Сэмюэл Беккет. Годони кутиш (пьеса)

ИШТИРОК ЭТУВЧИЛАР:

Э с т р а г о н.
В л а д и м и р.
П о ц ц о.
Л а к и.
Б о л а к а й.

БИРИНЧИ САҲНА

Ёлғизоёқ тупроқ йўл. Йўл чеккасида якка дарахт. Оқшом пайти.
Э с т р а г о н тошга ўтирганча бошмоғини ечишга уринади. Икки қўллаб, кучаниб торта бошлайди. Қурби етмай тўхтайди, ҳансираб нафас ростлайди-да, кейин яна уринади. Ҳаракат такрорланади.

В л а д и м и р кириб келади.

Э с т р а г о н (яна тўхтаб). Жуда жонга тегди.
В л а д и м и р (оқсоқланганча майда қадамлар билан яқинлашиб келади-да,оёқларини йириб, қўлини ёзиб туради). Мен ҳам шундан ташвишга туша бошладим. (Юриб келиб, тўхтайди). Мен бир умр шу фикрга қарши бўлганман. Доим ўзимга-ўзим: В л а д и м и р, ҳовлиқма, ҳали ҳаммаси олдинда дердим ва яна курашга отланардим. (У ширин хотиротларга берилиб хаёл суриб қолади. Э с т р а г о нга қарата) Мана сен яна ёнимдасан.
Э с т р а г о н. Шундай деб ўйлайсанми?
В л а д и м и р. Қайтиб келганингдан хурсандман. Бутунлай кетиб қолдингми, деб хавотирлангандим.
Э с т р а г о н. Мен ҳам.
В л а д и м и р. Бу учрашувимизни қандай нишонласак экан? (Ўйланади). Қани, турчи. Бир бағримга босай. (Э с т р а г о нга қучоғини очади.)
Э с т р а г о н (тутоқиб). Ҳозир, ҳозир.

Жимлик.

В л а д и м и р (хафа бўлиб, совуққонлик билан). Тақсирим тунни қаерда ўтказганини билсак бўладими?
Э с т р а г о н. Овлоқда.
В л а д и м и р (ҳайрон бўлиб). Овлоқда?! Қаерда экан у?
Э с т р а г о н (имо-ишорасиз). Анави ёқда.
В л а д и м и р. Нима, сени калтаклашмадими?
Э с т р а г о н. Калтаклашди… Бир оз.
В л а д и м и р. Ҳамишагиларми?
Э с т р а г о н. Ҳамишагилар? Билмадим.

Жимлик.

В л а д и м и р. Бу ҳақида ўйлаганимда… бунга анча бўлди… ўзимга ўзим савол бераман… ким бўлган бўлардинг… менсиз… (Қатъий.) Ҳозир бир қоп гўштдан бўлак нарса бўлмасдинг, гапимга ишонавер.
Э С Т Р А Г О Н (илкис қўзғалиб). Хўш, кейинчи?
В л а д и м и р (алам билан). Бу бир одамга оғирлик қилади. (Сукут, яна жонланиб.) Бошқа томондан энди афсусланишнинг фойдаси йўқ, бу гапларим эсингда турсин. Буни олдинроқ ўйлаш керак эди, 1900 йилларда.
Э с т р а г о н. Етар. Мана бу зормандани ечишга ёрдам берсанг-чи.
В л а д и м и р. Қўлни қўлга бериб иккаламиз Эйфел минорасидан ўзимизни пастга отдик. У пайтлар ҳозиргидай эмасдинг. Энди эса жуда кеч. Энди юқорига кўтарилишимизга ҳам изн беришмаса керак. (Эстрагон яна бошмоғини ечишга уринади.) Нима қилаяпсан?
Э с т р а г о н. Ечаяпман. Нима, бошмоқ ечганини ҳеч кўрмаганмисан?
В л а д и м и р. Сенга минг марта айтганман, оёқ кийимни ҳар куни ечиш керак деб. Айтганда қулоқ солиш керак эди.
Э с т р а г о н (ёвлорган оҳангда). Ёрдам бера қолгин!
В л а д и м и р. Азоб бераяптими?
Э с т р а г о н. Бераяпти! Жони ачимай сўрашини қаранг!
В л а д и м и р (жаҳли чиқиб). Гўё бу дунёда сендан бошқа азобланмаётгандек? Менга парво ҳам қилмайсан. Ўзингни менинг ўрнимга бир қўйиб кўрганингда эди. Ана ўшанда билардинг.
Э с т р а г о н. Сенга ҳам азоб берганми?
В л а д и м и р. Берганми! Азоб берганми, деб сўрашини кўринг бунинг!
Э с т р а г о н (бармоғи билан ишора қилиб). Бу шимнинг тугмасини қадамаслигингга сабаб бўлолмайди.
В л а д и м и р (эгилиб). Ие, ростдан ҳам. (Тугмасини қадай туриб.) Одам майда-чуйда ишлар билан чалғимаслиги керак.
Э с т р а г о н. Нима ҳам дердим, қиёмат бўлмагунча сенинг тўпиғингга сув ҳам чиқмайди.
В л а д и м и р (хаёлчан). Қиёмат бўлмагунча… (ўзига-ўзи гапиргандек.) Яхши. Ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Буни ким айтган?
Э с т р а г о н. Менга ёрдам беришни истамайсанми?
В л а д и м и р. У алал-оқибат барибир келади, деб баъзан ўзимни ишонтираман. Ўшанда мени ғалати ҳиссиёт чўлғаб олади… (У шляпасини олиб, ичига қарайди, қўли билан титкилайди, яхшилаб қоқади ва яна қайтиб кияди.) Ҳалигидай… Хотиржам ва шу билан бирга… (сўз тополмай қийналади)қўрқув аралаш… (Ҳаяжон билан). ҚЎР-ҚУВ. ( У яна шляпасини қўлига олиб, ичига қарайди.) Бу нима гап! (Ичидаги ниманидир қоқиб ташламоқчидек шляпани қўлига қаттиқ уради ва ичига назар ташлаб, яна қайта кияди.) Ниҳоят… (Э с т р а г о н бир амаллаб ниҳоят башмоғини ечишга муваффақ бўлади, ичига қарайди, қўлини тиқиб пайпаслайди, ағдариб силкилайди. Ерга бирон нарса тушмадимикан деб, аланглайди, ҳеч нарсага кўзи тушмагач, яна бошмоққа қўлини тиқади. Кўзлари маънисиз жовдирайди.) Нима?
Э с т р а г о н. Ҳеч нарса.
В л а д и м и р. Қани кўрсат-чи.
Э с т р а г о н. Кўришингга ҳожат йўқ.
В л а д и м и р. Яна кийиб кўр-чи.
Э с т р а г о н (оёғига эринмай разм сола туриб). Озроқ шамоллаб турсин.
В л а д и м и р. Мана сизга одамзотнинг феъли: айб оёғида бўла туриб, бошмоғидан нолийди. (Яна бир марта шляпасини олиб, ичига қарайди, силкийди, қоқади, ичига пуфлайди-да, қайта кияди.) Бу жонга тега бошлади. (Сукут. Э с т р а г о н ҳидини кетгазиш учун бармоқларини қимирлатиб, оёғини ўйната бошлайди.) Қароқчилардан бирининг жони омон қолганмиш. (Жимлик.) Бу ёмон эмас. (Жимлик.) Гого…
Э с т р а г о н. Нима?
В л а д и м и р. Бордию тавба-тазарру қилсак-чи?
Э с т р а г о н. Нима учун?
В л а д и м и р. Айтайлик… (Сўз тополмай қийналади.) Сабабини кўрсатишимиз шарт эмасдир.
Э с т р а г о н. Бор гуноҳимиз туғилганимиз учунми?

Владимир беўхшов кулади ва бирдан қўлини човига қўйиб, тўхтаб қолади. Ранги-рўйи ўзгариб.

В л а д и м и р. Ҳатто кулиш ҳам мумкин эмас.
Э с т р а г о н. Жуда бемаъни тақиқ.
В л а д и м и р. Табассум қилиш мумкин. (У беўхшов табассум қилганча туриб қолади. Бир оздан сўнг бирдан қиёфаси ўзгаради.) Бу унчалик ҳам ўхшамади. Дарвоқе… (Жимлик.) Гого…
Э с т р а г о н (асабийлашиб). Нима дейсан?
В л а д и м и р. Сен Инжилни ўқиганмисан?
Э с т р а г о н. Инжилни… (Ўйланиб.) Ҳойнаҳой, қачонлардир кўз ташлаганман.
В л а д и м и р (ажабланиб). Мактабда таълим беришмаганми?
Э с т р а г о н. Ҳозир эслай олмайман, ўшанда худога ишонармидик, йўқми?
В л а д и м и р. Ниманидир чалкаштирмаяпсанми?
Э с т р а г о н. Эҳтимол. Муқаддас Ер харитаси ҳамон ёдимда. Рангли харита. Жуда ҳам чиройли. Ўлик денгиз оқиш рангда эди. Унга бир марта назар ташлаб, чанқаб кетгандим. Ўшанда ният қилгандим: “Асал ойини шу ерда ўтказамиз. Денгизда чўмиламиз. Жуда бахтли бўламиз”.
В л а д и м и р. Шоир бўлсанг бўлар экан.
Э с т р а г о н. Айтмасанг ҳам шоир эдим. (Уст-бошига ишора қилиб.) Нима, сезилмаяптими?

Жимлик.

В л а д и м и р. Нима деётган эдим… Оёғинг қандай?
Э с т р а г о н. Шиша бошлади.
В л а д и м и р. Ҳа, ёдимга тушди. Қароқчи воқеасини гапираётгандим, эсингдами?
Э с т р а г о н. Йўқ.
В л а д и м и р. Истасанг, айтиб бераман.
Э с т р а г о н. Йўқ.
В л а д и м и р. Бу ҳам бир эрмак-да (Жимлик.) Халоскор билан бирга икки қароқчи ҳам чормих қилинганди. Уларни…
Э с т р а г о н. Ким билан?
В л а д и м и р. Халоскор билан. Икки қароқчи. Айтишларича, улардан бири омон қолган, иккинчиси эса… (“Омон қолган” деган сўзга тескари бўлган сўзни тополмай қийналади.) жазоланган.
Э с т р а г о н. Нимадан омон қолган?
В л а д и м и р. Дўзахдан.
Э с т р а г о н. Мен кетдим. (У жойидан қилт этмайди.)
В л а д и м и р. Шундай қилиб… (Жимлик.) Тақдирнинг изми билан… нима… Ишқилиб, сенинг жонингга тегмадимми?
Э с т р а г о н. Мен қулоқ солаётганим ҳам йўқ.
В л а д и м и р. Тақдирнинг ҳукми билан тўрт инжилчилардан биригина буларни ёзиб қолдиришга муваффақ бўлган. Бироқ тўрталаси ҳам ўша ерда бўлган, тўрталаси ҳам воқеанинг гувоҳи эдилар. Улардан фақат биттасигина қароқчининг омон қолганини айтади. (Жимлик.) Қулоқ сол, Гого, сен ҳам ҳеч бўлмаса суҳбатимизга қўшилиб туришинг керак.
Э с т р а г о н. Қулоғим сенда.
В л а д и м и р. Тўрттасидан бири. Қолган учтасидан иккитаси эса, лом-лим дейишмайди. Учинчиси эса уни ҳақоратлашганини айтади.
Э с т р а г о н. Ким?
В л а д и м и р. Нима?
Э с т р а г о н. Ҳеч нарса тушунмаяпман… (Жимлик.) Кимни ҳақоратлашган?
В л а д и м и р. Халоскорни.
Э с т р а г о н. Нима учун?
В л а д и м и р. Чунки у уларни халос этишни истамаган.
Э с т р а г о н. Дўзахданми?
В л а д и м и р. Э-э, йўқ, албатта. Ўлимдан.
Э с т р а г о н. Кейинчи?
В л а д и м и р. Уларнинг иккаласини ҳам жазолашган.
Э с т р а г о н. Жазолашса нима қилибди?
В л а д и м и р. Бошқаси эса фақат бир киши омон қолганди дейди.
Э с т р а г о н. Нима бўпти? Иккаласининг фикри икки хил бўлган, бор гап шу.
В л а д и м и р. Уларнинг бари гувоҳ бўлишган, тўрталаси ҳам. Фақат биттасигина қароқчи омон қолди дейди. Нега энди бошқаларга эмас, унга ишониш керак?
Э с т р а г о н. Ким унга ишонаяпти?
В л а д и м и р. Ҳамма. Ҳамма унинг мана шу ҳикоясини билади, холос.
Э с т р а г о н. Одамлар – аҳмоқ.

У қийинчилик билан ўрнидан туради-да, чўлоқланиб чап ён парда томон юра бошлайди. Тўхтаб, қўлини пешонасига қўйиб, узоққа кўз ташлайди. Ўгирилиб, ўнг парда томон юради.Узоқларга кўз ташлайди. Владимир ундан кўзини узмайди, кейин эса бошмоқларни йиғиштириб олишга тутинади. Ичига қараб, бирдан отиб юборади.

В л а д и м и р. Тф-у! (Тупиради.)

Эстрагон саҳна ўртасига қайтиб, атрофга назар ташлайди.

Э с т р а г о н. Яхши жой. (Ўгирилиб, олд тўсиққа яқинлашиб, томошабинлар томон тикилади.) Чиройли манзара. (Владимирга юзланиб) Кетдик.
В л а д и м и р. Бунинг иложи йўқ.
Э с т р а г о н. Нима учун?
В л а д и м и р. Биз Годони кутаяпмиз.
Э с т р а г о н. Ҳа, тўғри. (Жимлик.) Шу ер эканлигига ишончинг комилми?
В л а д и м и р. Нима?
Э с т р а г о н. Кутадиган жой.
В л а д и м и р. У якка дарахт олдида деганди. (Улар дарахтга тикилишади.) Атрофда бошқа дарахт борми?
Э с т р а г о н. Нима бу?
В л а д и м и р. Мажнунтолга ўхшайди.
Э с т р а г о н. Япроқлари қани?
В л а д и м и р. Ҳойнаҳой тўкилиб бўлган.
Э с т р а г о н. Энди йиғлолмас экан-да?
В л а д и м и р. Афтидан, мавриди ўтган.
Э с т р а г о н. Бу қуриб қолган новда.
В л а д и м и р. Ҳали қуримаган.
Э с т р а г о н. Қуриган.
В л а д и м и р. Қу… (Сергак тортиб.) Бу билан нимага шама қилаяпсан? Жойни адаштирдик, демоқчимисан?
Э с т р а г о н. У аллақачон келиши керак эди.
В л а д и м и р. У албатта келаман, деб ваъда бермаган.
Э с т р а г о н. Бордию, келмаса-чи?
В л а д и м и р. Эртага яна шу ерга келамиз.
Э с т р а г о н. Эртадан кейин ҳамми?
В л а д и м и р. Эҳтимол.
Э с т р а г о н. Келаверамиз, келаверамиз.
В л а д и м и р. Яъни…
Э с т р а г о н. Токи келгунга қадар.
В л а д и м и р. Жуда кескин гапираяпсан.
Э с т р а г о н. Кеча ҳам бу ерга келгандик.
В л а д и м и р. Йўқ, шу ерда сен адашаяпсан.
Э с т р а г о н. У ҳолда биз кеча нима қилдик?
В л а д и м и р. Биз кеча нима қилдик?
Э с т р а г о н. Нима қилдик?
В л а д и м и р. Рост айтаяпман… (Жаҳли чиқиб.) Одамни доим шунақа довдиратиб қўясан.
Э с т р а г о н. Назаримда, биз кеча ҳам келгандекмиз.
В л а д и м и р (атрофга аланглаб). Бу ер сенга таниш кўринаяптими?
Э с т р а г о н. Мен ҳали бундай демадим.
В л а д и м и р. У ҳолда нима?
Э с т р а г о н. Гап бунда эмас.
В л а д и м и р. Хўш, унда нимада… бу дарахт… (томошабинларга юзланиб) бу ботқоқлик.
Э с т р а г о н. Бугун оқшом эканлигига ишончинг комилми?
В л а д и м и р. Нима?
Э с т р а г о н. Уни кутадиган пайт.
В л а д и м и р. У шанба куни деганди. (Жимлик.) Адашмасам.
Э с т р а г о н. Ишдан кейин.
В л а д и м и р. Қаергадир ёзиб ҳам қўйгандим. (У ҳар хил нарсаларга тўла чўнтакларини ковлаштира бошлайди.)
Э с т р а г о н. Қайси шанба? Бугун ўзи шанбами? Эҳтимол, бугун якшанбадир? Ёки душанба. Балки жумадир?
В л а д и м и р (худди қайси кун эканлиги ерга ёзиб қўйилгандек, асабийлашганча атрофга аланглайди). Бундай бўлиши мумкин эмас.
Э с т р а г о н. Балки пайшанбадир?
В л а д и м и р. Хўш, нима қиламиз?
Э с т р а г о н. Агар у кеча келиб, бизни бу ердан тополмаган бўлса, бугун келмаслиги аниқ.
В л а д и м и р. Бироқ, сен кеча ҳам келгандек деяпсанку?!
Э с т р а г о н. Балки, мен адашаётгандирман. (Жимлик.) Кел, бирпас жим турайлик, маъқулми?
В л а д и м и р (истар-истамай). Бўпти. (Эстрагон қайтиб ўтиради. Владимир асабийлашиб у ёқдан бу ёққа юради, баъзан тўхтаб, уфқ томон астойдил тикилиб қолади. Эстрагон уйқусирай бошлайди. Владимир Эстрагон қаршисида тўхтайди.) Гого… (Жимлик.) Гого… (Жимлик.) Гого!

Эстрагон бирдан кўзини очади.

Э с т р а г о н (бирдан ўзларининг ночор вазиятда эканлиги ёдига тушиб). Кўзим илинибди. (Таъна аралаш.) Нима учун доим энди мизғий бошлаганимда уйғотасан?
В л а д и м и р. Ўзимни ёлғиз ҳис қилдим.
Э с т р а г о н. Мен туш кўрибман.
В л а д и м и р. Айтмай қўя қол!
Э с т р а г о н. Тушимда гўё…
В л а д и м и р. Айтма деяпман!
Э с т р а г о н (атрофга ишора қилиб). Шулар билан овунмоқчимисан? (Жимлик.) Яхши эмас, Диди. Тунги босинқирашларимни сенга айтмасам, кимга ҳам айтаман, ахир?
В л а д и м и р. Босинқирашларинг фақат ўзингники бўлиб қолсин. Буни кўтара олмаслигимни яхши биласан.
Э с т р а г о н. Баъзан ажрашиб, икки томонга кетсак яхши бўлармиди деб ўйлаб қоламан.
В л а д и м и р. Барибир узоққа кетолмасдинг.
Э с т р а г о н. Чатоқ жойи ҳам шунда-да. (Жимлик.) Рост, Диди, ҳамма бало ана шунда. (Жимлик.) Йўл равон бўлса. (Жимлик.) Йўлдошинг эса самимий-қувноқ. (Жимлик. Эркаланган оҳангда.) Тўғрими, Диди?
В л а д и м и р. Жим бўл.
Э с т р а г о н (ҳузурланиб). Жим бўл… Жимлик… (Ширин энтикиб.) Худди инглизлар айтганидек, жимлик, фақат жимлик. Улар жуда хотиржам одамлар. (Жимлик.) Шаробхонага кирган инглиз ҳақидаги латифани биласанми?
В л а д и м и р. Ҳа.
Э с т р а г о н. Айтиб бер-чи.
В л а д и м и р. Етар.
Э с т р а г о н. Бир инглиз ширакайф бўлиб шаробхонага борибди. Бека ундан ким керак деб сўрармиш: оқбаданми, қорачадан келганми ёки сариқ сочли? Давом эттир.
В л а д и м и р. Бас қил!

Владимир саҳнадан узоқлашади. Эстрагон унинг ортидан саҳна четига қадар боради. Эстрагоннинг ҳаракатлари кураш мусобақасидаги томошабиннинг ҳаракатини эслатади. Владимир ортга бурилиб, Эстрагоннинг ёнидан ўтиб, саҳнага қайтади. Унинг кўзлари ҳорғин. Эстрагон у томонга қараб бир неча қадам ташлайди. Тўхтайди.

Э с т р а г о н (майин оҳангда). Менга нимадир демоқчимидинг? (Владимир жавоб бермайди. Эстрагон олдинга қадам ташлайди.) Менга нимадир демоқчи эдинг. (Сукут. Яна қадам ташлайди.) Айтақол, Диди…
В л а д и м и р (ўгирилмасдан туриб). Айтадиган ҳеч қандай гапим йўқ.
Э с т р а г о н (олдга қадам ташлайди). Нима, хафа бўлдингми? (Сукут. Олдга қадам ташлайди.) Кечир! (Сукут. Олдга қадам. Елкасига қўлини қўяди.) Қулоқ сол, Диди. (Сукут.) Қўлингни бер! (Владимир ўгирилади.) Кел, қучоқлашайлик! (Владимир асабийлашганча, жойида туриб қолади.) Менга изн бер! (Владимир ҳовуридан тушади. Улар қучоқлашишади. Э с т р а г о н орқага тисарилади.) Сендан саримсоқнинг ҳиди келаяпти!
В л а д и м и р. Буйрак учун фойдали. (Сукут. Эстрагон дарахтни кўздан кечира бошлайди.) Хўш, энди нима қиламиз?
Э с т р а г о н. Кутамиз.
В л а д и м и р. Ҳа, кейинчи?
Э с т р а г о н. Вақтичоғлик қилсак нима бўлади?
В л а д и м и р. Мана шунда яхши туради.
Э с т р а г о н (қизиқиб). Туради?
В л а д и м и р. Бундан узилиб тушадиган ҳамма япроқ учун. У узилиб тушган жойдан меҳригиё униб чиқади. Шунинг учун уни узаётганда овоз чиқаргандек бўлади. Нима, буни билмасмидинг?
Э с т р а г о н. Яна қайтиб осиб қўямиз.
В л а д и м и р. Новдагами? (Улар дарахтга яқинлашиб, айланиб кўра бошлашади.) У жуда мўртга ўхшайди.
Э с т р а г о н. Уриниб кўрсак-чи.
В л а д и м и р. Уриниб кўр.
Э с т р а г о н. Аввал сен бошла.
В л а д и м и р. Йўқ, олдин сен.
Э с т р а г о н. Нима учун?
В л а д и м и р. Сен менга қараганда енгилроқсан.
Э с т р а г о н. Ҳамма гап ана шунда-да.
В л а д и м и р. Тушунмадим.
Э с т р а г о н. Яхшилаб ўйлаб кўргин.

Владимир ўйга толади.

В л а д и м и р (ниҳоят). Тушунмадим.
Э с т р а г о н. Ҳозир тушунтираман. (Ўйланиб.) Япроқ… япроқ… (Ғазаб билан.) Тушунсанг-чи ахир!
В л а д и м и р. Сенга ишонаман.
Э с т р а г о н (қийинчилик билан). Гого енгил – новда синмайди – Гого ўлган. Диди оғир – новда синади – Диди ёлғиз. (Жимлик.) У ҳолда қандай… (маъқул сўз тополмай қийналади.)
В л а д и м и р. Бу ҳақда ўйламаган эканман.
Э с т р а г о н (излаган сўзини топиб). Катта бўлган айни пайтда кичик ҳамдир.
В л а д и м и р. Нима, мен сендан оғирроқ келаманми?
Э с т р а г о н. Буни сен айтдинг. Мен билмайман. Икки имкониятдан бири. Деярли.
В л а д и м и р. У ҳолда нима қиламиз?
Э с т р а г о н. Ҳеч нарса. Шуниси хавфсизроқ.
В л а д и м и р. Кутайлик-чи, у нима дер экан?
Э с т р а г о н. Ким?
В л а д и м и р. Годо.
Э с т р а г о н. Яна шу гап.
В л а д и м и р. Ҳаёт-мамот масаламиз ҳал бўлмагунча, уни кутамиз.
Э с т р а г о н. Бошқа томондан олиб қараганда, темирни қизиғида босиш керак.
В л а д и м и р. Унинг нима дейиши мени қизиқтираяпти. Барибир бу зиммамизга ҳеч қандай масъулият юкламайди.
Э с т р а г о н. Биз ундан нимани сўраган эдик.
В л а д и м и р. Нима, у ерда йўқмидинг?
Э с т р а г о н. Эътибор қилмаган эканман.
В л а д и м и р. Ҳалиги… айтарли ҳеч нарса.
Э с т р а г о н. Бирон нарса сўраганмидинглар?
В л а д и м и р. Шундай, шундай.
Э с т р а г о н. Бирон нарса ўтиндиларингми?
В л а д и м и р. Шунақароқ.
Э с т р а г о н. У нима деб жавоб берди?
В л а д и м и р. Қараб кўраркан.
Э с т р а г о н. Нима, у ҳеч нарсани ваъда беролмайдими?
В л а д и м и р. Ўйлаб кўриши керак экан.
Э с т р а г о н. Бошини оғритмасдан дегин.
В л а д и м и р. Оиласи билан маслаҳатлашиб.
Э с т р а г о н. Дўстлари билан.
В л а д и м и р. Айғоқчилари билан.
Э с т р а г о н. Гумашталари билан.
В л а д и м и р. Ҳисоб-китоб дафтарига қараб.
Э с т р а г о н. Банкдаги ҳисоб рақамига қараб.
В л а д и м и р. Бир қарорга келишдан олдин.
Э с т р а г о н. Бу табиий.
В л а д и м и р. Наҳотки?
Э с т р а г о н. Менимча, шундай.
В л а д и м и р. Менимча ҳам.
Э с т р а г о н (ҳаяжонланиб). Биз-чи?
В л а д и м и р. Нима?
Э с т р а г о н. Биз-чи деяпман?
В л а д и м и р. Тушунмадим.
Э с т р а г о н. Бунда бизнинг иштирокимиз қандай бўлади?
В л а д и м и р. Ролми?
Э с т р а г о н. Ҳовлиқма.
В л а д и м и р. Роль? Тиланчиларнинг ролини.
Э с т р а г о н. Шундай дегин.
В л а д и м и р. Тақсиримга бирон нарса ёқдими?
Э с т р а г о н. Бизнинг ҳеч қандай ҳуқуқимиз қолмаганми?

