330 минг АҚШ долларидан қиммат бўлган автомобильларни олиб кириш мумкин эмас…
Сўнгги сўз ҳали айтилмади
Охирги пайтларда Эрон ядро дастури борасидаги музокаралар деярли бошига берк кўчага кириб қолган эди. Яқинда Вена шаҳрида ўтган халқаро анжуманда Эрон билан ядро масаласида музокаралар олиб бораётган АҚШ, Хитой, Россия, Франция, Буюк Британия ва Германиядан иборат «олтилик» келишмовчиликни бартараф этиш борасида бир қарорга келди. «Олтилик» Эрон ҳукуматига уранни бойитиш йўлидаги тадқиқотлардан воз кечиш эвазига бир қатор иқтисодий имтиёзлар беришни таклиф қилди. Иқтисодий имтиёзлар деганда, нималар назарда тутилгани ҳали батафсил билдирилганича йўқ. Бироқ айрим таҳлилчилар фикрича, Эронга ядро тадқиқотидан воз кечиш эвазига тайёр ҳолдаги бойитилган уранни етказиб бериш, АҚШнинг қишлоқ хўжалиги ва авиация соҳасидаги техникаларидан фойдаланиш имконияти ҳамда Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик борасида қўллаб-қувватлаш таклиф этилаётган бўлиши мумкин. Ушбу таклиф борасида президент Маҳмуд Аҳмадинажот ҳали узил-кесил жавоб берганича йўқ. Хуллас, дунё нигоҳи яна Эрон ва унинг етакчисида…
Собиржон Ёқубов
«Ҳуррият» газетасидан олинди