Ляньюньган: Хитойнинг шарқий дарвозаси

Хитойнинг Ляньюньган шаҳри яқин йилларда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг йирик логистикага марказига айланади. Чин юртига сафар қилган ўзбекистонлик журналистлар делегацияси ушбу шаҳарда ҳам бўлиб, транспорт-логистикани ривожлантириш имкониятлари билан танишдилар.

Цзянсу провинциясининг шарқий сарҳадида жойлашган Ляньюньган шаҳри савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтиришга интилмоқда. Ляньюньган ғоят қулай жуғрофий ҳудудда жойлашган бўлиб, илғор денгиз, автомобиль ва темир йўлларига эга.

Бу ерда ШҲТ халқаро логистика маркази бунёд этилиши белгилангач, мазкур порт шаҳарнинг аҳамияти янада ошди. Шаҳар денгиз йўли орқали Япония ҳамда Корея яримороли, шунингдек, Осиё-Тинч океани мамлакатлари билан боғланган. Улкан кемаларда келтирилган товар ва маҳсулотлар эса темир йўл ҳамда автомагистраллар орқали Марказий Осиё ҳамда Европага етказилади.

Хабарингиз бор, 2013 йилда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзинпин томонидан “Бир белбоғ, бир йўл” деб аталган глобал ташаббус илгари сурилди. Ушбу ташаббус қуруқлик (“Ипак йўли иқтисодий белбоғи”) ҳамда денгизда (“ХХI аср денгиз ипак йўли”) йирик халқаро лойиҳаларини амалга оширишни кўзда тутади. Глобаллашув жараёни мамлакатлар ўртасидаги робиталарни кучайтириб, ҳамкорликнинг янги йўналишларини очишни тақозо этмоқда. Бу жиҳатдан, “Бир белбоғ, бел йўл” ташаббуси 60 дан ошиқ давлат, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларига жаҳон бозорларига чиқишнинг янги йўлларини очиши кутилмоқда.

Ляньюньган шаҳри ҳам “Бир белбоғ, бир йўл” ташаббусида муҳим ўрин тутади. Хусусан, 44,89 кв. км майдонни эгаллаган ШҲТ халқаро логистика маркази Осиё-Тинч океани минтақаси ва Марказий Осиё ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлайди, маҳсулотларни Европага қадар етказишни таъминлайди.

Ҳозирда бу ерда Хитой-Қозоғистон логистика компанияси фаолият юритмоқда. Компания бош директори Лю Биннинг қайд этишича, савдо-иқтисодий муносабатларда Ўзбекистоннинг ўрни муҳим. Компания орқали ўтаётган юкнинг 72 фоизи Ўзбекистонга юборилаётгани ҳам буни тасдиқлайди.

Қайд этиш жоизки, мазкур логистика марказининг ривожлантирилиши маҳсулот таннархини камайтиради. Шунингдек, уларни етказиб бериш вақтини қисқартиради. Масалан, товар ва маҳсулотлар Европага денгиз йўли орқали 40 кунда етказилса, темир йўлда 14 кун кифоя қилади. Шу боис ҳам Хитой раҳбарияти “Янги Евроосиё континентал кўприги” деб аталаётган йирик лойиҳа доирасида Ляньюньган портига алоҳида эътибор қаратмоқда. У давлат аҳамиятига молик намунали нақлиёт марказига айлантирилмоқда.

Халқаро логистика маркази лойиҳаси Ўзбекистон учун ҳам манфаатлидир. 2017 йил май ойида Пекинда ўтган “Бир белбоғ, бир йўл” халқаро форумида қатнашган Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, ушбу лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон позициясини баён этган эди. Давлатимиз раҳбари, жумладан, Марказий Осиёни Хитой ва Россия орқали Жанубий, Жануби-Шарқий Осиё ва Европа билан боғлайдиган транспорт-логистика йўналишларини очиш бўйича ҳамкорлик юзасидан комплекс ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлаганди.

Хитойнинг шарқий дарвозаси саналган Ляньюньган тараққиёт сари юз бурган. Бу ерда амалга оширилаётган жадал қурилиш ишлари, хусусан, халқаро логистика маркази бунёд этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар 5,3 миллион нуфузли Ляньюньган яна бир неча йилдан кейин мамлакатнинг обод ва маъмур шаҳарларидан бирига айланишидан далолат бериб турибди.

С.Салим

Муаллиф олган суратлар