Владимир илгаргидек телбаларча кулади-да, бирдан тўхтайди. Кулгидан бошқа ҳаммаси яна такрорланади.

В Л А Д И М И Р. Қўлимдан келганда, албатта, кулган бўлардим.
Э С Т Р А Г О Н. Уларни йўқотиб қўйдикми?
В Л А Д И М И Р (дона-дона қилиб). Уларни пуллаб бўлдик.

Жимлик. Улар қимир этишмайди. Қўллари оҳиста қимирлайди, боши хам, оёқлари эса букилган.

Э с т р а г о н (базўр). Бизни банди қилишмаганми? (Жимлик.) А?
В л а д и м и р (қўлини кўтариб). Қулоқ сол!

Нотабиий турган ҳолатда, уни тинглай бошлайди.

Э с т р а г о н. Ҳеч нарса эшитмаяпман.
В л а д и м и р. Жимм! (Улар қулоқ солишади. Эстрагон мувозанатини йўқотиб, сал бўлмаса йиқилиб тушай дейди. У ёқдан-бу ёққа чайқалаётган Владимирнинг қўлидан у тутиб қолади. Улар бир-бирларини бағриларига босганча, бир-бирларининг кўзларига тикилганча қулоқ соладилар.) Мен ҳам.

Енгил тортиб нафас олишади. Бўшашиб, бир-биридан узоқлашишади.

Э с т р а г о н. Мени қўрқитиб юбординг.
В л а д и м и р. У келдимикан деб ўйлабман.
Э с т р а г о н. Ким?
В л а д и м и р. Годо.
Э с т р а г о н. Ана! Қамишзорда шамол турди.
В л а д и м и р. Қасам ичиб айтишим мумкинки, кимнингдир ҳайқириғи эшитилди.
Э с т р а г о н. Кимга ҳайқирди?
В л а д и м и р. Отларга.

Жимлик.

Э с т р а г о н. Кетдик.
В л а д и м и р. Қаёққа? (Сукут.) Балки бу тун унинг уйида қорин тўйдириб, иссиқ ва қуруқ жойда, сомон устида ухлармиз? Шунча кутганимизга яраша. Гапим тўғрими?
Э с т р а г о н. Туни билан эмас.
В л а д и м и р. Яна бир кун.

Жимлик.

Э с т р а г о н. Қорним очди.
В л а д и м и р. Сабзи ейсанми?
Э с т р а г о н. Бошқа нарса йўқми?
В л а д и м и р. Бир жуфт турп ҳам бор.
Э с т р а г о н. Сабзини менга бера қол. (Владимир чўнтакларини ковлаштира бошлайди, турпни чиқариб Эстрагонга беради.) Раҳмат. (Ковшаниб, ғамғин оҳангда.) Бу турику!
В л а д и м и р. Кечирасан! Сабзи эканлигига ишончим комил эди. (Яна чўнтакларини ковлаштириб, турп чиқаради.) Фақат турп. (Қидиришда давом этади.) Афтидан охиригисини сен единг (Излайди.) Шошма, мана. (Ниҳоят сабзини чиқариб Эстрагонга узатади.) Мана, азиз қадрдоним. (Эстрагон сабзини қўли билан артиб, ея бошлайди.) Турпни менга бер. (Эстрагон унга турпни беради.) Майда чайнаб егин, бошқа йўқ.
Э с т р а г о н (ковшаниб). Сенга савол бердим.
В л а д и м и р. Хўш?!
Э с т р а г о н. Саволимга жавоб бермадинг.
В л а д и м и р. Сабзи ширинмикан?
Э с т р а г о н. Мазали.
В л а д и м и р. Унда жуда соз. (Жимлик.) Нима демоқчи эдинг?
Э с т р а г о н. Ёдимдан кўтарилди. (Тамшанади.) Ҳамма гап ана шунда-да. (Мамнуният билан сабзига тикилади, бармоқлари учида тутганча, уни айлантириб томоша қилади.) Сабзинг чакки эмас. (Иштаҳа билан оғзига солади.) Шошма, эсладим. (Сабзини тишлайди.)
В л а д и м и р. Хўш, нима экан?
Э с т р а г о н. (оғзини тўлдириб, паришонхотирлик билан.) Бизни банди қилишмаганми?
В л а д и м и р. Ҳеч нарса эшитмаяпман.
Э с т р а г о н (ковшаниб, ютина туриб). Сендан сўраяпман, бизни банди қилишмаганми?
В л а д и м и р. Банди?
Э с т р а г о н. Бан-ди.
В л а д и м и р. Банди деганинг нимаси?
Э с т р а г о н. Қўл ва оёқларимизни боғлашмаганми.
В л а д и м и р. Ким? Ким боғлайди?
Э с т р а г о н. Сенинг одаминг.
В л а д и м и р. Годоми? Бу фикр қаердан чиқди? Бўлиши мумкин эмас!
(Сукут.) Йўқ… ҳали.

Э с т р а г о н. Унинг исми Годоми?
В л а д и м и р. Менимча, шундай.
Э с т р а г о н. Қулоқ сол. (У сабзини поясидан ушлаб, кўз олдида айлантира бошлайди.) Қизиқ. Еганинг сайин бемазалиги сезилаяпти.
В л а д и м и р. Менда эса акси.
Э с т р а г о н. Яъни?
В л а д и м и р. Еган сайин мазасини олаётганга ўхшаяпман.
Э с т р а г о н (узоқ ўйлагандан сўнг). Сенингча, тескари бўлиш керакми?
В л а д и м и р. Ҳаммаси ғайратга боғлиқ.
Э с т р а г о н. Феъл-атворга.
В л а д и м и р. Чорасизга чора йўқ.
Э с т р а г о н. Минг чирангин, фойдаси бўлмас.
В л а д и м и р. Қарирсан, қартарсан, асл наслингга тортарсан.
Э с т р а г о н. Бузоқнинг югургани сомонхонагача.
В л а д и м и р. Тақдирдан қочиб қутулиб бўлмас.
Э с т р а г о н. Нима ҳам қила олардинг. (Қолган сабзини Владимирга узтади.) Тугатиб қўясанми?

Шундай яқиндан даҳшатли қичқириқ эшитилади. Эстрагон сабзини тушириб юборади. Улар жойларида қотиб қолишади, кейин ўзларини парда томонга уришади. Эстрагон ярим йўлда тўхтайди, қайтиб, сабзини олиб, чўнтагига солади-да, уни кутиб турган Владимир томон отилади. Кейин яна тўхтайди, яна қайтади, бошмоғини олиб, Владимир томон югуради. Улар ўгирилганларича, бошларини букиб, бир-бирларини қучганча кутиб туришади. Поццо ва Лаки кириб келади. Поццо Лакини унинг бўйнига солинган арқондан тортиб, етаклаб олган. Шундай қилиб олдин Лаки пайдо бўлади, узун арқон етгунга қадар саҳна ўртасига юриб боргач ортидан Поццо пайдо бўлади. Лаки оғир жомадон, йиғма курси, мева-чева солинган сават ва пальто(қўлида) кўтариб олган. Поццонинг қўлида арқон.

П о ц ц о (парда ортидан). Тезроқ! (Қамчи овози. Поццо пайдо бўлади. Улар саҳнага чиқишади. Лаки Эстрагон ва Владимир ёнидан ўтиб, ғойиб бўлади. Арқон тортилади. Поццо уни силкиб тортади.) Қайт! (Гуппиллаган овоз эшитилади. Лаки лаш-лушлари билан ағнаб тушади. Владимир ва Эстрагон ёрдам берайликми ёки бизга тааллуқли бўлмаган нарсага аралашмаганимиз маъқулми деб, иккиланиб унга тикилиб қолишади. Владимир Лаки томон қадам ташлайди. Эстрагон унинг енгидан тортади.)
В л а д и м и р. Қўйиб юбор!
Э с т р а г о н. Ўзингни бос.
П о ц ц о. Эҳтиёт бўлинг. У аяб ўтирмайди. (Эстрагон ва Владимир ажабланиб тикилишади.) Бегоналарни.
Э с т р а г о н (шивирлаб). Бу ўшами?
В л а д и м и р. Ким?
Э с т р а г о н. Ҳалиги…
В л а д и м и р. Годоми?
Э с т р а г о н. Ҳа.
П о ц ц о. Ўзимни таништиришга изн беринг. Поццо.
В л а д и м и р. Йўқ.
Э с т р а г о н. У Годо дедими.
В л а д и м и р. Э, йўқ.
Э с т р а г о н (Поццога). Тақсир, сиз Годо эмасмисиз?
П о ц ц о (қўрқинчли овозда). Мен Поццоман! (Жимлик.) Бу исм сизларга ҳеч нарсани англатмаяптими? (Жимлик.) Сизлардан сўраяпман, бу исм сизларга танишми?
Владимир ва Эстрагон бир-бирига ҳайрон бўлиб тикилишади.
Э с т р а г о н (гўё ниманидир эсламоқчидек бўлиб). Бодзо… Бодзо…
В л а д и м и р (илгаргидек). Поццо…
П о ц ц о. Поццо!
Э с т р а г о н. Э, ҳа! Поццо… ҳа, ҳа… Поццо…
В л а д и м и р. Поццоми ёки Бодзо?
Э с т р а г о н. Поццо… эсимда йўқ.
В л а д и м и р (муросали оҳангда). Мен Годзо оиласини танирдим… Бека каштадўзлик қиларди.

Поццо ғазаб билан улар томон юради.

Э с т р а г о н (сергак тортиб). Тақсир, биз бу ерлик эмасмиз.
П о ц ц о (тўхтаб). Ҳа-а, бечора одамзот авлоди. (Кўзойнагини тақади.) Кўриниб турибди. (Кўзойнагини олади.) Сизлар ҳам менинг қавмимдансиз, шекилли (Тўсатдан қаҳ-қаҳ отиб кулади.) Поццо қавмидаги одамлар. Яратганнинг суюкли бандаси!
В л а д и м и р. Гап шундаки, биз…
П о ц ц о (кескин). Годо деганларинг ким?
Э с т р а г о н. Годо?
П о ц ц о. Мени Годо деб ўйладиларинг.
В л а д и м и р. Э, йўқ, тақсир, бундай хаёлга ҳам бормадик.
П о ц ц о. Ким у?
В л а д и м и р. Бууу-у, ҳа-алиги… танишимиз.
Э с т р а г о н. Қўйсанг-чи, биз уни умуман танимаймиз.
В л а д и м и р. Албатта… биз уни яхши билмаймиз… бироқ шундай бўлса-да…
Э с т р а г о н. Агар кўчада учратиб қолганимда ҳам уни танимаган бўлардим.
П о ц ц о. Мени у деб ўйладиларинг.
Э с т р а г о н. Гап шундаки, биз… қоронғулик… чарчаганмиз… ҳориганмиз… кутавериб… тан оламан… туюлди… бир неча дақиқага…
В л а д и м и р. Унга қулоқ солманг, тақсир, қулоқ солманг!
П о ц ц о. Кутавериб? Демак уни кутаётган экансизлар-да?
В л а д и м и р. Гап шундаки, биз…
П о ц ц о. Шу ердами? Менинг еримда-я?
В л а д и м и р. Ҳеч бир ёмон хаёлга борганимиз йўқ.
Э с т р а г о н. Бизнинг ниятимиз холис эди.
П о ц ц о. Йўл ҳамма учун очиқ.
В л а д и м и р. Биз ҳам шундай фикрдамиз.
П о ц ц о. Шармандалик, бироқ бу ҳақиқат.
Э с т р а г о н. Чорасизга чора йўқ.
П о ц ц о (кескин ишора билан). Буни унутайлик. (Арқонни тортади.) Тур! (Жимлик.) Йиқилиб тушиши билан тошдек қотиб ухлайди. (Арқонни тортади.) Турақол, ярамас! (Лакининг бир амаллаб тургани ва нарсаларини йиғиштираётгани эшитилиб туради. Поццо арқонни силкитади.) Ортга! (Лаки саҳнага орқаси билан юриб келади.) Тўхта! (Лаки тўхтайди.) Ортингга қайрил! (Лаки ўгирилади. Владимир ва Эстрагонга хушмуомилалик билан.) Дўстларим, сизларни учратганимдан хурсандман. (Уларнинг ажабланиб турганини кўриб, ғижиниб.) Ҳа, ҳа, жуда ҳам мамнунман. (Арқонни тортади.) Яқинроқ кел! (Лаки яқинлаша бошлайди.) Тўхта! (Лаки тўхтайди. Владимир ва Эстрагонга.) Биласизми, манзил ҳамиша олис туюлади, бир ўзинг оқимга қарши йўлга чиққанингда… (соатига қарайди.) …оқимга қарши… (санайди.) олти соат, ҳа, тўғри, дам олмасдан олти соат, бирон тирик жон учрамади. (Лакига) Пальто! (Лаки жомадонни ерга қўйиб, юриб келиб, пальтони тутқазади-да, қайтиб, жамадонни қўлига олади.) Ма, ол. (Поццо унга қамчини тутқазади, Лаки унинг ёнига келади ва қўли банд бўлгани учун қамчини тиши билан олади. Ортга қайтади. Поццо пальтони кия бошлаб, тўхтаб қолади.) Пальто! (Лаки нарсаларни ерга қўйиб, келиб, Поццога пальто кийишга ёрдамлашади-да, қайтиб нарсаларни қўлига олади.) Ҳавонинг салқинлиги сезилаяпти. (У ниҳоят тугмаларини қадайди, эгилиб, уст-бошига қараб, қаддини ростлайди.) Қамчи! (Лаки келиб, эгилади; Поццо қамчини унинг тишлари орасидан олади; Лаки ортга тисарилади.) Биласизми, азизларим, мен ўзимга ўхшаганлар тоифасидан асло ажралгим келмайди, (у ўз тоифасидагиларга кўз ташлайди) ҳатто улар менга унчалик ўхшамасалар-да. (Лакига.) Курси! (Лаки ерга жомадони ва саватни қўяди, келиб, курсини ёйиб, ўтириш учун ҳозирлайди-да қайтиб жамадон ва саватни кўтариб олади. Поццо курсига кўз ташлайди.) Яқинроқ! (Лаки ерга жомадон ва саватни қўйиб, келиб курсини яқинроқ қўяди-да, қайтиб жамадон ва саватни қўлига олади. Поццо ўтириб, қамчининг бир учи билан Лакининг кўкрагига нуқиб уни итаради.) Ортга! (Лаки ортга тисарилади.) Яна. (Лаки яна ортга тисарилади.) Тўхта! (Лаки тўхтайди. Владимир ва Эстрагонга.) Шунинг учун яна йўлда давом этишдан олдин ижозатларингиз билан бир оз муддатга ёнларингизда қолмоқчиман. (Лакига.) Сават! (Лакки келиб, саватни узатади-да, ортга қайтади.) Тоза ҳавода, албатта, қорин тез очқайди. (Саватни очиб, пиширилган товуқ, бир бурда нон ва бир шиша шароб олади. Лакига.) Сават! (Лаки келиб, саватни олади-да, тисарилиб тўхтайди.) Яна! (Лаки ортга чекинади.) Ўша ерда! (Лаки тўхтайди.) У жуда сасиб кетган. (Шиша оғзидан шароб симира туриб.) Сизларнинг соғлигингиз учун. (У шишани қўйиб, тамадди қилишга тутинади.)

Жимлик. Эстрагон ва Владимир бир оз дадиллашади ва Лакини ўраб олиб, гир айланиб томоша қила бошлашади. Поццо иштаҳа билан товуқни паққос тушира бошлайди, суякларини шимиб, отиб юборади. Лаки то жомадон ерга теккунга қадар секин ўтира бошлайди, бирдан туриб, яна ўтиради. Унинг ҳаракатлари худди тик туриб ухлаётган одамнинг ҳаракатига ўхшаб кетади.

Э с т р а г о н. Унга нима бўлган?
В л а д и м и р. Жуда чарчаган кўринади.
Э с т р а г о н. Нима учун нарсаларни ерга қўймайди?
В л а д и м и р. Мен қаердан билай? (Улар Лакига яқинроқ боришади.)
Эҳтиёт бўл!
Э с т р а г о н. Уни гапга солиб кўрсак-чи?
В л а д и м и р. Қара!
Э с т р а г о н. Нима?
В л а д и м и р (Кўрсатиб). Бўйни.
Э с т р а г о н. Мен ҳеч нарса кўрмаяпман.
В л а д и м и р. Мана бу ерга тур.

Эстрагон Владимир ўрнини эгаллайди.

Э с т р а г о н. Ҳа-а, рост.
В л а д и м и р. Қонаб кетган.
Э с т р а г о н. Арқоннинг изи.
В л а д и м и р. Шилиб юборган.
Э с т р а г о н. Нима демоқчи эдинг?
В л а д и м и р. Арқон тугуни.
Э с т р а г о н. Жуда хавфли.

Яна Лакини ўргана бошлашади. Юзига разм солишади.

В л а д и м и р. Кўриниши чакки эмас.
Э с т р а г о н (елка қисиб, жирканиб афтини бужмайтиради). Шундай деб ўйлайсанми?
В л а д и м и р. Бир оз нозикроқ экан.
Э с т р а г о н. Унинг сўлаги оқаяпти.
В л а д и м и р. Зўриққанидан.
Э с т р а г о н. Қара, кўпик.
В л а д и м и р. Балки у телбадир?
Э с т р а г о н. Аҳмоқ.
В л а д и м и р (бўйнини чўзиб). Буқоғи бор экан.
Э с т р а г о н (бўйнини чўзиб). Бу тахмин холос.
В л а д и м и р. У нафас олишга қийналаяпти.
Э с т р а г о н. Қўрқадиган жойи йўқ.
В л а д и м и р. Кўзларига қарагин!
Э с т р а г о н. Нима бўпти?
В л а д и м и р. Қорачиқлари катталашибди.
Э с т р а г о н. Назаримда унинг жони узилаяпти.
В л а д и м и р. Бу ҳали аниқ эмас. (Жимлик.) Ундан бирон нарса сўра-чи.
Э с т р а г о н. Шартмикан?
В л а д и м и р. Осмон узилиб ерга тушармиди?
Э с т р а г о н (иккиланиб). Тақсир…
В л а д и м и р. Қаттиқроқ.
Э с т р а г о н (овозини баландлатиб). Тақсир…
П о ц ц о. Уни тинч қўйинглар! (Улар эндигина овқатланиб бўлиб, оғзини енги билан артаётган Поццо томон ўгирилишади.) У мизғиб олмоқчи эканини кўрмаяпсизларми? (У муштугини олиб, уни тўлдира бошлайди. Ерда ётган товуқ суякларига Эстрагоннинг кўзи тушиб, тамшаниб қараб қолади. Поццо гугурт чақиб муштукни тутатмоқчи бўлади.) Сават! (Лаки қимир этмайди. Поццо гугуртни отиб юбориб, ғазаб билан арқонни тортади.) Сават! (Лаки сал бўлмаса йиқилиб тушгудек бўлиб, зўрға кўзларини очади, келиб шишани саватга солади-да, жойига қайтиб яна мизғий бошлайди. Эстрагон суяклардан кўзини узолмай қолади. Поццо иккинчи гугурт чўпини чақиб, муштукни тутатади.) На чора, бу ишни у эплай олмайди. (Тамаки тортиб, оёқларини узатади.) Оҳ! Мана бу бошқа гап.
Э с т р а г о н (иккиланиб). Тақсир…
П о ц ц о. Оғайни, нима гап?
Э с т р а г о н. Ҳа-а… сизга энди керак эмасми… ҳалиги… буларни ташаб юборасизми… суякларни… тақсир?
В л а д и м и р (ғаши келиб). Сабр қилиб туролмадингми?
П о ц ц о. Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ, асло хижолат тортманг. Суяк керак эмасми дейсизми? (Уларни қамчи билан ағдаради.) Йўқ, шахсан менга керак эмас. (Эстрагон суяк томон қадам ташлайди.) Бироқ… (Эстрагон тўхтайди.) Аслида унинг эгаси ҳаммол. Шундай экан, буни ундан сўраганингиз маъқул. (Эстрагон Лаки томон юзланиб, иккиланиб қолади.) Сўранг, сўрайверинг, қўрқманг. У сизга айтади.

Эстрагон Лакига яқинлашиб, олдида тўхтайди.

Э с т р а г о н. Тақсир… маъзур тутасиз, тақсир…

Лаки қимир этмайди. Поццо қамчини ишга солади. Лаки бошини кўтаради.

П о ц ц о. Сендан сўрашаяпти, тўнғиз, жавоб бер. (Эстрагонга.) Сўранг.
Э с т р а г о н. Кечирасиз, тақсир, суяклар керак эмасми?
Лаки бир муддат Эстрагонга тикилиб қолади.
П о ц ц о (киноя аралаш). Тақсир! (Лаки бошини хам қилади.) Жавоб бер! Уларни ейсанми, йўқми? (Лаки лом-лим демайди. Эстрагонга.) Улар сизники. (Эстрагон суякка ташланиб, уларни ғажий бошлайди.) Жуда ғалати. У биринчи марта ризқидан воз кечаяпти. (У Лакига ташвишланиб тикилиб қолади.) Ишқилиб бунақа ҳазиллари билан ўзини касалга солиб олмаса эди! (Арқон тугунини сиқиб боғлайди.)
В л а д и м и р (кутилмаганда). Қандай шармандалик!

Жимлик. Эстрагон таажжубланиб, суяк ғажишдан тўхтайди ва навбат билан бир Владимирга, бир Поццога тикилади. Поццонинг парвойи фалак. Владимир тўхтовсиз тутоқади.

П о ц ц о. Бирор нарсани назарда тутиб шундай дедингизми?
В л а д и м и р (минғирлаган оҳангда). Одамга бундай муносабатда бўлиш… (Лакини кўрсата туриб) бу ҳолни мен… одамзотга нисбатан… йўқ… бу шармандалик!
Э с т р а г о н (четда қолишни истамай). Қандай шармандалик! (Яна суякни кемиришга тушади.)
П о ц ц о. Жуда шартаки экансиз. (Владимирга) Бетгачопарлигим учун маъзур тутасиз, ёшингиз нечада? (Сукут.) Олтмиш?.. Етмиш?.. (Эстрагонга.) Унинг ёши нечада бўлиши мумкин?
Э с т р а г о н. Ўзидан сўранг.
П о ц ц о. Беодоблик қилмоқчи эмасман. (Муштугини олиб, уни қамчига уриб, ўрнидан туради) Бироқ кетишим керак. Ҳамсуҳбат бўлганларинг учун раҳмат. (Ўйланади.) Ёки сизлар билан бир тамаки тортсаммикан? Бунга сизлар нима дейсизлар? (Улар лом-мим дейишмайди.) Мен жуда кам чекаман, жуда кам. Кўп чекишга унчалик одатланмаганман. Бу (муштукни юраги устига олиб боради) юрак уришини тезлатади. (Жимлик.) Тамаки – минг ўзингни асраганингга қарамай, дармонингни сўриб олади. (Хўрсинади.) На чора. (Сукут.) Балки сизлар чекмассизлар? Шундайми? Йўқ? Дарвоқе, гап ҳозир бунда эмас. (Жимлик.) Туриб қўйган бўлсам, энди қандай қилиб ўтираман? Иродасиз одам бўлиб кўринишни истамайман. (Владимирга.) Нима? (Жимлик.) Балки сиз ҳеч нарса демагандирсиз? (Жимлик.) Аҳамияти йўқ. Шундай қилиб… (Ўйланиб қолади.)
Э с т р а г о н. Ҳа-а! Шуниси маъқулроқ. (Суякни ташлайди.)
В л а д и м и р. Кетдик.
Э с т р а г о н. Дарровми?
П о ц ц о. Шошманглар! (Арқонни тортади.) Курси! (Қамчи билан кўрсатади. Лаки курси қўяди.) Яқинроқ! Шу ерга! (У ўтириб олади. Лаки ортга тисарилиб, жомадон ва саватни қўлига олади.) Мана, яна ўтириб олдим! (Муштукни тўлдира бошлайди.)
В л а д и м и р. Кетдик!
П о ц ц о. Ишқилиб, кетишларингга мен сабабчи эмасманми? Яна бир оз қолинглар, афсусланмайсизлар.
Э с т р а г о н (бир нарсадан умидвор бўлиб). Бизнинг вақтимиз бемалол.
П о ц ц о (муштукни тутади). Биринчисига қараганда (Муштукни оғзидан чиқариб, уни томоша қила бошлайди) иккиничиси ҳамиша ёмон, сизларга айтиб қўяй. (Яна муштукни оғзига солади.) Бироқ, у ҳам ёмон эмас.
В л а д и м и р. Мен кетдим.
П о ц ц о. У афтидан менга тоқат қилолмаётганга ўхшайди. Мен, албатта, одамохун одам эмасман, бироқ шу сабаб бўла оладими? (Владимирга.) Хато қилишдан олдин, яхшилаб ўйлаб кўринг. Дейлик, атрофга қоронғу тушмасдан ҳозир кетдингиз ҳам дейлик. (Учаласи ҳам осмонга тикилади). Хўш, кейинчи. Кейин нима бўлади… (Муштукни оғзидан чиқариб, унга тикилади.) …ўчиб қолди… (муштукни ёқади) у ҳолда… у ҳолда… у ҳолда нима бўлади? …Ҳалиги учрашувларинг нима бўлади, анави билан… Годеми… Годоми… Годами… (Жимлик.) Хуллас, кимни назарда тутаётганимни биласизлар. Келгуси тақдирларингиз ахир унга боғлиқ-ку. (Жимлик.) Дейлик сизнинг яқин келажагингиз.
Э с т р а г о н. У рост айтаяпти.
В л а д и м и р. Буни сиз қандай билдингиз?
П о ц ц о. Эҳ, у яна мени саволга тутаяпти. Мана шу тахлит самимий ва қадрдон дўст бўлиб қоламиз.
Э с т р а г о н. Нега у нарсаларини қўлидан қўймайди.
П о ц ц о. Уни учратсам мен ҳам ўзимни бахтиёр ҳисоблардим. Қанча кўп одамни учратсам, шунча ўзимни бахтиёр ҳис этаман. Ҳатто энг ярамас одам ҳам сенга нимадандир сабоқ бериши, ўрнак бўлиши, бахтли эканлигингни яхши ҳис этишингга кўмаклашиши мумкин. Ҳатто сизлардан ҳам ( у ҳар бирининг кўзига тик қараш учун иккаласига галма-гал кўз ташлайди) ҳатто сизлардан ҳам, эҳтимол, нималардир ўргангандирман.
Э с т р а г о н. Нега у нарсаларини қўлидан қўймайди.
П о ц ц о. Бу мени ҳайрон қолдирган бўларди.
В л а д и м и р. Сизга савол беришди.
П о ц ц о (қувноқ оҳангда). Савол? Ким? Қанақа савол? (Жимлик.) Ҳозиргина сиз, мен билан гаплашолмай, қалтираб тургандингиз. Энди эса мени саволга тутаяпсиз. Бунинг оқибати яхши бўлмайди.
В л а д и м и р (Эстрагонга). Афтидан у гапингни эшитганга ўхшайди.
Э с т р а г о н. (яна Лаки атрофида ўралаша бошлайди.) Нима?
В л а д и м и р. Энди саволингни унга бер, у бемалол эшитиши мумкин.
Э с т р а г о н. Нимани сўрайман?
В л а д и м и р. Нега нарсаларини ерга қўймайди, деб.
Э с т р а г о н. Буни мен ўзимдан сўраяпман.
В л а д и м и р. Ундан сўраб қўя қол.
П о ц ц о. (кутилмаган саволдан довдираб қолишдан ташвишланиб уларнинг суҳбатига қулоқ тутади). Нега у қўлидаги нарсаларни ерга қўймайди, деб мендан сўрамоқчисизлар, шундайми?
В л а д и м и р. Шундай.
П о ц ц о (Эстрагонга.) Сиз ҳам қўшиласизми?
Э с т р а г о н (Лакининг атрофидан нари кетолмай). Худди буғуга ўхшаб пишиллашини қаранг.
П о ц ц о. Саволингизга ҳозир жавоб бераман (Эстрагонга.) Ўтинаман,
Ўзингизни босинг. Менинг жаҳлимни чиқаряпсиз.
В л а д и м и р. Бу ёққа кел.
Э с т р а г о н. Нима бўлди?
В л а д и м и р. Ҳозир у негалигини айтар экан.

Улар ёнма-ён турганча, жим бўлиб кута бошлашади.

П о ц ц о. Жуда соз. Ҳамма шу ердами? Ҳамма менга қараб турибдими? (Лакига қарайди, арқоннинг учини тортади. Лаки бошини кўтаради.) Менга қара, ярамас! (Лаки унга қарайди.) Жуда соз. (У муштукни чўнтагига солиб, кичкина пуркагични олади-да, бўйнига сепади, кейин чўнтакка жойлаб, йўталади, тупиради, яна пўркагични олиб, томоғига сепадида, уни қайта жойлайди.) Мен тайёрман. Ҳамма қулоқ солаяптими? (Лакига қарайди, арқон учини тортади.) Бу ёққа кел! (Лаки унга яқинлашади.) Шу ерда! (Лаки тўхтайди.) Ҳамма тайёрми? (У учаласига ҳам навбат билан кўз ташлаб, охирида Лакида тўхтайди. Арқон учини тортади.) Нима гап? (Лаки бошини кўтаради.) Мен беҳудага гапиришни истамайман. Яхши. Бўпти. (Ўйга толади.)
Э с т р а г о н. Мен кетдим.
П о ц ц о. Ўзи мендан нимани сўрагандиларинг?
Э с т р а г о н. Нима учун у…
П о ц ц о (қаҳри келиб). Гапимни бўлманг! (Сукут. Бир оз юмшаб.) Агар ҳаммамиз бирданига гапирадиган бўлсак, ҳеч ким бир-бирини эшитмайди. (Жимлик.) Мен нима деётган эдим? (Жимлик. Баландроқ товушда.) Нима деётган эдим?

Владимир оғир юк кўтариб олган одамдек, мункайиб олади. Поццо унга ажабланиб тикилиб қолади.

Э с т р а г о н (зўриққандек). Нарсаларни! (Бармоғи билан Лакига ишора қилади.) Нима учун кўтариб олган? (Мункайган, зўрға нафас олаётган одамни тасвирлайди.) Ерга қўймайди. (Қўлларини ёзиб, қаддини тиклаб, енгил нафас олади.) Нима учун?
П о ц ц о. Тушунарли. Олдинроқ айтиш керак эди. Нима учун у ўзига ортиқча ташвиш орттирган? Тушунишга ҳаракат қиламиз. Бунга унинг ҳаққи борми? Ҳа. Демак, унинг ўзи истамайди. Тушунарлими? Нима учун истамайди дейсизми? (Жимлик.) Жаноблар, ҳозир сизларга айтаман.
В л а д и м и р. Диққат!
П о ц ц о. Унга шафқат қилишим учун менинг эътиборимни қозонмоқчи бўлаяпти.
Э с т р а г о н. Қанақасига ахир?
П о ц ц о. Эҳтимол, тушунтириб бера олмаётгандирман. Уни ташлаб қўймаслигим учун менинг раҳмимни келтирмоқчи. Йўқ, бу бутунлай бошқа нарса.
В л а д и м и р. Ундан қутулиш ниятидамисиз?
П о ц ц о. У мени лақиллатмоқчи бўлаяпти, бироқ мен ҳам анойилардан эмасман.
В л а д и м и р. Ростдан ундан қутулишни истайсизми?
П о ц ц о. У агар яхши ҳаммоллик қилсам, кейинчалик ҳам менинг хизматимдан фойдаланади дея хомхаёл қилаяпти.
В л а д и м и р. Энди у сизга керак эмасми?
П о ц ц о. Аслида-ку, эшшакдек юк кўтаради. Бироқ бу иш унга тўғри келмайди.
В л а д и м и р. Ундан қутилишни истайсизми?
П о ц ц о. Агар юк кўтариб чарчамаслигимни кўрса, хўжайин ўз қарорини ўзгартиради деган хаёлда. Бутун ўй-хаёли шу. Гўё ундан бошқа ишчиларим йўқдек! (Учаласи ҳам Лакига қарайди.) Юпитер ўғли, Атлас! (Сукут.) Мана шундай. Ҳамма саволларингизга жавоб бердим, деб ўйлайман. Яна саволларингиз борми? (Пуркагич билан ҳаракатни яна такрорлайди.)
В л а д и м и р. Ундан қутулишни истайсизми?
П о ц ц о. Барака топгур, агар тақдир шуни раво кўрмаганида мен унинг, у эса менинг ўрнимда бўлиши мумкин эди. Ҳар кимнинг ўз қисмати бор.
В л а д и м и р. Ундан қутулишни истайсизми?
П о ц ц о. Нималар деяпсиз?
В л а д и м и р. Ундан буткул қутулишни истайсизми?
П о ц ц о. Тўғри. Бироқ, бунинг ўрнига, яъни ҳайдагандан кўра, нима ҳам қилишим мумкин? Айтмоқичиманки, орқасига бир тепиб, кўчага ҳайдамай, раҳм қилиб, муқаддас Халоскор бозорига олиб бораман. Ўйлайманки, у ерда унга бирон нарса насиб этади. Ростини айтсам, бунга ўхшаганларни ҳайдаб юбориб бўлмайди. Яхшиси уларни ўлдирган маъқул.

Лаки йиғлашга тушади.

Э с т р а г о н. У йиғлаяпти.
П о ц ц о. Ҳатто итнинг ҳам ғурури бундан баландроқ. (Эстрагонга рўмолчасини тутади.) Шунчалик раҳмингиз келаётган бўлса, юпата қолинг. (Эстрагон иккиланиб қолади.) Олинг. (Эстрагон рўмолчани олади.) Унинг ёшларини артинг. Ўзини бунчалик хўрланган ҳисобламасин.

Эстрагон бир қарорга келолмай иккиланади.

В л а д и м и р. Бу ёққа бер, буни мен қиламан.

Эстрагон рўмолчани бергиси келмайди. Болаларча мунғаяди.

П о ц ц о. Шошилинг. Тез орада йиғлашдан тўхтайди. (Эстрагон Лакига яқинлашиб, кўз ёшларини армтоқчи бўлади. Лаки зарб билан унинг оёғига тепади. Эстрагон рўмолчани тушириб юборади, қочиб, оғриқдан чинқириб, чўлоқланиб, айлана бўйлаб югура бошлайди.) Рўмолча. (Лаки жамадон ва саватни ерга қўйиб, рўмолчани олади, яқин келиб уни Поццога тутқазади, ортга чекиниб, жамадон ва саватни қўлига олади.)
Э с т р а г о н. Ярамас! Аблаҳ! (Иштонини шимаради.) У мени майиб қилди!
П о ц ц о. Бегоналарни ёқтирмайди, деб сизларни огоҳлантиргандим-ку.
В л а д и м и р. (Эстрагонга). Кўрсат-чи. (Эстрагон унга оёғини кўрсатади. Поццога, ғазаби келиб.) Оёғидан қон оқаяпти!
П о ц ц о. Бу яхшилик аломати.
Э с т р а г о н (оёғини осилтириб турганча). Энди юра олмайман шекилли?!
В л а д и м и р (ҳамдардлик билан). Сени ўзим кўтариб оламан. (Жимлик.) Ростдан ҳам юролмайдиган бўлсанг.
П о ц ц о. У йиғидан тўхтади. (Эстрагонга.) Қайсидир маънода унинг ўрнини сиз эгалладингиз. (Завқи келиб.) Одамнинг кўз ёши булоқдай гап. Бирор жойда биров бошласа, бошқа ерда кимдир йиғидан тўхтайди. Кулги ҳам шундай. (Кулади.) Давримиз ҳақида ёмон гапларни гапирмайлик, олдингига қиёслаганда унчалик хатарли эмас. (Сукут.) Уни мақтамаганимиз ҳам маъқул. (Жимлик.) У ҳақида умуман гаплашмаймиз. (Сукут.) Ҳа, содда одамлар ростдан кўпайганга ўхшайди.
В л а д и м и р. Юришга уриниб кўр. (Эстрагон чўлоқланиб юра бошлайди, Лаки олдида тўхтаб, унга тупириб, парда кўтарилишдан олдин ўтирган жойига бориб чўкади.)
П о ц ц о. Биласизми, буларнинг барини менга ким ўргатган? (Жимлик. Бармоғи билан Лакига ишора қилиб.) У!
В л а д и м и р (осмонга кўз ташлаб). Қачон қоронғу тушар экан?
П о ц ц о. Усиз менинг кечинма ва фикрларим касбим тақазосидан келиб чиқиб, хаёлий нарсалар билан банд эди. …дарвоқе, бу муҳим эмас. Гўзаллик, меҳрибонлик, олий ҳақиқат – буларнинг бари илгари бир хаёл эди. Шунда мен ўзимга қизиқчи ёлладим.
В л а д и м и р (беихтиёр осмонга тикилишдан тўхтаб). Қизиқчи?
П о ц ц о. Бунинг давом этаётганига ҳам олтмиш йилча бўлиб қолди… (Хаёлан санай бошлайди.) …ҳа, ҳадемай олтмиш йил. (Қаддини ғоз тутиб.) Мени бу ёшда деб ўйламайсизлар, тўғрими? (Владимир Лакига қарайди.) Унинг ёнида мен ёшгина йигитга ўхшайман, тўғрими? (Жимлик. Лакига.) Шляпа! (Лаки ерга саватни қўйиб, бошидан шляпасини олади. Оппоқ, қалин сочлар уни кекса қилиб кўрсатади. У шляпани қўлтиғига қистириб, саватни қўлига олади.) Энди эса қаранглар. (Поццо ўз шляпасини олади. Тап-тақир боши кўринади. Шляпани кияди.) Кўрдингизми?
В л а д и м и р. Қизиқчи нима дегани?
П о ц ц о. Бу ерлик эмасмисизлар? Қайси асрда яшаяпсизлар? Илгари одамлар масхарабоз ёллашарди, энди қизиқчиларни. Албатта, бунга имконияти бўлганлар.
В л а д и м и р. Энди уни ҳайдамоқчи бўлаяпсизми? Шундай кекса ва содиқ хизматкорни-я?
Э с т р а г о н. Аҳмоқ!

Поццо лаҳза сайин асабийлаша бошлайди.

В л а д и м и р. Бор ҳақиқатни билиб олганингиздан кейин, уни худди… (сўз тополмай қийналади) …банан пўчоғидай ташлаб юбормоқчимисиз? Инкор қилманг, сиз уни…
П о ц ц о (бошини қўллари орасига олиб, зорлана бошлайди). Ортиқ тоқат қилолмайман… чидай олмайман… у нима қилаяпти … тушунмаяпсиз … даҳшат … у кетиши керак (қўлини кўкка қилиб) …ҳозир ақлдан озаман… (ҳолсизланиб, бошини қўллари орасига олади.) Бунга ортиқ чидай олмайман… чидай олмайман…

Сукут. Ҳамма Поццога тикилади. Лакига жон киргандек бўлади.

В л а д и м и р. У ортиқ чидай олмайди.
Э с т р а г о н. Бу даҳшат.
В л а д и м и р. У ақлдан озаяпти.
Э с т р а г о н. Жуда беъмани.
В л а д и м и р (Лакига). Қандай ҳаддингиз сиғди? Уят эмасми? Шундай оқибатли одамни-я?! Шунчалик ҳам хўрлайдими? Шунча йиллик қадрдон экансизлар! Ишонгинг келмайди!
П о ц ц о (хўрсиниб). Илгари… у яхши эди… менга ёрдам берарди… мени кулдирарди… кўнглимни олишга интиларди… энди эса… мени тириклай гўрга тиқмоқчи…
Э с т р а г о н (Владимирга). Уни бошқасига алмаштирмоқчими?
В л а д и м и р. Қанақасига?
Э с т р а г о н. Тушунолмай қолдим, нима қилмоқчи? Бошқасига алмаштирмоқчими ёки ҳеч кимни ёнига яқинлаштирмоқчи эмасми?
В л а д и м и р. Бундай деб ўйламайман.
Э с т р а г о н. Қанақасига?
В л а д и м и р. Билмадим.
Э с т р а г о н. Сўраб кўриш керак.
П о ц ц о (хотиржам). Жаноблар, мени нима жин урганини билмайман. Сизлардан кечиришингизни сўрайман. Барчасини унутинг. (Аста-секин босиқ оҳангда.) Нималар дедим, аниқ ёдимда йўқ. Бироқ ишончингиз комил бўлсинки, айтганларимда зиғирча ҳам ҳақиқат йўқ. (Қаддини ростлаб, кўксига муштлайди.) Наҳотки, афти ангорим азоб чеккан одамникига ўхшаса? Қаранглар! (Чўнтакларини титкилайди.) Муштугимни қаерга қўйдим?
В л а д и м и р. Ажойиб оқшом.
Э с т р а г о н. Унутилмас.
В л а д и м и р. Ҳали оқшом тугагани йўқ.
Э с т р а г о н. Шунақа шекилли.
В л а д и м и р. У энди бошланаяпти.
Э с т р а г о н. Даҳшат.
В л а д и м и р. Худди кинодагидек.
Э с т р а г о н. Циркдагидек.
В л а д и м и р. Мусиқали томошадагидек.
Э с т р а г о н. Циркдагидек.
П о ц ц о. Муштугимни қаерга қўйдим экан?
Э с т р а г о н. Кулгили! Эрмагини йўқотиб қўйибди! (Қаҳ-қаҳ отиб кулади.)
В л а д и м и р. Ҳозир келаман. (Парда орқасига йўл олади.)
Э с т р а г о н. Йўлакдан, чапга.
В л а д и м и р. Мендан кейин навбат олиб қўй. (Чиқади.)
П о ц ц о. Мен чилимимни йўқотиб қўйдим!
Э с т р а г о н (қаҳ-қаҳадан ўзини тўхтатолмай). Кула-кула ўламан!
П о ц ц о (бошини кўтариб). Мабодо кўзингиз тушмадими… (Вламидирнинг йўқлигини сезади. Ажабланиб.) Э! У кетдими!.. Хайрлашмасдан-а! Бу одобдан эмас! Уни тўхтатиб қолишинингиз керак эди.
Э с т р а г о н. Уни тўхтатиш шарт эмас.
П о ц ц о. Э! (Сукут.) У ҳолда майли.
Э с т р а г о н (ўрнидан тураётиб). Бу ёққа келинг.
П о ц ц о. Нима учун?
Э с т р а г о н. Ҳозир кўрасиз.
П о ц ц о. Ўрнимдан туришимни хоҳлаяпсизми?
Э с т р а г о н. Бу ёққа… бу ёққа… тезроқ.

Поццо ўрнидан қўзғалиб Эстрагон томон йўналади.

Э с т р а г о н. Қаранг!
П о ц ц о. Вой-бў!
Э с т р а г о н. Шуни айтинг.

Владимир қовоғи солинган ҳолда саҳнага қайтади. Курсини оёғи билан ағдариб юбориб, Лакини туртиб ўтади. Асабий у ёқдан бу ёққа юра бошлайди.

П о ц ц о. Нимадандир хафами?
Э с т р а г о н (Владимирга). Зўр томошани кўрмай қолдинг. Афсус.

Владимир юришдан тўхтаб, курсини тўғирлайди-да, яна у ёқдан бу ёққа юра бошлайди, бироқ энди анча босиқ кўринишда.

П о ц ц о. Секин тинчланаяпти. (Атрофга аланглайди.) Ҳаммаёқ тинч­ланаётганга ўхшайди, кўнглим сезаяпти. Осойишталик ва сукут забтига олаяпти. (Қўлини кўтаради.) Жаноб ухлаяпти.
В л а д и м и р (юришдан тўхтаб). Қачон қоронғу тушар экан?
Учаласи ҳам осмонга қарайди.

П о ц ц о. Эртароқ кетишни истамайсизми?
Э с т р а г о н. Гап шундаки, ҳалиги… ўзингиз яхши биласиз…
П о ц ц о. Ҳижолат бўлманг, ҳижолат бўлманг… Мен билан ҳам учрашув белгиланган бўлганида, ҳалиги Годами… Годеми… Годоми… хуллас, ким ҳақида гапираётганимни биласизлар, кетмасдан, ярим тунгача бўлса ҳам кутган бўлардим. (Курсига қарайди.) Яна жуда ўтиргим келаяпти. Бироқ, қандай уддалашни билмайман.
Э с т р а г о н. Сизга ёрдамлашсам бўладими?
П о ц ц о. Бўлади, фақат яхшилаб илтимос қилсангиз…
Э с т р а г о н. Нима?
П о ц ц о. Мендан ўтиришимни илтимос қилинг.
Э с т р а г о н. Бу сизга ёрдам берадими?
П о ц ц о. Афтидан, шундай.
Э с т р а г о н. Бўпти. Илтимос, ўтира қолинг, жаноби олийлари.
П о ц ц о. Йўқ, йўқ. Ҳожати йўқ. (Жимлик. Шивирлаб.) Ёлвориб сўранг…
Э с т р а г о н. Бўла қолсангиз-чи, тик туришнинг нима кераги бор? Шамоллаб қолишингиз мумкин.
П о ц ц о. Шундай деб ўйлайсизми?
Э с т р а г о н. Эмасам-чи, албатта.
П о ц ц о. Майли, сизнинг айтганингиз бўлсин. (Ўтиради.) Раҳмат, азизим.
Мана, яна ўтириб олдим. (Эстрагон ўтиради. Поццо соатига кўз ташлайди.) Бироқ, кеч қолишни истамасам, энди кетишим керак.
В л а д и м и р. Вақт тўхтаб қолди.
П о ц ц о (соатга қулоғини қўйиб). Бундай хаёлга борманг, тақсир, бундай хаёлга бора кўрманг. (Соатни чўнтагига солади.) Истаган хаёлга боринг, фақат бундай деманг.
Э с т р а г о н (Поццога). Бугун ҳамма нарса унинг кўзига тескари бўлиб кўринаяпти.
П о ц ц о. Осмондан бошқаси. (Қойиллатиб ҳазиллашганидан мириқиб кулади.) Тинчланинг, ҳаммаси яхши бўлади. Ҳаммаси менга беш қўлдай аён-ку. Сизлар бу ерлик эмассизлар, оқшомларимиз қандай бўлишини билмайсизлар. Истасангиз, айтиб беришим мумкин? (Жимлик. Эстрагон ва Владимир аланглайди, бири – шляпага, иккинчиси – бошмоққа тикилади. Лаки шляпасини тушириб юборганини сезмай ҳам қолади.) Сизларни бир хурсанд қилиш ниятидаман. (Пуркагич билан бўлган ҳаракат яна такрорланади.) Эътиборингизни менга қаратинг. (Эстрагон ва Владимир ўз ишларида давом этишади. Лаки мизғий бошлайди. Поццо қамчини силкитади, бироқ қамчининг овози тузук-қуруқ эшитилмайди.) Бу қамчига нима бўлди? (Қамчини яна кўтариб силкийди, бу гал қаттиқ овоз чиқади. Лаки сесканиб тушади. Эстрагон ва Владимирнинг қўлидан бошмоқ билан шляпа тушиб кетади. Поццо қамчини ерга ташлайди.) Бу қамчининг ортиқ менга кераги йўқ. (Иккала тингловчига қарайди.) Нима деётган эдим?
В л а д и м и р. Кетамиз.
Э с т р а г о н. Бундай турманг, акс ҳолда шамоллаб қоласиз.
П о ц ц о. Тўғри (Ўтиради. Эстрагонга.) Исми-шарифлари нима эди?
Э с т р а г о н (сукут сақламай). Катулл.
П о ц ц о (эшитмай). Ҳа-я, оқшом. (Бошини кўтаради.) Бир оз эътиборли бўлсангиз, йўқса, гапимиз қовушадиганга ўхшамайди. (Осмонга тикилади.) Қаранглар. (Яна мизғий бошлаган Лакидан бошқа ҳамма осмонга қарайди. Поццо буни сезиб қолиб, арқонни тортади.) Осмонга қарашни истамайсанми, тўнғиз! (Лаки бошини кўтаради.) Бўпти, етарли. (Улар бошларини туширишади.) Хўш, нимаси ғалати? Мана шу оқшомнинг? Оқшом пайти бошқа осмонлар қандай бўлса худди шундай бир оз ёруғ ва рангпар. (Жимлик.) Мана шу кенгликларда. (Жимлик.) Об-ҳаво яхши пайтлари. (Оҳангдор қилиб давом этади.) Бир соат олдин (соатига кўз ташлайди, жарангдор ёки шунга яқинроқ шоирона оҳангга ўтади), эрталабки саот ўндан буён бизга нур сочиб турган ёруғлик, аста-секин рангини йўқотиб, хиралашиб бораверади (қўлини кўтариб, аста-секин тушира бошлайди), бораверади, оз-оздан, оз-оздан, токи (чуқур жимлик, қўлини кенг ёзиб), хўп. Албатта! Энди ортиқ ҳаракатланмайди. (Сукут.) Бироқ (тантанавор қўлини кўтаради), бироқ, бу жимлик ва осойишталикнинг қатида (Лакидан бошқа ҳамма унга эргашиб ҳаракат қилади, осмонга кўз ташлайди) тун шитоб билан бостириб келади-да, (унинг овози титраб чиқади) бизни бағрига олади (бармоқларини қарсиллатади) кўз очиб юмгунча! Мана шундай. (Тантанавор оҳанг уни тарк этади.) Ҳеч биримиз мутлақо кутмаган бир пайтда. (Жимлик. Қаҳрли овоз билан.) Бу кўҳна дунёда ҳаммаси ана шундай кутилмаганда юз беради.

Узоқ жимлик.

Э с т р а г о н. Ҳаммасини олдиндан билсанг.
В л а д и м и р. Кутаверишинг мумкин.
Э с т р а г о н. Кутаётганингни биласан.
В л а д и м и р. Ҳеч нарсадан ташвишга тушмайсан ҳам.
Э с т р а г о н. Фақат кутиш керак.
В л а д и м и р. Биз бунга кўникканмиз. (Шляпасини олиб, ичига қарайди. Қоқиб, қайта кияди.)
П о ц ц о. Менга қандай баҳо берасизлар? (Эстрагон ва Владимир ҳайрон бўлиб унга тикилади.) Яхши? Ўрта? Бир нав? Ўртача? Ростдан ҳам ёмонми?
В л а д и м и р (гап нимадалигини пайқаб). Э, жуда зўр. Қойилмақом.
П о ц ц о (Эстрагонга). Сиз-чи, тақсир?
Э с т р а г о н (инглизча талаффуз билан). Жуда яхши, жуда, жуда ҳам яхши.
П о ц ц о (ҳиссиёт аралаш). Раҳмат, жаноблар! (Жимлик.) Далдангиз кўнглимни кўтарди. (Ўйлайди.) Охирроғида бир оз ўзимни йўқотиб қўйгандим. Сизлар буни сездиларингми?
В л а д и м и р. Бир озгина, холос.
Э с т р а г о н. Буни атайлаб қилдингизми, деб ўйлабман.
П о ц ц о. Гап шундаки, менинг хотирам чатоқ.

Жимлик.

Э с т р а г о н. Кутганингда ҳеч нарса юз бермайди.
П о ц ц о (хафсаласи пир бўлиб). Сизларга зерикарлими?
Э с т р а г о н. Очиғи, шундай.
П о ц ц о (Владимирга). Сизга-чи, тақсир?
В л а д и м и р. Бундан қувноқроқ бўлган пайтлар ҳам бўлган.

Жимлик. Поццо ўзидан тоқатсизлана бошлайди.

П о ц ц о. Жаноблар, олдингизда жуда ҳижолатлиман.
Э с т р а г о н. Э, қўйсангиз-чи.
В л а д и м и р. Нималар деяпсиз!
П о ц ц о. Ҳа, ҳа. Сизлар сир бой бермадиларинг. Ўзимга ўзим шундай савол бердим… ҳозир зерикиб турган бу олижаноб одамлар учун мен нима қилишим керак?
Э с т р а г о н. Беш берсангиз ҳам, жон дердик.
В л а д и м и р. Биз тиланчилар эмасмиз.
П о ц ц о. Қандай нафим тегса экан, қандай қилсам булар вақт ўтганини сезмай қолади дея ўзимдан сўраяпман? Уларни анча овутдим. У ёқ-бу ёқдан гаплашдик, оқшом ҳақида сўзлаб бердим, буларнинг бари тушунарли. Мен бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Бироқ шунинг ўзи кифоя қилармикан, мени қийнаётган нарса мана шу, шу кифоя қилармикан?
Э с т р а г о н. Арзимаган чойчақа.
В л а д и м и р. Бас қил!
Э с т р а г о н. Бу менинг ишим.
П о ц ц о. Шу етарли бўлармикан? Албатта. Бироқ мен саховатли одамман. Менинг табиатим шунақа. Бугун. Қийин-қийин, менга қийин. (Арқон учини тортади. Лаки унга тикилади.) Чунки, албатта, бу менга азоб беради (Ўрнидан турмасдан, букчайиб, қамчини кўтаради.) Сизларга қайсиниси маъқул? У рақсга тушсинми, қўшиқ айтсинми, ҳикоя қилиб берсинми ёки ўйлаб…
Э с т р а г о н. Ким?
П о ц ц о. Ким! Нима, биз ҳам бунга қодирмиз демоқчимисиз?
В л а д и м и р. Унда ўй борми?
П о ц ц о. Албатта. Овоз чиқариб. Илгарилари ёмон фикрламасди, мен уни соатлаб эшитиб ўтирардим. Ҳозир… (Бехос сесканиб кетади.) На чора, кун кундан баттар. Демак, бирон нарса ҳақида унинг фикрини билмоқчисизлар?
Э с т р а г о н. Менга қолса, рақсга тушсин. Бу қизиқарли бўларди.
В л а д и м и р. Мен эса унинг фикрини эшитишни истайман.
Э с т р а г о н. Балки у олдин рақс тушиб, кейин фикрлар. Бу албатта унга қийин бўлмаса.
В л а д и м и р (Поццога). Бунинг иложи борми?
П о ц ц о. Албатта. Бу жуда ҳам осон. Дарвоқе, бу унинг одатий иши. (Мазах қилиб кулади.)
В л а д и м и р. У ҳолда рақсга тушсин.

Жимлик.

П о ц ц о (Лакига). Эшитдингми?
Э с т р а г о н. У ҳеч қачон йўқ демайдими?
П о ц ц о. Буни сизларга кейин тушунтираман… (Лакига.) Рақсга туш, ярамас!

Лаки ерга жамадон ва саватни қўйиб, бир оз олдинга юриб, Поццо томон қайрилади. Эстрагон яхшироқ кўриш учун ўрнидан туради. Лаки ўйнай бошлайди. Тўхтайди.

Э с т р а г о н. Бўлдими?
П о ц ц о. Яна!

Лаки яна ҳаракатларини такрорлаб, тўхтайди.

Э с т р а г о н. Қойилман, оғайни! (Лакининг ҳаракатларини такрорлайди.) Бу менинг ҳам қўлимдан келади. (Лакининг қилиғини қиламан, деб йиқилиб тушай дейди, ўтиради.) Бир оз машқ қилишим керак.
В л а д и м и р. У чарчади.
П о ц ц о. Илгарилари у якка дейсизми, жуфтми, испанчами, бошқами, барини қойиллатарди. Сакраб ўйнарди. Энди шундан бошқасига ярамай қолган. Биласизларми, у буни нима деб атайди?
Э с т р а г о н. Ҳолдан тойган ҳаммолнинг ўлими.
В л а д и м и р. Ўпка саратони.
П о ц ц о. Тўр ичидаги рақс. Унинг наздида у тўр ичида ўралашиб қолган.
В л а д и м и р (бир оз букилиб). Бир оз ўхшаб кетаркан…

Лаки яна ўз жойига бориб турмоқчи бўлади.

П о ц ц о (худди отни тўхтатгандек). Дирррррр!

Лаки тўхтайди.

Э с т р а г о н. У ҳеч қачон рад қилмайдими?
П о ц ц о. Ҳозир сизларга тушунтираман. (Чўнтакларини ковлаштиради.) Шошманг. (Чўнтак титкилайди.) Пуркагичимни қаерга қўйдим? (Титкилайди.) Ҳа, мана! (Бошини кўтариб, довдирайди. Хириллаган овоз билан.) Пуркагичимни йўқотибман, шекилли?
Э с т р а г о н (зўрға овоз чиқариб). Чап ўпкамни қаттиқ шамоллатганман. (Енгил йўталади. Ғўлдираган овозда.) Бироқ ўнг ўпкам ҳали жуда бақувват!
П о ц ц о (ўртача овозда). Ҳа, майли. Бир гап бўлар. Нима деётган эдим. (Ўйлайди.) Шошманг! (Ўйланади.) Ҳа, топдим! (Бошини кўтариб) Менга ёрдам берсангиз-чи!
Э с т р а г о н. Мен ўйлаб кўраман.
В л а д и м и р. Мен ҳам.
П о ц ц о. Шошманглар.

Учаласи ҳам шляпасини олиб, қўлини пешонасига олиб боради-да, бир муддат тек қотиб туришади. Узоқ жимлик.

Э с т р а г о н (тантанавор). Ҳа!
В л а д и м и р. Энди эслади.
П о ц ц о (шошиб). Нимани эслади?
Э с т р а г о н. Нега қўлидагиларни ерга қўймайди?
В л а д и м и р. Э, йўқ!
П о ц ц о. Ишончингиз комилми?
В л а д и м и р. Ахир, бу гапни сиз ҳалигина айтдингиз-ку.
П о ц ц о. Буни сизларга айтдимми?
Э с т р а г о н. Ростдан буни бизга айтдими?
В л а д и м и р. Бунинг устига у қўлидагиларни ерга қўйди.
Э с т р а г о н (Лакига кўз ташлаб). Ростдан ҳам. Қўйса нима бўпти?
В л а д и м и р. Зотан қўлидагиларни ерга қўйган экан, нега қўймаяпсан деб сўрай олмаймиз.
П о ц ц о. Тўппа-тўғри!
Э с т р а г о н. Нима учун у ерга қўйди?
П о ц ц о. Шундай денг.
В л а д и м и р. Рақсга тушиш учун.
Э с т р а г о н. Ҳа-я.

Узоқ жимлик.

Э с т р а г о н (ўрнидан тураётиб). Ҳеч нарса юз бермаяпти, ҳеч ким келмаяпти.
В л а д и м и р (Поццога). Унга ўйлашни буюринг.
П о ц ц о. Шляпасини бериб юборинг.
В л а д и м и р. Шляпасини?
П о ц ц о. У шляпасиз ўйлай олмайди.
В л а д и м и р (Эстрагонга). Унга шляпасини узат.
Э с т р а г о н. Менми? Шунча қилғилигидан кейинми? Ҳеч қачон!
В л а д и м и р. У ҳолда мен олиб бераман. (Жойидан қимир этмайди.)
Э с т р а г о н. Ўзи ола қолсин.
П о ц ц о. Яхшиси олиб берган маъқул.
В л а д и м и р. Ўзим олиб бераман.

Шляпани ердан олиб, қўлини чўзиб, Лакига узатади. Лаки қимир этмайди.
П о ц ц о. Бошига кийдириб қўйиш керак.
Э с т р а г о н (Поццога). Унга айтинг, ўзи олсин.
П о ц ц о. Кийдириб қўйиш керак.
В л а д и м и р. Мен унга кийдирмайман.

У эҳтиёткорлик билан Лакини айланиб ўтиб, унга орқа томонидан яқинлашади, шляпани унинг бошига кийдириб, тезда ортга тисарилади. Лаки қимирламайди. Жимлик.

Э с т р а г о н. Биз нимани кутаяпмиз?
П о ц ц о. Ундан узоқроқ туринг. (Эстрагон ва Владимир Лакидан узоқлашади. Поццо арқон учини тортади. Лаки унга қарайди.) Ўйла, тўнғиз! (Жимлик. Лаки рақсга туша бошлайди.) Тўхта! (Лаки тўхтайди.) Шошма! (Лаки Поццонинг олдига яқинлашади.) Шу ерда! (Лаки тўхтайди.) Ўйла! (Жимлик.)
Л а к и. Бошқа томондан олиб қараганда…
П о ц ц о. Тўхта! (Лаки жим бўлиб қолади.) Ортга! (Лаки ортга чекинади.) Шу ерда! (Лаки тўхтайди.) Хўш! (Лаки улар томонга юзланади.) Ўйла! (Эстрагон ва Владимирнинг диққати оша бошлайди. Поццо тутоқиб, юзи жирканиш тусини олади.)
Л а к и (бир хил оҳангда). Худонинг мавжудлиги исбот талаб этилмайди Штамп ва Ватман тадқиқотларида бу қандай ёритилган қақақақандай оқсоч қанқандай замон ва масофаларга бўйсунмай ўзининг беқиёс хафсаласизлиги билан беқиёс хафсаласизлиги билан чексиз муҳаббат билан бизга боғланган сабабини тушунтириб бериш мушкул қайғу ва азоб келар муқаррар мисли илоҳа Миранданинг ташрифи каби ким билан ва не учун билмассиз асло дўзах оловида ёнмоққа бизда имкон бор кимки қилса бунга шубҳа, ёқишар аланга кўкка туташган кўм-кўк булутларни куйиб кул қилгай баъзида ўзининг сокин ва оҳисталиги-ла шундай сокинликки чеки-чегараси йўқ бироқ уни кутишар илҳақ сув кўрмай этик ечмайлик ва ҳадемай ошкор этилар ниҳоясига етмаган тадқиқот натижалари Берндаги Бресса Антропометрия Акакакадемиясининг гулчамбарига ўралган Думбул ва Телбанинг (Эстрагон ва Владимир санай бошлашади. Поццонинг изтироби ортиб боради) ишларида айрим ноаниқликларга қарамай бехато исботлаб берилган Думбул ва Телбанинг ниҳоясига етмаган тадқиқот натижаларига кўра исботлаб берилган берил шундан шундан шундан келиб чиқадиган бўлсак олдиндан хулоса чиқаришга эрта чунки Штамп ва Ватман изланишларидан кейин шу нарса ойдинлашдики ойдинлашдики Фартов ва Белькерларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли тугалланмаган тугалланмаган Думбул ва Телбага номаълум томонлари аниқланмоқда Брессдаги Думбул ва Телбанинг одами қисқача қилиб айтганда қисқача айтганда одамзот нафси учун еб-ичишида тараққиётга эришганига қарамай ўз ҳалокати томон яқинлашмоқда шу билан (Эстрагон ва Владимир тинчланиб, яна тинглай бошлашади. Поццо эса дақиқа сайин асабийлашиб, инграй бошлайди.) бир вақтда бизга сабаби номаълум ҳолатда жисмоний машқ ва маданиятнинг ривожланиши ҳали теннис ҳали футбол ҳали мотоспорт ва велоспорт ҳамда сув спорти чавондозлик авиаспортнинг юксалиши тенниснинг оммалашуви муздаги ва асфальтдаги чанғи спорти ўт устидаги сувдаги қуруқликдаги ўйинлар пенициллин ва унга издош дорилар хуллас қисқароқ қилиб давом этадиган бўлсам шунинг билан бир вақтда теннис бўлишига қарамай сабаби номаълум равишда қисқариб бормоқда хуллас сўзимда давом этаман авиаспорт тўққиз ўн саккиз чуқурчалик гольф ўйини муздаги теннис хуллас Сене Сене-и-Уазе Сене-и-Марне Марне-и-Уазенинг сўзининг маъноси номаълум шу билан бир вақтда ҳалокат кучайиб бораётганлиги сабаби номаълум давом этаман Уаз Марнда хуллас Вольтернинг ўлимида катта йўқотиш бўлган ўртача ҳисобда тахминан икки дюм юз граммдан жон бошига Нормандиянинг бор будини шилиб олиб сабаби номаълум хуллас бу муҳим эмас қисқаси муҳим фактлар тасдиқлаб турибди бошқа томондан олиб қараганда жуда муҳим ҳисобланган (Эстрагон ва Владимир хурсанд. Поццо ирғиб туриб, арқонни тортади. Лаки арқонни ўзига тортиб, довдираб, қичқира бошлайди. Ҳамма Лакига ташланади, у улардан қутулиб, сўзида давом этади.) буткул унутилган Штейнвег ва Петерманнларнинг тажрибаларидан маълум бўлаяптики тоғдаги қишлоқда денгиз қирғоқларида сув ҳавзаларида олов таркибида ҳаво бир хил дарвоқе тупроқ ҳаво ҳам тупроқ ҳам гўё музлаб қолган бу бевафо дунё ғамхонага айланган еттинчи асрда уларнинг эрасида ер таркиби денгиз бевафо зийнатлар тенгсиз чуқурликдаги чидаб бўлмас қаҳратонда денгиз ва қуруқликда дунёнинг нарига бурчагида нима учун давом этаяпман сабабини билмайман теннисга қарамай фактлар айтиб турибди нима учун давом этаяпман сабаби номаълум кейингиси қисқароқ ниҳоят афсуски бевафо зийнатлар бунга ким ҳам шубҳа қиларди мен давом этаман сув кўрмай этик ечмайлик мен давом этаман ўша дамда шу билан бир қаторда сабаби номаълум теннисга қарамай оловнинг кейинги алангаси тошлар йиғиси мовий ва сокин бахтга қарши бошим билан бошим билан бошим билан бошим билан Нормандияда теннисга қарамай унутилган ниҳоясига етмаган тадқиқотлар тошлар хуллас мен давом этаман бахтга қарши бахтга қарши тугалланмаган қаровсиз бошим билан бошим билан Нормандияда теннисга қарамай бошимга бахтга қарши тош Телба, Телба (Йиқилиб тушади. Лаки яна бир неча бор овоз чиқаради.) Теннис!.. Тош!.. Ўзингизни босинг!.. Телба!.. Ҳали ниҳоясига етмади!
П о ц ц о. Шляпа!

Владимир гапиришдан тўхтаб, қулаб тушаётган Лакининг шляпасини тутиб қолади. Жимлик. Иккаласи оғир-оғир нафас олади.

Э с т р а г о н. Роса хуморимдан чиқдим.

Владимир Лакининг шляпасини ағдариб, ичига кўз ташлайди.

П о ц ц о. Уни менга беринг! (Владимирнинг қўлидан тортиб олиб ерга ирғитади-да, тепкилай бошлайди.) Энди у бошқа ўйламайди!
В л а д и м и р. У юра оладими?
П о ц ц о. Ўзим етаклаб юраман. (Лакини оёғи билан туртади.) Тур! Тўнғиз!
Э с т р а г о н. Балки, ўлиб қолгандир?
В л а д и м и р. Бечорани ўлдириб қўясиз.
П о ц ц о. Турилсин! Ўлакса! (Арқонни тортиб, Лакини бир оз жойидан қўзғатади. Эстрагон ва Владимирга.) Менга ёрдамлашинглар.
В л а д и м и р. Қандай қилиб?
П о ц ц о. Уни кўтаринглар!

Владимир ва Эстрагон Лакини оёққа турғизиб, бир муддат ушлаб туради-да, кейин қўйиб юборишади. Лаки қулаб тушади.

Э с т р а г о н. Атайлаб шундай қилаяпти.
П о ц ц о. Уни кўтариш керак. (Жимлик.) Қани, қани, кўтаринглар!
Э с т р а г о н. Жонга тегди.
В л а д и м и р. Бўла қол, яна бир марта уриниб кўрайлик.
Э с т р а г о н. У бизни ким деб ўйлаяпти.
В л а д и м и р. Бўла қол.

Лакини тик қилиб, ушлаб туришади.

П о ц ц о. Уни қўйиб юборманглар! (Эстрагон ва Владимир довдирай бошлашади.) Қимирламанг! (Поццо жамадон ва саватни олиб, Лакининг олдига келади.) Маҳкамроқ ушланглар! (Жамадон тутқичини Лакининг қўлига тутқазади. Лаки ушламай, ташлаб юборади.) Уни қўйиб юборманглар! (Яна ҳаракатини такрорлайди. Аста-секин Лакининг бармоқлари жамадонни ҳис қилиб, қўлига жон киргандек бўлиб, тутқични маҳкам ушлаб олади.) Ҳали қўйиб юборманглар! (Сават билан ҳам худди шу ҳолат такрорланади.) Мана бўлди, энди қўйиб юборсаларинг ҳам бўлади. (Эстрагон ва Владимир қоқилиб, сал бўлмаса йиқилай деб довдираётган, бироқ оёқда тик турганча жамадон ва саватни ушлаб олган Лакидан узоқлашади. Поццо ортга чекиниб, қамчини силкитади.) Олдинга! (Лаки олдинга юради.) Ортга! (Лаки ортга юради.) Ўгирил! (Лаки орқа томонига ўгирилади.) Ҳаммаси жойида, у энди юра олади (Эстрагон ва Владимирга юзланиб) Раҳмат, жаноблар! Энди ижозатингиз билан… (чўнтакларини ковлаштиради) сизларга эзгу тилак… (чўнтакларини титкилаб) …сизларга эзгу … (титкилашда давом этади) …соатимни қаерга қўйгандим? (Яна титкилайди.) Ҳа, мана! (Бошини кўтариб, асабийлашиб.) Ҳақиқий чўнтак соат, жаноблар, сонияни ҳам кўрсатади. Буни менга бобом совға қилган. (Чўнтагини титкилайди.) Чўнтагимдан туширганга ўхшайман. (Владимир ва Эстрагон билан ердан излай бошлайди. Поццо Лакининг шляпасини оёғи билан ағдариб кўради.) Қаёққа ғойиб бўлди экан!
В л а д и м и р. Балки у нимчангизнинг чўнтагидадир?
П о ц ц о. Шошманглар-чи. (Эгилиб, бошини қорни устига қўйиб, қорнига қулоқ тутади.) Ҳеч нарсани эшитмаяпман! (Уларга яқинроқ келинглар ишорасини қилади.) Ўзларинг қаранглар-чи. (Эстрагон ва Владимир яқин келиб, унинг қорнига бошини эгиб, қулоқ тутишади. Жимлик.) Назаримда, чиқиллаши эшитилиши керак эди.
В л а д и м и р. Жим! (Эгилиб, эшита бошлайди.)
Э с т р а г о н. Менга нимадир эшитилгандек бўлди.
П о ц ц о. Қаерда?
В л а д и м и р. Бу юрак.
П о ц ц о (хафсаласи пир бўлиб). Жин урсин!
В л а д и м и р. Жим! (Қулоқ солади).
Э с т р а г о н. Ҳойнаҳой тўхтаб қолган бўлса керак. (Қаддини тиклайди.)
П о ц ц о. Қўланса ҳид қайси бирингиздан келаяпти?
Э с т р а г о н. Унинг оғзи сасиган, менинг эса оёғим.
П о ц ц о. Майли, яхши қолинглар.
Э с т р а г о н. Ён соатингиз нима бўлади?
П о ц ц о. Афтидан уни қўрғонда қолдириб келганман.
Э с т р а г о н. У ҳолда хайр.
В л а д и м и р. Хайр.
Э с т р а г о н. Яхши боринг.

Жимлик. Ҳеч ким қимир этмайди.

В л а д и м и р. Хайр.
П о ц ц о. Хайр.
Э с т р а г о н. Хайр.

Жимлик.

П о ц ц о. Раҳмат.
В л а д и м и р. Сизга раҳмат.
П о ц ц о. Бекордан бекоргами?
Э с т р а г о н. Йўқ, бекорга эмас.
П о ц ц о. Қўйсангиз-чи.
В л а д и м и р. Йўқ, сабаби бор.
Э с т р а г о н. Йўқ, қўйсанг-чи.
Жимлик.

П о ц ц о. Ҳеч қўлимдан келмаяпти… (иккиланади) кетиш.
Э с т р а г о н. Буни ҳаёт дейдилар.

Поццо ўгирилиб, Лакидан узоқлашиб парда томонга юради-да, арқонни секин бўшата бошлайди.

В л а д и м и р. Сиз бу томонга эмас.
П о ц ц о. Менга кўп жой керак. (Арқонни охиригача бўшатиб, яъни парда ортига ўтиб тўхтайди. Ўгирилиб бақиради.) Йўлимдан қоч! (Эстрагон ва Владимир саҳна тўрига чекинишади-да, Поццо томонга тикилишади. Қамчи овози.) Олдинга! (Лаки қимир этмайди.)
Э с т р а г о н. Олдинга!
В л а д и м и р. Олдинга!

Қамчи овози. Лаки базўр ўрнидан тура бошайди.

П о ц ц о. Тезроқ! (Парда ортидан пайдо бўлади, Лакининг ортидан саҳнага чиқади. Эстрагон ва Владимир шляпасини бошидан олиб, қўли билан хайрлашади. Лаки парда ортига ғойиб бўлади. Поццо арқон ва қамчи билан унга етиб олади.) Тезроқ! Тезроқ! (Парда ортига ғойиб бўлишдан олдин Поццо тўхтаб, ўгирилади. Арқон тортилади. Лакининг қулаб тушгани эшитилади.) Тезроқ, курси! (Владимир курсини олиб Поццога тутқазади, у курсини Лаки томон отиб юборади.) Хайр!
Э с т р а г о н, В л а д и м и р (қўлини силкитиб). Хайр! Хайр!
П о ц ц о. Тур, тўнғиз! (Лакининг тургани эшитилади.) Олға! (Поццо ғойиб бўлади. Қамчи овози.) Олға! Хайр! Тезроқ! Ярамас! Қани! Хайр!

Жимлик.

В л а д и м и р. Вақт ўтганини билмай қолибмиз.
Э с т р а г о н. Усиз ҳам барибир вақт ўтарди.
В л а д и м и р. Ҳа. Бироқ бунчалик тез эмас.

Сукут.

Э с т р а г о н. Энди нима қиламиз?
В л а д и м и р. Билмайман.
Э с т р а г о н. Кетдик.
В л а д и м и р. Бундай қила олмаймиз.
Э с т р а г о н. Нима учун?
В л а д и м и р. Годони кутишимиз керак.
Э с т р а г о н. Э, ҳа.

Жимлик.

В л а д и м и р. Улар жуда ўзгариб қолишди.
Э с т р а г о н. Кимлар?
В л а д и м и р. Анави иккаласи.
Э с т р а г о н. Ҳа, кел, бир оз гаплашайлик.
В л а д и м и р. Гапим тўғрими, улар анча ўзгаришди.
Э с т р а г о н. Эҳтимол. Бироқ бизда ўзгариш сезилмаяпти.
В л а д и м и р. Эҳтимол? Бу кундек равшан-ку. Уларга яхшилаб разм солдингми?
Э с т р а г о н. Шундай ҳам дейлик. Лекин мен уларни деярли танимайман.
В л а д и м и р. Йўқ, уларни танийсан.
Э с т р а г о н. Э, қўйсанг-чи.
В л а д и м и р. Сенга айтаяпман-ку, биз уларни танимаймиз деб. Ҳамма нарсани дарров унутаяпсан. (Жимлик.) Агар у ўшалар бўлса.
Э с т р а г о н. Улар бизни танишмайди, шу исбот эмасми?
В л а д и м и р. Бу ҳеч нарсани билдирмайди. Мен ҳам ўзимни уларни танимайдиган қилиб кўрсатдим. Бунинг устига бизни ҳеч ким танимайди ҳам.
Э с т р а г о н. Етар. Энди нима қиламиз… Вой! (Владимир қимирлай олмайди.) Вой!
В л а д и м и р. Агар у ўшалар бўлса.
Э с т р а г о н. Диди! Иккинчи оёғим! (Чўлоқланиб, парда кўтарилгандан кейин ўтирган жойи томон юра бошлайди.)

П а р да о р т и д а н о в о з. Тақсир!

Эстрагон тўхтайди. Иккаласи ҳам овоз келган томонга тикилишади.

Э с т р а г о н. Яна бошланди.
В л а д и м и р. Болакай, бу ёққа кел-чи.

Чўчиган қиёфада бола кириб келади. Тўхтайди.

Б о л а к а й. Жаноб Альберт?
В л а д и м и р. Бу менман.
Э с т р а г о н. Бирон нарса керакми?
В л а д и м и р. Бу ёққа кел-чи.

Болакай қимир этмайди.

Э с т р а г о н (буйруқ оҳангида). Сенга бу ёққа кел дейилаяпти.

Болакай чўчиброқ яқинлашади-да, тўхтайди.

В л а д и м и р. Нима гап?
Б о л а к а й. Жаноб Годо… (Жим бўлиб қолади.)
В л а д и м и р. Албатта. (Жимлик.) Келақол.

Болакай жойида қимирламайди.

Э с т р а г о н (буйруқона). Бу ёққа кел, деяпман! (Болакай чўчинқираб яқинлашади-да, яна тўхтайди.) Нима учун бунча кеч келдинг?
В л а д и м и р. Сени жаноб Годо юбордими?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.
В л а д и м и р. Қани, гапир унда.
Э с т р а г о н. Нима учун бунча кеч келдинг?

Болакай кимга жавоб беришини билолмай гоҳ бирига, гоҳ иккинчисига тикилади.

В л а д и м и р (Эстрагонга). Уни ўз ҳолига қўй.
Э с т р а г о н (Владимирга). Мени тинч қўй. (Болага яқинлашиб) Соат неча бўлганини биласанми?
Б о л а к а й (ортга тисарилиб). Мен айбдор эмасман, тақсир.
Э с т р а г о н. Балки, мен айбдордирман?
Б о л а к а й. Тақсир, мен қўрқдим.
Э с т р а г о н. Нимадан қўрқдинг? Бизданми? (Жимлик.) Жавоб бер!
В л а д и м и р. Гап нимадалигини мен биламан. Болакайни улар қўрқитишган.
Э с т р а г о н. Келганингга анча бўлдими?
Б о л а к а й. Кўп эмас, тақсир.
В л а д и м и р. Қамчидан қўрқиб кетдингми?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.
В л а д и м и р. Бақирганданми?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.
В л а д и м и р. Иккала одамданми?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.
В л а д и м и р. Сен уларни танийсанми?
Б о л а к а й. Йўқ, тақсир.
В л а д и м и р. Шу ерликмисан?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.
Э с т р а г о н. Бунинг бари ёлғон! (Боланинг елкасидан тутиб, силкита бошлайди.) Бизга ҳақиқатни гапир!
Б о л а к а й (титраб). Бу ҳақиқат, тақсир.
В л а д и м и р. Уни ўз ҳолига қўйсанг-чи! Сенга нима бўлди? (Эстрагон болани қўйиб юбориб, чекинади, қўлини юзига олиб боради. Владимир ва бола бир-бирига қарашади. Эстрагон қўлини тушириб, бужмайган афтини кўрсатади.) Сенга нима бўлди?
Э с т р а г о н. Мен жуда бахтсизман.
В л а д и м и р. Қўйсанг-чи! Қачондан буён?
Э с т р а г о н. Ёдимда йўқ.
В л а д и м и р. Хотира бизга қаттиқ панд бера бошлади. (Эстрагон нимадир демоқчи бўлиб, ўйланади; чулоқланиб чекинади; ўтириб, бошмоғини еча бошлайди. Болакайга.) Хўш, кейин-чи?
Б о л а к а й. Жаноб Годо…
В л а д и м и р (болакайнинг гапини бўлиб). Сени илгари кўрганман, гапим тўғрими?
Б о л а к а й. Билмадим, тақсир.
В л а д и м и р. Сен мени танимайсанми?
Б о л а к а й. Йўқ, тақсир.
В л а д и м и р. Бу ерга кеча ҳам келмаганмидинг?
Б о л а к а й. Йўқ, тақсир.
В л а д и м и р. Бу ерга биринчи марта келаяпсанми?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.

Жимлик.

В л а д и м и р. Истаганингни гапиришинг мумкин. (Жимлик.) Яхши, давом эт.
Б о л а к а й (чайналиб). Жаноб Годо сизга шуни айтиб қўйишимни та­йинладики, у бугун кела олмасмиш. Бироқ эртага албатта келар экан.
В л а д и м и р. Бори шуми?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.
В л а д и м и р. Сен жаноб Годонинг хизматкоримисан?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.
В л а д и м и р. Нима иш қиласан?
Б о л а к а й. Эчкиларга қарайман.
В л а д и м и р. У сенга меҳрибонми?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.
В л а д и м и р. У сени калтакламайдими?
Б о л а к а й. Йўқ, тақсир. Мени эмас.
В л а д и м и р. У кимни калтаклайди?
Б о л а к а й. У менинг акамни калтаклайди, тақсир.
В л а д и м и р. Ҳа-а, демак, сенинг аканг бор.
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.
В л а д и м и р. У нима иш қилади?
Б о л а к а й. Қўй боқади, тақсир.
В л а д и м и р. Нима учун акангни уради?
Б о л а к а й. Билмайман, тақсир.
В л а д и м и р. Ҳойнаҳой, сени яхши кўрса керак?
Б о л а к а й. Билмайман, тақсир.
В л а д и м и р. У сени яхши боқадими? (Болакай иккиланади.) У қорнингни яхши тўйғазадими?
Б о л а к а й. Нолимайман, тақсир.
В л а д и м и р. Сен бахтиёрмисан? (Болакай иккиланади.) Гапимни эшитдингми?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.
В л а д и м и р. Хўш, нима дейсан?
Б о л а к а й. Билмадим, тақсир.
В л а д и м и р. Бахтлиимисан ёки йўқми, билмайсанми?
Б о л а к а й. Йўқ, тақсир.
В л а д и м и р. Худди менга ўхшаб. (Жимлик.) Тунаш жойинг қаерда?
Б о л а к а й. Молхонада, тақсир.
В л а д и м и р. Аканг биланми?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.
В л а д и м и р. Сомон устидами?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.

Жимлик.

В л а д и м и р. Яхши, боравер.
Б о л а к а й. Тақсир, жаноб Годога нима деб қўяй?
В л а д и м и р. Унга айтки… (Иккиланади.) Унга бизни кўрганингни айт. Ахир бизни кўрдинг, шундайми?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир. (Ортга чекиниб, каловланади, ўгирилиб, қочиб қолади.)

Бирдан ёруғлик хира тортади. Атрофга қоронғулик тушади. Тун қўйнида ой балқиб, юксакликка кўтарила бошлайди. Саҳнага кумуш нурларини элаб, бир муддат кўкда туриб қолгандек бўлади.

В л а д и м и р. Ниҳоят! (Эстрагон ўрнидан туради, иккала қўлида бошмоғини кўтариб Владимирнинг олдига келади.Саҳна олдидаги чироқлар устига бошмоғини қўйиб, қаддини ростлаб ойга тикилади.) Нима қилаяпсан?
Э с т р а г о н. Сен нима қилаётган бўлсанг, шуни. Ойни томошо қилаяпман.
В л а д и м и р. Бошмоқларингни назарда тутган эдим.
Э с т р а г о н. Уларни шу ерда қолдираман. (Жимлик.) Кимдир келиб қолиши мумкин, худди… худди… менга ўхшаб оёғи кичик ўлчамли бўлса, бошмоқни кўриб хурсанд бўлиб кетади.
В л а д и м и р. Бироқ, сен оёқ яланг кета олмайсан-ку.
Э с т р а г о н. Исо оёқ яланг юрган.
В л а д и м и р. Исо! Топган гапингни қара! Ўзингни унга тенглаштирмасанг керак?
Э с т р а г о н. Бир умр унга ўхшашга ҳаракат қилдим.
В л а д и м и р. Бироқ у пайтлар иссиқ бўлган! У пайтлар яхши бўлган.
Э с т р а г о н. Ҳа. Шунинг учун чормих қилишган.

Жимлик.

В л а д и м и р. Бу ерда қиладиган бошқа ишимиз қолмади.
Э с т р а г о н. Жумладан бошқа жойда ҳам.
В л а д и м и р. Қулоқ сол, Гого, сен бундай тажанг бўлма. Эртага ҳаммаси яхши бўлади.
Э с т р а г о н. Қанақасига?
В л а д и м и р. Болакай нима деганини эшитмадингми?
Э с т р а г о н. Йўқ.
В л а д и м и р. У айтдики, Годо эртага албатта келар экан. (Жимлик.) Бу қандай хулоса беришини биласанми?
Э с т р а г о н. Демак, уни шу ерда кутишимиз керак.
В л а д и м и р. Нима, ақлдан оздингми! Бирон бошпана топиш лозим. (Эстрагоннинг қўлидан тутади.) Кетдик. (Уни тортқилайди. Эстрагон аввалига унга эргашади, кейин қаршилик қилади. Улар тўхташади.)
Э с т р а г о н (дарахтга тикилиб). Афсус, бизда арқон йўқ.
В л а д и м и р. Кетдик. Совуқ туша бошлади. (Уни тортқилайди. Ҳаракат яна айнан такрорланади.)
Э с т р а г о н. Эртага арқон олиб келишни менга эслат.
В л а д и м и р. Яхши. Кетдик. (Уни тортади. Ҳаракат яна такрорланади.)
Э с т р а г о н. Қанчадан буён сен билан биргамиз?
В л а д и м и р. Билмадим. Эҳтимол, эллик йилча.
Э с т р а г о н. Дюрансга қаттиқ ташланган куним эсингдами?
В л а д и м и р. Биз токзорда ишлаётган эдик.
Э с т р а г о н. Мени сувдан тортиб олгандинг.
В л а д и м и р. Ҳаммаси тўғри ва ҳаммаси аллақачон унутилган.
Э с т р а г о н. Кийимимни қуёшда қуритган эдик.
В л а д и м и р. Бу ҳақида энди ўйлама. Кетдик. Юр. (Ҳаракат яна айнан такрорланади.)
Э с т р а г о н. Шошма.
В л а д и м и р. Совуқ қотаяпман.
Э с т р а г о н. Ўз-ўзимга савол бераяпман, яхшиси, ҳар ким ўз йўлидан иккига ажралиб кетганимиз яхши эмасмикан? (Жимлик.) Иккаламиз бирга яшаш учун яратилмаганмиз.
В л а д и м и р (аччиқланмай). Бу ҳали маълум эмас.
Э с т р а г о н. Ҳа, ҳеч нарса маълум эмас.
В л а д и м и р. Агар шундай қилсак, яхши бўлишига кўзинг етса, ҳали ҳам ажралишимиз мумкин.
Э с т р а г о н. Энди бунинг аҳамияти йўқ.

Жимлик.

В л а д и м и р. Рост, энди бунинг аҳамияти йўқ.

Жимлик.

Э с т р а г о н. Нима қилдик, кетдикми?
В л а д и м и р. Кетдик.

Улар йўлга тушишади.

ПАРДА

ИККИНЧИ САҲНА

Эртаси куни. Ўша соат. Ўша жой.
Эстрагоннинг бошмоқлари олд саҳна чироқлари олдида ётибди, товонлари бир жойда, қўнжи ажралган. Лакининг шляпаси эски жойида. Дарахтда бир неча япроқлар.
Владимир шошиб кириб келади. Тўхтаб узоқ вақт дарахтга тикилиб қолади. Кейин эса бирдан саҳнада у ёқдан бу ёққа юра бошлайди. Бошмоқлар олдида тўхтайди, эгилиб бир пойини олади-да, кўздан кечиради, ҳидлаб, яна жойига қўяди.
Яна у ёқдан бу ёққа тез-тез юра бошлайди. Ўнг томондаги парда олдида тўхтайди. Қўлини пешонасига соя қилиб олисларга узоқ тикилиб қолади.У ёқдан бу ёққа юради. Чап томондаги парда ёнида тўхтайди. Илгариги ҳаракати яна такрорланади. У ёқдан бу ёққа юради. Бирдан тўхтаб, қўлини кўксига айри қилади. Бошини орқага ташлаб бор овозда куйлай бошлайди.

В л а д и м и р. Бор эди роҳибнинг…

Овози пастлигини англаб, тўхтаб йўталиб олади-да яна баландроқ овозда куйлай бошлайди.

Бор эди роҳибнинг кучуги
Яхши кўрарди уни.
Кучуги еб қўйгач бир парча гўштин,
Терисин шилиб олди.
Танасин ерга кўмиб,
Қабри устига ёзди

Тўхтаб, кучини тўплаб яна куйлай бошлайди.

Танасин ерга кўмиб,
Қабри устига ёзди шуни…
Бор эди роҳибнинг кучуги
Яхши кўрарди уни.
Кучуги еб қўйгач бир парча гўштин,
Терисин шилиб олди.
Танасин ерга кўмиб,
Қабри устига ёзди…

Тўхтайди. Саҳна такрорланади.

Танасин ерга кўмиб,
Қабри устига ёзди…

Тўхтайди. Саҳна такрорланади. Паст овозда.

Қабри устига ёзди…

Жим бўлиб қолади. Бир муддат қимир этмай туриб қолади, кейин асабий ҳолатда саҳнада юра бошлайди. У ёқдан бу ёққа юради. Дарахт, бошмоқ олдида у ёқдан бу ёққа юриб, чап саҳна пардаси томон югуради, узоқларга кўз ташлайди. Шу пайтда Эстрагон чап томондан боши эгик ҳолда яланг оёқ кириб келади; саҳнада оҳиста қадамлар билан юра бошлайди. Владимир ўгирилиб уни кўриб қолади.

В л а д и м и р. Яна келдингми! (Эстрагон бошини кўтармай тўхтайди. Владимир у томонга юради.) Кел сени бир бағримга босай!
Э с т р а г о н. Менга тегинма!

Владимир ранжигандек ҳаракатдан тўхтайди. Жимлик.

В л а д и м и р. Бу билан менга кет, демоқчимисан? (Сукут.) Гого! (Сукут. Владимир диққат билан уни кўздан кечиради.) Сени калтаклашдими? (Жимлик.) Гого! (Эстрагон илгаргидек бошини эгган кўйи лом-лим демайди.) Сен тунни қаерда ўтказдинг? (Сукут. Владимир унга яқин келади.)
Э с т р а г о н. Менга тегинма! Мендан ҳеч нарса сўрама! Ҳеч нарса дема! Мени ташлаб кетма.
В л а д и м и р. Бирон марта сени ташлаб кетганманми?
Э с т р а г о н. Кетишимга қаршилик қилмадинг.
В л а д и м и р. Менга қара! (Эстрагон қимир этмайди. Гумбирлаган овоз билан.) Менга қара деяпман, сенга!

Эстрагон бошини кўтаради. Улар яқинлашиб, кейин яна узоқлашиб бир-бирларига тикилишади, санъат асари олдида тургандек бошини эгиб, титроқ аралаш бир-бирига талпинишади, кейин бир-бирларининг бағрига отилиб, қучоқлашиб, елкаларига қоқишади. Қучоқлашишдан тўхтайдилар. Владимирнинг бағридан чиққан Эстрагон сал бўлмаса йиқилиб кетай дейди.

Э с т р а г о н. Бу қандай кун бўлди.
В л а д и м и р. Сени ким калтаклади? Менга айта қол.
Э с т р а г о н. Мана яна бир кун ўтди.
В л а д и м и р. Ҳали ўтмади.
Э с т р а г о н. Нимаики юз бермасин, мен учун бугун ўтди. (Жимлик.) Қўшиқ куйлаётганмидинг, ҳали эшитиб қолдим.
В л а д и м и р. Ҳа, эсимда бор.
Э с т р а г о н. Биласанми, бу кўнглимни ўртаб юборди. Ўзимга ўзим: у ёлғиз, мени бутунлай кетиб қолди дея азоб чекаяпти, шунга қўшиқ куйлаяпти, дедим.
В л а д и м и р. Кайфиятга буюра олмайсан. Кун узоғи ўзимни яхши ҳис қилдим. (Жимлик) Кечаси бир марта ҳам ўрнимдан турмадим.
Э с т р а г о н (маъюсланиб). Кўрдингми, мен ёнингда бўлмасам, яхши ўхлайсан.
В л а д и м и р. Сени жуда соғиндим, бироқ барибир жуда мамнун бўлдим. Қизиқарли, шундай эмасми?
Э с т р а г о н (жаҳли чиқиб). Мамнун бўлдинг?
В л а д и м и р (ўйланиб). Балки, ҳолатимни бошқачароқ сўз билан ифодалашим керакмиди?
Э с т р а г о н. Энди-чи?
В л а д и м и р (ширин хаёлдан тўхтаб). Эндими… (қувонч билан) сен яна ёнимдасан… (одатий оҳангда) Яна шу ердамиз… (қайғули оҳангда) Мен яна шу ердаман.
Э с т р а г о н. Кўрдингми, ёнингда бўлсам сенга ёқмайди. Мен ҳам ёлғиз қолсам ўзимни яхши ҳис қиламан.
В л а д и м и р (бир оз ўзига келгандек). У ҳолда нега келдинг?
Э с т р а г о н. Билмайман.
В л а д и м и р. Мен эса биламан. Чунки сен ўзингни ҳимоя қила олмайсан. Ёнингда бўлганимда сени калтаклатиб қўймасдим.
Э с т р а г о н. Сен уларга халақит бера олмасдинг.
В л а д и м и р. Нима учун?
Э с т р а г о н. Улар ўнта эди.
В л а д и м и р. Йўғ-е, наҳотки?! Мен айтмоқчи эдимки, жанжал чиқаришингга имкон бермаган бўлардим.
Э с т р а г о н. Мен ҳеч нарса қилмадим.
В л а д и м и р. Унда нега калтаклашди?
Э с т р а г о н. Билмадим.
В л а д и м и р. Йўқ, биласанми, Гого, шундай нарсалар борки, уларни сен тушунмайсан, бироқ мен тушунаман. Буни сен англашинг керак.
Э с т р а г о н. Сенга айтаяпман-ку, ҳеч нарса қилганим йўқ деб.
В л а д и м и р. Эҳтимол, ростдан қилмагандирсан. Бироқ муҳими нимада эмас, қандай, қандайлигида. Агар сенга ўз жонинг азиз бўлса. Бўпти, бу ҳақида бошқа гапирмаймиз. Сен қайтиб келдинг, мен эса бундан хурсандман.
Э с т р а г о н. Улар ўнта эди.
В л а д и м и р. Тан олавер, сен ҳам кўнглингнинг туб-тубида мамнундирсан?
Э с т р а г о н. Нимадан мамнун бўламан?
В л а д и м и р. Яна бирга эканлигимиздан.
Э с т р а г о н. Шундай деб ўйлайсанми?
В л а д и м и р. Ёлғон бўлса ҳам сен рост деявер.
Э с т р а г о н. Мен нима дейишим керак?
В л а д и м и р. Мен мамнунман, деб айт.
Э с т р а г о н. Мен мамнунман.
В л а д и м и р. Мен ҳам.
Э с т р а г о н. Мен ҳам.
В л а д и м и р. Биз мамнунмиз.
Э с т р а г о н. Биз мамнунмиз. (Жимлик.) Энди нима қиламиз, иккимиз ҳам мамнунмиз?
В л а д и м и р. Биз Годони кутаяпмиз.
Э с т р а г о н. Ҳа, дарвоқе.

Сукут.

В л а д и м и р. Кечадан буён бу ерда нимадир ўзгарганга ўхшайди.
Э с т р а г о н. Бордию у келмаса-чи?
В л а д и м и р (бирдан тушуна олмай). Кўрамиз. (Жимлик.) Мен айтаяпманки, кечадан буён бу ерда нимадир ўзгарибди.
Э с т р а г о н. Ҳамма нарса ўзгарувчан.
В л а д и м и р. Дарахтни кўздан кечирайлик-чи.
Э с т р а г о н. Бир ахлатни икки марта босиб бўлмайди.
В л а д и м и р. Дарахтга қара, деяпман, дарахтга қара.

Эстрагон дарахтга қарайди.

Э с т р а г о н. Кеча у бу ерда эмасмиди?
В л а д и м и р. Э, йўқ. Нима, дарров унутдингми? Дарахтга ўзимизни осишга бир баҳя қолганди. (Ўйланиб.) Ҳа, тўғри. (Сўзларни айро-айро талаффуз этиб.) Ўзи-миз-ни о-сиш-га бир баҳя қол-ган-ди. Бироқ бу фикр сендан чиққанди. Эсингдан чиқдими?
Э с т р а г о н. Туш кўргандирсан.
В л а д и м и р. Наҳотки буни унутишинг мумкин бўлса?
Э с т р а г о н. Бўлганим шу. Ё бирдан унутаман, ёки умуман унутмайман.
В л а д и м и р. Поццо ва Лакини-чи, уларни ҳам унутдингми?
Э с т р а г о н. Поццо ва Лаки?
В л а д и м и р. У ҳаммасини унутибди!
Э с т р а г о н. Қандайдир бир аҳмоқ оёғимга тепгани эсимда. Ғирт телбанинг ўзи эди.
В л а д и м и р. Бу Лаки эди!
Э с т р а г о н. Бу нарса эсимда. Бироқ бу қачон бўлганди?
В л а д и м и р. Иккинчисини-чи, унинг бўйнидан боғлаб олганни?
Э с т р а г о н. У менга суяк берганди.
В л а д и м и р. Бу Поццо эди!
Э с т р а г о н. Сен буларнинг бари кеча бўлганди демоқчимисан?
В л а д и м и р. Ҳа, албатта.
Э с т р а г о н. Мана шу ердами?
В л а д и м и р. Албатта-да! Бу ерни эслай олсанг керак?
Э с т р а г о н (бирдан жаҳли чиқиб). Эслаш эмиш! Нимасини эслайман? Мен бир умр ғурбатда яшадим. Энди сен мендан у кунларни эслашимни сўраяпсанми? Мана бу разолатга бир қарагин! Мен бу балчиқдан ҳеч қачон қутула олмаганман!
В л а д и м и р. Ўзингни бос, ўзингни бос.
Э с т р а г о н. Шундай экан хар хил манзараларни мендан сўрайверма! Яхшиси, оёқларимиз тагида нима бор, шундан гапир!
В л а д и м и р. Шунга қарамай сен бу ерни (ишора қилиб) Аросатхона дея туриб олмассан! Уларнинг орасида катта фарқ бор.
Э с т р а г о н. Аросатхона! Аросатхонанинг бунга нима алоқаси бор?
В л а д и м и р. Ахир сен Аросатхонада бўлгансан-ку.
Э с т р а г о н. Йўқ, мен ҳеч қачон Аросатхонада бўлмаганман. Сенга айтаяпман-ку, заҳар-заққумга тўла ҳаётим мана шу ерда ўтди деб. Шу ерда! Ахлатхонада!
В л а д и м и р. Шундай бўлса-да, сен билан бирга Аросатхонада бўлганмиз, қасам ичишим мумкин. Бирга узум терганмиз, ҳа, Бонелли ва Руссильоне деган одамларникидан.
Э с т р а г о н (ҳовуридан тушиб). Эҳтимол. Мен умуман эътибор қилмаган эканман.
В л а д и м и р. Бироқ у ерда ҳамма нарса қизил эди!
Э с т р а г о н (тутоқиб, ғаши келиб). Айтдим-ку, эътибор қилмаган эканман.

Жимлик. Владимир чуқур нафас олади.

В л а д и м и р. Сен билан яшаш оғир, Гого.
Э с т р а г о н. Яхшиси, ажралганимиз маъқул.
В л а д и м и р. Сен доим шундай дейсан. Яна барибир қайтиб келаверасан.

Сукут.

Э с т р а г о н. Амалга ошиши учун, мени ҳам ўлдириш керак, худди бошқалар каби.
В л а д и м и р. Бошқалар деганинг нимаси? (Сукут.) Қанақа бошқалар?
Э с т р а г о н. Бошқа миллионлар каби.
В л а д и м и р (баландпарвоз оҳангда). Ҳар ким ўз умрини яшайди. (Хўрсинади.)
Э с т р а г о н. Кел, кутаётган эканмиз, хотиржам гаплашиб оламиз. Жим туриш қўлимиздан келмаса.
В л а д и м и р. Ҳа, биз жим тура олмаймиз.
Э с т р а г о н. Бу ўйламаслигимиз учун.
В л а д и м и р. Бизга баҳона тайёр.
Э с т р а г о н. Бу эса эшитмаслик учун.
В л а д и м и р. Бизда сабаб ҳам тайёр.
Э с т р а г о н. Овозлар аллақачон сўниб бўлган.
В л а д и м и р. Худди қанотлар шовқинидек.
Э с т р а г о н. Япроқларникидек.
В л а д и м и р. Қумникидек.
Э с т р а г о н. Япроқлардек.

Сукут.

В л а д и м и р. Уларнинг бари бирданига гапиришаяпти.
Э с т р а г о н. Ҳар бири ўз тилида.

Сукут.

В л а д и м и р. Шивирлашаётганга ўхшайди.
Э с т р а г о н. Минғирлашаётганга.
В л а д и м и р. Шитирлаяпти.
Э с т р а г о н. Минғирлаяпти.

Сукут.

В л а д и м и р. Улар нима ҳақида гапиришаяпти?
Э с т р а г о н. Ўз ҳаётлари ҳақида.
В л а д и м и р. Яшашнинг ўзи уларга кифоя эмас.
Э с т р а г о н. Улар гапириши керак.
В л а д и м и р. Уларга ўлим ҳам писанд эмас.
Э с т р а г о н. Бунга қаноат қилишмайди.

Сукут.

В л а д и м и р. Худди патлар шитирига ўхшайди.
Э с т р а г о н. Япроқларнинг.
В л а д и м и р. Кулнинг.
Э с т р а г о н. Япроқларнинг.

Узоқ жимлик.

В л а д и м и р. Бирон нарса десанг-чи!
Э с т р а г о н. Мен ўйлаяпман.

Узоқ жимлик.

В л а д и м и р (ташвишланиб). Бирон нарса дегин.
Э с т р а г о н. Энди нима қиламиз?
В л а д и м и р. Биз Годони кутаяпмиз.
Э с т р а г о н. Ҳа, тўғри.
В л а д и м и р. Бунчалик қийин бўлмаса!
Э с т р а г о н. Қўшиқ айтсанг қандай бўлади?
В л а д и м и р. Йўқ, йўқ. (Ўйлайди.) Кел бошидан бошлаймиз.
Э с т р а г о н. Ростини айтсам, назаримда бу жуда мушкулга ўхшайди.
В л а д и м и р. Қийини – бошлаш.
Э с т р а г о н. Истаган нарсадан бошлаш мумкин.
В л а д и м и р. Ҳа, нимадан бошлашни ҳал қилиш лозим.
Э с т р а г о н. Ҳа, тўғри.

Сукут.

В л а д и м и р. Менга ёрдам бер!
Э с т р а г о н. Мен ўйлаяпман.

Сукут.

В л а д и м и р. Излаётган одам сергак бўлади.
Э с т р а г о н. Ҳа, тўғри.
В л а д и м и р. Бу эса халақит беради.
Э с т р а г о н. Худди шундай.
В л а д и м и р. Бу ўйлашга халақит беради.
Э с т р а г о н. Бироқ барибир ўйлайверасан.
В л а д и м и р. Э, йўқ, бу мумкин эмас.
Э с т р а г о н. Мана, гапимиз ҳеч тўғри келмайди.
В л а д и м и р. Иложи йўқ.
Э с т р а г о н. Шундай деб ўйлайсанми?
В л а д и м и р. Энди ўйлашга таваккал қила олмаймиз.
Э с т р а г о н. У ҳолда биз нимадан норозимиз?
В л а д и м и р. Ўйлаш – бу унча қўрқинчли эмас.
Э с т р а г о н. Албатта, албатта. Шунинг ўзи катта гап.
В л а д и м и р. “Шунинг ўзи катта гап” деганинг нимаси?
Э с т р а г о н. Бу бир қадар кичикроқ дегани.
В л а д и м и р. Албатта.
Э с т р а г о н. Бу қанақаси? Омадимиз келди деб ўйласак нима бўларди?
В л а д и м и р. Ҳаммасидан ҳам даҳшатлиси ўйлаш.
Э с т р а г о н. Бизда бу ҳол содир бўлдими?
В л а д и м и р. Бу майитлар қаердан келди?
Э с т р а г о н. Одам жасадлари.
В л а д и м и р. Ана.
Э с т р а г о н. Албатта.
В л а д и м и р. Афтидан, бир оз ўйлаганга ўхшаймиз.
Э с т р а г о н. Бошида, бир оз.
В л а д и м и р. Бир тўда жасадлар, бир тўда жасадлар.
Э с т р а г о н. Бунга қараб бўлмайди.
В л а д и м и р. Нигоҳингни ютиб юборгудек.
Э с т р а г о н. Ҳа, рост.
В л а д и м и р. Шунчаси ҳам етарли, аслида.
Э с т р а г о н. Фикру хаёлимизни яна табиатга буришимиз керак.
В л а д и м и р. Бунга уриниб кўрдик.
Э с т р а г о н. Ҳа, тўғри.
В л а д и м и р. Э, буниси ҳали ҳолва, албатта.
Э с т р а г о н. Энди нима бўлади?
В л а д и м и р. Ўйлаш керак.
Э с т р а г о н. Албатта.
В л а д и м и р. Бироқ, бусиз ҳам бир амалладик шекилли.
Э с т р а г о н. У ҳолда нима истайсан?
В л а д и м и р. Тушунарли, тушунарли.

Сукут.

Э с т р а г о н. Ёмон суҳбат қурмадик.
В л а д и м и р. Ҳа, бироқ энди бошқа бир нарса ўйлаб топиш керак.
Э с т р а г о н. Ўйлаш керак.
В л а д и м и р. Ўйлаш керак.
Э с т р а г о н. Ўйлаш керак.

Ўйлашади.

В л а д и м и р. Мен нима деётган эдим? Аслида, ўзи шундан бошлаш керак эди.
Э с т р а г о н. Қачон?
В л а д и м и р. Энг бошида.
Э с т р а г о н. Ниманинг бошида?
В л а д и м и р. Бугун оқшом. Мен айтдим-ку… айтдим-ку…
Э с т р а г о н. Очиғини айтсам, мендан кўп нарса талаб қилаяпсан.
В л а д и м и р. Шошма… биз алмашдик… биз мамнун эдик… мамнун… мамнун бўлгандан кейин нима қилмоқчи эдик… биз кутаяпмиз… эсладим… биз кутаётгандик… тўғри… Ҳа! Дарахт!
Э с т р а г о н. Дарахт?
В л а д и м и р. Эслай олмайсанми?
Э с т р а г о н. Мен жуда чарчадим.
В л а д и м и р. Унга бир қарагин.

Эстрагон дарахтга кўз ташлайди.

Э с т р а г о н. Мен ҳеч нарса кўрмаяпман.
В л а д и м и р. Бироқ, кеча кечқурун яп-яланғоч ва қуруқ эди. Бугун эса барг чиқарибди.
Э с т р а г о н. Барг?!
В л а д и м и р. Бир кечада!
Э с т р а г о н. Ҳойнаҳой, ҳозир баҳор бўлса керак.
В л а д и м и р. Бир кечада-я!
Э с т р а г о н. Сенга айтаяпман-ку, биз кеча бу ерда бўлмагандик. Афтидан туш кўрган бўлсанг керак.
В л а д и м и р. У ҳолда сенингча биз кеча қаерда бўлганмиз?
Э с т р а г о н. Билмайман. Бошқа бирор ерда. Бошқа бир қафасда. Ҳамма ер бир гўр.
В л а д и м и р (ўз ҳақлигига ишонч билан.) Яхши. Кеча бу ерда бўлмаганмиз ҳам дейлик. Хўш, у ҳолда биз кеча нима қилдик?
Э с т р а г о н. Кеча нима қилдик?
В л а д и м и р. Бир эслаб кўр-чи.
Э с т р а г о н. У ёқдан-бу ёқдан гаплашгандирмиз.
В л а д и м и р (босиқлик билан.) Нима ҳақида?
Э с т р а г о н. Ҳалиги… у-бу нарса, бошмоқ ҳақида. (Ишонч билан.) Ҳа, эсладим. Кеча биз бошмоқ ҳақида гаплашган эдик. Ярим асрдан буён шуни гаплашамиз.
В л а д и м и р. Наҳотки бирор бир воқеа ёки ҳолатни эслай олмасанг?
Э с т р а г о н (норози бўлиб). Жаҳлимни чиқарма, Диди.
В л а д и м и р. Қуёшни? Ойни? Эслай олмайсанми?
Э с т р а г о н. Нимасини эслайман, ҳар доимги ой, ҳар доимги қуёш бўлса.
В л а д и м и р. Бирор бир ғалати нарсани сезмадингми?
Э с т р а г о н. Минг афсуски, йўқ.
В л а д и м и р. Поццони-чи? Лакини-чи?
Э с т р а г о н. Поццо?
В л а д и м и р. Иликлар.
Э с т р а г о н. Улар қовурға эди.
В л а д и м и р. Уларни сенга Поццо берганди.
Э с т р а г о н. Билмадим.
В л а д и м и р. Оёғинг лат егани-чи?
Э с т р а г о н. Оёғим лат егани? Ҳа, оёғимга тепишганди.
В л а д и м и р. Лаки сени тепган эди.
Э с т р а г о н. Бу воқеа кеча бўлганмиди?
В л а д и м и р. Оёғингни кўрсат-чи.
Э с т р а г о н. Қайсинисини?
В л а д и м и р. Иккаласини ҳам. Шимингни кўтар. (Эстрагон, бир оёқда туриб, Владимирга иккинчисини тутади. Сал бўлмаса йиқилиб кетай дейди. Владимир Эстрагоннинг оёғини ушлаб кўра бошлайди. Эстрагон довдирайди.) Шимингни кўтар.
Э с т р а г о н (довдираб.) Бундай қила олмайман.

Владимир шимнинг почасини шимариб, оёғини кўздан кечириб, қўйиб юборади. Эстрагон йиқилиб тушай дейди.

В л а д и м и р. Бошқасини. (Эстрагон яна ўша оёғини тутади.) Сенга бошқасини деяпман! (Бошқа оёқ билан яна ўша ҳаракатлар такрорланади.) Мана ўша яра бўлган жой.
Э с т р а г о н. Хўш, шунга нима бўлибди?
В л а д и м и р. Сенинг бошмоқларинг қани?
Э с т р а г о н. Отиб юборган бўлсам керак.
В л а д и м и р. Қачон?
Э с т р а г о н. Билмайман.
В л а д и м и р. Нима учун?
Э с т р а г о н. Эслай олмайман.
В л а д и м и р. Йўқ, нима учун уларни отиб юбординг деяпман?
Э с т р а г о н. Оёғимни қисгани учун.
В л а д и м и р (этикларни кўрсатиб). Мана улар. (Эстрагон этикларга қарайди.) Кеча ташлаб кетган жойингда ётибди.

Эстрагон бошмоқларга яқин боради, эгилиб, кўздан кечира бошлайди.

Э с т р а г о н. Бу меники эмас.
В л а д и м и р. Сеники эмас?!
Э с т р а г о н. Меники қора эди, булар эса сариқ.
В л а д и м и р. Сеники қора эканлигига ишончинг комилми?
Э с т р а г о н. Тўғрироғи, улар кулранг эди.
В л а д и м и р. Булар сариқми? Кўрсат-чи.
Э с т р а г о н (бир пойини кўтариб). Бир оз яшилтоб экан.
В л а д и м и р (яқинлашиб). Кўрсат-чи. (Эстрагон унга бошмоқни беради. Владимир бошмоқни кўздан кечириб, жаҳл билан отиб юборади.) Минг лаънат бўлсин!
Э с т р а г о н. Биласанми, бунинг бари…
В л а д и м и р. Гап нимадалигини биласан. Ҳа, нима бўлгани менга тушунарли.
Э с т р а г о н. Бунинг бари…
В л а д и м и р. Ҳаммаси беш қўлдай аён. Кимдир келган, сенинг бошмоқларингни олиб, ўрнига ўзиникини ташлаб кетган.
Э с т р а г о н. Нима учун?
В л а д и м и р. Ўзиники унга тўғри келмаган. Шунга сеникини олган.
Э с т р а г о н. Бироқ меники жуда кичик эди.
В л а д и м и р. Сен учун. Бироқ у учун эмас.
Э с т р а г о н. Мен чарчадим. (Сукут.) Кетдик.
В л а д и м и р. Биз кета олмаймиз.
Э с т р а г о н. Нима учун?
В л а д и м и р. Биз Годони кутаяпмиз.
Э с т р а г о н. Ҳа, тўғри. (Жимлик.) У ҳолда нима қиламиз?
В л а д и м и р. Ҳеч нарса.
Э с т р а г о н. Бироқ мен ортиқ чидай олмайман.
В л а д и м и р. Турп ейсанми?
Э с т р а г о н. Бор-йўғи шуми?
В л а д и м и р. Шолғом билан турп бор.
Э с т р а г о н. Сабзи қолмадими?
В л а д и м и р. Йўқ. Дарвоқе, намунча сабзихўр бўлиб қолдинг?
Э с т р а г о н. У ҳолда менга турпни бер. (Владимир чўнтакларини ковлаштиради, пайпаслаб турп топади, чўнтагидан чиқариб Эстрагонга узатади. Эстрагон эса уни олиб, кўздан кечириб, ҳидлаб кўради.) У қора-ку!
В л а д и м и р. Бу турп.
Э с т р а г о н. Ўзинг яхши биласан, мен оқини ёқтираман.
В л а д и м и р. Нима у сенга керак эмасми?
Э с т р а г о н. Мен оқини яхши кўраман!
В л а д и м и р. У ҳолда буни менга бер.

Эстрагон турпни унга беради.

Э с т р а г о н. Бориб сабзи қидириб кўрай.

Жойидан қимир этмайди.

В л а д и м и р. Бу нарса энди ростдан ҳам мазмунсиз тус олаяпти.
Э с т р а г о н. Хулосага ҳали шошилма.

Жимлик.

В л а д и м и р. Сен бир уриниб кўрсанг қандай бўлади?
Э с т р а г о н. Аллақачон ҳаммасини татиб кўрганман.
В л а д и м и р. Мен бошмоқни назарда тутгандим.
Э с т р а г о н. Шундай деб ўйлайсанми?
В л а д и м и р. Ўшанда балки зерикмасмидик. (Иккиланади.) Сенга айтаяпман-ку, шунчаки ўзимизни овутиш учун.
Э с т р а г о н. Ўзимизни овутиш учун.
В л а д и м и р. Кўнгилхушлик учун.
Э с т р а г о н. Овутиш учун.
В л а д и м и р. Кийиб кўр.
Э с т р а г о н. Менга ёрдамлашасанми?
В л а д и м и р. Албатта.
Э с т р а г о н. Агар бирга бўлсак, ҳаракатларимиз чакки эмас, тўғрими, Диди?
В л а д и м и р. Ҳа, албатта. Кел, олдин чапини кийиб кўрамиз.
Э с т р а г о н. Ҳали тирик эканимизни билдириб қўйиш учун доим бир нарсаларни ўйлаб топамиз, тўғрими, Диди?
В л а д и м и р (шошилиб). Ҳа, ҳа. Биз афсунгарлармиз. Осонгина йўлдан чалғитишларига изн бермаймиз. (Бошмоқни қўлига олади.) Қани, оёғингни узат-чи. (Эстрагон унинг олдига келиб, оёғини кўтаради.) Бошқасини, ярамас! (Эстрагон бошқа оёғини кўтаради.) Баландроқ! (Бир-бирларини қучоқлаб улар саҳна бўйлаб довдираб юра бошлайдилар.Ниҳоят Владимир бошмоқни унга кийгизишга муваффақ бўлади.) Юриб кўр-чи. (Эстрагон юра бошлайди.) Хўш, қандай?
Э с т р а г о н. Менга жуда ярашди.
В л а д и м и р (чўнтагидан боғич чиқариб). Ҳозир ипини боғлаймиз.
Э с т р а г о н (жазавага тушиб). Йўқ, йўқ. Боғичини боғлаш шарт эмас, ҳожати йўқ!
В л а д и м и р. Нотўғри гапираяпсан. Иккинчи пойини кийиб кўр. (Саҳна такрорланади.) Хўш, қандай?
Э с т р а г о н. Буниси ҳам менга ярашди.
В л а д и м и р. Оёғингни қисмаяптими?
Э с т р а г о н (диққат билан бир-икки қадам юриб кўриб). Ҳозирча қисмаяпти.
В л а д и м и р. У ҳолда энди уни кийиб юравер.
Э с т р а г о н. Бироқ менга катта-ку?!
В л а д и м и р. Балки, вақти келиб пайпоғинг ҳам бўлиб қолар.
Э с т р а г о н. Ҳа, тўғри.
В л а д и м и р. Хўш, бошмоқни энди ечмайсанми?
Э с т р а г о н. Ҳадеб шу ҳақида гаплашавермайлик.
В л а д и м и р. Тўғри-ку, лекин…
Э с т р а г о н. Етар! (Сукут.) Бориб ўтира қолай.

Ўтирадиган жой излайди, кейин эса биринчи кўринишнинг бошида ўтирган жойига бориб ўтирмоқчи бўлади.

В л а д и м и р. Кеча сен шу ерда ўтирган эдинг.

Жимлик.

Э с т р а г о н. Қани эди ухлаб қолганимда.
В л а д и м и р. Кеча ухлаган эдинг.
Э с т р а г о н. Яна уриниб кўраман.

Бошини оёқлари орасига олиб, ғўжанак бўлиб олади.

В л а д и м и р. Шошма. ( Эстрагон ёнига келиб, баланд овозда куйлай бошлайди.) Алла жоним, алла-ё, алла-ё алла.
Э с т р а г о н (бошини кўтариб). Сал секинроқ.
В л а д и м и р (паст овозда). Алла жоним, алла-ё алла, ухла қўзим, алла-ё алла. Алла-ё алла…

Эстрагон мудрай бошлайди. Владимир нимчасини олиб, унинг елкасига ташлайди-да, исиниш учун қўлини ишқалаб саҳнанинг барча йўналишлари бўйича юра бошлайди. Эстрагон бирдан уйғонади, ўрнидан туриб, довдираб бир неча қадам ташлайди. Владимир югуриб унинг олдига келиб, маҳкам бағрига босади.

В л а д и м и р. Шу ердаман… шу ерда… мен шу ердаман… қўрқма.
Э с т р а г о н. Нима!
В л а д и м и р. Шу ерда… шу ерда… ҳаммаси тугади.
Э с т р а г о н. Мен йиқилдим.
В л а д и м и р. Ҳаммаси тугади. Бу ҳақида бошқа ўйлама.
Э с т р а г о н. Мен ҳалиги….
В л а д и м и р. Йўқ, йўқ, ҳеч нарса дема. Қани, кел, бир оз сайр қиламиз.

Эстрагон ортиқ юришдан бош тортмагунга қадар Владимир унинг қўлтиғидан олиб, саҳна бўйлаб юра бошлайди.

Э с т р а г о н. Етар! Мен чарчадим.
В л а д и м и р. Ҳеч нарса қилмасдан, тўнкага ўхшаб бир жойда тураверасанми?
Э с т р а г о н. Ҳа.
В л а д и м и р. Билганингни қил.

Эстрагонни қўйиб юбориб, нимчасини олади-да, устига кияди.

Э с т р а г о н. Кетдик.
В л а д и м и р. Биз кета олмаймиз.
Э с т р а г о н. Нима учун?
В л а д и м и р. Биз Годони кутаяпмиз.
Э с т р а г о н. Ҳа-я. (Владимир яна у ёқдан-бу ёққа юра бошлайди.) Ҳали ҳам асабийлашаяпсанми?
В л а д и м и р. Совуқ қотаяпман.
Э с т р а г о н. Жуда вақтли келганга ўхшаймиз.
В л а д и м и р. Ҳар доимгидек, кун ботиш олдидан.
Э с т р а г о н. Ҳали-бери ботадиганга ўхшамайди.
В л а д и м и р. Худди кечагига ўхшаб бирдан кеч киради.
Э с т р а г о н. Кейин қоронғи тун бошланади.
В л а д и м и р. Кейин кетаверсак ҳам бўлади.
Э с т р а г о н. Кейин яна кун келади. (Жимлик.) Нима қилиш керак? Нима қилиш керак?
В л а д и м и р (тўхтайди. Ғазаб билан). Минғирлашни бас қил! Оҳ-воҳларинг билан ғашимга тегаяпсан.
Э с т р а г о н. Мен кетаман.
В л а д и м и р (Лакининг шляпасига кўзи тушиб). Қарагин!
Э с т р а г о н. Яхши қол.
В л а д и м и р. Лакининг шляпаси! (Шляпага яқинлашади.) Бир саотдан буён шу ердаман, бироқ эътибор ҳам бермабман. (Хурсанд бўлиб.) Жуда ажойиб!
Э с т р а г о н. Мени ортиқ кўрмайсан.
В л а д и м и р. Демак, жойни адаштирмаганим аниқ. Энди хотиржам бўлсак ҳам бўлаверади. (Лакининг шляпасига эгилади, кўздан кечириб, қўлига олади.) Яхши шляпа эканлиги шундоқ кўриниб турибди. (Ўзининг шляпаси ўрнига уни кияди, ўзиникини эса Эстрагонга ўзатади.) Ма.
Э с т р а г о н. Нима?
В л а д и м и р. Мана буни ол.

Эстрагон Владимирнинг шляпасини олади. Владимир икки қўллаб Лакининг шляпасини тўғирлайди. Эстрагон ўзиники ўрнига Владимирнинг шляпасини кияди, ўзиникини эса Владимирга узатади. Владимир Эстрагондан шляпасини олади. Эстрагон икки қўллаб Владимирнинг шляпасини тўғирлайди. Владимир Лакининг шляпаси ўрнига Эстрагонникини кияди. Лакиникини эса Эстрагонга узатади. Эстрагон Лакининг шляпасини олади. Владимир икки қўллаб Эстрагоннинг шляпасини тўғирлайди. Эстрагон Лакининг шляпасини кияди, Владимирникини эса унинг ўзига узатади. Владимир ўз шляпасини олади. Эстрагон икки қўллаб Лакининг шляпасини тўғирлайди. Владимир ўз шляпасини кияди, Эстрагонникини эса унинг ўзига узатади. Эстрагон ўз шляпасини олади, Владимир ўз шляпасини икки қўллаб тўғирлайди. Эстрагон ўз шляпасини кияди, Лакиникини эса Владимирга тутқазади. Владимир Лакининг щляпасини олади. Эстрагон икки қўллаб ўз шляпасини тўғирлайди. Владимир Лакининг шляпасини кийиб, ўзиникини Эстрагонга узатади. Эстрагон Владимирнинг шляпасини олади. Владимир Лакининг шляпасини икки қўлда тўғирлайди. Эстрагон Владимирнинг шляпасини унинг ўзига тутқазади. У уни олиб, Эстрагонга қайтаради, у эса олиб, яна Владимирга қайтаради, у ўз навбатида олиб, отиб юборади. Бунинг бари тез бўлиб ўтади.

В л а д и м и р. Менга ярашдими?
Э с т р а г о н. Билмадим.
В л а д и м и р. Йўқми, бироқ сенингча қандай турибди?

У ялтоғланиб бошини у ёқ-бу ёққа буради. Ўзини кўз-кўзлаётгандек тутади.

Э с т р а г о н. Бўлмайди.
В л а д и м и р. Одатдагидан ҳам ёмонроқми?
Э с т р а г о н. Фарқи йўқ.
В л а д и м и р. У ҳолда буни ўзимда қолдираман. Меники ноқулайроқ эди. (Жимлик.) Нима десам экан… (Жимлик.) Уриниб қолганди.
Э с т р а г о н. Мен кетаман.
В л а д и м и р. Нима, ўйнашни истамайсанми?
Э с т р а г о н. Нимани ўйнайман?
В л а д и м и р. Поццо ва Лакини ўйнашимиз мумкин.
Э с т р а г о н. Мен уларни танимайман.
В л а д и м и р. Мен Лаки бўламан, сен эса Поццо бўласан. (Оғир нарсани кўтариб, эгилиб турган Лакининг қиёфасига киради. Эстрагон ажабланиб уни кузатиб туради.) Бошла.
Э с т р а г о н. Мен нима қилишим керак?
В л а д и м и р. Мени сўк!
Э с т р а г о н. Ярамас!
В л а д и м и р. Қаттиқроқ!
Э с т р а г о н. Ифлос! Ярамас!

Владимир эгилган кўйи, узоқлашиб, яна яқинлашиб туради.

В л а д и м и р. Мени ўйлашга мажбурла.
Э с т р а г о н. Қанақасига?
В л а д и м и р. Аҳмоқ, ўйла, деб буюр!
Э с т р а г о н. Ўйла, аҳмоқ!

Жимлик.

В л а д и м и р. Бу қўлимдан келмайди.
Э с т р а г о н. Етар!
В л а д и м и р. Менга рақсга туш де.
Э с т р а г о н. Мен кетаман.
В л а д и м и р. Рақсга туш, тўнғиз! (У турган жойида ижирғанади. Эстрагон шошиб кета бошлайди.) Бу қўлимдан келмайди! (Бошини кўтариб, Эстрагоннинг йўқлигини англайди. Юракни ўртаб юборидиган оҳангда ўкириб юборади.) Гого! (Жимлик. У сал бўлмса югурган каби саҳнада у ёқдан бу ёққа бориб кела бошлайди. Эстрагон шошиб кириб келади-да, ҳансираб нафас олганча Владимир томон югуради. Улар бир-бирларига бир неча қадам қолганда тўхтаб қолишади.) Ниҳоят, сен яна ёнимдасан!
Э с т р а г о н (ҳансираб). Жин урсин мени!
В л а д и м и р. Қаерда эдинг? Бутунлай кетиб қолгансан деб ўйлагандим.
Э с т р а г о н. Дўнглик ёнигача бордим. Бу ёққа келишаяпти.
В л а д и м и р. Ким?
Э с т р а г о н. Билмадим.
В л а д и м и р. Неча киши?
Э с т р а г о н. Билмайман.
В л а д и м и р (тантанавор). Бу Годо! Ниҳоят! (У Эстрагонни маҳкам бағрига босади.) Годо! Бу Годо! Энди озодмиз! Уни кутиб оламиз! Юр! (Эстрагонни парда олдигача судраб боради. Эстрагон қаршилик қилиб, унинг қўлидан чиқиб кетадида, бошқа томонга қараб югуради.) Гого! Қайт! (Жимлик. Владимир Эстрагон келган томондаги парда томон югуриб бориб, узоқларга тикилади. Эстрагон шошиб кириб келиб, Владимир томон отилади. У эса ўгирилади.) Яна қайтиб келдингми?!
Э с т р а г о н. Минг лаънат бўлсин!
В л а д и м и р. Узоққа кетиб қолганмидинг?
Э с т р а г о н. Дўнгликкача бордим.
В л а д и м и р. Ростданми, бизни тузоққа туширишди. Худди мушукка ем бўлган сичқондек.
Э с т р а г о н. У ёқдан ҳам бу ёққа келишаяпти.
В л а д и м и р. Биз қуршовдамиз! (Қўрқувга тушган Эстрагон орқа парда томон югуради, пардага ўралашиб, йиқилиб тушади.) Тентак! У ёқда йўл йўқ-ку! (Владимир келиб, уни ўрнидан турғазиб, олд тўсиқ ёнига олиб боради. Томошабинларга кўрсатади.) Бу ерда ҳеч ким йўқ. Шу ерда югур. Қани. (Уни саҳна чети томон итаради. Эстрагон қўрқув аралаш, ортга чекинади.) Истамайсанми? Рост айтаяпман, аҳволинг менга тушунарли. Яхши. (Ўйлайди.) Сен фақат бекинишни эплайсан, холос.
Э с т р а г о н. Қаерга?
В л а д и м и р. Дарахт ортига. (Эстрагон иккиланади.) Тезроқ! Дарахт ортига. (Эстрагон югуриб, танаси барибир кўриниб турадиган дарахт ортига яширанади.) Қимирлама! (Эстрагон дарахт ортидан чиқади.) Бу дарахт бизга ёрдам беролмаслиги аниқ. (Эстрагонга.) Нима, ақлдан оздингми?
Э с т р а г о н. Бошим гангиб қолди. (Уялиб, бошини букади.) Мени кечир. (Бошини мағрур кўтаради.) Ҳаммаси тугади! Ҳозир ўзинг кўрасан. Қани айт, нима қилай?
В л а д и м и р. Ҳеч нарса.
Э с т р а г о н. Сен мана шу ерда турасан. (Владимирни чап парда томон етаклайди-да, саҳнага орқасини ўгириб, юзини йўлга қаратиб қўяди.) Шу ерда. Қимирламай, ҳеч нарсани кўздан қочирмай тур. (Бошқа парда томон югуради. Владимир унга елка ошиб қарайди. Эстрагон тўхтайди, ўзоқларга қараб, ўгирилади. Иккаласи ҳам бир-бирларига елка оша қарашади.) Худди бир пайтлардагидек, яна елкама-елкамиз! (Улар яна неча муддат бир-бирларига тикилиб туришади, кейин кута бошлашади. Узоқ жимлик.) Бирор нарса кўраяпсанми?
В л а д и м и р (ўгирилиб). Нима?
Э с т р а г о н (баландроқ овозда). Сен бирон нарсани кўраяпсанми?
В л а д и м и р. Йўқ.
Э с т р а г о н. Мен ҳам.

Яна кутишади.Узоқ жимлик.

В л а д и м и р. Ҳойнаҳой сенга шундай туюлгандир?
Э с т р а г о н (ўгирилиб). Нима?
В л а д и м и р (баландроқ овозда). Ҳойнаҳой, сенга шундай туюлгандир?
Э с т р а г о н. Бақирма.

Яна кутишади.Узоқ жимлик.

В л а д и м и р, Э с т р а г о н (бирданига баравар ўгирилиб). Борди-ю, агар…
В л а д и м и р. Э, кечирасан.
Э с т р а г о н. Қулоғим сенда.
В л а д и м и р. Йўқ, йўқ.
Э с т р а г о н. Ҳа, ҳа.
В л а д и м и р. Гапингни бўлиб қўйдим.
Э с т р а г о н. Аксинча.

Ғазаб билан бир-бирига тикилишади.

В л а д и м и р. Кел, ортиқча мулозаматни йиғиштирайлик.
Э с т р а г о н. Қани, қайсарлик қилма.
В л а д и м и р (мажбуран). Сенга айтаяпман, гапингни охиригача тугат.
Э с т р а г о н (худди шу оҳангда). Ўзингникини тугат.

Жимлик. Улар бир-бирлари томон юришиб, тўхтайдилар.

В л а д и м и р. Бечорагина!
Э с т р а г о н. Ниҳоят, кел, бир-биримизни ҳақоратлаймиз. (Ўзаро ҳақоратлашишади. Жимлик.) Кел, энди ярашамиз.
В л а д и м и р. Гого!
Э с т р а г о н. Диди!
В л а д и м и р. Қўлингни бер!
Э с т р а г о н. Ма!
В л а д и м и р. Қани-кела қол!
Э с т р а г о н. Сенинг ёнинггами?
В л а д и м и р (қучоғини очиб). Бағримга!
Э с т р а г о н. Бўпти!

Қучоқлашишади. Жимлик.

В л а д и м и р. Кайфиятимиз яхши бўлганда, вақт жуда тез ўтади.

Жимлик.

Э с т р а г о н. Энди нима қиламиз?
В л а д и м и р. Кута турибми?
Э с т р а г о н. Кута туриб.

Жимлик.

В л а д и м и р. Биргаликда қиладиган машқимизни бажарсак нима бўлади?
Э с т р а г о н. Биргаликдаги ҳаракатни.
В л а д и м и р. Асабларни бўшаштиришни.
Э с т р а г о н. Асабларни чиниқтиришни.
В л а д и м и р. Толиқтиришни.
Э с т р а г о н. Чиниқтиришни
В л а д и м и р. Қизишиб олиш учун.
Э с т р а г о н. Ҳовурдан тушиш учун.
В л а д и м и р. Бошладик.

Жойида сакрайди. Эстрагон унинг изидан қайтаради.

Э с т р а г о н (тўхтайди). Етар. Мен чарчадим.
В л а д и м и р (тўхтаб). Бугун унчалик ўхшатолмаяпмиз. Кел, яхшиси, бир неча нафас олиш машқларини бажарамиз.
Э с т р а г о н. Мен ортиқ нафас олишни истамайман.
В л а д и м и р. Сен ҳақсан. (Жимлик.) Кел унда “дарахт”ни бажарамиз. Мувозонатни сақлаш учун.
Э с т р а г о н. Дарахт?

Владимир дарахт кўринишини қилиб кўрсатади, довдирайди.

В л а д и м и р (тўхтаб). Энди сен.

Эстрагон дарахт кўринишини қилади, довдирайди.

Э с т р а г о н. Нима деб ўйлайсан, Худо мени кўриб турибдими?
В л а д и м и р. Кўзингни юмишинг керак.

Эстрагон кўзини юмади, мувозанатини баттарин йўқотади.

Э с т р а г о н (тўхтаб, телбаларча муштини силкиб). Худойим, менга раҳминг келсин!
В л а д и м и р (ранжигандек). Менга-чи?
Э с т р а г о н. Раҳминг келсин! Раҳминг келсин! Менга! Раҳминг келсин!

Поццо ва Лаки кириб келади. Поццо кўр бўлиб қолган. Лаки худди биринчи саҳнадагидек унинг юкларини кўтариб олган. Поццонинг юришига қўлай бўлиши учун Лакининг бўйнига боғланган арқон бир оз қисқарган. Лакининг бошида янги шляпа. Владимир ва Эстрагонни кўриб у тўхтайди. Поццо юришда давом этиб, улар билан тўқнашиб кетади. Владимир ва Эстрагон ортга чекинишади.

П о ц ц о (Поццо янги юкларнинг оғирлигидан эгилиб кетаётган Лакига эргашади.) Ким бор бу ерда? Ким қичқирди?

Лаки қўлидагиларни ерга тушириб юбориб, Поццо билан бирга қўшилиб қулаб тушади.

Э с т р а г о н. Бу Годоми?
В л а д и м и р. Шу етмай турганди. (Уларга яқинлашади, ортидан Эстрагон эргашади.) Мана ёрдамчилар ҳам етиб келишди!
П о ц ц о (баъзур овози чиқиб). Ёрдам беринглар.
Э с т р а г о н. Бу Годоми?
В л а д и м и р. Энди суҳбатлашишни бошлаймиз. Оқшом пайти бу жуда асқотади.
П о ц ц о. Ёнимга кел!
Э с т р а г о н. У ёрдам сўраяпти.
В л а д и м и р. Биз энди ёлғиз қолмаймиз, тунни ёлғиз кутмаймиз, Годони ёлғиз кутмаймиз, биз энди… кутмаймиз. Кун бўйи ўзимиз билан курашиб чарчадик. Энди бундай бўлмайди. Эртамиз аллақачон бошланди.
П о ц ц о. Ёнимга кел!
В л а д и м и р. Энди вақт ғилдираги бошқача айланади. Қуёш ботади, ой ҳам чиқади, биз эса бу ердан… кетамиз.
П о ц ц о. Раҳмингиз келсин!
В л а д и м и р. Бечора Поццо!
Э с т р а г о н. Бу ўша эканини билдим.
В л а д и м и р. Ким?
Э с т р а г о н. Годо.
В л а д и м и р. Бироқ бу Годо эмас.
Э с т р а г о н. Годо эмасми?
В л а д и м и р. Годо эмас.
Э с т р а г о н. У ҳолда бу ким?
В л а д и м и р. Бу Поццо.
П о ц ц о. Бу мен! Бу мен! Туришимга ёрдамлашинглар!
В л а д и м и р. У тура олмаяпти.
Э с т р а г о н. Юр.
В л а д и м и р. Биз бундай қила олмаймиз.
Э с т р а г о н. Нима учун?
В л а д и м и р. Биз Годони кутаяпмиз.
Э с т р а г о н. Ҳа, тўғри.
В л а д и м и р. Балки, ҳали ҳам унинг сенга аталган суяги бордир?
Э с т р а г о н. Суяк?
В л а д и м и р. Товуқники. Эсингдан чиқдими?
Э с т р а г о н. Бу туш эди-ку?
В л а д и м и р. Ростданми?
Э с т р а г о н. Ўзидан сўраб кўр.
В л а д и м и р. Балки, олдин унга ёрдам берармиз?
Э с т р а г о н. Нима масалада?
В л а д и м и р. Туришига.
Э с т р а г о н. Нима, ўзи тура олмайдими?
В л а д и м и р. У туришни истаяпти.
Э с т р а г о н. У ҳолда тура қолсин.
В л а д и м и р. Ўзи тура олмайди.
Э с т р а г о н. Унга нима бўлган?
В л а д и м и р. Билмайман.

Поццо букилганча, ер муштлаб нола қилади.

Э с т р а г о н. Балки, олдин ундан суякларни сўрармиз. Агар бермаса, ёрдам бермаймиз.
В л а д и м и р. Бу билан у бизнинг ҳукмимизда демоқчимисан?
Э с т р а г о н. Шундай.
В л а д и м и р. Демак, ёрдам беришдан олдин унга шарт қўямиз?
Э с т р а г о н. Шундай.
В л а д и м и р. Рост, ақлингга қойилман. Бироқ, бир нарсадан хавотирим бор.
Э с т р а г о н. Нимадан?
В л а д и м и р. Бирдан Лаки ўзига келса-чи? У ҳолда ҳолимиз хароб деявер.
Э с т р а г о н. Лаки?!
В л а д и м и р. Анави, кеча сени тепкилаган.
Э с т р а г о н. Ахир сенга айтдим-ку, улар ўн киши эди деб.
В л а д и м и р. Э, йўқ, олдин. Сени оёғи билан тепган.
Э с т р а г о н. У шу ердами?
В л а д и м и р. Ана, қара. (Кўрсатади.) Ҳозирча қимир этмай ётибди. Бироқ, истаган пайтда у арқонни узиб юбориши мумкин.
Э с т р а г о н. Унинг яхшилаб адабини бериб қўйсак нима бўлади?
В л а д и м и р. Ухлаб ётганда унинг устига ташланиб, таъзирини берайлик демоқчимисан?
Э с т р а г о н. Ҳа-да.
В л а д и м и р. Яхши фикр. Бироқ, бу қўлимиздан келармикан? У ростдан ҳам ухлаяптимикан? (Жимлик.) Йўқ, яхшиси Поццо ёрдам сўраётган вазиятдан фойдаланиб қолайлик, бор умидимиз ундан.
Э с т р а г о н. Бироқ у барибир…
В л а д и м и р. Бекорчи гаплар билан вақтни ўтказмайлик. (Жимлик. Ҳаяжон аралаш.) Пайти келган экан ундан фойдаланиб қолайлик. Ҳар куни ҳам биздан ёрдам сўрашавермайди. Албатта, одамлар айнан бизнинг ёрдамимизга муҳтож эмас. Бошқалар ҳам шундай қилган, эҳтимол, буни биздан ҳам яхшироқ бажаришар. Биз эшитган илтижо бани инсониятга қаратилган. Бироқ бизга бу нарса ёқса-ёқмаса ҳам мана шу жойда, айни дамда инсоният – бу сен билан менмиз. Кеч бўлмасдан отни қамчилаб қолайлик. Жамиятнинг бизларни – мусибат тенг қилган чиқиндиларини – муносиб тарзда намоён этайлик. Сен бунга нима дейсан? (Эстрагон чурқ этмайди.) Гап шундаки, тарафдорлар ҳам, қаршилар ҳам қўлларни қовуштирганча чамалаб турар эканмиз, биз ўзимизнинг ижтимоий аҳволимизга эҳтиром бажо айлаймиз. Арслон бир дақиқа ҳам ўйлаб ўтирмай ўз шерикларини қутқаришга ташланади. Ёки чангалзор ортига кириб, ғойиб бўлади. Бироқ, ҳозир гап бошқа ёқда. Бу ерда нима қилаяпмиз, биз мана шу саволга жавоб беришимиз зарур. Бахтимиз шуки, биз буни яхши биламиз. Ҳа, бу даҳшатли, алғов-долғовли дунёда бир нарса бизга таскин беради: биз Годонинг келишини кутаяпмиз.

Э с т р а г о н. Ҳа, тўғри.
В л а д и м и р. Қоронғи тушишини кутайлик. (Жимлик). Биз учрашишимиз керак, тамом вассалом. Биз фаришта эмасмиз, бироқ бизга учрашув белгиланган. Нечта одам сенга мана шундай жавоб бера олиши мумкин?
Э с т р а г о н. Мингта.
В л а д и м и р. Шундай деб ўйлайсанми?
Э с т р а г о н. Билмайман.
В л а д и м и р. Эҳтимол.
П о ц ц о. Ёрдам беринглар!
В л а д и м и р. Шу нарса аниқки, бундай пайтларда вақт гўё тўхтаб қолгандек бўлади. Ва бир қараганда бизга тўғри бўлиб кўринган, биз кўниккан амаллардан воз кечишни талаб қилади. Айтасанки, бунинг бари ақли ҳушимизни йўқотмаслик учун қилинган деб. Ҳа, бу табиий, албатта. Бироқ у ер тагида, мангу зулмат ичра адашиб қолмаганмикан? Баъзан ўзимга шундай савол бераман. Айтганларимни сен англаб олаяпсанми?

Э с т р а г о н. Ҳаммамиз телба бўлиб дунёга келамиз. Кимдир эса телбалигича қолади.
П о ц ц о. Ёрдам берганларинг учун пул тўлайман!
Э с т р а г о н. Қанча?
П о ц ц о. Беш танга.
Э с т р а г о н. Бу кам.
В л а д и м и р. Мен бунчалик ўзимдан кетмаган бўлардим.
Э с т р а г о н. Нима, сенингча, шу етарлими?
В л а д и м и р. Йўқ, лекин таъкид ўрнида шуни айтмоқчиманки, мен дунёга келганда, ақли ҳушим жойида бўлмаган. Бироқ, гап ҳозир бунда эмас.
П о ц ц о. Ўн танга.
В л а д и м и р. Биз кутаяпмиз. Биз зерикдик. (Қўлини кўтаради.) Йўқ, эътироз қилма, унчалик зерикканимиз ҳам йўқ, буни рад қилолмайсан. Билиб қўй. Бирдан кулгили томошо олдидан чиқиб қолдик, биз эса нима қиламиз? Томошога эътибор қилмаймиз. Ишга киришиб кетамиз. ( Поццо олдига келиб тўхтайди.) Бир неча сониядан кейин ҳаммаси тумандек тарқаб кетади, яна биз ёлғизликка маҳкум бўламиз. (Ўз жойига қайтади.)
П о ц ц о. Ўн танга!
В л а д и м и р. Кетдик, кетдик!

Поццони турғизмоқчи бўлади, эплай олмайди, яна уриниб кўради, ердаги нарсаларга ўралашиб, йиқилиб тушади, турмоқчи бўлади, бироқ тура олмайди.

Э с т р а г о н. Бу сизларга шерик, энди ҳаммаларинг биргамисизлар?
В л а д и м и р. Ёрдам бер!
Э с т р а г о н. Мен кетаяпман.
В л а д и м и р. Мени ташлаб кетма! Улар мени тирик қўйишмайди.
П о ц ц о. Мен қаердаман?
В л а д и м и р. Гого!
П о ц ц о. Ёнимга кел!
В л а д и м и р. Менга ёрдам бер!
Э с т р а г о н. Мен кетаяпман.
В л а д и м и р. Олдин менга ёрдам бер. Кейин бирга кетамиз.
Э с т р а г о н. Ваъда берасанми?
В л а д и м и р. Қасам ичаман!
Э с т р а г о н. Ва бу ерга қайтиб келмаймиз.
В л а д и м и р. Ҳеч қачон.
Э с т р а г о н. Биз Арьежга кетамиз.
В л а д и м и р. Истаган жойингга.
П о ц ц о. Ўн беш танга! Йигирма танга!
Э с т р а г о н. Доим Арьеж бўйлаб сайр қилишни орзу қилардим.
В л а д и м и р. Албатта сайр қиласан.
Э с т р а г о н. Йўлдан ким қайтарди?
В л а д и м и р. Бу Поццо.
П о ц ц о. Бу мен! Бу мен! Раҳмингиз келсин!
Э с т р а г о н. Жуда жирканч.
В л а д и м и р. Тезроқ! Тезроқ! Қўлингни бер!
Э с т р а г о н. Мен кетдим. (Жимлик. Баландроқ овозда.) Мен кетаяпман.
В л а д и м и р. Алал-оқибат, бир илож қилиб ўзим тураман. (Туришга ҳаракат қилади, яна ерга йиқилиб тушади.) Эртами, кечми, албатта.
Э с т р а г о н. Сенга нима бўлди?
В л а д и м и р. Тошингни тер.
Э с т р а г о н. Шу ерда қолмоқчимисан?
В л а д и м и р. Ҳозирча шундай.
Э с т р а г о н. Тура қол, шамоллаб қоласан.
В л а д и м и р. Мендан ташвишланмай қўя қол.
Э с т р а г о н. Бўла қол, Диди, қайсарлик қилма. (Владимирга қўлини узатади, у эса бор кучи билан унга ёпишади.) Қани, тура қол!
В л а д и м и р. Торт!

Эстрагон тортади, гандираклаб йиқилиб тушади.

П о ц ц о. Ёнимга кел!
В л а д и м и р. Биз шу ердамиз.
П о ц ц о. Кимсизлар?
В л а д и м и р. Биз – одамлармиз.

Жимлик.

Э с т р а г о н. Ерда ётиш қандай яхши!
В л а д и м и р. Ўрнингдан тура оласанми?
Э с т р а г о н. Билмайман.
В л а д и м и р. Уриниб кўр.
Э с т р а г о н. Ҳозир, ҳозир.

Жимлик.

П о ц ц о. Нима бўлди?
В л а д и м и р (ғазаб билан). Жим бўласанми, йўқми! Ҳа, касофат! Фақат ўзини ўйлайди.
Э с т р а г о н. Ухлашга ҳаракат қилиб кўрсак-чи?
В л а д и м и р. У нима деганини сен эшитдингми? У нима бўлганини билишни истаяпти.
Э с т р а г о н. Уни тинч қўй, ухла.

Жимлик.

П о ц ц о. Раҳмингиз келсин! Раҳмингиз келсин!
Э с т р а г о н (чўчиб тушиб). Нима? Нима бўлди?
В л а д и м и р. Ухлаётганмидинг?
Э с т р а г о н. Шунақа, шекилли.
В л а д и м и р. Бу анави тентак, Поццо.
Э с т р а г о н. Унга айт, жим ўтирсин! Башарасига бир туширгин!
В л а д и м и р (Поццони ура туриб). Энди бўлдими? Бошқа гапирмайсанми? Ярамас! (Поццо оғриқдан додлаганча, судралиб нари кета бошлайди. Вақти-вақти билан тўхтаб, кўрга ўхшаб, ҳавони қўли билан пайпаслаб кўради. Лакини чақиради. Владимир, тиззасига суяниб, унинг ортидан кузатиб туради.) У қочиб кетди. (Поццо тўхтаб, жойида жим бўлиб олади. Жимлик.) У йиқилди!

Жимлик.

Э с т р а г о н. Энди биз нима қиламиз?
В л а д и м и р. Унинг ёнида бўлганимда эди.
Э с т р а г о н. Мени ташлаб кетма.
В л а д и м и р. Унинг ўзини чақирсак нима бўлади?
Э с т р а г о н. Тўғри, чақир уни.
В л а д и м и р. Поццо! (Жимлик.) Поццо! (Жимлик.) У энди жавоб бермаяпти.
Э с т р а г о н. Биргаликда чақирамиз.
В л а д и м и р, Э с т р а г о н. Поццо! Поццо!
В л а д и м и р. Қимирлагандай бўлди.
Э с т р а г о н. Унинг исми Поццо эканига ишончинг комилми?
В л а д и м и р (ташвишланиб). Жаноб Поццо! Қайт! Биз сенга ҳеч бир ёмонлик қилмаймиз.

Жимлик.

Э с т р а г о н. Бошқа исмни айтиб чақириб кўрсак-чи?
В л а д и м и р. Унга бир гап бўлдими деб хавотирдаман.
Э с т р а г о н. У ҳолда жуда қизиқ бўларди.
В л а д и м и р. Жуда қизиқ бўларди?
Э с т р а г о н. Бир бошдан бошқа исмларни айтиб чақириб кўр-чи. Шунда вақт ўтганини билмай қолардик. Оқибатда унинг исмини ҳам билиб оламиз.
В л а д и м и р. Сенга айтаяпман-ку, унинг исми Поццо.
Э с т р а г о н. Мана ҳозир кўрамиз. Хўш. (Ўйлайди.) Абель! Абель!
П о ц ц о. Ёнимга кел!
Э с т р а г о н. Мана кўрдингми!
В л а д и м и р. Бу қўшиқ менинг жонимга тега бошлади.
Э с т р а г о н. Балки, иккинчисининг исми Каиндир? (Чақиради.) Каин! Каин!
П о ц ц о. Ёнимга кел!
Э с т р а г о н. Хайрият, одамга ўхшаб овоз чиқарди. (Жимлик.) Анави булутга қарагин.
В л а д и м и р (нигоҳини осмонга қаратиб). Қаерда?
Э с т р а г о н. Анави томонда, уфқда.
В л а д и м и р. Нима бўпти? (Жимлик.) Бунинг нимаси ажабланарли?
Жимлик.
Э с т р а г о н. Истасанг, бошқа мавзуда суҳбатлашамиз.
В л а д и м и р. Мен ҳам сенга шундай демоқчи бўлиб тургандим.
Э с т р а г о н. Бироқ, қандай мавзуда?
В л а д и м и р. Ҳамма гап шунда-да!

Жимлик.

Э с т р а г о н. Балки, бошлаш учун туришимиз керакдир?
В л а д и м и р. Уриниб кўрса бўлади.

Туришади.

Э с т р а г о н. Унчалик қийин эмас экан.
В л а д и м и р. Муҳими – истак.
Э с т р а г о н. Хўш, энди-чи?
П о ц ц о. Ёрдам беринглар!
Э с т р а г о н. Қани, кетдик.
В л а д и м и р. Биз бундай қила олмаймиз.
Э с т р а г о н. Нима учун?
В л а д и м и р. Биз Годони кутаяпмиз.
Э с т р а г о н. Э, ҳа. (Жимлик.) Нима қиламиз?
П о ц ц о. Ёрдам беринглар!
В л а д и м и р. Унга ёрдам берсак бўлмайдими?
Э с т р а г о н. Нима қилишимиз керак?
В л а д и м и р. У ўрнидан туролмаяпти.
Э с т р а г о н. Нима бўпти?
В л а д и м и р. Туриб олиши учун биздан ёрдам сўраяпти.
Э с т р а г о н. У ҳолда ёрдамлашайлик. Нимани кутаяпмиз?

Улар Поццога ёрдамлашишади-да, нарироққа бориб туришади. У яна йиқилиб тушади.

В л а д и м и р. Уни ушлаб туриш керак. (Саҳна такрорланади. Поццо иккаласининг ўртасида, елкаларига суянган кўйи туради.) Унинг ўзи тик туришни ўрганиши керак. (Поццога.) Хўш, энди аҳволингиз яхшими?
П о ц ц о. Кимсизлар?
В л а д и м и р. Бизни танимаяпсизми?
П о ц ц о. Менинг кўзларим кўр.

Жимлик.

Э с т р а г о н. Балки, у келажакни башорат қилар?
В л а д и м и р (Поццога). Қачондан буён?
П о ц ц о. Илгарилари кўзим жуда ўткир эди. Бироқ… сизлар дўстмисизлар?
Э с т р а г о н (қаҳ-қаҳ отиб). У дўстмисизлар, деб сўраяпти.
В л а д и м и р. Йўқ, унга дўстмиз деб ўйлаяпти.
Э с т р а г о н. Нима учун?
В л а д и м и р. Унга ёрдам берганимиз бунинг исботи.
Э с т р а г о н. Рост! Дўст бўлмасак унга ёрдам берган бўлармидик?
В л а д и м и р. Балки.
Э с т р а г о н. Бермасдик.
В л а д и м и р. Бу борада тортишиб ўтирмайлик.
П о ц ц о. Сизлар қароқчи эмасмисизлар?
Э с т р а г о н. Қароқчилар! Нима, биз қароқчиларга ўхшаймизми?
В л а д и м и р. Ахир у кўр-ку!
Э с т р а г о н. Жин урсин! Тўғри. (Жимлик.) Гапларидан сезилиб турибди.
П о ц ц о. Мени ташлаб кетманглар.
В л а д и м и р. Бу ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
Э с т р а г о н. Ҳозирча.
П о ц ц о. Соат неча бўлди?
Э с т р а г о н (осмонга қараб). Тахминан…
В л а д и м и р. Соат еттими?.. Ёки саккизми?..
Э с т р а г о н. Қайси фасл эканлигига қараб.
П о ц ц о. Ҳозир оқшом пайтими?

Жимлик. Владимир ва Эстрагон ботаётган қуёшни томошо қилишади.

Э с т р а г о н. Афтидан у кўтарилаётганга ўхшайди.
В л а д и м и р. Бўлиши мумкин эмас.
Э с т р а г о н. Қуёш чиқаётган бўлса-чи?
В л а д и м и р. Бемаъни гапларни қўй. У томон Ғарб-ку.
Э с т р а г о н. Буни аниқ биласанми?
П о ц ц о (ташвишланиб). Айтинг-чи, ҳозир кечки пайтми?
В л а д и м и р. Дарвоқе, у жойидан қимирламаяпти.
Э с т р а г о н. Мен сенга айтаяпман-ку, у кўтарилаяпти деб.
П о ц ц о. Нима учун жавоб бермайсизлар?
Э с т р а г о н. Чунки, сизга номақбул жавоб беришни истамаймиз.
В л а д и м и р (хотиржам оҳангда). Ҳозир кечки пайт, тақсир, биз кечга яқин келгандик. Дўстим эса, бунинг акси эканига мени ишонтирмоқчи бўлаяпти, очиғини айтсам, бир оз иккиланган ҳолатим ҳам бўлди. Бироқ, бугун мен осонгина унутадиган кун бўлгани йўқ, сизни ишонтириб айтаманки, қуёш ботай деб қолди. (Жимлик.) Дарвоқе, аҳволингиз энди тузукми?
Э с т р а г о н. Уни яна қанча шундай тутиб турмоқчисан? (Улар Поццони қуйиб юборишга ҳаракат қилишади, бироқ салдан кейин йиқилиб тушиши мумкинлигини кўриб, яна тутиб туришади.) Биз устун эмасмиз.
В л а д и м и р. Сизни тўғри тушунган бўлсам, илгари кўзим ўткир эди деб айтдингиз.
П о ц ц о. Ҳа, кўзларим жуда ўткир эди.

Жимлик.

Э с т р а г о н (аччиқланиб). Бошидан бошла! Бошидан!
В л а д и м и р. Уни тинч қўй. Кўрмаяпсанми, у ўзининг бахтли дамларни эслаяпти. (Жимлик.) Memoria praeteritorum bonorum – бу, албатта осон бўлмаса керак.
П о ц ц о. Ҳа, жуда ўткир эди.
В л а д и м и р. Кейин эса бирор кўнгилсизлик юз бердими?
П о ц ц о. Ўткир эди.
В л а д и м и р. Сиздан сўраяпман, кутилмаганда кўнгилсизлик юз бердими?
П о ц ц о. Кунлардан бир кун ухлаб, кўр бўлиб уйғондим. (Жимлик.) Баъзан ҳали ҳам ухлаётганмиканман деб ўзимдан сўраб қоламан.
В л а д и м и р. Қачон бўлди?
П о ц ц о. Билмайман.
В л а д и м и р. Бироқ, кечадан олдин эмас…
П о ц ц о. Мени саволга тутманг. Кўрларга вақтнинг фарқи йўқ. (Жимлик.)
В л а д и м и р. Нима! Мен эса бошқа фикрда эдим.
Э с т р а г о н. Мен кетаяпман.
П о ц ц о. Биз қаердамиз?
В л а д и м и р. Билмайман.
П о ц ц о. Эҳтимол, бу ерни Ла Планше деб атармиз.
В л а д и м и р. Билмайман.
П о ц ц о. Қанақа жойга ўхшайди?
В л а д и м и р (атрофни кўздан кечириб). Сизга тасвирлаб беролмайман. Ҳеч қаерга ўхшамайди. Бу ер қуруқ даштлик. Якка дарахт бор.
П о ц ц о. У ҳолда Ла Планше эмас экан.
Э с т р а г о н (энгашиб). Мана сенга эрмак.
П о ц ц о. Менинг хизматкорим қаерда?
В л а д и м и р. У шу ерда.
П о ц ц о. Нима учун уни чақирсам жавоб бермайди?
В л а д и м и р. Билмадим. Ухлаётган бўлса керак.
П о ц ц о. Ростини айтинг-чи, ўзи нима гап бўлди?
Э с т р а г о н. Ростини айтганда!
В л а д и м и р. Иккалангиз ҳам йиқилиб тушдингиз.
П о ц ц о. Қаранглар-чи, балки, жароҳатлангандир?
В л а д и м и р. Бироқ, биз сизни ташлаб кетолмаймиз.
П о ц ц о. Иккалангиз боришингиз шарт эмас.
В л а д и м и р (Эстрагонга). Сен бора қол.
П о ц ц о. Ҳа, дўстингиз бориб кўра қолсин. Ундан қўланса ҳид келяпти. (Жимлик.) У нимани кутаяпти?
В л а д и м и р (Эстрагонга). Нимани кутаяпсан?
Э с т р а г о н. Мен Годони кутаяпман.
В л а д и м и р. У ўзи нимани аниқлаши керак?
П о ц ц о. Хўш, олдин уни бўғиб қўймаслик учун, аста арқондан тортиб кўрсин. Одатда арқон тортилса, уйғонади. Қимирламаса, майли башарасигами, дуч келган жойига боплаб тепсин.
В л а д и м и р (Эстрагонга). Кўрдингми, қўрқишингга ҳожат йўқ. Қасос олишинг учун қулай имконият.
Э с т р а г о н. Бордию у қаршилик кўрсатса-чи?
П о ц ц о. Йўқ, йўқ, у ҳеч қачон қаршилик қилмайди.
В л а д и м и р. Мен дарров ёрдамга етиб бораман.
Э с т р а г о н. Мендан кўзингни узмай тур. (Лаки томон юради.)
В л а д и м и р. Олдин текшириб кўр, тирикмикан. Ўлган бўлса, тепкилашдан маъни йўқ.
Э с т р а г о н (Лакининг устига эгилиб). У нафас олаяпти.
В л а д и м и р. У ҳолда бошлайвер.

Бирдан Эстрагон қутуриб кетиб, бақирганча Лакини тепа бошлайди. Бироқ оёғини қайириб олиб, ортга қайтиб, додлай бошлайди. Лаки кўзини очади.

Э с т р а г о н (бир оёқда турганча). Уу-у, тўнғиз!

Эстрагон ўтириб, бошмоғини ечмоқчи бўлади, кейин алами тарқаб, тиззаси орасига эгилган бошини қўли билан маҳкам ушлаб, ғужанак ҳолда ётиб олади.

П о ц ц о. Нима бўлди?
В л а д и м и р. Дўстим оёғини қайириб олди.
П о ц ц о. Лакига нима қилди?
В л а д и м и р. Демак, бу ростдан ҳам ўша эканда?
П о ц ц о. Бу нима деганингиз?
В л а д и м и р. Бу ростдан Лакими?
П о ц ц о. Ҳеч нарсани тушунмаяпман.
В л а д и м и р. Сиз Поццомисиз?
П о ц ц о. Албатта, мен Поццоман.
В л а д и м и р. Ўша, кеча келганларми?
П о ц ц о. Қанақа кеча?
В л а д и м и р. Кеча кўришган эдик. (Жимлик.) Нима, эсингиздан чиқдими?
П о ц ц о. Кеча кимнидир учратганимни эслай олмайман. Эртага эса бугун кимни учратганимни эслай олмайман. Билмоқчи бўлсангиз, мендан умид қилманг. Бу ҳақида бошқа сўраманг. Турилсин!
В л а д и м и р. Уни муқаддас Халоскор бозорига олиб бормоқчи эдингиз, сотиш учун. Бизга айтиб бергандингиз. У рақсга тушди. У ўйлади. Кўзларингиз ҳам соғ эди.
П о ц ц о. Буни ноиложлиқдан қилаётган экансиз, майли. Ўтинаман, мени ушлаб турманг. (Владимир қўйиб юборади.) Турилсин!
В л а д и м и р. У тураяпти.

Лаки туриб, нарсаларни йиғиштира бошлайди.

П о ц ц о. Тўғри қилади.
В л а д и м и р. Қаерга кетаяпсизлар ўзи?
П о ц ц о. Бу мени ташвишга солаётгани йўқ.
В л а д и м и р. Жуда ўзгариб кетибсиз.

Лаки нарсалари билан Поццо олдида кўндаланг бўлади.

П о ц ц о. Қамчи! (Лаки ерга нарсаларини қўйиб, қамчини излай бошлайди, уни топиб, Поццога тутқазади-да, нарсаларни қўлига олади.) Арқон! (Лаки нарсаларни ерга қўйиб, арқон учини Поццонинг қўлига тутқазади-да, нарсаларни яна кўтариб олади.)
В л а д и м и р. Жомадонингизда нима бор?
П о ц ц о. Қум. (Арқонни тортиб.) Олға! (Лаки жойидан қимирлайди, Поццо ортидан эргашади.)
В л а д и м и р. Яна бир оз қолинглар.
П о ц ц о (тўхтаб). Мен кетаяпман.
В л а д и м и р. Ҳеч ким ёрдам бера олмайдиган жойда йиқилиб-нетиб қолсангиз нима бўлади?
П о ц ц о. То тургунча сабр қилишимизга тўғри келади. Кейин яна йўлга тушамиз.
В л а д и м и р. Кетишдан олдин, унга буюринг, куйлаб берсин.
П о ц ц о. Кимга?
В л а д и м и р. Лакига.
П о ц ц о. Куйлаб берсин?
В л а д и м и р. Ҳа. Ёки ўйласин. Ёки бирон нарсани ёддан айтиб берсин.
П о ц ц о. Бироқ, у соқов-ку.
В л а д и м и р. Соқов!
П о ц ц о. Мутлақо. У ҳатто овоз чиқара олмайди.
В л а д и м и р. Соқов! Қачондан буён?
П о ц ц о (бирдан ғазаби келиб). Ўтмиш тўғрисида ҳадеб бўлмағур саволлар беришни бас қиласизми, йўқми? Ғашимни келтираяпти! Қачон! Қачон! Ажойиб кунларнинг бирида, энди кўнглингиз тўлдими? Бошқа кунларга ўхшаган ажойиб кунларнинг бирида у кар бўлиб қолда, ажойиб кунларнинг бирида мен кўр бўлиб қолдим. Ажойиб кунларнинг бирида биз кар бўлиб қоламиз. Ажойиб кунларнинг бирида биз туғилганмиз, ажойиб кунларнинг бирида ўламиз. Бир куни, бир лаҳзада, шу жавобим сизга етарлими? (Хотиржамроқ оҳангда) Ҳаёт ва ўлим эгизак, кўз очиб-юмсанг кун, кейин эса яна тун. (Арқон учини тортиб.) Олға!

Улар кетишади. Владимир саҳна четига қадар улар ортидан бориб, изи­дан қараб қолади. Йиқилган товуш. Владимирнинг юз ҳаракати уларнинг яна йиқилганидан дарак беради. Жимлик. Владимир ухлаб ётган Эстрагон олдига келиб, бир муддат унга тикилиб туради, кейин уни уйғотади.

Э с т р а г о н (тушуниксиз ҳаракат, алмойи-алжойи сўзлар. Энсаси қотиб). Нима учун доим ҳеч ухлагани қўймайсан?
В л а д и м и р. Ўзимни ёлғиз ҳис қилаяпман.
Э с т р а г о н. Туш кўрибман, жуда ҳам бахтли эмишман…
В л а д и м и р. Вақт ўтиши учун бу ҳам эрмак.
Э с т р а г о н. Туш кўрибман, тушимда…
В л а д и м и р. Жим бўл! (Жимлик.) Қизиқ, у ростдан ҳам кўрмикан?
Э с т р а г о н. Ким?
В л а д и м и р. Сенга айтсам, кўр одам вақтнинг фарқига бормайди.
Э с т р а г о н. Ким?
В л а д и м и р. Поццо.
Э с т р а г о н. У кўрми?
В л а д и м и р. Ўзи бизга шундай деди.
Э с т р а г о н. Бўлса нима қилибди?
В л а д и м и р. Менга худди бизни кўраётгандек туюлди.
Э с т р а г о н. Сен туш кўргансан. (Жимлик.) Кетдик. Бунинг иложи йўқ. Ҳа, тўғри. (Жимлик) Бу аниқ ўша эмаслигига ишончинг комилми?
В л а д и м и р. Ким?
Э с т р а г о н. Годо.
В л а д и м и р. Кимни айтаяпсан?
Э с т р а г о н. Поццони.
В л а д и м и р. Э, йўғ-е! Бўлиши мумкин эмас! (Жимлик.) Йўқ.
Э с т р а г о н. Мен барибир тураман. (Қийинчилик билан туради.) Вой!..
В л а д и м и р. Нима деб ўйлашга ҳам ҳайронман.
Э с т р а г о н. Вой, оёғим! (Яна ўтириб, бошмоғини ечишга уринади.)Менга ёрдам бер!
В л а д и м и р. Бошқалар азоб чекаётганда мен ухладиммикан? Ҳозир ҳам ухлаётганим йўқми? Эртага уйғондим деб ўйлаганимда, бугун ҳақида нималар дея оламан? Эстрагон дўстимга нима қилганини, мана шу ерда, қоронғуга қадар Годони кутганимни айтиб бера оламанми? Поццо ўзининг ҳаммоли билан келиб, биз билан гаплашганини-чи? Шубҳасиз. Бироқ, буларнинг қайси бири ҳақиқатга яқин бўлиб кўринади? (Эстрагон бошмоқларини ечишга беҳуда уринади. Яна уйқуга кетади. Владимир уни кузатиб туради.) У ҳеч нарсани эслай олмайди. У яна ўзини калтаклашганини айтади ва мендан сабзи сўрайди. (Жимлик.) Ҳаёт ва ўлимнинг ораси бир қадам. Гўрков ҳам умид билан гўр қазийди. Қариш учун ҳали имкон бор. Азоб-уқубатларимиз оҳи кўкларга етган. (Қулоқ солади.) Тарки одат-амри маҳол. (Эстрагонга қарайди.) Кимдир, бошқа биров менга ҳам қараб тургандир. Мен ўзимга-ўзим: “У ухлаяпти, ўзи эса ухлаётганидан бехабар”, дейман. (Жимлик.) Бунга ортиқ чидай олмайман. (Жимлик.) Мен нима дедим?

У асабий у ёқдан-бу ёққа юра бошлайди, ниҳоят, чап парда олдида тўхтайди, узоқларга қарайди. Олдин кечаги болакай кириб келади, тўхтайди. Жимлик.

Б о л а к а й. Тақсир… (Владимир ўгирилади.) Жаноб Альберт…
В л а д и м и р. Давом этамиз. (Жимлик. Болакайга.) Сен мени танимаяпсанми?
Б о л а к а й. Йўқ, тақсир.
В л а д и м и р. Сен мени танимаяпсанми?
Б о л а к а й. Йўқ, тақсир.
В л а д и м и р. Бу ерга биринчи марта келдингми?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.
В л а д и м и р. У бугун кечқурин келмайди.
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.
В л а д и м и р. Аниқми?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.

Жимлик.

В л а д и м и р. Сен бирон кишини учратдингми?
Б о л а к а й. Йўқ, тақсир.
В л а д и м и р. Бошқа иккита… (чайналади) одамни.
Б о л а к а й. Ҳеч кимни кўрганим йўқ, тақсир.

Жимлик.

В л а д и м и р. Жаноб Годо нима қилаяпти? (Жимлик.) Мени эшитаяпсанми?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.
В л а д и м и р. Хўш, жавоб бер.
Б о л а к а й. Тақсир, у ҳеч нарса қилмаяпти.

Жимлик.

В л а д и м и р. Акангнинг аҳволи қандай?
Б о л а к а й. У касал, тақсир.
В л а д и м и р. Эҳтимол, у кеча келгандир?
Б о л а к а й. Билмайман, тақсир.

Жимлик.

В л а д и м и р. Жаноб Годонинг соқоли борми?
Б о л а к а й. Ҳа, тақсир.
В л а д и м и р. Оппоқми ёки… (чайналади) қора?
Б о л а к а й (чайналиб). Менинг назаримда, қора бўлиши керак.

Жимлик.

В л а д и м и р. Шўринг қўрғур.

Жимлик.

Б о л а к а й. Тақсир, жаноб Годога нима деб қўяй?
В л а д и м и р. Сен унга айтасанки… (тўхтайди) сен унга мени кўрганингни айтасан ва яна… (ўйлайди) мени ростдан кўрганингни айтасан. (Жимлик. Владимир олдинга юради, болакай ортга қайтади. Владимир тўхтайди, болакай ҳам тўхтайди.) Айтки, сен мени кўрганингга ишончинг комилми? Тағин эртага сизни ҳеч қачон кўрмаганман деб айтмайсанми?

Жимлик. Бирдан Владимир олдинга сакрайди, болакай бир зумда ғойиб бўлади. Қуёш ботади, ой чиқади. Владимир тош қотиб туради. Эстрагон уйғониб, керишиб, қўлида бошмоғи билан ўрнидан туради. Уларни олд тўсиқ олдига қўйиб, Владимир томон юради, унга тикилиб туради.

Э с т р а г о н. Сенга нима бўлди?
В л а д и м и р. Ҳеч нарса бўлгани йўқ.
Э с т р а г о н. Мен кетаяпман.
В л а д и м и р. Мен ҳам.
Жимлик.

Э с т р а г о н. Узоқ вақт ухлаб қолдимми?
В л а д и м и р. Билмадим.

Жимлик.

Э с т р а г о н. Қаерга борамиз?
В л а д и м и р. Шу яқин атрофга.
Э с т р а г о н. Йўқ, йўқ, бу ердан узоқларга кетамиз.
В л а д и м и р. Биз бундай қилолмаймиз.
Э с т р а г о н. Нима учун?
В л а д и м и р. Эртага яна қайтиб келишимиз керак.
Э с т р а г о н. Нима учун?
В л а д и м и р. Годони кутиш учун.
Э с т р а г о н. Э, ҳа. (Жимлик.) У келмадими?
В л а д и м и р. Йўқ.
Э с т р а г о н. Энди жуда кеч бўлиб қолди.
В л а д и м и р. Ҳа, қоронғи тушди.
Э с т р а г о н. Бу нарсадан бош тортсак нима бўлади? (Жимлик.) Бу нарсадан бош тортсак нима бўлади?
В л а д и м и р. У бизни жазолайди. (Сукут. Дарахтга қарайди.) Биргина дарахт тирик.
Э с т р а г о н (узоқларга тикилиб). Нима бу?
В л а д и м и р. Бу дарахт.
Э с т р а г о н. Тўғри, лекин у қанақа дарахт экан?
В л а д и м и р. Билмайман. Мажнунтол.
Э с т р а г о н. Юр, кўрамиз. (Влдамирни ўзи билан дарахт томон етак­лайди… Улар дарахт олдида қотиб туриб қолишади. Жимлик.) Ўзимизни оссак нима бўлади?
В л а д и м и р. Нима билан?
Э с т р а г о н. Бир тутам арқонинг йўқми?
В л а д и м и р. Йўқ.
Э с т р а г о н. У ҳолда бундай қила олмаймиз.
В л а д и м и р. Кетдик.
Э с т р а г о н. Шошма, менинг қайишим бор.
В л а д и м и р. Жуда калта.
Э с т р а г о н. Мени оёғимдан кўтариб турасан.
В л а д и м и р. Менинг оёғимдан ким кўтариб туради?
Э с т р а г о н. Э, ҳа.
В л а д и м и р. Қани, кўрсат-чи? (Эстрагон шимини тутиб турган арқонни еча бошлайди. Катта шими бирдан тўпиққача тушиб кетади. У арқонни кўздан кечиради.) Ҳеч бўлмаганда, шу зорманда асқотсин-да. Ишқилиб, узилиб кетмасмикан?
Э с т р а г о н. Ҳозир аниқлаймиз. Ушла.

Улар арқоннинг икки учидан ушлаб торта бошлайди. Арқон узилиб кетади, сал бўлмаса улар йиқилиб кетай дейди.

В л а д и м и р. У ҳеч нарсага ярамайди.

Жимлик.

Э с т р а г о н. Демак, сенингча, бу ерга эртага яна қайтиб келишимиз керак?
В л а д и м и р. Ҳа.
Э с т р а г о н. У ҳолда яхши арқон олиб келамиз.
В л а д и м и р. Тўғри.

Жимлик.
Э с т р а г о н. Диди.
В л а д и м и р. Нима.
Э с т р а г о н. Ортиқ бунга чидай олмайман.
В л а д и м и р. …
Э с т р а г о н. Ажралсак нима бўлади? Шундай қилсак балки яхши бўлар?
В л а д и м и р. Эртага ўзимизни осамиз. (Жимлик.) Фақат, агар Годо келмаса.
Э с т р а г о н. Бордию у келса-чи?
В л а д и м и р. Биз қутулиб қоламиз.

Владимир Лакидан олган шляпасини ечади, ичига кўз ташлайди, қўли билан титкилаб кўради, силкитади, қайта кияди.

Э с т р а г о н. Нима қилдик, кетдикми?
В л а д и м и р. Шимингни кўтар.
Э с т р а г о н. Нима?
В л а д и м и р. Шимингни кўтар.
Э с т р а г о н. Шимингни еч дейсанми?
В л а д и м и р. Шимингни КЎТАР.
Э с т р а г о н. Э, ҳа.

У шимини кўтаради.
Жимлик.

В л а д и м и р. Хўш, кетдикми?
Э с т р а г о н. Кетдик.

Улар қимир этишмайди.

ПАРДА

(Тамом)

Рус тилидан Жаббор Эшонқул таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 7-сон